Қардошлик қадри: Озарбайжоннинг сержило ришталари

Публицистика

 Азар

Дунёда ҳар бир мамлакатнинг ўзига яраша ўрни бор.

Бу унинг фақатгина жуғрофик ўрни ёки табиати билан ўлчанмайди. Балки, энг аввало ўша заминда донг таратган улуғ сиймоларнинг жумлаи жаҳонни ҳайратга солган кашфиётлари, халқаро аҳамиятга молик ишлари кўз ўнгингда намоён бўлиб туради.

Озарбайжон ўлкасида адабиёт, илм-фан, маънавий, миллий қадриятлар том маънода шаклланишида муқаддас ислом динининг ўрни беқиёс бўлганини изоҳлаб ўтиришга ҳожат бўлмаса керак. Ислом дини Озарбайжон заминига VII асрда кириб келган. Шу тариқа ўтган асрлар давомида ислом дини ўлка маданияти, санъати, адабиётига кучли таъсир этди. Ушбу диёрда ислом динига оид кўплаб кўҳна обидалар, масжидлар, осори атиқалар сақланиб қолган. Бу дин моҳиятини, муқаддас Қуръони карим, Ҳадислар мазмун-моҳиятини теран англаган ўқимишли инсонлар орасидан етук алломалар, донишмандлар етишиб чиқа бошлаганлар. XII-асрларга келиб Маккий ибн Аҳмад, Баҳманёр, Хатиб Табризий, Ҳоқоний, Низомий Ганжавий, Маҳастий каби даҳолар ўз ижодлари билан жаҳон маданияти равнақига салмокли ҳисса қўшганлар. Уларнинг мумтоз асарларида муқаддас ислом дини ғоялари ўзига хос равишда тараннум этилган.

Озар халқининг адабиёти қанчалик қадимий ва бой тарихга эга эканлигини барча мухлислар яхши биладилар. «Кўрўғли», «Ошиқ Ғариб», «Шоҳ Исмоил» каби достонларда озарбайжон халқининг юртпарварлик, инсонийлик ҳис-туйғулари ўз ифодасини топган. Халқ достонлари ва термаларининг энг яхши намуналари XVI-XVII-асрларда Қур-боний, Сариошуқ, Аббосошуқ, Валехошуқ каби бахшилардан ёзиб олинган. Бу асарларнинг аксариятида қаҳрамонлар иймон-эътиқодли, эзгу фикрли инсонлар бўлганлиги билан ажралиб туради.

Низомий Ганжавий асарлари – Озарбайжон шеъриятининг чўққиси бўлди. XII-XIV-аchларда Авхадий Мароғий, Зулфиқор Ширвоний, XV-XVI-аchларда Насимий, шоҳ Исмоил Хатоий, Фузулий, XVII-XVIII-аchларда Соиб Табризий, Масиҳий, Видодий, Воқиф, XIX-XX-аcрларда маърифатпарвар шоир Саид Азим Ширвоний, ҳажвчи шоир Мирза Алекпер Собир, Сулаймон Рустам, Расул Ризо, Самад Вурғун каби истеъдодли ёзувчи-шоирлар ижодида миллий қадриятларга пайваста бўлган исломий руҳ адабиёт ихлосмандларини ўзига мафтун этади.

IMG_5015

Қалбимизда ифтихор туйғусини жўш урдирадиган ҳол шуки, Озарбайжон ва ўзбек халқлари азалдан адабий алоқада бўлиб келганлар. Низомий асарларининг баъзилари ўрта асрлардаёқ ўзбек тилига таржима қилинган. «Хисрав ва Ширин»ни XIV асрдаёқ ўзбек тилида ўқишга муваффақ бўлган аждодларимизнинг бу халққа меҳр ришталари ўша даврлардаёқ қанчалик мустаҳкам боғланганини англаш мумкин. Буюк мутаффаккир шоир Мир Алишер Навоий ўз даврида Низомий Ганжавий «Хамса»си — «Панж ганж»дан илҳомланиб ўзининг беш буюк достонини яратгани адабиётларда қайд этилган.

Низомий Ганжавийнинг бетакрор асарларига ҳамиша катта қизиқиш билан қаралганини XIX-асрда Ҳайдар Хоразмий «Маҳзаи ул-асрор» достонини, XIX-асрда Огаҳий «Ҳафт пайкар»ни таржима қилганидан ҳам англаш мумкин.

Ўз навбатида буюк ўзбек шоири Мир Алишер Навоий асарлари ўзи ҳаёт вақтидаёқ Озарбайжон шоирлари ўртасида машҳур бўлгани ҳақида кўплаб мақолалар ўқиганмиз. Озарбайжоннинг машҳур шоирлари Кишварий ва Фузулий Мир Алишер Навоийни ўзларининг буюк устозлари деб билганлар. Фузулий «Лайли ва Мажнун»нинг дебочасида Навоийни Низомий биланн бир қаторга қўяди. Навоий «Мажолис ун-нафоис», «Муҳокамат ул-луғатайн» асарларида Низомий, Хоқоний биланн бирга Шайх Ширвоний, Абу Аббос Сухравардий, Абу Абдуллоҳ Хоқоний Сўфий, Шайх Табризий, Қосим Анварий сингари озарбайжон шоир ва олимларининг номларини ҳам ҳурмат билан тилга олади.

IMG_5037

Манбаларда қайд этилишича, Муҳаммад Фузулий асарлари, айниқса, унинг «Лайли ва Мажнун» достони XVII-асрдан бошлаб Туркистон мадрасаларида ўқув қўлланма вазифасини ўтаган. Айни пайтда Фузулийни ўзбек маърифатпарварлари энг севимли шоирлардан бири сифатида эътироф этганлар. Зеро, Туркистонда «Навоийхонлик», «Бедилхонлик» мактаблари билан бир қаторда «Фузулийхонлик» уюшмаларида минглаб кишилар шоир асарларидан сабоқ олганлар. Фузулийнинг асарлари Ўзбекистонда бир неча марта чоп этилган.

Бу мумтоз шоирларнинг аксарият асарлари “Бисмиллаҳир Роҳманир Раҳийм” деган муқаддас каломлар билан бошланган. Ана шу эътиқод билан қалам тутиш икки буюк халқ дунёқарашларини, орзу-умидларини муштарак қилган қилган бўлса ажабас.

IMG_5022

Шу тариқа асрлар оша икки қардош мамлакатда муқаддас ислом динимиз энг олий қадрият ҳисобланади.

Республикаларимиз истиқлолга эришган дастлабки кунларданоқ муқаддас динимизга бўлган муносабатлар асл ҳолига қайта бошлади. Биринчи галда, энг муқаддас қадамжолар, улуғ авлиёлар, ҳадисчи алломалар мангу қўним топган жойларда зиёратгоҳлар қайтадан қад ростлади. Шу билан бир қаторда, шаҳару қишлоқларимизда замонавий масжитлар бунёд этилди. Ислом таълимотини чуқур эгаллашга қаратилган таълим муассасалари фаолиятлари давом эттирилмоқда.

Шу тариқа 2007 йилда Тошкент – Ислом маданиятининг пойтахти, деб эълон қилинган бўлса, 2017 йил Озарбайжонда «Ислом бирдамлиги йили» деб эълон қилинди!

Бундай улуғвор саъй-ҳаракатлар икки қардош халқни янада жипслаштиришга ва ягона мақсадлар сари қадам ташлашларига кенг йўл очади.

Эътиборга молик яна бир воқелик – Кавказ мусулмонлари диний идораси Бокуда жойлашган бўлиб, унга Ўзбекистондаги диний ўқув даргоҳларида таҳсил кўрган шайхулислом Оллоҳшукур Пошшозода раислик қилмоқда.

Дунёда ўзига яраша юксак мавқега эга бўлган Ислом Ҳамкорлик Ташкилоти 1969 йилда ташкил топган. У даврда мустабид тузум исканжасида бўлган қардош республикалар – Ўзбекистон ё Озарбайжоннинг бундай ташкилотга аъзо бўлишига асло йўл қўйилмасди. Собиқ иттифоқ парчаланиб, мамлакатларимиз истиқлолга эришган дастлабки йилардаёқ Ислом Ҳамкорлик Ташкилотига аъзо бўлдилар.

Ўзбекистон ҳам, Озарбайжон ҳам ана шу нуфузли ташкилот аъзоси сифатида унинг барча анжуманларида фаол иштирок иштирок этиб келмоқда. 2016 йил 18-19 октябрь кунлари Тошкентда Ислом ҳамкорлик ташкилоти Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг 43-сессияси “Таълим ва маърифат – тинчлик ва бунёдкорлик сари йўл” шиори остида ўтказилди. Сессия якунлари бўйича 118 та резолюция ҳамда Ислом ҳамкорлик ташкилоти кун тартибидаги асосий сиёсий, ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий ва маданий-гуманитар масалалар акс этган Тошкент декларацияси қабул қилинган. Мазкур сессия чоғида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Самарқанддаги Имом Бухорий ёдгорлик мажмуи қошида Халқаро илмий-тадқиқот марказини ҳамда Тошкент ислом университети таркибида Таълим, фан ва маданият масалалари бўйича ислом ташкилотининг (ISESCO) махсус кафедрасини ташкил этиш ташаббусини илгари сурди. Бу ташаббуслар Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг 43 ва 44-сессияларида қўллаб-қувватланди. Икки лойиҳа бўйича махсус резолюциялар қабул қилинди. Ўзбекистон пойтахтидаги Ҳазрати Имом мажмуида Ислом цивилизацияси марказини барпо қилиш бўйича иш олиб борилмоқда. Унинг лойиҳасига биноан, академия, кутубхона, архив ва қўлёзмалар фонди қурилиши кўзда тутилган. Улар мамлакатимизда ҳамда хорижий элларда сақланаётган қадимги қўлёзмалар, литография китоблари, тарихий ҳужжатлар, илмий ва диний мактабларга оид қадимги осориатиқалар ҳамда мазкур йўналишдаги замонавий-илмий тадқиқот ишлари билан тўлдирилади.

Ислом ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатларнинг интеллектуал, илмий-техникавий салоҳиятини мустаҳкамлаш ва янада ривожлантириш Ўзбекистоннинг мазкур ташкилот Ташқи ишлар вазирлари кенгашига раислиги давридаги (2016/2017 йиллар) устуворликлардан бири бўлган бўлса, Озарбайжоннинг ҳам бу борадага саъй-ҳаракатлари ўзига яраша эканлигини барча бирдек эътироф этади. Буни биргина шу йил 9-10 сентябрь кунлари Қозоғистон пойтахтида бўлиб ўтган Ислом ҳамкорлик ташкилоти анжуманида давлатларимиз раҳбарлари Шавкат Мирзиёев ва Илҳом Алиевларнинг иштироклари мисолида ҳам кўриш мумкин. Қардош мамлакатлар раҳбарлари 2017 йил 21 май куни Ар-Риёдда бўлиб ўтган араб-мусулмон мамлакатлари ва АҚШ саммитидаги фаол иштироклари, Саудия Арабистони пойтахтида экстремизм мафкурасига қарши кураш бўйича глобал марказ тузилишини тўла қўллаб-қувватлашлари қардошларнинг муштарак мақсад йўлидаги саъй-ҳаракатлари ёрқин ифодасидир.

Нью-Йорк шаҳрида БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида сўзга чиққан қардош мамлакатларнинг президентлари сўзларида айнан муқаддас динимизга муносабатлар моҳиятида беқиёс муштараклик ўз ифодасини топгани баайни ҳақиқатдир.

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев кўплаб давлат раҳбарлари қаторида 19 сентябрь куни Бош Ассамблеясининг 72-сессияси умумий музокараларида нутқ сўзлади. Унга ўз муносабатини билдирган Туркия Республикаси Президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған ҳали ҳеч бир давлат раҳбари БМТ минбаридан туриб ислом дини қадриятларини бу қадар жасорат билан ҳимоя қилмагани, ҳеч қачон Имом Бухорий номини тилга олмаганини таъкидлади.

Aliyev_Ilhom

Ана шу юксак минбардан сўзлаган Озарбайжон Президенти Илҳом Алиевнинг ҳам илгари сурган ғоялари юксак баҳоланмоқда. Унинг “Озарбайжон дунёда мультикультурализм марказларидан бири саналади. Мультикультурализм – Озарбайжон давлат сиёсатидир. Озарбайжонда барча этник ва диний гуруҳ вакиллари аҳилликда яшамоқдалар. 2016 йил Озарбайжонда “Мультикультурализм йили”, 2017 йил эса “Ислом бирдамлиги йили” деб эълон қилинган” деган сўзларини барча бирдек катта қизиқиш билан кутиб олди. 2017 йил Озарбайжонда «Ислом бирдамлиги йили» деб эълон қилиниши муносабати билан Илҳом Алиев ўз юртида бўлиб ўтадиган IV Ислом бирдамлиги ўйинларининг аҳамияти катталигини таъкидлаб ўтди. «Ислом бирдамлиги ўйинларининг ўтказилиши билан биз яна бир маротаба ўз кучимиз ва имкониятларимизни, диний қадриятларга содиқлигимизни намойиш қиламиз. Ислом дунёсига хавф ислом дунёсининг ўзидан таралади. Биз ислом дунёсини бирлаштиришга ҳаракат қиламиз», деб таъкидлади Озарбайжон Республикаси раҳбари.

Очиғини айтиш керак, сўнгги йилларда дунёнинг турли минтақаларида ислом динини ёмонотлиқ қилиш, уни обрўсизлантиришга уриниш кузатилмоқда. Бокуда бу ташвишли ҳолга жиддий қаралиб, халқаро майдонда муқаддас ислом қадриятларини ҳимоя қилишга дадил кирилишган. Президент Илҳом Алиев Бокуда 2016 йил сентябрда ўтган халқаро гуманитар форумида айтган қуйидаги сўзларига эътибор беринг: “Бугун дунёнинг айрим сиёсатчилари ва экспертлари исломни террор билан боғлаб, унинг номига доғ туширмоқда. Улар айнан мусулмон мамлакатлар терроризмдан энг кўп азият чекаётганини унутиб қўймоқдалар”. Бу, сўзлар, албатта, ҳар бир иймон-эътифодли инсонни бефарқ қолдирмайди. Зотан, Озарбайжон раҳбари, ислом тинчлик, бағрикенглик ва адолат дини бўлиб, уни террор билан боғлаш катта хато саналишини кўп бора таъкидлайди.

Озарбайжон Ташқи ишлар вазири Элмар Мамедёров 2016 йил 18 октябрь куни Тошкентда ўтган Ислом ҳамкорлик ташкилоти Ташқи ишлар вазирлари кенгашида халқаро ҳамжамият ислом динига нисбатан янглиш тушунчалар илдиз отишига қарши керакли чора-тадбирлар кўра олмаётганидан таассуфда эканини билдирар экан, шундай дейди: “Биз бундай ҳолатга барҳам бериш йўлида барча чора-тадбирларни кўришимиз лозим. Бу жиҳатдан, Ислом ҳамкорлик ташкилоти кўраётган чора-тадбирларни қўллаб-қувватлаймиз ва барча мамлакатларни бир ёқадан бош чиқариб ҳаракат қилишга даъват этамиз”.

Шу нуқтаи назардан қаралганда, Озарбайжонда 2017 йил Ислом бирдамлиги йил деб эълон қилиниши Бокунинг муқаддас ислом динини муҳофаза этиш йўлидаги навбатдаги қадами сифатида баҳолаш мумкин. Озарбайжонда турли дин, турли этник гуруҳга мансуб аҳоли аҳил-иноқ ҳолда, мамлакат равнақи йўлида бир ёқадан бош чиқариб ҳаракат қилиши ва бундай бахтли онларнинг бардавом бўлиши учун бу ўлкада давлат етакчиси Илҳом Алиевнинг саъй-ҳаракатларини муносиб баҳолаш мақсадга мувофиқдир. Зеро, Озарбайжонда 2017 йил Ислом бирдамлиги йил деб эълон қилиниши Бокунинг муқаддас ислом динини муҳофаза этиш йўлидаги хайрли ва эзгу қадамидир.

 

Тўлқин ЭШБЕК,

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси

Вам может также понравиться...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *