2015-2019 йилларда 150 инвестиция лойиҳаси амалга оширилиб, 9,8 миллиард доллар маблағ ўзлаштирилади

Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлигида мамлакатимизда 2015-2019 йилларда

муҳандислик-коммуникация ва йўл-транспорт инфратузилмасини ривожлантириш ва модернизация қилиш дастурининг амалий ижросига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Мамлакатимизда транспорт коммуникациялари, замонавий телекоммуникация тизимларини ривожлантириш, муҳандислик-инфратузилма объектларини барпо этиш бўйича изчил чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Муҳандислик-коммуникация ва йўл-транспорт инфратузилмасини ривожлантириш ҳисобига мамлакатимиз саноат салоҳияти самарадорлиги янада ошмоқда.

Биринчи Президентимиз Ислом Каримовнинг 2015 йил 6 мартдаги қарорига мувофиқ қабул қилинган2015-2019 йилларда муҳандислик-коммуникация ва йўл-транспорт инфратузилмасини ривожлантириш ва модернизация қилиш дастурининг ижроси мамлакатимизда бу борада амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг узвий давоми бўлади. Мазкур дастур автомобиль йўлларини қуриш ва реконструкция қилиш, темир йўл ва ҳаво транспортини янада ривожлантириш, электр ва сув таъминоти тизимларини модернизациялаш, иқтисодиёт тармоқларига илғор ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш каби кенг кўламли мақсад ва вазифаларни қамраб олган.

Дастур доирасида 2015-2019 йилларда 150 инвестиция лойиҳаси бўйича 9,8 миллиард доллар миқдоридаги маблағ ўзлаштирилиши кўзда тутилган. 2015 йилда ва 2016 йилнинг ўн ойида 1,3 миллиард АҚШ долларига яқин маблағ турли лойиҳаларга йўналтирилди. Жумладан, Мароқанд – Қарши ва Самарқанд – Бухоро темир йўл участкалари электрлаштирилиб, мазкур йўналишларда юқори тезликда ҳаракатланувчи электропоезд қатнови йўлга қўйилди. Қорақалпоғистон Республикаси, Бухоро, Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятлари ҳудудларидаги 376 километр автомобиль йўллари қайта таъмирланди.«Ўзбекистон ҳаво йўллари» миллий авиакомпанияси тизимида ҳам қатор ишлар амалга оширилди. «Ўзбекистон ҳаво йўллари» миллий авиакомпанияси учун «Boeing 787-800» русумли самолёт ва «Ми-8 МТВ-1» русумидаги вертолёт харид қилиниб, фойдаланишга топширилди. Пойтахтимизда янги «Тошкент-4» халқаро йўловчи терминалини барпо этиш, компания авиапаркини замонавий авиалайнерлар билан янгилаш ва бойитиш лойиҳалари шулар жумласидандир.

– Дастурда ҳудудлар кесимида электр энергиясини тақсимлаш тизимини такомиллаштиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилган, – дейди Иқтисодиёт вазирлиги бошқарма бошлиғи Рустам Наримов. – Унга мувофиқ 2015-2019 йилларда 25 минг километрдан зиёд электр таъминоти тармоқлари ҳамда 5 мингта трансформатор пунктини қуриш ва модернизация қилиш режалаштирилган. Миллий мобиль алоқа оператори тармоғи ривожлантирилиб, 12 минг километр оптик толали алоқа тармоғи қурилиши режалаштирилган. Бу йўналишда коммутация марказлари модернизация қилиниб, рақамли телевидение тармоғини кенгайтириш орқали мамлакатимизнинг энг чекка ҳудудларида жойлашган аҳоли пунктлари ҳам қамраб олинади.

Аҳоли турмуш даражасини юксалтириш мақсадида ичимлик суви ҳамда канализация тармоқларини қуриш ва янгилаш бўйича ҳам муайян ишлар белгиланган. Жумладан, 8 минг километрдан ортиқ ичимлик суви, 350 километрдан зиёд санитар тозалаш тармоқларини модернизация қилиш мўлжалланган.

2015-2019 йилларда муҳандислик-коммуникация ва йўл-транспорт инфратузилмасини ривожлантириш ва модернизация қилиш дастури пировард натижада мамлакатимиз саноат салоҳияти ва аҳоли фаровонлигини янада оширади. Замонавий йўл-транспорт ва муҳандислик-коммуникация инфратузилмасининг барпо этилиши иқтисодиётни таркибий ўзгартириш ва технологик янгилашга кенг шароит яратади, жадал ривожланишга туртки бўлади. Бунинг самарасида ташкил этиладиган янги иш ўринлари ёшлар бандлигини таъминлашда муҳим омил бўлади.Тадбирда журналистларнинг саволларига мутахассислар жавоб берди.

Нурилло Насриев, ЎзА

You may also like...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Можно использовать следующие HTML-теги и атрибуты: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <strike> <strong>