ЎзМУ ректори талабалари билан Мўйноқда учрашди

Саҳрога айланган Оролбўйини бўстонга айлантиришдек улкан ишга бел боғлаган

ташаббускор талабалар матонат билан ишлаётган бир паллада уларни гўё синаш учун табиат ҳам ўз инжиқлигини кўрсатаётганга ўхшарди.

Бугун эрта тонгдан яна тўхтовсиз совуқ шамол ғувиллай бошлади.

Ташаббускор талаба-ёшларни эса ҳеч қандай шамол тугул бўрон ҳам ортига чекинтира олмайди. Улар иссиқ кийим-бошларини кийганча далага ошиқадилар.

Битар ишнинг бошига ботир келар қошига, деганларидек, серғайрат талаба-ёшлар ўз олдиларига қўйган мақсадларига эришиш учун фақат олға қадам ташлай бошлаганларидан буён бу заминга ўзгача файз кираётгани сезилиб турибди.

Бир неча кун аввал ташаббускор талабаларига оқ йўл тилаб қолган Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети ректори Авазжон Мараҳимов Тошкентдан Қорақалпоғистон Республикаси Мўйноқ тумани Бўзатов овул фуқаролар йиғини Шағрли овулига етиб келди.

м м1 м2 м3 м4 м5 м6 м7 м8

Университет раҳбарини кўриб талабалар ҳам қувониб, ҳам ғайратлари янада жўшиб кетди! ЎзМУ ректори ҳам аввало ўз фарзандларидек талабаларининг гулгун чеҳраларидаги ҳаяжонларидан бир завқланса, улар матонати билан эккан ва парвариши бошланган кўчату ниҳолларга боқиб ҳайратга тушар, шижоатли йигит-қизларга тасаннолар айтарди.

Ҳамиша жаннатмакон Талабалар шаҳарчасида, чор-атрофи чаманзор Миллий университетда юз кўришиб юришган ректор ва талабаларнинг бугун Оролбўйида қадоқ қўллари, фидокорона меҳнатлари ила яратилаётган бўлғуси боғдаги учрашувлари нақадар ҳаяжонли, мароқли ва завқли эди.

Ташаббускор талабаларнинг ҳаяжонлари чексиз. Улар Ректорнинг ишончини қай даражада оқлай олганларига бериладиган баҳони кутаётганлари аён.

Шу тобда ЎзМУ ректорининг ҳам қалбидан шундай ўйлар кечаётган бўлса не ажаб: ташаббускор талаба-ёшларимизга қай тариқа миннатдорчилик билдирсам экан?

Ниҳоят, орзиқиб кутилган вақт келди. Ўзбекистон Миллий университетининг Оролбўйидаги янги ўқув-илмий полигонини очиб бериш учун етиб келган Ректор аввало ҳар бир талаба билан дилдан саломлашиб, ҳол-аҳвол сўради.

ЎзМУ Ташаббускор талабалари экспедицияси аъзолари билан бирга Мўйноқ тумани ҳокими Сайлавбай Данияров бошчилигидаги бир гурух ўқувчилар ҳам бу ҳаяжонли онларни завқ билан кузатиб турдилар. ЎзМУ ректори улар билан ҳам қадрдонларча сўрашиб, дилдан суҳбатлашди.

– Куни кеча олий таълим муассасалари, ижтимоий соҳа мутасаддилари билан бўлиб ўтган йиғилишда ташаббускор талабаларга Президент маслаҳатчиси А.Абдувахидов, Олий ва ўрта махсус таълим вазири И.Мажидов алоҳида миннатдорчилик билдирдилар,– деди ЎзМУ ректори.– Мўйноқ туманида 500 минг гектар майдонга саксовул экилибди, Оролни қутқариш ишлари мана бундай амалга оширилаётган экан, деб ОАВдан кузатиб ўтирмасдан, бу улуғвор ишга ҳисса қўшиш учун ташаббус кўрсатиб шу заминга келганларинг ҳақиқатан ҳам таҳсинга лойиқдир. Ватанпарварлик, она юртга садоқат, ота-онага меҳр-мурувват ҳақида серфайз университетимизда, муҳташам саройларда суҳбат қилиш бошқа, мана бу ерда саҳрони бўстонга айлантириб, ватаннинг бир парчасини бўлса-да боғ-у бўстон яратишга ҳисса қўшиш бошқа! Бу саъй-ҳаракатларингиз билан сизлар юқорида айтилган сўзлар: ватанпарварлик, она юртга садоқат каби муқаддас тушунчалар замирида қанчалик улкан маъно мужассамлигини дилдан ҳис этасизлар! Ҳақиқий ватанпарварлик намунаси мана шундоқ бўлади! Сиздек меҳнаткаш, мард ва олижаноб ўғил-қизлари бор экан, Президентимиз айтганларидек, Ўзбекистон 2035 йилга бориб дунёдаги ривожланган 50 талик давлатлар қаторидан жой олади! Мен буни биргина намунасини шу бугун, шу ерда кўриб турибман. Мен сиз ташаббускор талаба-ёшларга бошим ерга теккунича таъзим қиламан азиз фарзандларим!

ЎзМУ ректори туман ҳокими ва ёшлар иштирокида 2 гектарлик боғни кўздан кечириб чиққач, яхши ният билан бир дона ўрик кўчатини ўз қўллари билан экди.

ЎзМУ Биология факультети декани Тўхтасин Абдураҳмонов бу хайрли ишни давом эттириб, 2020/2021-ўқув йилидан 2 нафардан бакалавр, магистрант ва докторантларнинг илмий-тадқиқот ишларига бевосита Оролбўйи, хусусан, Мўйноқ туманининг табиий географияси, тупроғи, ўсимлик дунёсини тадқиқ этиши учун мавзулар берилишини таъкидлади.

Шундан сўнг Мўйноқ туманидаги 2-сонли умумий ўрта таълим мактабига йўл олинди. ЎзМУ ректори мазкур мактабнинг моддий-техник базаси, ўқув-илмий салоҳияти билан танишди. 3-б синфда ўқувчилар билан ўтказилган суҳбатда ЎзМУ профессор-ўқитувчилари келгусида шу мактабда ҳам математика, биология, кимё, физика, хорижий тиллар, тарих фанлари бўйича маърузалар ўқиши борасида келишиб олинди.

ЎзМУ ректори мазкур мактаб боғига ҳам бир туп ўрик кўчатини ўтқазди.

Тумандаги экология музейига ташриф буюрган ЎзМУ ректори ва Мўйноқ тумани ҳокими келгусида биргаликликда амалга оширадиган режалар юзасидан ҳамкорлик меморандумини имзоладилар.

Умид билан суқулган таёқ – бир кун берар мева-ю япроқ, деганларидек, бугун Мўйноқда қўйилган қутлуғ қадамлар келгусида албатта ўз самарасини кўрсатиши барчада бирдек умид уйғотади.

 

Равшан Омонов,

ЎзМУ экспедицияси Ахборот хизмати раҳбари.

Вам может также понравиться...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *