ҲАЗИЛ БОТИНИДАГИ «ЗИЛ»

Китобингизни ўқидим

 photo_2024-03-01_18-38-15 photo_2024-03-01_18-38-34 photo_2024-03-01_18-38-43 photo_2024-03-01_18-38-52

 Ёзувчи Тўлқин Эшбекни “Жигарбандлар”, “Шабада эсган кун”, “Қишлоқлик бола қиссаси”, “Адашган қиз қисмати” деб номланган қисса ва ҳикоялар тўплами орқали яхши билар эдик. Унда-мунда публицистик мақолалари, эссе ва очерклари, ҳаётий ҳангомаларига ҳам кўзимиз тушган.

Журналист-адибнинг яқинда “Янги аср авлоди” нашриётида босмадан чиққан “Ўзбекнинг ёмони бўлмайди” (2021) шеърлар тўпламидан англадикки, у яхшигина шеърлар ҳам битар экан. Наср ва назмда бирдек қалам тебратиш истеъдодига эга бўлиш ижодкордан улкан масъулият талаб этади.

“Ўзбекнинг ёмони бўлмайди” китоби профессор Умарали Норматовнинг “Жўшқин табассум мавжлари” сарлавҳали кириш сўзи билан очилади. Унда домла Тўлқин Эшбек ҳангомаларининг ғоявий-бадиий хусусиятларидан сўз очар экан, “мазкур китоб бугунги адабиётимизда нисбатан оқсаброқ турган соҳа – ҳажвчиликда умидли бир истеъдод соҳиби шаклланиб келаётганидан далолат беради” дея тўғри таъкидлайди.

Тўпламда ижтимоий-маиший ҳамда маънавий-маърифий хусусият касб этувчи қирқдан ортиқ шеърлар жамланган. Истеъмолдаги икки алифбода чоп эттилгани катта-ю кичик китобхонларга бирдек қулайдир. Шеърларнинг аксарияти воқеабанд, муайян сюжет чизиғи асосида ёзилган бўлиб, улар ҳазил, пичинг, киноя ва кесатиқлар билан суғорилган. Аниқроғи, шоир ўз қалбида бир неча йиллардан бери мудраб ётган дард ва армонларини юмористик пафос ёрдамида ўқувчига инъом этади.

Тўлқин Эшбек ҳажвий асар яратар экан, ҳеч қачон қаҳрамонлари устидан кулмайди. Асар ёзишдан мақсад ҳам шунчаки шахсий иқтидорни намойиш этиш, айрим тоифа кишилари устидан кулиш, мағзава қуйиш эмас. Балки, халқимизга хос бепарволик, лоқайдлик, кибру ҳаво, хушомад, ялтоқлик, устоз ёхуд ўзидан каттани ҳурмат қилмаслик, оилага нисбатан меҳр-садоқатни унутиш, ичкиликка берилиш, фанзанд тарбиясида оқсоқлик ва бошқа шу каби ижтимоий иллатларни фош этишдан иборат. Шу мақсадда муаллиф ўзига хос йўл тутади ва миллат аъзоларига ҳадеганда билинмайдиган, билинавермайдиган қатор иллатларнинг кулгили талқинини кашф этади.

Қизиқ, шоир қаҳрамонлари ичида бирорта ҳам бегонаси йўқ, денг. Бири менинг қўшним, иккинчиси сизнинг қудангиз, учинчиси нариги маҳаллада яшайдиган қора попка кўтариб, туман марказидаги мактаблардан бирига қатнайдиган ўқитувчи. Яна бири қизалоғига тарбия берадиган боғча опанинг кўнглини олиш учун эридан пул яшириб, совға олишга аҳд қилган Норхол опа. Хуллас, “ўртада бегона йўқ”.

Шоир миллатимизнинг айрим вакилларига хос қатор қусурларни кўрсатар экан, хилма хил тасвирий воситалардан фойдаланади, камчиликларни жонли манзара ва бадиий деталлар ёрдамида кўз ўнгимизда намоён қилади. Яъни, шоир фикрича, биз ўзимизга озгина эътиборли бўлсак, қусурларимизни, феълимиздаги ёввойи иллат ҳужайраларини емириб ташлашимиз, улардан ўз вақтида фориғ бўлишимиз мумкин. Шуларни қоғозга туширар экан, шоир ҳар бир кулгили воқеа зуваласига “ўзбекнинг ёмони бўлмайди” деган ўзининг шахсий ҳукм-хулосасини пинҳон суратга қистиради. Рост, ўзбекнинг ёмони йўқ. Фақат улар орасида бир-бирини тушуниш қийин бўлгани учун уларнинг бири иккинчисига ёмон туюлади, холос. Шоир айтмоқчи, биз сал бағрикенглик қилсак, муомаламиз ширин бўлса, ўша ёмонни ҳам яхшига айлантиришимиз мумкин.

Тўлқин Эшбек услубига хос навбатдаги фазилат шундаки, у воқеани кўпинча биринчи шахс “лирик мен” тилидан сўзлайди, лозим топса, ўзи ҳам асар таркибига кириб келаверади, ҳажвий қаҳрамонлар билан бир сафда туради. Яъни, шоир фақат қаҳрамонлари устидан эмас, лозим топса ўзининг устидан ҳам мириқиб кулаверади. Шу боис қаҳрамон ё персонажлар ҳам кўпинча ўзига ўхшайди: шоир, олим, журналист, мураббий, талаба. Ёшлар ҳақида ёзганда, Тўлқин Эшбек тўлқинланиб ичига сиғмайди, гўё бир думалаб талабага айланади, қолади.

“Соғинч” сарлавҳали шеърда эрнинг ишдан ҳориб келиши, хотини эса келгандан сўнг эсига тушиши, артистлик қилиб “сени жуда соғиндим” деб алқаши, аёлнинг ҳам эрига шундай, табассум билан жавоб бериши ғоят гўзал тасвирланган. Асарнинг етакчи мавзуси ёлғон ё ёлғончиликнинг ёмон оқибати ҳақида эмас. Бу ерда гап ёқимли ва зарур ёлғон ҳақида кетяпти. Яъни, шоир ишга бутун борлиғи билан киришиб, оиласини, айниқса, хотинининг кўнглини овлашни унутган эрнинг бепарволигини танқид остига олган. Тўғри-да, биз эркаклар ўзимизни эр санаб, ҳатто 8-март куни дурустроқ совға олишни, уйимиз бекасини ардоқлашни билмаймиз-ку! Тўлқин Эшбек эса “аёлга ҳар кун, ҳар он эътибор беринг, ҳеч бўлмаса ширин сўзингиз билан” деяпти.

Тўлқин ака “Баъзи эркакларга насиҳат” шеърида ҳам шу ғояни такомил босқичига чиқаради. Оилада эрнинг ўрни, у ҳамма нарсага масъуллиги, учига чиққан алкаш бўлса ҳам уйга эр, эркак киши сифатида кириб келиши лозимлиги, қисқаси, оила боши сифатида рўзғорнинг кам-кўстини дўндириб қўйиши лозимлигига эътиборимизни тортади.

Каминага адабиётшунос сифатида, айниқса, “Тузсизлик” деган митти ҳажвияси жуда маъқул бўлди. Унда сўзни исроф қилаётган, зийрак китобхоннинг ғашига тегадиган, энг ёмони нутқимизда умуман мавжуд бўлмаган сўз ё қўшимчаларни абгор шаклда қўллаётган баъзи “шоирбачча”лар юмор ҳисси билан фош қилинади:

 

Шеърингизда – “менсизлик”,

Мени қийнар – “сенсизлик”.

Кимдир ўйлар – “усизлик”,

Кейин чиқар – “бусизлик”.

 

Бизсизлигу сизсизлик,

Йигитсизлик, қизсизлик,

Фақат шеърлар бўлмасин,

Мазмунсизлик, тузсизлик.

 

Сенсиз – мумтоз адабиётимизда “сенсизин” шаклида учрайди. Бироқ “сенли” минг йиллик шеъриятимизда мавжуд эмас. Сўзнинг “сен билан” маъносида келадиган “сен-ла” шакли шеъриятда жуда кўп қўлланади. Мисол:

 

Сен-ла ўтган бахтли онларим,

Бир умрга ёдимда қолди.

 

“Сенли” ёки “менли” деган сўз ўзбек тилида умуман мавжуд эмас. Тўлқин Эшбек ўзини шоир санаб, сўзларни мажруҳ шаклда ишлатаётган “ихтирочи шоир”ларга қарата сўзни тўғри қўллашни маслаҳат беради. Баъзи “шайир”ларга ҳайрон қоласиз. Биров, шеър ёз, деб мажбур қилмаса… Хаёлга келган сўзни ёзиб, “шеър” дея матбуотда эълон қилиш уят-ку? Муҳаррирнинг кўзи қаерда? Демак, Тўлқин Эшбек сўзни бузиб қўлловчи шоир воситасида, унинг саёз асарини чоп этишга бош-қош бўлган муҳаррирларни ҳам фош этган бўлиб чиқмоқда. Коса остида нимкоса ҳам бор.

“Пойинтару сойинтар” ҳангомасида ҳам шоир тилга ва сўзга масъулият ҳиссидан баҳс очади. “Тузсизлик”да баъзи ихтирочи шоирлар танқид остига олинган бўлса, “Пойинтару сойинтар”да бутун бошли халқ вакилларининг сўзга бепарволиги, мутлақо нотўғри қўллаш ва ёзиш ҳолатларидан шикоят қилади. Шоир – ҳақ. Сўзни бузиб талаффуз қилиш Давлат тилини абгор қилиш билан баробар. Шоир бу каби ўзвошимчаликка зиёлиларимиз йўл қўймасликлари, керак бўлса олдини олишга ҳисса қўшишлари лозимлигига диққатимизни жалб этади.

Тўлқин Эшбекнинг “Самовий савдо ёхуд Ойга харидорлар ҳангомаси”да дунёнинг мана ман деган бойлари ойни сотиб олишга киришганлари, бири ёруғ гардишини, иккинчиси кўзга ўхшаб турган тарафини, учинчиси кўринмайдиган орқа тарафини сотиб олмоқчи. Хуллас, турли миллатлардан йиғилган юзта бой ойнинг харитасини чизиб, ўзаро бўлиб олишга чоғланадилар. Бойваччалар ойни олишга сарфлайдиган пул “жалка” кетмаслиги учун роса бош қотирадилар. Улар орасида биргина ўзбек бўлиб, у ҳам улкан Ойнинг бир бўлагидан умидвору негадир жим, недандир норозидек. Бойлар сабабини сўрашганда, ўзбек салмоқланиб тубандаги жавобни беради:

 

Кўкка нарвон қўйган-ку,

Улуғбекнинг китоби.

Бобомиздан меросдир

Осмон, ою офтоби.

 

Не қиласиз талашиб,

Қуруқ гапдан фойда кам,

Агар ҳаёт бўлганда,

Ош дамлардик ойда ҳам.

 

Ҳангомада ўзбекнинг ошга, ошхўрликка ўчлиги енгилгина юмор орқали тасвир этилади. Барча бойлар фойда ва зиён ҳақида баҳслашганда, ўзбек ойда ош дамлаб бўлмаслигидан шикоят қилади. Шоир ўзбекнинг ошхўрлигига писанда қилар экан, уни зинҳор очкўзликда, баднафсликда айбламайди. Балки миллатнинг дастурхони ҳамиша очиқлиги, у меҳмонни ош билан сийлаши, тўй-маъракада элга ош тортиш удуми ҳақида сўзламоқда. Мабодо, ойни олиш мумкин бўлганда, уни дастлаб ўзбек олишга лойиқ. Негаки, унинг Мирзо Улуғбек деган буюк аждоди биринчи бўлиб осмонга нарвон қўйган буюк аллома!

Асарда харидорларнинг сони айтилади, бироқ қайси миллатга мансублиги ёзилмайди. Шоирнинг “Бу самовий савдода, бор экан бир ўзбек ҳам” дейишидан бойларнинг турли ўлкалардан келгани ва турли миллат вакили эканлигини англаш мумкин.

“Лаган” ҳангомаси ҳаётда бўлганига, бўлиши мумкинлигига ишонмай иложимиз йўқ. Норхол деган аёл қизининг боғча опасига чиройли, ўртасига атир гул чизилган ҳамда “фалон кентдан” деб ёзилган лаган совға қилади. Боғча опа уни қизининг ўқитувчисига инъом этади. Ўқитувчи ўз навбатида шифокорга, шифокор миршабга ҳадя этади. Хуллас, лаган бутун бир туманни кезиб, яна Норхолнинг уйига қайтиб келади. Чунки ўша шифокордан совға олган миршаб Норхол опанинг эри бўлиб чиқади. Ҳангомани ўқисангиз, қуббали чопоннинг ёзувчидан шоирга, шоирдан олимга, олимдан санъаткорга, хуллас, юбилярдан юбилярга ўтавериб, ранги униқиб кетгани, унинг саёҳати ҳали тугамагани кўз олдингизга келади.

Тўлқин аканинг “Меҳмон” номли шеърида биров айтмаса ҳам тутун чиққан жойга борадиган, спиртли ичимлик сўраб, тўй эгасини безор қиладиган, тўй охирида “мени нега тўйга айтмадинг” деб жанжал кўтарадиган, бир сафар кечириши учун яна битта шиша даъво қиладиган, олмаса кетмайдиган баъзи бир замондошларимизнинг халқимизга ярашмайдиган қилиғи фош қилинади. Шоир сўз охирида “тўй балки шу типдаги одамлар билан қизиқдир” дея писанда қилади. Умуман, шоир ичувчи, чекувчи, порахўр, алдамчи, плагиат ва фирибгарлар тўдасини ўлгудай ёмон кўради. Уларнинг феълидаги қусурларни бартараф этиш учун қатор ҳангомалар тўқийди. Тўлқин Эшбек ҳикоя қилган воқеаларнинг барчаси ҳаётдан олинган. Фақат муаллиф воқеага “тўн” кийдиради, уни узоқ муддат эсимизда сақланадиган қилиб, жонли картина ва манзаралар фонида тасвирлаб беради.

Тўпламдан ўрин олган навбатдаги асарлардан бири “Сирдарё сеҳри” номли баллададир. Унинг темасини ўқиб, гап Сирдарё вилоятининг сўлим табиати, машҳур шоирлари ва одамларининг меҳмоннавозлиги ҳақида бўлса керак, деган ўйга борасиз. Бироқ шоир сизни буткул ўзга воқеалар ўзанига тортиб кетади. Асарда ўтган аср 80-90- йиллардаги пахта йиғим-терими, унда журналист-талабаларнинг иштироки, кеч чоғида гулхан атрофида бўладиган мушоира кечаси ҳақида қизиқарли маълумотлар берилади. Тўлқин ака ўзи мансуб бўлган ижодкорлар авлодини шоир ва ёзувчи бўлиб етишувида ана ўша сўлим Сирдарё даласидаги тунги шеърхонликнинг ўзига яраша ўрни борлигини ғоят гўзал ифода этади. Манзумада ҳозирда ижод қилаётган ва тақдир тақазоси ила ётоғини бевақт ўзгартирган ўттизга яқин ижодкор номи ҳурмат ила тилга олиниб, уларнинг зўр шоир ё ёзувчи бўлиб етишуви дастлабки машқларидаёқ аён бўлгани ўзига хос ифтихор ила қайд этилади.

Китобда ишқий сатрлар ҳам йўқ эмас. Муҳими, Тўлқин Эшбек ишқда тамомила ўзгача характер касб этадиган ошиқ-маъшуқлар образини кашф этган. Масалан, шоирнинг “Сумалак сайлида” номли ҳангомасида ошиқ ва маъшуқнинг мутлақо кутилмаган сиймосига дуч келамиз. Лирик қаҳрамон келида буғдой янчаётган қишлоқ қизига тубандагича меҳр, садоқат изҳор қилади:

 

Келисоп тутган қизнинг,

Буғдойи мен бўлсайдим,

Ул гўзал эзиб-янчса,

Кафтида сўнг ўлсайдим.

 

Ишқда бу қадар собитлик ва содиқликни намоён қилиш ўзбек ҳажвий лирикасида жуда сийрак учрайди. Қаранг, келисоп ушлаган қиз учун ошиқ буғдой бўлишга ва унинг келиси ичида эзилиб, янчилиб жон таслим этишга тайёр. Ишқнинг, ошиқликнинг янги, бетакрор манзараси.

Китоб охирида “Антиқа фардлар” билан танишамиз. Унда шоир ўзининг шахсий турмуш тажрибалари асосида юзага келган қайроқи ибораларни ихчам бир шаклда ўқувчига ҳадя этади:

 

Бир шогирдим кўзини кўп учирар,

Кейин билсам, мақоламдан кўчирар.

 

Буни ўқиганда, ёзишни эплолмайдиган, бироқ бировнинг ижод маҳсулини у ер бу ерини тарошлаб, ўз номидан эълон қилишга ҳайиқмайдиган баъзи бир плагиатлар кўз олдингиздан ўтади. Улардан барибир ёзувчи ё олим чиқмайди. Қуруқ бировнинг асарини абгор қилгани қолади, холос. Ижодда олтин қоида бор: ёзмаслик айб эмас, кўчириш эса катта гуноҳдир. Тўлқин Эшбек ёш ёзувчига шу ҳақиқатни тушунтириш учун юқоридаги иккиликни битган.

 

Қор ўрнига кўрсатади қировни,

Жанжал учун ишга солар бировни.

 

Қор ўрнига қировни кўрсатиш бориб турган кўзбўямачилик, фирибгарликдан бошқа нарса эмас. Жамиятимизда шу каби найранг усталари йўқ деб айта олмаймиз. Айниқса, бозорда икки кишидан бири фирибгар, каззоб: қассоб сўйилган эчкини қўчқор гўшти дейди, сут сотувчи унга озгина сув қўшади. Хитой молини Туркиядан келган дегувчилар ҳам йўқ эмас. Айнан шулар ғавғога мойил, ҳалол одамни бировга ёмонлаб, жанжалга доялик қилади. Атрофда жанжалсиз туролмайдиган одамлар, ҳатто, олимлар бор. Юқоридаги фардда автор шу типдаги лўттивоз кишиларнинг умумлашма образини тасвирлашга эришган.

Тўлқин Эшбек бутун умр журналист кадрлар тайёрлаш ишига ҳисса қўшиб келади. Устозлар масъулиятини яхши англайди. У ҳамкасбларига мурожаат қилиб, ижодда ҳам, аудаторияда ҳам, жамиятда ҳам ёшларга ўзи намуна бўлиши лозимлигини уқтиради. Талабани фарзанддек суюш, ардоқлаш кераклигини бот-бот эслатиб туради:

 

Шогирдни билмасанг болангдан азиз,

Садқаи устоз кет, эй нодон, эсиз.

 

Тўлқин Эшбекнинг қалами қайралган, ижодда ўз йўли, услуби бор. Устоз олтмиш ёш бўсағасида бир икки-насиҳат қилса, қилибди-да. Ўқиб кўринг, зиён қилмассиз. Дарвоқе, шоир қаҳрамонлари сизга ё дўстингизга ўхшаб кетса, хафа бўлиб юрманг. Айтдим-ку, шоир халқи осмондан олмайди, деб. Хўш, сиз нима дейсиз? Гапимга қўшиласизми?

  

Абдураҳмон ПИРИМҚУЛОВ,

филология фанлари номзоди,

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси. 

“Китоб дунёси” газетаси 2021 йил 22 сентябрь 

Вам может также понравиться...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *