Қаердасиз, тоғажон ?

Журфак талабаси Азизбек Рамазоновнинг ижодий машқларини қандай баҳолайсиз, бўлғуси мунаққидлар?  Дониш домла энг яхши жавоб ёзган талабага шода-шода «5» ларини аямайди.

д1

Мана ингичка ичакдек чўзилган мақоламни ҳам ёзиб тугатдим. Энди уни қўлтиқлаб тоғамга элтишим керак. Нима-нима? Тоғамни муҳаррир деб ўйлаяпсиз, шекилли ? Йўғе. Тоғам – тадбиркор ! Адабиётга қизиқмайди. Бирор бадиий асар тугул унча-мунчада газета-журнал ўқиганини ҳам кўрмаганман. Аммо-лекин…
Келинг, ҳаммасини бошидан сўзлаб бераман. Камина дорилфунуннинг журналистика факултетида ўқийман. Атрофимдаги талабалар сингари келажакда телевидениегами, радиогами директор бўлиш ниятим йўқ эмас! “Юлдузлик касали”га чалинишдан ҳам қўрқмайман! Аммо ҳозирча ўзимнинг “машҳурлик карерам”ни газетада шапалоқдеккина мақола чиқаришдан бошламоқчи бўлдим. Интернетда “роса изланиб” Орол денгизи ҳақида “Йиғлаётган денгиз” сарлавҳали кичиккина мақола ёздим.Эртасигаёқ қоғозимни қўлтиқлаб “Олам жаҳон” газетаси таҳририятига бордим. Муҳаррир жиддий одам экан. Мендай мирзақуруқларни кўравериб кўзи пишиб кетган шекилли, пинагини ҳам бузмади. Кўзойнагини тақиб мақоламга бир қаради-ю, қайтариб берди.
— Бўлмайди! Сарлавҳасини ўзгартиринг!
— Фақат сарлавҳасиними?
— Аввал яхши сарлавҳа топинг. Кейин мақолангизни ўқиб кўраман!
Эртаси куни янги сарлавҳа топиб бордим : “Қуриётган денгз”.
— Плагиатлик қилмоқчимисиз? – деди муҳаррир қовоғини уйиб, — икки йил олдин шундай сарлавҳали мақолани газетада босганмиз-ку!
Учинчи куни яна янги ном қўйиб таҳририятга чопдим : “Орол денгизи нидоси”.
— Йўқ, — деди доимгидек бепарво оҳангда “кўзойнакли қадрдоним”, — жуда чўзилиб кетибди…
“Уч – учдан кейин пуч”, — дейди машойихлар. Қўлимни ювиб, қўлтиққа уриб кетсам ҳам бўларди-ку, лекин жуда ўжар боламан-да! Онам айтганларидек, жиним қўзиб қолса борми, дўл ёғсаям йўлимдан қайтмайман! Хуллас, муҳаррирнинг “кўнглидагидек” сарлавҳа топишга қатъий қарор қилдим. Муҳаррир ҳам ўзимга ўхшаган ўжаргина экан. “Оҳ ураётган”, “Ёлвораётган”, “Қақраётган”, “Сўлиётган”, “Тамшанаётган” ва ҳоказо “денгиз” каби сарлавҳаларимни бирин-кетин қайтараверди. Ҳисоблаб кўрсам, 25 кун ичида нақ 59 та сарлавҳа кўрсатибман. Чиқмаган жондан умид деганларидек, 26-кунда ҳам мақоламга 60-сарлавҳани қаққайтириб таҳририятга судралаётганимда Хизрга йўлиққандек тоғамни учратиб қолдим. Янги “тойчоғи”да кетаётган экан. Тўхтади.
— Ҳа жиян, йўл бўлсин !
— Таҳририятга !
— Ўтир, муюлишгача обориб қўяман.
Машинада кетаётганимизда тоғам сўраб қолди :
— Шеър-пер ёздингми дейман, жиян!
— Шеър эмас, мақола…
— Барибир-да! Номини ўқи-чи?
— “Тутаётган денгиз”!
Тоғам пақ этиб кулиб юборди.
— Жиян, ҳеч замонда денгиз ҳам тутайдими ?
Қизариб кетдим. Тўғриси, нима дейишимни билмас эдим. Ахир, тоғамга 25 кун ичида денгизга мос барча таърифларни ишлатиб бўлганимни, лекин уларнинг ҳеч бири “кўзойнакли муҳаррир”га ёқмаганини қандай тушунтираман ?
Ниҳоят, “тойчоқ” тўхтади.
— Сиқилма,- деди тоғам машинадан шалвираб тушаётганимни кўриб, — муҳаррирга телефон қиламан. Ёрдан бериб юборар…
Маладес тоғам бор-да! Айтган сўзининг устидан чиқади. Муҳаррирга қўнғироқ қилгани таҳририятга киришим билан дарров билинди : стулда оёқ чўзиб ўтирган “қадрдон”им , дик этиб ўрнидан турди, мени кўрганда ҳамиша қовоқ уйиб турувчи юзига биринчи марта табассум ёйилди. Мақоламни ҳам ҳижжалаб ўқиб чиқди.
— Офарин ! – деди кутилмаганда, — Буни келгуси сонда, албатта, босиб чиқарамиз!
— Кечирасиз, сарлавҳаси…
— Сарлавҳасини ўзим тузатаман !
Ишониб-ишонмай таҳририятдан чиқдим. Тушимми ё ўнгимми?
Буёғини сўрасангиз, ишларим юришиб кетди ! Газетанинг кейинги сонида “оғироёқ” мақолам ҳам босилиб чиқди. Бежиримгина сурати билан! Сарлавҳаси қандай бўлди ?,-дейсизми… “Йиғлаётган денгиз”!..
Мана шунақа гаплар, азизлар. Қолган воқеаларни кейинги мақолам чиққанида,албатта, айтиб бераман. Ҳозир эса шошилиб турибман. Тоғамни топишим керак. Қаердасиз, тоғажооон!

Азизбек Рамазонов
ЎзМУ талабаси

Вам может также понравиться...

Ответов: 11

  1. Mehrangiz Sattorova:

    Yaxshi hajviya! Satirik hikoyaga o`xshab ketibdi. Muallifning yozish uslubi yoqdi. Azizbekka omad!

  2. O’zbek xalqida hech bir millatda uchramaydigan qarindosh urug’chilik rishtalari mavjud. Ayniqsa Tog’a ulkan e’zoz -u ehtiromga loyiq inson — dir. Azizbek Ramazonovning ushbu mavzudagi ijodiy ishi insonni chuqur o’yga toldiradi. Chunki hamma jiyanlar Tog’alarni hurmatini joyiga qo’yavermaydi. bu ijodiy ishdagi Tog’a yaxshi Tog’a sifatida tasvirlangan.

  3. Anvar Abdurahimov:

    Yosh jurnalistning jamiyatdagi ba’zi illatlarni bartaraf etishga harakat qilib, qo`liga qalam olgani quvonarli hol. Mazza qilib o`qiydigan hajviya bo`libdi. Samimiy tanqid. Samimiy fikrlar.

  4. zo’rku. qoyil klass bosishga arziydigan yaxshi maqola ekan. buni o’qib man huddi ustoz-domlamiz Said Ahmad va O’tkir Hoshimovning hikoyalarini o’qiganday bo’ldim. ishlarizga omad tilab qolaman

  5. zo’rku. qoyil klass bosishga arziydigan yaxshi maqola ekan.ishlarizga omad tilab qolaman

  6. ODIL AHMEDOV:

    Mashhur hajvchi Aziz Nesinning uslubiga o`xshab ketibdi. Satirik hikoyaga ham o`xshab ketadi. O`qir ekansiz, beixtiyor labingizda tabassum jilvalanadi. yosh ijodkorga omad!

  7. Maqola judayam yaxshi chiqibdi. Gap tagida gap, ilmoq tagida ilmoq deganlaridek…
    Maqolaning lid qismi — «qarmoq» ham, tugallanmasi — «bomba» ham a’lo. Faqat, maqola yarmida u o’z yakunini sotib qo’ygan. Tog’angiz bilan uchrashgan joyingizdayoq, maqola nima bilan tugashini darrov payqagandim…

  8. Azizbek Ramazonov:

    Hurmatli Isfandiyor Burgutboyev! Birinchidan, hajviya qahramoni men emasman! Shuning uchun, «tog’angiz» deyishingiz noto’g’ri. Ikkinchidan, bu maqola emas, hajviya. Uchinchidan, hajviyaning siz payqagan yakunini birinchi xat boshidanoq taxmin qilish mumkin. Chunki hajviy asarda sujet chizig’ining kutilmagan «qayrilishlar»ga boy bo’lishi asosiy talab emas. Sujetning bunday xususiyati detektiv janrga xos. Hajviyani o’qib chiqqaningiz va fikr qoldirganingiz uchun tashakkur!

  9. Azizbek Ramazonov:

    Hajviyani o’qib chiqqan va qimmatli vaqtini sarflab fikr qoldirgan barchaga RAHMAT !

  10. Hurmatli, Azizbek Ramazonov! 1-kursligimni inobatga olgan holda bildirgan munosabatimga o’z fikringizni bildirganingiz uchun rahmat! Ha endi, hali yosh bo’lsak, maqola va hajviyani endi-endi ajratyapmizda. Sekin-astalik bilan sizlarning izingizdan boramiz, degan umiddaman! lekin, hajviya chindan ham menga yoqdi.

  11. Azizbek Ramazonov yengilgina zarba berish yo’lini topibsiz. Qoyil. Og’ritmaydi, lekin kuydiradi. Yanada kengroq yozing. Sodda, tushunarli, fikr ravon va yangi bo’lsin. Keyingi maqolangizni kutamiz. Yaxshiyam odamlarni tog’a, amma, xolalari bor. Ayganday ota, aka, bobo… Jamiyki tanishlarimiz omon bo’lsin, garchi bizni botqoqqa botirsada. Ehtimol ular o’zini kimligini tanib olar, balki yo’q.
    Қаердасиз, тоғажон ?

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *