“Ҳамнафаслар”

ёхуд ниқоб ҳангомаси

8

Бозоргул опа кўп қаватли уйлардан ташкил топган маҳалламиз бозорчасининг ҳақиқий гули-да. Бозорчага кириб-чиқадиганларни беш бармоғидай билади. Шунча одамни қадамба-қадам кузатиб юргандек феъли-атворигача айтиб беришига лол қоласиз. Кароновирус деган балодан ҳимояланиш учун ниқоб тақиш оммавий тус олган пайтлар менга хотиним тикиб берган матоҳнинг “қўлбола” эканигача дарҳол фаҳмлади-я.

– Келиннинг чеварлигини билардим,– деди қулоқларим ортида антиқароқ осилиб турган доканинг ипларига ишора қилиб.– Ниқобни фабрикадагилардан чиройлироқ тикибди-я, қўли дард кўрмасин!..

Шу опахон мақтадими, хотинимга балли десам арзийди, деб ўйлаб келаётган эдим, бир қақажон хотиннинг қўнғироқдек товушидан ширин хаёлим бўлинди:

– Қўшнижон, бугун бозорга арзон картошка чиқибдими?

Ҳар куни бозор тўла арзон картошка-ку! Рўпарамиздаги тўққиз қаватли уйда яшайдиган Қақажонга аслида бошқа нарса кераклигини яхши биламан. Телекўрсатувига таклиф этармикин, дея ўсмоқчилаб гап ташлайди. Мен эса қўни-қўшни, таниш-билишларни ўзим ишлаб турган телестудияга йўлатгим келмайди. Телевизорда чиққиси келса, сонмингта телекўрсатув бор-ку. Очиғи, мен ишлаётган жойга борса, қандайдир майда-чуйда гап кўпайишидан истиҳола қиламан. Айниқса, жонли эфирда оғзидан “поқ” этиб ножўя гап чиқиб кетса борми…

Қўшни хотиннинг саволига жимгина бош ирғаб қўйганча уйга кириб кетмоқчи эдим, ниқобсиз юзига кўзим тушиб, уни огоҳликка чақиргим келди:

– Бугун назорат янада кучайтирилибди…

– Вой шўрим,– деди у оғиз-бурунчасини чангаллаб.– Ниқоб эсдан чиқибди-ку. Энди тўққизинчи қаватга қайтиб чиқаманми?! Аксига олиб, лифт ишламаяпти…

– Ёнимда ортиқчаси бўлганида сизга берардим,– дедим кўнгил учун бошқа тузикроқ гап тополмай.– Ниқобсиз чиққанларни жаримага тортишяпти…

– Қўшнижон, энди бугун уйдан чиқмайсизми?– Савол назари билан қаради Қақажон. Чиқмайман, маъносида бош силкиганимдан сўнг дардини дангал айтди.– Ниқобингизни бериб тура олмайсизми?..

Бу гапдан донг қотиб қолдим. Ана холос, битта ниқобни алмашиб тақадиган бўлсак, вирусдан сақланганимиз қаёқда қолади?..

Бироқ, жавдираб турган қўшни хотинга буни тушунтиришнинг иложи йўқ эди… Модомики, у тортинмай сўрадими, энди раъйини қайтаришнинг ўзи бўладими?..

Фақат, бировнинг ниқобини оғиз-бурунчасига тақишга таъби тортаётганига ҳайрон қолардим…

Қўшни хотиннинг умид билан чўзилган қўлига ниқобимни тутқазар эканман, ўзимча битта “ҳушёрлик” қилдим:

– Сиз тескари томонидан тақа қолинг,– дедим ниқобнинг орқа тарафига ишора қилиб.– Мен бу ёғидан пуфлаганман, энди сиз у тарафидан…

Қақажон худди одатий ҳол юз бераётгандек ниқобни шартта юзига таққанча бозорча томон ҳовлиқиб кетди.

Унга баъзи гапларни айтишга улгуролмай қолдим. Дорихоналарда ниқоблар тиқилиб ётибди. Бундан ташқари бозорча рўпарасидаги маиший хизмат кўрсатиш хонасида тахлам-тахлам ниқоблар ёнидаги тахтачага “Кам таъминланган оилалар учун текин” деб ёзиб қўйишган. Чиройли чеҳраларга ҳар куни янгисини тақиб қўйсангиз ҳам бемалол етиб-ортади.

Фақат, фаросат керак!

Йўқ, қўшни аёл фаросатсизлик қилмади, заруратдан шундай бўлди-да, деган ўйда жимгина уйимга кириб кетдим.

Эртаси куни ишдан қайтаётиб яна бозорчага кирганимни биламан, Бозоргул опадан ғалати гапларни эшитиб ҳайратга тушдим.

– Келин ниқоб тикадиган цех очганми, дейман? Сизникига ўхшаш ниқобни бугун тўртинчи одамда кўрдим,– деса бўладими.– Кеча сиздан кейин ҳу тўққизинчи қаватда турадиган Қақажон хотин тақиб келганди, кечки пайт Шарбат шақ-шақ деган овсинининг юзида кўриб энсам қотди. У рўпарасидаги хонадонда туради. Икки овсин бунақа ниқобнинг фарқига бормай, алмашиб тақаверишади. Эрталаб шақ-шақнинг мойкада ишлайдиган эри ўша ниқобни тақиб келиб, майда-чуйда олиб кетганди. Бирор соат ўтар-ўтмай яна қайтариб олган шекилли, Қақажоннинг ўзи тақиб келди. Унинг эри кеча Россиядан келган. Соғми-носоғми, ҳали ҳеч ким билмайди. Ана, энди ўша сўлоқмондек эркакнинг башарасига қаранг…

Не кўз билан кўрай, ғижимланиб, увадаси чиқиб кетаёзган шўрлик ниқобимни барзанги эркак таҳқирлагандек сержун иягига илдириб олганча бурқситиб папирос чекиб келяпти. Бозорчага кираверишда уни назоратчилар тўхтатишди. Ниқобни яхшилаб тақиб олишни талаб қилишди, шекилли, унинг бўкириб айтган гапи бутун бозорчага баралла эшитилди:

– Одамлар коронавирусдан эмас, санларнинг ортиқча текшир-текширларинг, мана шунақа талабларингни бажаришдан чарчади, билдийларми! Ана, ижтимоий тармоқларда тўғри танқид қилишаяпти…

Унга жавобан текширувчиларнинг гапини эшитолмай қолдим. Чамаси, “мунча эски ниқобни тақиб юрибсиз? Яқин орада ювилганми? Совун текканми” дейишди, шекилли. Барзангининг бўкириб айтган гапларидан ҳаммаси ойдинлашди:

– Совун текканми-йўқми, нима ишингиз бор? Эскирган бўлса, янгисини тикиб берадиган қўшнимиз бор, билдингизми? Хоҳласангиз, мана сизга ечиб беришим мумкин…

Шу пайт қаёқдандир Қақажон пайдо бўлди-ю, эрининг билагидан тутганча уйи томон бошлаб кетди.

Шу билан ғалва босилди.

Қизиқ, Қақажон рўмолининг четини тишлаб олганча ниқобсиз юзининг ярмини бекитиб олганига ва ярми очиқлигига ҳеч ким аҳамият бермади. Назоратчилар ҳам бўлмағур ғалва бости-бости бўлганига енгил тортишди чамаси…

Вой товба, энди нима қилишаркин? Қақажон яна менинг ишдан келишимни шу тариқа пойлаб турармикин? Яна “артистлик” қилиб ниқобимни сўрармикин?

Энди унга ниқобини берадиган ахмоқ бормикин?

Ахмоққа салом бердим, қирқ танга тавон бердим, деганлари шу эмасми?..

Ҳаётда кўп хато қилгандирман. Аммо, бунақаси ҳеч қачон бўлмаган…

Хайриятки, камина соғ-саломат. Қақажон бирор вирусга чалинган кимсанинг ниқобини шу зайлда олиб тақиб кетаверса, ундан овсини, кейин эри ва бошқалар олиб ишлатаверса нима бўлади?

Шу тобда Бозоргул опанинг товуши бутун бозорчани тутиб кетди:

– Баъзи бировларга ҳайронман. Ана, дорихоналар тўла ниқоб, ҳатто текинга ҳам тарқатишаяпти! Телевизорда, радиода шунча тушунтиришаяпти. Барибир, бировлар ниқобни ёлчитиб тақмаяпти. Анави “дом”дагилардан баъзилари бир ойдан бери ниқобини алмаштирганини кўрмадим. Қанчаси ниқобини бирор марта ювмай, қайта-қайта тақаверганидан увадаси чиқиб кетган… Бунақаларга коронавирус юқмасаям кир-чир ниқоб ичида бошқа вирус ўз-ўзидан пайдо бўлиб қолиши, кейин ундан баттар урчиб кетиши ҳеч гап эмас-ку…

Унақа ниқобнинг боридан йўғи тузикроқ эмасмиди?..

Кўп мушкул тугунни ечишга етган ақлим биргина ниқоб ҳангомаси олдида ҳайрону лол эди.

Шунақа Қақажонларни телекўрсатувга чиқариб бўладими?..

Шу тобда бошим ғувлаб, жимгина уйимга кириб кетдим…

 1а

Тўлқин ЭШБЕК

«Даракчи» газетаси, 2020 йил 4 июнь, 18-сон, 30-бет.

Вам может также понравиться...

Ответов: 3

  1. Зокирова Мадина:

    Ha aslida biz ham shunday tizim yolga qo’yilishini istar edik. Lekin kursdoshlar bilan birgalikda darslarni muhokama qilib bir birimzni fikrimga yuzma yuz fikr bildirish boshqachada.

  2. Зокирова Мадина:

    шунча ишлардан сўнг ҳам инсонларни вирус ҳамда ниқоб тўғрисида тушунчаси йўқлигини билиш ачинарли ҳолат албатта

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *