ЎзМУ — илм ва ижод бўстонига айланади

Ҳозирча ҳеч кимга айтиб бўлмайдиган битта сир…

Бир гуруҳ жонкуяр зиёлилар Миллий университетимиз таркибида оммавий коммуникациялар дизайни институти очиш ғояси ва таклифи билан юришибди. Агар бу эзгу ғоя амалга ошса, унда республикамиздаги барча олий ўқув юртларидан лойиҳалаш илми бўйича магистрлар, педагог дизайнерлар тайёрланиши мумкин экан. Бу – мамлакатимизда карвонбоши университет дея ардоқланган ЎзМУнинг нуфузига, салоҳиятига ярашадиган иш бўлади, дейди Дониш домла ҳозирча ўша сирни ошкор этмасдан.

Шу муносабат билан ана шу ғоя муаллифлари ва ташаббускорларининг мавзуга оид мақоласини эътиборингизга ҳавола этдик.

OLYMPUS DIGITAL CAMERA

 Дизайн ижодкорлик ва кашф этиш илми

Танани соғлом ва кучли қилган ҳолда энди мияни ишлатишга эътибор қилиш керак. Румий агар кучнинг ўзи билан комил бўлиш мумкин бўлса, эшак оламнинг шоҳи бўларди, деган. Фикрлашга, китоб ўқишга эътибор кучайиши керак.

Китоб энг қимматбаҳо ахборот, яъни фикр узатувчи восита, замонларни бир бирига боғлайдиган, авлодларни бир бири билан уйғунлаштирувчи ахборот ҳазинаси экан. Шу билан биргаликда китобни инсоннинг ўз ҳаётини лойиҳаловчи фикрий дизайн яратишининг асоси, тамаддун сандуғи деб атасак, яна ҳам тўғри бўлади. Уни очган инсон ўзига ярашасини олади. Хар ким ўзини топади.

Адабиёт асарларининг ҳам, санъат асарларининг ҳам жанрлари – шакллари мавжуд. Улар ижодкор фикри ва иқтидори орқали ўз ўқувчиларини топади, юксак асарга айланади. Мавжуд услублар билан биргаликда ижодкорларнинг ўз услублари ҳам дунёга келади. Мисол учун, Леонардо до Винчининг ўз услуби, ренессанс услубини янада бойитган бўлса, Беҳзод миниатюралари Шарқ ренессансининг ноёб намуналарига айланган. Алишер Навоийнинг асарлари уйғониш даври тафаккурининг юқори чўққиси бўлиб, шеърий шакллар назм орқали мухлислар руҳига ва бу макондан инсонпарварликнинг энг гўзал фазилатлари одамлар ҳаётига кўчиб чиққан.

Тарозининг бир палласи мазмун бўлса, иккинчи палласи шаклдир. Улардан бирининг етишмаслиги инсоннни ўраб турган олам бутунлигига путур етказади. Шундай экан, шоир, бастакор, рассом, қўйингки, олим, файласуф, меъмор, математик, инсон қай бир соҳада фикр юритмасин, диалектик фалсафий жиҳатдан, психологик, педагогик, эстетик, этик жиҳатдан мукаммалликка интилади. Жаҳон тамаддуни жавоҳирларини бизнинг замонимизга етказиб, аждод муаллифлар билан мулоқатга киришиш имкониятини яратган китоб ва сўз ахборот узатувчи вазифасини бажаради, дизайн лойиҳаси эса замон ва маконларни ошиб ўтувчи энг қудратли ахорот воситасидир. У инсон тафаккурида пайдо бўлган хаёлий шаклларни нарсалар олами муҳитига олиб чиқади. Улар маданий буюм ва нарсаларга айланиб, инсоният ҳаётини гўзал ва қулай бўлиши учун ҳизмат қилади.

Шу каби дурдоналардан бири, мазкур илмий рисоламизга ғоя сифатида олдинги саҳифаларимизда истибоҳлар келтирганимиз, шеърият мулкининг султони Алишер Навоий “Хамса”сининг биринчи достони “Ҳайрат-ул аброр” асари ҳисобланади. У фалсафий-дидактик асар бўлиб, яхши одамларнинг ҳайратлари сифатида ибратли воқеалардан сўзлайди.

Китобдаги “Сўз таърифидаким” деб номланган мақолатдаги қуйидаги мисраларга эътибор қаратамиз:

 

Дафтари назмида чу шерозадир,

Гул варақи гулшан аро тозадир.

 

Узди чу шерозасини дафтари,

Ел учурур ҳар варақин бир сори.

 

Бўлмаса эъжоз мақомида назм,

Бўлмас эди тангри каломи[1]да назм.

 

Назмда ҳам асл анга маъни дурур,

Бўлсин анинг сурати ҳарие дурур.

 

Назмки мани анга марғуб эмас,

Аҳли маоний қошида ҳўб эмас.

 

Назмки, ҳам сурат эрур хуш анга,

Заминида маъни доғи дилкаш анга.

 

Ҳазрат Навоийнинг ушбу мисраларини ўқир экансиз, тартиб билан назмга солинган сўз, агар маъноси бўлса, у бебаҳо бойликка айланашини тасаввур қиласиз. Мисралар мазмунини англаш осон. Шундан бўлсада, уларни насрга кўчириб, биргаликда мушоҳада қиламиз.

“Шеър дафтари ҳам бир-бирига боғлангани учун унинг варақлари гулзордаги гулдек тоза, дафтарнинг ипи сўкилса, унинг варақларини шамол ҳар томонга учириб юборади. Гулшанда гулларнинг саф тортиб очилиб туриши бу – назм. Уларнинг ерга сочилиб тўкилиб ётиши насрдир. Назм бу қадар юксак эъзозланмаса, тангри сўзида шеър бўлмас эди. Назмда ҳам асоси маънодир. Унинг шакли эса ҳар хил бўлиши мумкин. Яхши мазмунга эга бўлмаган шеър тушунган одамлар томонидан яхши баҳоланмайди. Ҳам яхши шаклга эга бўлган, ҳам гўзал маъно асосига қурилган шеър-ҳақиқий шеър”.[2]

Навоий таъкидлаган шу фалсафий тушунча санъат, маданият, илм-фан ва бошқа соҳалардаги инсон ижоди ва ҳаёти билан боғлиқ жараёнлар, уни ўраб турган предметлар оламини яратувчи дизайнерларга ҳам тааллуқлидир.

Барча инсонларга шарт бўлган мазкур хислатлар баробарида шоирнинг, умуман санъат аҳлига хос бўлган тубандагича фазилатларга ҳам эга бўлиши кераклигини адабиётшунос олим Алибек Рустамов тўғри белгилайди:

“…Булардан бири сезгирликдир. Санъаткор, ҳунарманд, олим, ёзувчи ва шоир пайқаш қийин бўлган жуда нозик нарса ва воқеаларни сеза оладиган киши бўлиши зарур.

Бундай хислатларнинг яна бири кузатувчанликдир. Кузатувчанлик кишига ҳар бир нарса ва ҳар бир ҳодисанинг сабабини аниқлаб, оқибатини олдиндан кўра олишга ёрдам беради.

Яна бири ваҳм, фантазиянинг кучли бўлишидир. Бу хислат янги буюм ясаш ва янги асар яратишнинг бош омилидир…”[3]

Инсоният тарихидаги ҳар тарафдан юқори тараққийни намойиш этувчи қайси бир аср ё халқ тажрибасига назар ташламанг, муваффақиятни талай ибратли тадбир ва омиллар таъмин этганлигини кўрасиз. Юксалиш чора-тадбирлари сирасида касбу ҳунарга, илму маърифатнинг хилма-хил йўлларига ўз авлодларини оммавий йўллашга киришиб, бу ишни тинимсиз давомлатиш ҳамма вақт етакчи мавқе касб этган. Халқимизнинг ҳозирги авлод фозил, олим, зиёли, маорифчилари соҳага йўналтириш тарбиятининг нақадар муҳимлигини, қадим айёмлардан ибратомуз тажрибалар йиғими борлигини, бежиз устоз-шогирд қабилидаги анъаналар амал қилмаганини, оқилона чораларни янада кучайтириб бормоқ ҳамиша зарурлигини тушунишади.

Деярли барча алломалар касблар, ҳунарлар, мансаблар, илмларга ёшларни тайёрлаб бориш жараёнининг қоидалари ва кўрсатмалари борасида фикр-мулоҳаза юритишган.[4]

“Тарбия- педагогия, яъни бола тарбияси фани демакдир. Боланинг саломат ва саодати учун яхши тарбия танни пок тутмак, ёш вақтида маслакни тузатмак, яхши хулқларни ўргатмак табиблардек кабидурки,табиб хастанинг баданидаги касалига даво қилгани каби тарбиячи боланинг вужудидаги жаҳл маразига “яхши хулқ” бериб катта қилмоғи лозимдир,- деб ёзган эди Абдулла Авлоний,- … Ахлоқимиз биносининг гўзал ва чиройли бўлишига тарбиянинг зўр таъсири бордир. Баъзилар тарбиянинг ахлоққа таъсири йўқ, инсонлар асл яратилишида қандай бўлсалар, шундай ўсарлар, табиий ўзгармас, деб айтадилар. Лекин бу сўз тўғри эмасдир. Чунки тарбиянинг ахлоққа албатта таъсири бўлади. “Бешикдан то мозорга боргунча илм ўрган демишлар”. Ҳар бир миллатнинг саодати, давлатининг тинч ва роҳати кишиларнинг яхши ташаббусига боғлиқдир…”[5]

Дизайн таълимини дизайнерлар тайёрлаш деб тушуниш– бу соҳанинг энг катта ҳатоси ва парадокси саналади. Дизайн – бу ҳамма нарсага тадбиқ этса бўладиган методология, бир бутунликни ташкил қилувчи илмий назария ва амалиёт ҳамда фикрлаш услуби, барча муаммоларни ечиш йўли демакдир. Дизайн- ёндашув натижасида топилган ечимлар ҳаётни янада яхшилайди ва енгиллаштиради. Бу дегани барча муаммоларни прфессионал дизайнерлар хал қилади дегани эмас, балки аксинча.

Менделеев жадвали ахборот дизайнининг ёрқин намунасидир. Шу каби конвеерларни ишлаб чиқариш жараёнларига тадбиқ қилиш ва сут солувчи қоғоз қопчанинг кашф этилиши саноат дизайнининг маҳсулотлари саналади. Фақат ҳозирга келиб уларни дизайнерлар деб атай бошлаганлар. Психодизайнерлар ҳар бир инсон ўз ҳаётини лойиҳаловчи, дизайнердир, деб ҳисоблашади.

Ҳар бир инсон, ёшу қари, болаю улғайган одам, истъесносиз ҳамма бахтга интилади. Бир бирларига бахт тилайди. Омадлар тилашади. Оммавий ахборот воситаларида бахтли одамлар ҳақида, бахт формуласи ҳақида кўрсатувлар, мақолалар, мунозаралар берилади. Албатта ,ундай маънавий-маърифий ишларнинг болалар ва ёшлар тарбиясида аҳамияти жуда катта. Лекин бахтга интилиш одамларда бир умр давом этадиган жараён. Кексайган инсоннинг хам орзулари бўлади. Биров бахт калити меҳнатда деб айтса, бошқа инсон касб-ҳунардан уни излайди. Бошқалар эса одоб-аҳлоқ ва комилликдан деб биладилар. Ростдан ҳам бахт ва омаднинг формуласи борми? У ўз-ўзидан осмондан тушадиган олмами? Ёки унинг илмий асослари борми? Туғриси тақдир-азалдан ким қочиб қутилган эмас, пешонага битилганини кўрмоқлик инсонга берилган илоҳий иноятдир. Шу боис, пайғамбаримиз ҳадисларида синов, сабр-тоқат,савоб ва эзгу ишларга даъват қилиш , берганига шукрона келтириш орқали бахт йўли кўрсатилган. Айтадиган бўлсак, юқоридагиларнинг ҳаммаси яхши фикрлардир ҳамда уларни психологлар илмий жиҳатдан асослашга, психодизайнерлар эса лойиҳалашга интиладилар. Натижада илмий жиҳатдан руҳий таълим-тарбия юзага келади.

Бахт дизайни, яъни бахтни лойиҳалаш – инсон ўз ҳаётини қулай ва чиройли тарзда режалаш ва бу режаларни рўёбга чиқариш илми психодизайн, яъни психологик лойиҳалаш маданияти ўз натижасини беради.

Бахтга интилиш инсон табиатига хос ҳусусият. Аммо унга етмоқлик учун инсон йиллар давомида жуда кўп нарсаларни ўрганиши лозим. Болаликда гапиришга ва юришга ўрганамиз. Мактабда ёзиш-ўқишга, бизни ўраб турган олам сирларини билиб олишга интиламиз. Ёшликда касб-ҳунар эгаллаймиз, оила қуриб, унинг қонунларига итоат қиламиз. Ҳаётнинг ўзи бетўхтов-узлуксиз таълим тарбиядан иборат, ҳаракатдан тўхташ эса бизни ўраб турган оламдан ажраб қолиш демакдир. Биз учун энг муҳим ўқиш – ўз шахсий бахтини қуриш маҳорати – ўз ривожланишини онгли равишда бошқара олиш санъати ҳисобланади. Ҳар бир инсон ўз ҳаётини самарадор ўтқазиш, одамлар учун фойда келтиришда ўзининг барча имкониятларини ишга солишни истар экан, ўз шахсий бахтини ҳаётий ижодининг бош предмети қилиб белгилаши лозим. Бу инсон хусусияти ирсиятдан ўтмайди, балки фақат ўрганиш орқали қўлга киритилади. Бунинг учун эса кўзлаган мақсалга етмоқлик учун барча имконият ва манбааларни сафарбар этишга тўғри келади.Бахтли яшаш, бахтиёр бўлмоқлик – инсоннинг ўз қаршисидаги барча муаммоларни муваффақиятли еча олганлиги натижасидир.

Ўз бахтини конструкциялаш, ҳаётини лойиҳалаш санъати, яъни психодизайн инсоннинг энг муҳим руҳий идрокига асосланади ҳамда ўзи учун самарали ва янада кўпроқ фойда келтириш мумкинлиги ҳолатини яратиш орқали ҳулқ атворини бошқара олишдир. Бу билимлар йиллар давомида шаклланмайди, балки мунтазам равишда бетуҳтов ўрганиб боришни талаб қилади. Яна бир парадокс шундаки, бу ўзини руҳий бошқариш санъати қонуний тарзда таълим тизимига тадбиқ этилган эмас, бунинг турли объектив ва субъектив сабаблари мавжуд. Шарқда бундай фалсафани “нияти улуғлик, яхши ниятлилик” деган битта тушунча босиб кетади.

Психодизайнда кўпроқ шахс ўз руҳиятига қўмилиб қолса, Шарқий фалсафада диний ва миллий инсоний қадриятлар, аҳлоқий меъёрлар асосий ўрин тутади. Шу боис эзгу ниятгина бахтга ва юксакликка етаклайди, дейдилар. Аммо ҳар икки қарашни боғловчи жиҳат инсоннинг уни ўраб турган нарсалар оламига бўлган муносабати ва ўйғунликка интилишидир. Биз эса психодизайнга мавзуимизни яна ҳам кенгроқ ўрганиш ниятида мурожаат қилдик.

Дизайн – бадиий конструкциялаш, лойиҳалаш гўзаллик ва мақбулликни бирлаштирувчи оханграбодир. Қадим замонларданоқ ҳар қандай буюм ёки асарнинг хақиқийлиги ва асллиги ўлчови сифатида унинг гўзаллиги эътиборга олинган. Чор атрофингизга қарасангиз, турли–туман дизайн лойиҳалари қуршовида қолганлигингизни тасаввур қиласиз.Улар ичида меъморий-архитектура дизайни, интерьерлар дизайни, ноёб мода ва либослар дизайни, саноат ва бошқа дизайн лойиҳаларига кўзингиз тушади.

Биз ҳам дизайн, яъни психодизайн унсурлари ёрдамида ўз ҳаётий жараёнларимизни ва руҳимизни лойиҳалаймиз. Уларнинг баъзиларига эътиборингизни қаратамиз:

  • ўз шахсий соғлиғини бошқаришни англаш;
  • очилмаган исътедод ва қобилиятларни ривожлантириш;
  • илҳомланиш ҳиссини кучайтириш;
  • касбий самарадорликка эришиш;
  • хизмат зинопояларидан тез кўтарилиш илмини билиш;
  • молиявий самарадорлик йўлларини билиш;
  • ўзгалар ҳурмат қилиши техникасини қўллаш;
  • мулоқот санъатини эгаллаш технологиясини билиш;
  • ёмон хаёл ва ниятларни онгидан чиқариб ташлаш;
  • қариндош-уруғлар ва яқинларга сезиларли ғамхўрлик кўрсатиш кўникмасини ўрганиш;
  • чорасизликдан усталик билан чиқишни билиш;
  • ўз шахсий истакларига нисбатан муносабат ва қарашларини ўзгартира олиш;
  • ўзини қатъий ҳурмат қилиш;
  • атрофдагиларга нисбатан ўзи истаганидек таъсир ўтказиш;
  • қизиқарли ва самарали яшаш санъатини эгаллаш ва ўз ҳаётидан максимум ҳузурланиш;
  • ўз истакларини муносиб руёбга чиқариш маҳоратини эгаллаш;
  • исталган хар қандай соҳада ўз компитенциясини оширишни билиш;
  • ўз ўзини доноларча англаш;
  • воқеалар жараёнини ўзи истаган томонга ўзгартира олиш.

 

Бизни ўраб турган олам икки қисмдан иборат, Биринчиси табиат томонидан яратилган табиий, аслий нарсалар бўлса, иккинчиси инсон томонидан ясалган сунъий нарсалардир. Эски замонларда улар бир-биридан бутунлай фарқ қилиши билан биргаликда, улар иккиси ўзаро бир бирлари билан зиддиятда бўлиб келганлар.Уларни бир биридан ажратиб турадиган энг асосий мезон уларнинг уйғунлиги ва гўзаллиги даражасида – олий даража табиатга хос, қуйи даража тамаддун оламига хос эди.

Кўп замонлар фақат санъатгина уйғунлик ва яхлитлик доираси сифатида табиат яратган мўъжизавий олам билан сунъий яратилган буюк ижод намуналари ўртасида боғлиқликни таъминлаб келди. Аммо ўтган асрнинг охирларида вазият тубдан ўзгарди, инсоният яратаётган кашфиётлар гўзаллик қонунлари асосида дунёга кела бошлади. Бу гўзал қиёфага киришдек буюк ўзгариш бадиий конструкциялаш санъати ва дизайн технологиясининг ҳаётимизга кириб келиши билан чамбарчас боғлиқ эди.

Кундалик эҳтиёжларимиз учун зарур бўлган ҳар қандай буюмга, ҳоҳ у авторучка, диван, автомобил, портфел ёки компьютер бўлсин,улардан истаган нарсангизга диққатингизни қаратиб кўринг. Уни сотиб олишингизнинг асосий сабаби фақат ана шу буюмнинг функционал зарурлигигина эмас, балки унинг бадиий бежиримлиги ҳам диққатингизни тортгани аниқ.

Дўкондан қандил ҳарид қилмоқчисиз, уларнинг ранг-ранг ва турли шаклларини, безакларини кўриб, кўзингиз қамашади. Аслида уларнинг ҳаммаси фақат бир ҳил техник ечимда ишлашини ҳаёлингизга ҳам келтирмаслигингиз аниқ. Автомобилларни кўринг, уларнинг турларини кўриб, хайратга тушиб кетасиз. Қанча ранг, қанча услуб ва қанча шаклий тақдимот. Фикримиз тўлиқ бўлиши учун шу ерда кичик фикрий чекиниш қилиб ўтсак, дизайннинг ривожланиши, эски принципда ишловчи автомобил моторлари, қандилларнинг электр эннергиясини ямлаб ютиши, умуман табиатга зарар келтирувчи технологияларга нисбатан зиддиятга киришнини ҳам гувоҳи бўлаяпмиз. Яна парадокс, дизайн бугунги кунда табиат сари уйғунликнинг мезонига айланмоқда. Қуёш энергиясидан қувват олувчи космик кемалар, автомобиллар, қандиллар аллақачон ҳаётимизга кириб келди.Ҳатто лазер нурлари билан осмонни парда қилиб, томоша кўрсатувчи мосламалар, ахборот узатиш воситалари галлактика сари тасвирларни юборяпти. Олдинги фикримизни яна давом эттирамиз.

Психодизайн ғоясини яхшироқ тушиниб олиш мақсадида атрофимизни ўраб турган нарсаларнинг бадиий шаклларига нигоҳ ташладик. Сезган бўлсангиз, сизни ўраб турган нарсалар олами борган сари табиатнинг мангу гўзаллик ва уйғунлик қонунларига асосида ташкиллашиб бормоқда.

Дўконга кириб чойнак олмоқчи бўлдингиз.Ҳудди музейга кириб қолганга ўхшайсиз. Чойнакларнинг турлари ва ранго – ранг бичимларини кўриб, қайси бирини танлашни ҳам билмай қоласиз. Кийимларни, либосларни айтмайсизми!?. Уларнинг вазифаси аниқ. Аммо уларнинг камалак рангларида товланиши, фасонлари, безаклари ақлингизни лол қолдиради. Аммо Сиз ўзингизнинг дидингизга ўтирадиган, ёқадиган бадиий шаклга эга бўлган буюмни сотиб олдингиз. Қаерга борманг, қандай нарсаларни кўздан кечирманг, ўзингиз одатланиб қолган оддий буюмлар оламига санъатнинг ғолибона кириб борганлигини сезасиз. Аммо дизайннинг саноат ишлаб чиқариши, маиший ҳизмат, таълим , қўйингки, барча соҳаларда катта аҳамият касб этар экан, нега инсон ички оламига бадиий конструкциялаш орқали бетакрок ноёб ўзигахослик ва уйғунлик касб этишига шубҳа қилиш мумкин. Туғри, чиройли бу қандилларни тажрибали ва иқтидорли дизайнер бунёд этган. Шу каби ҳар биримиз ҳам чиндан ҳам руҳий бутунлик ва ҳақиқий гўзалликка эришмоқликни истасак ўз ички оламимизнинг мусаввирига айланишимиз зарур.

Психодизайн тушунчасини инсоннинг ички ва ташқи энергиясини бир мақсадга йўналтириш деб тушунсак, ҳато бўлмас. Чунки инсон бутун ҳаёти давомида тўплаган билимлари, тажрибаси, кўникмаси харакатсизликдан, ёки тарқоқликдан кам наф бериги аниқ. Уни йўналтируви харита бу дизайн, фикрий лойиҳалаш демакдир. Лойиҳалаш инсон қобилиятлари ва ижодкорлигини янада ривожлантиради. Мақсад сари етаклайди.

Ижодкорлик ва кашф этиш. Улар Фаробий фалсафасида, Беруний харитасида, Сино илми билмида, Ал-Хоразмий илм калитида, Темур тузукларида, Улуғбек жадвалида ,Навоий мисраларида, Беҳзод минатюраларида, хаттотлар ёзувида, меъморлар обидаларида,наққошлар нақшида, маданиятимиз изларида, яратилувчилишимиз намуналарида, чор атрофимизда, бизни ўраб турган оламдаги мўъжизалар инсониятга ҳизмат қилар экан,улар инсон ички оламдан тошиб чиққан булоқлардир. Улардан чанқоғимизни қондирамиз. Мукаммалликка интиламиз. Ижодорлик бу мева берувчи дарахтга қиёс. Уни сув ичмаса қуриб қолади. Дизайнни эса миробга ўхшатамиз.

Юқоридаги китоб ва китоб ўқиш ҳақидаги фикрларимизга қайтсак, айтишларича, энг таниқли одамларнинг ўз ҳаётида нимага эришган бўлсалар, унинг манбаси китоб эканлигини такидлайдилар. Биз эса китоб муаллиф билан лойиҳавий боғланишнинг дастлабки ахборот узатқичи эканлигини таъкидлаймиз.Ижод ирмоқлари қалбимиздан бошланишини тасаввур этамиз.Буюк физик олим Исаак Ньютон: “Узоқ вақт мобайнида ўз фикрини жамлаб, бир нуқта томон йўналтира олган инсон у донишманд– доҳодир”,- деган эди.

Дизайнга қизиқиш инсон ижодкорлик фаолиятини ривожлатириши ва натижасини инъом этиши ҳақида гап кетар экан, номдор одамлар муваффақияти асоси уларнинг шахсий изланишлари ва ҳаётий фаолиятини режалаштира олганликларида эканлигини англаб етамиз. Уларнинг кўпчилиги бахтли тасоддиф туфайли ном таратган эмаслар. Буюк дизайнер ва рассомлар ҳаётидан олинган лавҳаларимиз ҳам бу сўзларимизни тасдиқлаб турибди.

Дадахон Ёқубов,

Ўзбекистон санъат арбоби, журналист

Дилноза Зупарова,

Тошкент давлат педагогика университети доценти

_______________________________________

[1] Қуръон назарда тутилади.

[2] Алишер Навоий “ Ҳайратул-аброр”. Тошкент Ғ.Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриёти. 1989 йил.

[3] Рустамов А. “Сўз ҳақида сўз”. Т:1992.

[4] Шермуродов Т. Шоирликнинг шартлари. Т. 2006.

[5] Абдулла Авлоний .“ Турки гулистон ва ахлоқ” . 11 -бет

Вам может также понравиться...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *