Ҳақ йўлидаги ҳақиқатлар (Очерк)
Ўзбекларда сафарга отланган кишига “Оқ йўл!” деб дуо қилинади.
Бу дуо олисларга чўзилган катта йўл бўйларига ҳам ёзиб қўйилганини кўриб гоҳо руҳланиб кетамиз. Ишимиз ўнгидан келгани сари ўша дуо ижобат бўлаётганини ҳис этамиз.
Тилимиз, динимиз, иймон-эътиқодимиз бир бўлган қорақалпоқ элида бу калом: “Ҳақ йўл” дейилар экан. Маъносини суриштирсам, биз билган ўша – Ҳақ! Яъни, Яратган тангримнинг йўли тушунилар экан. “Ҳақ йўл” атамаси замирида дуолардан тортиб энг эзгу ниятларгача мужассам эканини англаш мушкул эмас.
Қорақалпоғистон Республикасида “Гўзал ва бетакроримсан, муқаддас Ватаним, жоним сенга фидо, Ўзбекистоним!” деган бош ғояни ўзида мужассам этган маънавий-маърифий тадбирларда иштирок этиш асносида ўша – Ҳақ йўлидаги ҳақиқатлар том маънода рўёга айланганининг гувоҳи бўлдик. Нукусдан мамлакатимизнинг энг чекка ҳудуди – Қўнғирот тумани сари “Лассети”да елиб борар эканмиз, Ўзбекистон харитасида кузатганларим кўз ўнгимда қайта-қайта намоён бўлаверарди.
Мамлакатимизнинг шимолий-ғарбида жойлашган бу туман ҳудуди жиҳатдан салмоқли жойни эгаллайди. Яъни, 76,04 минг квадрат километрдан иборат туман Ўзбекистон Республикаси ҳудудининг 12, Қорақалпоғистон Республикасининг эса 46 фоизини ташкил қилади.
Узоқ асрлар оша бийдек чўл зонаси ҳисобланган бу туман сари елдек борарканмиз, аввало жаҳон стандартларига мос, кафтдек текис йўл ва унинг икки четидаги кўрсаткичлар, чор-атрофдаги манзараларни кўриб дилимиз яйрарди. Бу замин қиёфаси бугун тубдан ўзгарган. Даҳшатли чўл ўз ўрнини фусункор чаманзорларга бўшатиб бермоқда. Биргина қишлоқ хўжалигига айланган ер майдонлари 20,482 минг квадрат километрни ташкил этиши бу заминнинг қанчалик гуллаб-яшнаётганидан далолат беради.
Бир замонлар унда-бунда ўтовларда саноқлигина одамлар яшаган бўлса, бугунги кунда замонавий уйларда 123,6 мингдан ортиқ инсон бахтли-бахтиёр умр кечирадилар.
Қўнғирот тумани Қорақалпоғистон Республикасининг шимолий ғарбий томонида жойлашган. Ғарбда Устюрт паст текислиги, шимолий шарқ томони Қорақум далалари ва шарқ томонидан Амударёга туташ бу туман Қозоғистон ва Туркманистон Республикалари билан ҳам чегарадош ҳисобланади. Бу томони эса Муйноқ, Шуманой, Кегейли, Қонликўл туманларига туташиб кетган.
Бир пайтлар эртакларда “Борса келмас” деган жойлар ҳақида эшитганмиз. Эҳтимол, бу атама мана шунга ўхшаш жойлар номидан келиб чиққандир?! Кўп асрлар бу ўлкада даҳшатли чўлу биёбонлар ҳукмрон бўлгани яхши маълум.
Ўзбекистон мустақилликка эришган дамларданоқ бу ўлка истиқлол нуридан мунаввар бўла бошлади. Саҳролар чекиниб, улар ўрнини обод қишлоқлар, замонавий шаҳарчалар эгаллай бошлади. Қадимий қишлоқ ва овулларда замонавий уйлар, турли иншоотлар қад ростлаб, гўзал масканларга айлана бошлади. Бугун қай бир қишлоққа борманг, янги бунёд этилган замонавий уйларга кўчиб кирган ёш оилаларнинг қувончига шерик бўласиз. Қўнғиротда айни пайтда мамлакатимизнинг шимолий ҳудудларидаги посёлкалар, овуллар, янги саноат корхоналарини сув, газ, электр билан узлуксиз таъминлаш мақсадида компрессор станциялар ишга туширилган. Бу шаҳарда “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамиятининг “Қўнғирот темир йўл узели” жойлашган. Бу узелнинг паровоз, вагон таъмирлаш, темир йўлларни қайта қуриш корхоналари, темир йўл шифохонаси, санаторияси, болаларни соғломлаштириш масканлари шаҳар ҳаёти билан уйғунлашиб кетган. Қўнғирот мамлакатимизнинг шимолий темир йўл дарвозасига айланган.
Қорақалпоқларда азалдан айтиладиган дуолардан бири: “Сувимиз мўл бўлсин!”. Яна бир ажиб ҳикмат: “Қаердаки сув бўлса – жаннат ўша ерда”. Бугун бу заминда ўша дуолар ижобат бўлган! Қишлоқлар оби-ҳаёт билан таъминланиб, бутун ўлка гуллаб-яшнаётганидан баҳри дилингиз очилади. Туманидаги Қўнғирот, Қангли, Адабиёт, Суўенли, Ўрнек, Раушан, Хоразм, Ажиниёз, Устюрт, Кўкдарё, Меҳнатобод, Қипчоқ қишлоқлари, Олтинкўл, Элобод, Қорақалпоғистон, Қирққиз, Жаслиқ шаҳарчалари, Озодлик, Навоий, Темирйўл, Гулобод, Бўстон, Олмазор, Тарақли, Жинишке, Саноат, Туркистон, Ҳоким-ота, Турон, Мингжарған, Таллиқ, Қоратол, Ханжап, Моншақли, Қумбиз, Бердах, Қаши маҳаллаларини кўздан кечирган киши ўзини бамисоли биҳиштда юргандек ҳис этади.
Энг муҳими, шу заминда истиқомат қилишаётган одамларнинг юз-кўзларидаги шукроналик ифодаси эди. Қай бир қишлоқ ё шаҳарчасига қадам ранжида қилмайлик, ҳаётидан мамнун кишиларга дуч келамиз.
Тадбиримиз режасига кўра энг чекка қишлоқларда ҳам ижодий учрашувлар ўтказишга ҳаракат қиламиз. Нукусдан бизга ҳамроҳ бўлган “Ўзтелеком” Қорақалпоғистон Республикаси филиали директори Қайрат Таженов йўл-йўлакай таништириб боради:
– Пойтахтимиз Тошкентдан ташриф буюришган тарғибот гуруҳи юртимиз истиқлоли берган беқиёс бахт ҳақида сўзлаш билан бирга сизларнинг ҳам дил сўзларингиз тинглашга қизиқмоқдалар.
Гуруҳимиз етакчиси, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси “Давлат тузилиши ва бошқаруви принциплари” кафедраси мудири Жўрабек Нематовнинг сўзлари барчани ҳаяжонга солади:
– Бу ердаги улкан бунёдкорлик ишларини кўриб ҳудудингизларни “чекка қишлоқ” дейишга тилим бормаяпти. Ҳеч бир марказдагидан қолишмайдиган замонавий уйлар, спорт майдонлари ва бошқа турли иншоотлар, ажиб манзаралар буюк истиқлолимиз неъматларидир.
Гуруҳимиз аъзоси, Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети Ижтимоий фанлар факультети катта ўқитувчиси Собир Фармонов яқинда “Маънавият” нашриётида чоп этилган “Гўзал ва бетакроримсан, муқаддас Ватаним, жоним сенга фидо, Ўзбекистоним!” деб номланган салмоқли китоб билан таништирар экан, унда баён этилган асосий ғоялар, она Ватанимиз истиқлолга эришганидан буён босиб ўтилган залворли йўллар, эришилган беқиёс натижалар ҳақида сўз юритади.
Маънавий-маърифий тадбирлардан бирида Қўнғирот туманидаги 14-сонли мактабгача таълим муассасаси мудираси Рашидахон Жумамуротова дил сўзларини шундай ифода этди:
– Мен яқинда Тошкентда бир ой малака ошириб келдим. Пойтахт шаҳарларимиз Тошкент билан Нукусни айланиб, кўздан кечирсангиз, гўзалликда бири-биридан қолишмайди. Қишлоқларимиз қиёфаси ҳам худди шундай. Биз амалиётни Тошкент маҳаллаларидаги мактабгача таълим муассасаларида ўтаган эдик. Муассасаларимиз ўртасида ҳам бирор тафовутни кўрмайсиз. Моддий-техник базамизга гап йўқ, ҳамма ширт-шароитлар муҳайё этилган. Жажжи болажонларимиз ўзбек ва қорақалпоқ тиллари билан бир қаторда ҳозирданоқ инглиз тилини ҳам мукаммал ўзлаштирмоқда. Улар 2014 йили “Камалак юлдузлари” болалар ижодиёти фестивалида Ўзбекистон Республикаси босқичида 1-ўринни эгаллаб, ғолиб бўлганлари барча кичкинтойларимизга янада қанот бахш этмоқда. Бизга энди хорижликлар ҳавас қалаётганларидан ғурурланиб кетамиз. Юртимиз тинч-омон бўлса, бундан ҳам юксакроқ марраларга эришаверамиз.
Қўнғирот туман ҳокимининг ўринбосари Бахтиёр Камоловнинг сўнгги йилларда бу ҳудудда амалга оширилаётган ишлар ва уларнинг самараси ҳақидаги сўзлари барчани ҳаяжонга солади:
– Юртимиз мустақиллиги йилларида Қорақалпоғистон том маънода янгидан чирой очди. Бугунги кунда Нукус шаҳридан бошлаб, туманлар марказлари, шаҳар ва қишлоқлар, ҳатто чекка овулларгача қандай ўзгаришлар юз берганини изоҳлашга ҳожат бўлмаса керак. Бунда, айниқса, давлатимиз раҳбарининг бевосита ташаббуси билан ишлаб чиқилиб, изчил амалга оширилаётган Қорақалпоғистон Республикасини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурлари ғоят муҳим аҳамият касб этмоқда. Бу дастурлар республикани асрлар давомидаги оддий аграр ўлкадан замонавий ишлаб чиқариш ва ижтимоий-иқтисодий инфратузилмалар, транспорт-коммуникация тармоқлари, юксак малакали кадрларга эга бўлган қудратли минтақага айлантиришни назарда тутади. Сўнгги йилларда бу заминда амалга оширилган улкан иқтисодий-ижтимоий ўзгаришлар, қурилиш ва ободончилик ишларини санаб адоғига етиб бўлмайди. Марказий Осиёда ягона бўлган, саҳро бағридаги мўъжиза деб ном олган Қўнғирот сода заводи, Хўжайли шиша заводи, “Марказий Осиё безак тошлари” қўшма корхонаси, Қўнғиротдаги карбид, Нукусдаги мармар ва кабель заводлари, Ўрга газ кони, “Элтекс” ва “Катекс” мажмуалари каби замонавий ишлаб чиқариш объектлари, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, Тошкент ахборот технологиялари университетининг Нукус филиали, Олимпия захиралари коллежи бинолари, 345 километрлик Навоий – Нукус темир йўли, Нукус билан Хўжайлини боғлайдиган улкан кўприк, Қўнғирот автомобиль йўли, ўнлаб умумтаълим мактаблари, лицей ва коллежлар, болалар спорти, болалар мусиқа ва санъат мактаблари сингари кўплаб иншоотлар – буларнинг барчаси истиқлол мевасидир.
Теварак-атрофга қизиқиш билан боқамиз. Ҳар томонлама гуллаб-яшнаётган бу жойларга нисбатан энди “чекка” сўзини қўллаш ортиқча бўлиб қолганини ҳис этамиз. Бу ўлкада асосий сув манбаи – Амударё ҳисобланади. Ундан самарали фойдаланиш мақсадида бунёд этилган “Суўенли” ва “Раушан” суғориш каналлари бу заминни йил давомида оби-ҳаёт билан таъминлаб туради. Қишда шўр ерлар обдан “ювилгач”, баҳорда қишлоқ хўжалик маҳсулотлари етиштиришга киришилади. Туманда шоли, пахта, сабзавот ва полиз экинларидан ҳар йили мўл-кўл ҳосил олинади. Булардан ташқари қоракўл териси, гўшт, сут, тухум ва бошқа маҳсулотлар етиштиришда ҳам салмоқли натижаларга эришилмоқда.
Табиий иқлими “чўл шароити” ҳисобланган бу заминда шундай улкан ишларнинг уддасидан чиқишаётган азаматларга тасанно айтмай бўладими!
Ҳадсиз-ҳудудсиздек бепоён Қўнғирот бўйлаб борар эканмиз, ҳар қадамда амалга оширилган улкан бунёдкорлик ишларини кўриб лол қоламиз. Мана бу пасттекислик – Устюрт деган жойлар. Энг катта ерости бойликларига эга ҳудудлардан бири. Бунда оҳактош, бўр, гипс, мергель, ош тузи, нефть, газ ва конденсатлари ва бошқа йирик конлар мавжуд. Бу саховатли ерларда ҳали қанчадан-қанча бунёдкорлик ишлари амалга оширилишини тасаввур этишнинг ўзи мароқли. Сўнгги йилларда Шахпахти, Қуаниш, Оқшулоқ, Уч-сой, Урга майдонларида газ конлари очилган. Урга кони 1995 йили газ магистралига қўшилиб халқ манфаатини таъминлаш учун хизмат кўрсатмоқда.
Кон, деганимиз нафақат ерости бойликлари ошиб-тошиб ётган ер, шу билан бир қаторда минглаб замондошларимиз учун ҳаёт манбаи, яъни, сердаромад иш жойлари, теварак-атрофида қад ростлайдиган уйлар, боғ-роғлар, таълим муассасалари, савдо дўконлари, бозорлар, бекатлар, ошхоналар, дорихоналар ва бошқа иншоотлар қад ростлаб, аста-секин шаҳардан қолишмайдиган маскан демакдир.
Юқорида қайд этганимиздек, қадимдан номлари – “Борса-келмас” ва “Қораумбет” деб номланган жойлардаги туз конлари ҳам аслида битмас-туганмас хазинанинг ўзгинаси. “Борса келмас” туз конининг узунлиги 75 километр, эни 70-72 километр бўлиб, чуқурлиги 30-60 метр, умумий майдони 1000 квадрат метрни ташкил қилади. Бу кон захираси 105 миллиард тонна атрофида эканлиги ҳисоблаб чиқилган. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1995 йил 2 мартдаги қарорига мувофиқ бу туз конларидан саноатда фойдаланиш масалалари ҳал этилган экан.
Сурғил кони негизида барпо этилган Устюрт газ-кимё мажмуасини олисроқдан кузатган киши уни чўл бағрида барқ урган чаманзор, дея таърифласа айни ҳақиқатни айтган бўлади. Айтишларича, ўтган йили мазкур мажмуа томонидан 20,1 минг тонна полипропилен ва 80,5 минг тонна полиэтилен ишлаб чиқарилган. Ушбу хомашёлардан тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқариш бўйича шаҳар ва туман ҳокимлари томонидан 60,5 миллион АҚШ долларилик 38 лойиҳа тавсия этилган. Шу тариқа 2020 йилга бориб полиэтилен ишлаб чиқариш ҳажми 4,1 баробар ошиши кутилмоқда.
Саҳро бағрида пайдо бўлган бўстон – Элобод шаҳарчасида ўтказилган маънавий-маърифий тадбиримиз янада сермазмун бўлди. Тадбирда Элобод шаҳарчаси фуқаролар йиғини раиси Гулистон Хўжамбергенова, “Қўнғирот сода заводи” унитар корхонаси касаба уюшмаси раиси Бахтиёр Аллаёров, 52-мактаб директори Қалжан Айимбетова ва бошқалар Устюрт мўъжизаси деб ном олган бу гўшада амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари, қатор замонавий уйларда юзлаб бахтиёр оилалар бахтли ҳаёт кечираётганлари, “Қўнғирот сода заводи” унитар корхонаси эришаётган ютуқлар ҳақида тўлқинланиб сўзладилар.
Дарҳақиқат, Марказий Осиёда ягона бўлган бу корхона йилига 100 минг тонна сода ишлаб чиқариш қувватига эга. Унинг маҳсулотига нафақат мамлакатимизда, балки хорижда ҳам талаб ортиб бормоқда. Буни ушбу рақамлар ҳам тасдиқлайди: 2006 йили 12 минг 810 тонна кальцийлаштирилган сода ишлаб чиқарилган бўлса, бу кўрсаткич 2011 йилга келиб етти карра ортди. 2012 йилда корхонада 92 минг тоннадан ортиқ импорт ўрнини босувчи, юқори сифатли сода ишлаб чиқарилди. Корхонанинг халқаро талабларга тўла жавоб берадиган маҳсулотига Россия, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркманистон республикалари доим харидор бўлиб келмоқда. 2008 йил якунига кўра “Йигирма биринчи юз йиллик лидерлари” халқаро дастури илмий экспертлари қарори ҳамда бошқа бир қанча халқаро ташкилотлар тавсиясига биноан бу корхона халқаро “Олтин Ягуар” мукофоти билан тақдирланган.
Президентимизнинг 2005 йил 13 апрелда қабул қилинган “Қўнғирот сода заводи учун кадрларни мақсадли тайёрлашни ташкил этиш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ Тошкент кимё-технология институтининг махсус сиртқи бўлими ташкил этилиб, унинг ўқув-лаборатория базаси мана шу заводи ҳудудида жойлаштирилган. Бу билим масканини ҳар йили тўрт ихтисослик бўйича 65 нафар бакалавр, 15 нафар магистр тамомлаб, корхонада меҳнат фаолиятини давом эттирмоқда. Корхона ишчи-хизматчиларининг самарали меҳнат қилишлари ва мароқли дам олишлари учун барча шарт-шароитлар яратилган. Шунга яраша меҳнат унумдорлиги ортиб бормоқда.
Бепоён Устюрт кенгликлари бир пайтлар қум барханлари билан қопланган тап-тақир саҳро бўлганини ёши улуғ кишилар яхши билади. Бугунги ёшлар учун эса энди бу гаплар афсонага айланган! Устюрт кенгликларида бунёд этилган Элобод шаҳарчаси йилдан-йилга кўркам қиёфа касб этаётир. Устюрт кенгликларидаги Элобод шаҳарчаси Ватанимизнинг мустақилликни қўлга киритиши ва Қўнғирот сода заводининг барпо этилиши билан боғлиқ ҳолда пайдо бўлган. Шаҳарча атрофи кенг, тоза ҳаво доимо уфуриб турадиган очиқ ялангликдан иборат. Унинг илк бинолари 1996 йилдан қурила бошланган. Дастлаб бу ерга сув келтирилган. Қўнғиротдан тортиб келинган сув бу ерга ҳаёт бағишлагач, қурувчилар учун турар-жой бинолари қад ростлаган. Шу билан бир қаторда болалар боғчаси, мактаб, даволаш профилактика маркази, савдо дўконлари, нон маҳсулотлари тайёрлаш цехи, бозорча ва бошқа ижтимоий инфраструктура объектлари ишга туширилди. Шаҳарча ана шу асосда жаннатмакон масканга айланди.
Маънавий-маърифий тадбирларда асрларга татигулик шундай улуғвор ишлар самараси ва уларнинг ҳузур-ҳаловатини кўришаётган замондошларимиз ҳаёти ҳақида ҳам ифтихор билан сўз юритилди.
Бундай тадбирлар албатта дилрабо куй-қўшиқларга ва рақсларга уланиб кетади. Қўнғирот элининг машҳур қўбизчиси, 10-сонли мусиқа мактаби ўқитувчиси Бахтиёр Қидирбоевнинг жонли ижродаги ашулалари барчага завқ улашди. Унинг ашулалари замирида бепаён чўл-саҳроларда бўй кўрсатган бўстонлар, ўтган аждодларнинг руҳлари шод бўлаётгани-ю болакайларимизнинг дунё билан бўйлашаётгани тараннум этиларди.
Қўнғирот заминидан кўтаринки руҳ ила қайтарканмиз, “Ҳақ йўли”даги асл ҳақиқатларни кўриб ҳайратга тушамиз. Бир калом қалбимга муҳрланганча йўл-йўлакай хаёлимда чарх айланади: “энди бу ерларни “чекка” эмас, марказга монанд, десак ярашаркан!”
Тўлқин ЭШБЕК,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси
Тошкент-Нукус-Қўнғирот-Тошкент
19.08.2016
Изоҳ: ушбу очеркимиз 2016 йил 19 августда ёзилган ва ўша кезларда «Ҳуррият» газетасида ҳам ёритилган. Мана, орадан 2 йил ўтиб яна Қорақалпоғистон сори юзландик. Эртага Нукусга парвоз қиламиз ва 21 мартгача Наврўз байрамини ўша мўътабар замин одамлари — асл қариндошларимиз билан бирга нишонлаймиз.
Демак, очеркнинг 2-қисмини сафардан эсон-омон қайтганимиздан кейин ўқийсизлар, азиз дўстларим!
Сўнгги фикрлар