Ўқув-илмий жараёнга ўттизга яқин академик бош-қош

Миллий матбуот марказида ташкил этилган матбуот анжуманида Президентимиз

Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 20 апрелдаги “Олий таълим тизимини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетида ёш олимлар илмий фаолияти самарадорлигини ошириш борасида амалга оширилаётган ишлар юзасидан маълумот берилди.
Ўзбекистон Миллий университети мамлакатимизда фундаментал ва амалий илм-фанни ривожлантириш, халқ хўжалиги учун юқори малакали кадрлар тайёрлашда бой анъаналарга эга илм даргоҳидир. Бир асрлик тарихга эга университетда фаннинг турли соҳалари бўйича қирқдан ортиқ илмий мактаб фаолият кўрсатмоқда.

Бугунги кунда университетда 11 факультет мавжуд бўлиб, уларда 36 бакалавриат йўналиши, 69 магистратура мутахассислиги бўйича таълим берилмоқда. Ўқув-илмий жараёнга 28 академик, мингга яқин профессор-ўқитувчи жалб этилган. Айни пайтда 200 дан зиёд ёш олим ва 500 дан ортиқ иқтидорли талаба илмий-тадқиқот олиб бормоқда.

Университет ректори А.Мараҳимов олий ўқув юртининг халқаро алоқалари географияси янада кенгаётганини таъкидлади. Жорий йилда хорижий таълим муассасалари билан илмий-амалий ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича ўнга яқин шартнома ва меморандум имзоланган.

Шу йилнинг ўтган даврида университетда халқаро ва республика миқёсидаги ўттизга яқин илмий-амалий конференция ўтказилди. Фан, таълим ва ишлаб чиқариш соҳалари ўртасида инновацион ҳамкорликни мустаҳкамлашда ҳам қатор муваффақиятлар қўлга киритилмоқда. 2017 йил давлат бюджетидан молиялаштирилган 150 лойиҳа амалга оширилаётир. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси, Навоий кон-металлургия комбинати билан тузилган хўжалик шартномалари бажарилди.

ЎзМУ ҳузурида докторлик диссертацияларини ҳимоя қилишга қаратилган физика-математика, кимё, тарих, фалсафа, география, психология, сиёсий фанлар бўйича илмий кенгашлар фаолият кўрсатмоқда. Жорий йилнинг ўтган даври мобайнида мазкур илмий кенгашларда 23 докторлик диссертацияси ҳимояси ўтказилди. Йил охиригача эса яна 12 диссертация ҳимояси режалаштирилган.

– Яқинда “Ўзбекистоннинг жанубий ҳудуди чўл тупроқларининг нефть ва нефть маҳсулотлари билан ифлосланиши ва уларнинг рекультивацияси” мавзуида докторлик диссертациямни ҳимоя қилдим, – дейди университетнинг тупроқшунослик кафедраси илмий ходими З.Жабборов. – Нефть парчаловчи бактерия штамплари иштирокида тозалаш технологияси илк марта яратилди. Мазкур технология ўзимизнинг тупроқ шароитига мосланган бўлиб, иқтисодий арзон ва экологик хавфсиздир. Унинг кўмагида нефть ва нефть маҳсулотлари билан ифлосланган суғориладиган ва чўл минтақасидаги суғориш имкони бўлмаган ерларни тозалаш мумкин. Тадқиқотда Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси тасарруфидаги Тупроқшунослик ва агрокимё илмий-тадқиқот институтининг лабораторияларидан фойдаландик. Шунингдек, Чехия аграр, Словакия қишлоқ хўжалиги университетларида стажировкада бўлиб, айрим таҳлилларни уларнинг лабораторияларида ҳам синовдан ўтказдик. Тадқиқот асосида Сурхондарё ва Қашқадарё вилоятлари тупроқлари келажакда қандай ифлосланиши мумкинлиги илк марта башорат қилиниб, муаммони бартараф этиш бўйича тавсиянома ишлаб чиқилди ва тегишли ташкилотларга топширилди.

Матбуот анжуманида журналистлар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди.

 Малоҳат Ҳусанова, ЎзА
Мазкур матбуот анжуманини кенг ёритгани учун ЎзА мухбирига самимий миннатдорчилик изҳор этамиз.
ЎзМУ Ахборот хизмати
м1
м2
м3
м4

Вам может также понравиться...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *