Қалб эҳсони

Шу мақоламни архивда сақлаб қўйган https://uchildiz.livejournal.com жамоасига миннатдорчилик билдираман.

2

Рамазон ойида мен бутун умримга татийдиган беназир калом эшитдим. Бу калом нафақат ижодкорлар, балки ҳар бир зиёли, маънавий етук, онгли-тафаккурли инсонлар умрининг мазмунига айланиб қолса ажаб эмас! Раҳматли устоз Озод Шарафиддинов хотирасига ўрнатилган ёдгорликнинг очилиш маросимида амри маъруф қилган имом хатиб шундай деди:
– Кўпгина мусулмонлар савоб учун ва бошқа эзгу мақсадларда эҳсон қиладилар. Аслида энг улуғ эҳсон – Сўз эҳсонидир! Яхши сўзларингиздан инсонлар баҳра олишяптими, барака топишяптими, демак, энг катта савобли эҳсон шу! Раҳматли Озод акамиз бутун умрини ана шундай эҳсонларга бахшида этган муҳтарам зот эди…
Асли мусулмончиликдан мақсаду муддао – ҳар бир одамни ўзгаларга тилидан ва қўлидан озор етказмайдиган комил инсон даражасига етказиш эканлиги Ҳадиси шарифларда аниқ ифода этилган. Аввало тилингиздан бирор киши қалбига озор етмаяптими, демак, Сиз ҳақиқий мусулмонсиз. Боз устига кимлардан Сиздан илму одобга, маънавият ва маърифатга оид пурмаъно сўзлан эшитиб баҳра оляптими, демак, жаннати одамсиз!
Қуръони каримда илм наҳоятда улуғланиши бир неча оятларда аниқ айтилган. Демак, илмли кишиларнинг илм-маърифатни равнақ топтиришга қаратилган сўзлари беназир эҳсон, беқиёс савобдир!
Биз ана шундай маънавий хазинамизга юртимиз истиқлоли шарофати ила мушарраф бўлмоқдамиз! Зеро, ўн беш йилдан буён қайтадан қадр топаётган Ислом динимиз замирида бундай ҳаётбахш ҳикматлар, бетакрор маънавий неъматлар жуда бисёр! Ана шу улуғ неъматларни англаш ҳам – ўзиликни англашдир, дегим келади.
Бир ёмонни кўрмай, яхшининг қадрига етмайсан, деган пурҳикмат гап бор. Чорак асрча бурун – талабалик пайтларимизда биз ҳам рамазон ойини газета саҳифалари орқали билиб олардик. Фақат, у даврда ҳаммаси тескари талқин қилинар эди. Қайси газетани варақламанг, саҳифалардаги катта-катта ҳарфлар билан ёзилган шундай сарлавҳалар эътиборингизни тортарди: «РЎЗА – ЗАРАР», «РЎЗА – ЭСЛИК САРҚИТИ», «ХУРОФОТ», «ДИН – УМР ЗАВОЛИ» ва ҳоказо. Ўша давр сиёсатига ҳамоҳанг равишда ёзилган бундай бўҳтон ва уйдирмалардан иборат «мақола»ларни бугун ҳатто эслагимиз ҳам келмайди… Барибир, шу қаро кунларни кўрган кишилар бугун истиқлолнинг ҳам, у берган улуғ неъматларнинг ҳам қадрига ўзгача етадилар.
Юртимизда истиқлол шабадаси эса бошлаган дамлардаёқ энг аввало маънавий қадриятларимиз қаддини ростлашга киришилган эди. 1991 йил 14 июнда «Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида» қонун қабул қилинди. Бу қонун қабул қилинган пайтида ҳали юртимизда мустабид тузум ҳукмрон эди… Миллий маънавий, диний мавзуда юрак ютиб бир гап айтиш – бошни жаллод кундасига қўйиш билан баробар эди… Ана шундай ўта мураккаб замонларда Юртбошимиз Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг катта жасорати ва матонати билан халқимиз бир бора қаддини ростлади! Зеро, Юртбошимизнинг «Оллоҳ қалбимизда, юрагимизда» асарида битилган ушбу сатрлар кимнинг юрагини ҳаяжонга солмайди дейсиз:
«Биз ўз миллатимизни мана шу муқаддас диндан айри ҳолда асло тасаввур қила олмаймиз. Диний қадриятлар, исломий тушунчалар ҳаётимизга шу қадар сингиб кетганки, уларсиз биз ўзлигимизни йўқотамиз. Хоҳ ёш бўлсин, хоҳ кекса бўлсин, ҳар бир ўзбек нимагаки муносабат билдирмасин, албатта уни беихтиёр Яратувчининг номи билан боғлайди. Ҳар бир сўзимизни, ишимизни бисмилло айтиб бошлаймиз, яхши-ёмон кунларимизда худога шукрона келтирамиз, тавба қиламиз. «Шукур» деган каломни ҳар куни айтмайдиган бирор инсон Ўзбекистонда бормикин ўзи!»
Мустақилликка эришган дастлабки дамларданоқ диний қадриятларимиз чинакам қадр топа бошлади. 1992 йил 8 декабрда қабул қилинган Бош қомусимиз – Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси 31-моддасида «Ҳамма учун виждон эркинлиги кафолатланади. Ҳар бир инсон хоҳлаган динга эътиқод қилиш ёки ҳеч қайси динга эътиқод қилмаслик ҳуқуқига эга. Диний қарашларни мажбуран сингдиришга йўл қўйилмайди» деб белгилаб қўйилган. Бутун моҳият эътибори ила маърифатга йўғрилган ислом динига азал-азалдан шу тариқа онгли равишда муносабатда бўлингани эътироф этилган. Яъни, ҳуқуқий демократик жамиятда ҳам муқаддас динимизга эътиқод қилиш ўзига хос маърифат билан изоҳланади. Маърифат бўстонида эса эса ҳеч кимнинг ҳуқуқи камситилмайди ёхуд диний қараш мажбуран сингдирилмайди. Маърифатнинг маърифий қудрати ҳам шунда!
Диний эркинликнинг ҳуқуқий кафолати, юқорида таъкидлаганимиздек, «Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида»ги (1998 йилда янги таҳрири қабул қилинган) қонунда батафсил баён этилган. Жумладан, диний таълим-тарбия олиш ҳам ҳуқуқий жиҳатдан кафолатланган. Қонуннинг «Диний ўқув юртлари» деб номланган 9-моддасида қайд этилишича, диний ташкилотларнинг марказий бошқарув органлари руҳонийлар ва ўзларига зарур бўлган диний ходимлар тайёрлаш учун диний ўқув юртлари тузишга ҳақли. Диний ўқув юртлари Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида рўйхатдан ўтказилиб, тегишли лицензия олганидан кейин фаолият кўрсатиш ҳуқуқига эга бўлади.
Олий ва ўрта диний ўқув юртларида таълим олиш учун фуқаролар Ўзбекистон Республикасининг Таълим тўғрисидаги қонунига мувофиқ умумий мажбурий ўрта таълим олганидан кейин қабул қилинади. Бунда ҳар бир ўғил-қизнинг аввало саводли, пухта билимга эга бўлишига алоҳида эътибор қаратилгани эътиборга моликдир.
Диний урф-одатлар ва маросимларни ўтказиш ҳам ушбу қонунда ўз аксини топган. Яъни, қонуннинг 14-моддасида қуйидагича ёзилган:
«Диний ташкилотлар ибодат қилиш ёки диний расм-русумлар ўтказиш учун қулай жойлар ташкил этиш ва уларни сақлаб туриш, шунингдек зиёратгоҳларни сақлаб туриш ҳуқуқига эгадир.
Ибодат, диний расм-русумлар ва маросимлар диний ташкилотлар жойлашган манзилдаги ибодатхоналарда ва уларга тегишли ҳудудларда, зиёратгоҳларда, қабристонларда, зарур ҳолларда фуқароларнинг ихтиёрига биноан уларнинг уйларида ўтказилади.
Касалхоналарда, госпиталларда, кексалар ва ногиронлар уйларида, дастлабки қамоқ ва жазони ўташ жойларида ибодатлар ва диний расм-русумлар шу ердаги фуқароларнинг илтимосларига биноан ўтказилади.
Диний маросим ва ибодат биноларидан ташқарида ўтказиладиган оммавий ибодатлар, диний расм-русумлар ва маросимлар Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади».
Диний урф-одатлар ва маросимларни ўтказиш қонун йўли билан белгилангани халқимизнинг диний қадриятлари янада равнақ топиши учун ўзига хос ҳуқуқий асосдир.
Жамиятда ҳар қандай ташкилот тегишли мол-мулкига, маблағларига эга бўлиши ҳаётий заруратдир. Жумладан, диний ташкилотларнинг ҳам ўз маблағлари ҳисобидан сотиб олинган ёки яратилган, фуқаролар, жамоат бирлашмалари эҳсон қилган (васият қилиб қолдирган) ёхуд давлат томонидан назарда тутилган бошқа асосларда олинган, ўз фаолиятларини таъминлаш учун зарур бўлган бинолар, иморатлар, ибодат қилиш анжомлари, ишлаб чиқариш, ижтимоий ва хайрия иншоотлари, пул маблағлари ва бошқа мол-мулклар уларнинг мулки бўлиши мумкинлиги қонуннинг 15-моддасида белгиланган бўлса, «Давлат мулки бўлган мол-мулкидан фойдаланиш» деб номланган 16-моддасида қуйидагича баён этилган:
«Диний ташкилотлар ўз эҳтиёжлари учун давлат органлари томонидан шартнома асосида бериладиган бинолар ва мол-мулкдан фойдаланишга ҳақлидир.
Тарихий ва маданий ёдгорликлар объектлари ва буюмларини диний ташкилотларга фойдаланиш учун бериш қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади.
Диний ташкилотлар учун ер ажратиш ҳамда ибодат бинолари қуриш тегишли равишда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг рухсати билан амалга оширилади».
Эътибор берган бўлсангиз, бугунги кунда деҳқон хўжаликларидан тортиб ишбилармону тадбиркорларгача фаолияти учун зарур мол-мулкдан фойдаланиш борасида қандай имкониятлар, имтиёзлар яратилаётган бўлса, диний ташкилотларга ҳам бу борада етарли даражада эътибор қаратилмоқда. Бу эътиборнинг таг-заминида эса қонун пойдевор эканлиги мақсадга мувофиқдир.
Қонун – ижроси билан, деганларидек, юртимиз истиқлоли шарофати билан шаҳару қишлоқларимизда сўнгги йилларда қанчадан-қанча бежирим мачит ва мадрасалар бунёд этилмади, дейсиз! Шу ўринда Юртбошимизнинг яқиндагина Халқ депутатлари Андижон вилояти кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида айтган сўзлари ёдингизга тушади:
«Ҳаммангиз гувоҳсиз – истиқлол шарофати билан мамлакатимизда инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари, жумладан, диний эътиқод эркинлигини таъминлаш борасида жуда катта амалий ишлар қилинди ва қилинмоқда,– деди давлатимиз раҳбари.– Бу ҳақда гапирганда, авваломбор, неча йиллар давомида тақиқлаб келинган дину диёнатимиз тикланганини таъкидлаш лозим. Буни узоққа бормасдан, мана шу Андижон вилоятида ҳозирги кунда 181 та масжид фаолият олиб бораётгани мисолида ҳам кўриш мумкин. Ҳолбуки, шўро даврида уларнинг сони бор-йўғи 12 тани ташкил қилар эди».
Очиғи, мустабид тузум даврида ўша бармоқ билан санарли даражадаги масжидларга ҳам эмин-эркин кириб-чиқишга унча-мунча одамнинг юраги бетламас эди…
Биргина вилоятда шунча ижобий ўзгаришлар юз бераётган экан, бу борада бутун мамлакатимиз миқёсида амалга оширилган ишлар кўламини тасаввур этсангиз, кўнглингизда фахр-ифтихор туйғуси жўш уради.
Буюк бобокалонимиз Имом ал-Бухорий руҳини шод этиб унинг мақбараси узра бунёд этилган муҳташам зиёратгоҳ неча йилдирки дунё аҳлини лол қолдирмоқда. Истиқлол шарофати ҳамда Юртбошимизнинг шахсан ташаббуслари билан қад ростлаган бу мажмуадан уззу кун зиёратчиларнинг қадамлари узилмайди! Бу ер нафақат ҳамюртларимизнинг, балки, дунёнинг турли бурчакларидан ташриф буюрган меҳмонларнинг ҳам муқаддас қадамжоларига айланган.
Шукроналар бўлсинки, бугунги кунда бундай зиёратгоҳлар қадимий ва навқирон шаҳарларимиз кўркига янада кўрк қўшаётир.
Маърифатнинг чироғи – китоб, журнал, газета ва бошқа нашрлардир. Мазкур қонуннинг «Диний адабиёт ва диний мақсадларга мўлжалланган буюмлар» деб номланган 19-моддасида қайд этилишича, диний ташкилотларнинг марказий бошқарув органлари диний мақсадларга мўлжалланган буюмлар, диний адабиётлар ва диний мазмундаги бошқа ахборот материалларини Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ишлаб чиқаришга, экспорт ва импорт қилишга ҳамда тарқатишга ҳақлидир.
Чет элда нашр этилган диний адабиётларни олиб келиш ва тарқатиш, уларнинг мазмуни қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда экспертизадан ўтказилганидан кейин амалга оширилади.
Диний ташкилотларнинг марказий бошқарув органлари тегишли лицензия олгандан сўнг диний ибодат буюмларини ишлаб чиқариш ва тарқатиш ҳуқуқига фақат улар эга бўладилар.
Кези келганда шуни ҳам айтиб ўтиш жоизки, диний эркинликларни гоҳ ошкора, гоҳо пинҳона суиистеъмол қилишга, бу билан аслида шундай маънавий қадриятимизни кишибилмас топташга интиладиган нусхалар ҳам пайдо бўлиб қолади. Динни ниқоб қилиб олганча амалда унга хилоф иш юритадиган бундай кимсалар хатти-ҳаракатининг олидни олиш мақсадида ушбу модда тўртинчи бандини ҳам эсдан чиқармаслик лозим. Яъни, диний экстремизм, сепаратизм ва ақидапарастлик ғоялари билан йўғрилган матбаа нашрларини, кино, фото, аудио, видео маҳсулотларини ва шу каби бошқа маҳсулотларни тайёрлаш, сақлаш ва тарқатиш қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгарликка тортишга олиб келади.
Диний маърифат ҳам асл қадриятларимиздан экан, Ислом таълимоти ва фалсафасини кенг ўрганиш, ўзбек халқининг диний, тарихий ва маданий меросини чуқур тадқиқ этиш мақсадида 1995 йил май ойида Тошкент шаҳрида Халқаро ислом тадқиқот маркази ташкил этилган. Ўн йилдан ошибдики, бу даргоҳдан қанчадан-қанча дин илмини мукаммал эгаллаган ёшлар етишиб чиқмоқдалар. 1990 йилда юртимизда Алоуддин Мансур Қуръони каримнинг ўзбек тилидаги дастлабки изоҳли таржимасини амалга оширди ва у «Шарқ юлдузи» журналининг 1990-92 йиллардаги сонларида эълон қилинди. 1992 йилда эса бу маънавий хазинамиз жамланиб «Чўлпон» нашриётида китоб ҳолида чоп этилди. Шундан сўнг бу муқаддас китобимиз изоҳли таржимаси бир неча марта нашр этилгани ҳам эътиборга моликдир.
Имом ал-Бухорийнинг «Ал-Жомиъ ас-Саҳиҳ»ининг ўзбек тилидаги тўрт жилди Қомуслар Бош таҳририяти томонидан чоп этилди. «Фан» нашриёти «Ахлоқ ва одобга оид ҳадис намуналари» тўпламини нашр этди.
Диний таълим муассасалари ҳам айнан юртимиз истиқлол шарофати ила янада равнақ топмоқда. Бугунги кунда Имом Бухорий номидаги Тошкенд Ислом олий маъҳади ва Тошкент мадрасасида, Бухородаги Мир Араб мадрасасида ва бошқа ўқув юртларида юзлаб иқтидорли ёшлар таълиму таҳсил олишмоқда.
Сўз эҳсони каби ажиб фалсафик тушунчалар нафақат «Мовароуннаҳр мусулмонлари» журнали ё «Ислом нури» газетасида, балки, республикамизда чоп этилаётган деарли барча нашрларда, ойнаи жаҳонда намойиш этилаётган диний маърифий кўрсатувларда ва радиоэшиттиришларда ҳам ўз ифодасини топаётгани айни муддаодир.
Яна бир улуғ неъмат ҳақида ҳам мамнуният, таъбир жоиз бўлса, шукроналар ила сўзласак арзийди. Яъни, 1992 йилдан буён Рўза ҳайити (Ийд ал-Фитр) ва Қурбон ҳайити (Ийд ал-Адҳа) байрамларининг биринчи кунлари мамлакатимиз миқёсида дам олиш куни деб эълон қилинган.
Ҳар йили Юртбошимизнинг Ҳайит кунларини нишонлаш тўғрисидаги қарори бутун мусулмон аҳли томонидан мамнуният ва шукроналар ила кутиб олинади. Ана шу улуғ айём кунлари барча юртдошларимизга улуғ неъмат – Сўз эҳсони муборак бўлсин!

Тўлқин ЭШБЕК

https://uchildiz.livejournal.com/?fbclid=IwAR1t0hQP6LRnzBLJl3WhSL58vgEEBDG0KwxkOwYLGqts6-TEW6tI19jNg4w
2014 йил 18 март

 

Вам может также понравиться...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *