Бош вазир ўринбосарлари сони иккитага кўпайди
Ҳукумат таркибида янги комплекслар ташкил этилган, баъзи комплекслар номи ўзгарган. Ҳозирда мавжуд маълумотларга кўра, биринчи ўринбосар Очилбой Раматов, ўринбосарларАлишер Султонов ва Танзила Норбоеванинг вазифалари ўзгармаганини кўриш мумкин.
Жамшид Қўчқоров раҳбарлик қилаётган комплекс номи Макроиқтисодий таҳлил ва прогнозлаштириш, молия ва банк тизимларини ислоҳ қилиш, хусусий тадбиркорлик ва кичик бизнесни ривожлантириш масалалари деб ўзгартирилди. Айни вақтда, Қўчқоров Молия вазирлиги раҳбари этиб тайинланди. Нодир Отажонов ва Зойир Мирзаев раҳбарлик қилаётган комплекслар номи, мос равишда, Ташқи савдо фаолияти, экспорт салоҳияти, машинасозлик, автомобилсозлик, электротехника, мудофаа, пахтани қайта ишлаш ва енгил саноатни ривожлантириш, маҳсулотларни стандартлаштириш масалалари комплекси ҳамда Қишлоқ ва сув хўжалиги, қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотларини қайта ишлаш масалалари комплекси деб ўзгартирилди.
Янги жорий этилган комплекс (бош вазир ўринбосари лавозими)лардан бири — Инвестициялар, инновацион ривожланиш, эркин иқтисодий ва кичик саноат зоналари фаолиятини мувофиқлаштириш, туризм масалалари комплексига Суҳроб Холмуродовраҳбар этиб тайинланди; у баҳордан бери Ўзмиллийбанкка раҳбарлик қилиб келган. Иккинчи янги бош вазир ўринбосари лавозими — Таълим, соғлиқни сақлаш, экология, атроф-муҳит муҳофазаси, жисмоний тарбия ва спорт масалалари комплекси раҳбари ўрнига ким тайинлангани ҳозирча номаълум. Аввал бу масалаларни бевосита бош вазирнинг ўзи тартибга соларди.
Бир қатор вазирликлар раҳбарлари ўзгарди
2011 йилдан бери Иқтисодиёт вазирлигига раҳбарлик қилиб келган Галина Саидова, «Kommersant.uz»нинг ёзишича, истеъфога чиқарилди. Унинг ўрнини 2016 йил декабридан бери молия вазири сифатида ишлаб келаётган Ботир Хўжаев эгаллади. Ботир Хўжаевдан бўшаб қолган Молия вазирлиги раҳбари лавозимига, юқорида қайд этилганидек, Жамшид Қўчқоров тайинланган.
Шунингдек, ташқи савдо вазири Элёр Ғаниев ўз лавозимидан озод этилган. Унинг ўрнига, «Kun.uz» маълумотига кўра, Ҳисоб палатаси раиси биринчи ўринбосари Жамшид Хўжаевтайинланган. Қайд этиш жоиз, 2005—2006 йиллар ва 2010—2012 йилларда Ташқи ишлар вазирлигига раҳбарлик қилганини ҳисобга олмаса, Ғаниев 1997 йилдан бери ҳукуматда ташқи иқтисодий алоқалар учун масъул эди.
Бир қатор банкларнинг раҳбарлари ўзгарди
Қайд этиб ўтилганидек, Ўзмиллийбанк раҳбари Суҳроб Холмуродов Ўзбекистон бош вазири ўринбосари этиб тайинланди. Унинг ўрнига 2016 йил октябридан бери «Ўзсаноатқурилишбанк»ни бошқариб келаётган Алишер Мирсоатов тайинланган. Мирсоатов ЎзСҚБга раҳбар этиб тайинлангунига қадар — 1996 йилдан бери Ўзмиллийбанкда ишлаб келарди.
«Ўзсаноатқурилишбанк»га ким раҳбар этиб тайинлангани ҳақида ҳозирча ахборот йўқ.
Янги вазирлик, янги қўмита ва янги жамғарма тузилади
«Газета.uz» маълумотларига кўра, яқин вақт ичида Инновацион ривожланиш вазирлиги (ёки Инновацияларни ривожлантириш вазирлиги), Инновацион ривожланиши ва новаторлик ғоялари фонди ҳамда Мудофаа саноати бўйича давлат қўмитаси ташкил этилади. Дастлабки икки тузилма фаолияти Суҳроб Холмуродов раҳбарлик қиладиган комплекс томонидан тартибга солинади, мудофаага алоқадор янги тузилмага эса бош вазир ўринбосари Нодир Отажоновнинг комплекси масъул этиб белгиланади.
Бу янги идора ва ташкилотлар айнан қачон иш бошлаши ҳақида аниқ маълумотлар йўқ. Бироқ улардан камида биттасига раҳбар тайин бўлиб улгурган: Фанлар академияси вице-президенти Иброҳим Абдураҳмонов янги ташкил этиладиган вазирликни бошқаради — буни унинг ўзи «Kun.uz»га маълум қилган. Асли чустлик Абдураҳмонов 1997 йили ЎзМУни, 2001 йили эса Техас қишлоқ хўжалиги ва механика университетини тамомлаган.
Сўнгги фикрлар