2019 йил 1 январдан бошлаб нималар ўзгаради?

Бугун, 2019 йил 1 январдан бошлаб бир қатор қонун ҳужжатлари ва улардаги

нормалар кучга кирди. Уларнинг айримлари билан қуйида қисқача таништириб ўтамиз.

3

1. Қонунчилик палатаси томонидан 2018 йил 12 июнда қабул қилинган, Сенат томонидан 2018 йил 28 июнда маъқулланган ва Президент томонидан 2018 йил 3 июл куни имзоланган Ўзбекистон Республикаси “Медиация тўғрисида”ги қонуни кучга кирди.

Эслатиб ўтамиз, медиация – келиб чиққан низони тарафлар ўзаро мақбул қарорга эришиши учун уларнинг ихтиёрий розилиги асосида медиатор кўмагида ҳал қилиш усулидир.

2. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 13 апрелдаги “Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги фаолиятини янада такомиллаштиришга доир ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида” ПҚ-3666-сон қарорига мувофиқ 2019 йил 1 январдан Ўзбекистон Республикаси ҳудудида 1993 йил 17 июнгача қабул қилинган ва Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида рўйхатдан ўтмаган умуммажбурий идоравий ҳужжатлар, шу жумладан собиқ СССРнинг идоравий ҳужжатлари ўз кучини йўқотади.

Маълумотларга кўра, собиқ иттифоқ даврида қабул қилинган ва бугунга қадар амалда бўлиб келган 170 дан ортиқ ҳужжатлар мавжуд.

3. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 18 майдаги “Маиший чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-3730-сон қарорига мувофиқ 2019 йил 1 январдан бошлаб полимер плёнкали пакетларни бепул бериш, уларнинг нархини товарлар нархига қўшиш, шунингдек, уларни ўз таннархидан паст нархларда сотиш, қалинлиги 40 микрондан кам бўлган полимер плёнкали пакетларни ишлаб чиқариш, полимер плёнкали пакетларни олиб кириш тақиқланади.

4. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Хусусий тадбиркорлар юридик шахс ташкил этмасдан шуғулланиши мумкин бўлган фаолият турлари рўйхатини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарорига (07.01.2011 №6) 2018 йил 22 октябр куни киритилган ўзгартиришларга мувофиқ 2019 йил 1 январдан бошлаб алюминий (пластик) профилдан эшик, дераза ва бошқа буюмлар тайёрлаш, автотранспорт воситаларини ювиш каби фаолият турлари билан шуғулланиш учун юридик шахс ташкил этиш лозим бўлади. Эндиликда ушбу фаолият турлари билан якка тартибдаги тадбиркор сифатида шуғулланиб бўлмайди.

5. Қонунчилик палатаси томонидан 2018 йил 11 декабрда қабул қилинган, Сенат томонидан 2018 йил 13 декабрда маъқулланган ва Президент томонидан 2018 йил 24 декабр куни имзоланган Ўзбекистон Республикасининг “Солиқ ва бюджет сиёсатининг 2019 йилга мўлжалланган асосий йўналишлари қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонуни кучга кирди.

Ушбу қонун билан Ўзбекистон Республикаси «Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги қонуни ва Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг айрим моддаларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.

Мазкур қонунда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 29 июндаги “Ўзбекистон Республикасининг солиқ сиёсатини такомиллаштириш концепцияси тўғрисида” ПФ-5468-сон Фармонида белгиланган устувор мақсадлар ўз аксини топган.

Маълумки, бугунга қадар амал қилиб келган тартиб бўйича жисмоний шахслардан солиқ шкала бўйича ҳисоблаб чиқилар, бунда маошнинг энг кам иш ҳақининг бир бараваридан беш бараваригача қисми 7,5%, беш бараваридан ўн бараваригача қисми 16,5%, ундан юқори қисми 22,5% ставкада даромад солиғи ушланар эди. Бундан ташқари, иш ҳақидан пенсия жамғармаси учун 8 фоизлик мажбурий суғурта тўлови ундирилар эди.

Эндиликда эса жисмоний шахснинг даромадларидан фақат 12 фоизлик ставка бўйича солиқ ундирилади.

Ушбу ўзгаришлар фуқароларнинг 2019 йил январ ойидан бошлаб ҳисобланадиган иш ҳақи ва унга тенглаштирилган даромадлари миқдорида ўз аксини топа бошлайди.

6. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 12 декабрдаги “Фуқароларнинг пенсия таъминоти тизими самарадорлигини ошириш ва пенсионерларни ижтимоий қўллаб-қувватлашни кучайтиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” ПФ-5597-сонФармонига мувофиқ 2019 йил 1 январдан бошлаб барча ишловчи пенсионерларга пенсиялар тўлиқ миқдорда тўланади.

Шунингдек, 2019 йил 1 январдан пенсияни ҳисоб-китоб қилиш учун иш ҳақининг максимал миқдори энг кам ойлик иш ҳақининг саккиз баробаридан ўн баробаригача оширилди.

Шу муносабат билан Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ишловчи пенсионерларга пенсия тўлаш тўғрисида» 1995 йил 20 ноябрдаги ПФ-1289-сон Фармони 2019 йил 1 январдан бошлаб ўз кучини йўқотди.

7. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 26 июндаги “Давлат солиқ хизмати органлари фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-3802-сон қарорига мувофиқ, 2019 йил 1 январдан давлат солиқ хизмати органлари хизмат кўрсатиш, савдо ва умумий овқатланиш соҳасидаги тадбиркорлик субъектлари учун ягона солиқ тўловини, ягона ер солиғини, юридик шахслардан ер солиғини, шунингдек, банк айланмалари ҳақидаги маълумотлар, шунингдек, бошқа ташқи манбалар асосида декларация қилинадиган даромадлар бўйича жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғини ҳисоблаш тарзида солиқ тўловчиларга сервис хизматлари кўрсатади ҳамда ҳисобланган солиқлар суммаси ҳақида солиқ тўловчининг «шахсий кабинети» орқали хабарнома юбориш тартиби белгиланди.

8. Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ёшларни маънавий-ахлоқий ва жисмоний баркамол этиб тарбиялаш, уларга таълим-тарбия бериш тизимини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш чора-тадбирлари тўғрисида” 2018 йил 14 августдаги ПҚ-3907-сонлиқарори қабул қилинди ва унга мувофиқ 2019 йил 1 январдан умумтаълим муассасалари ходимларининг базавий тариф ставкалари:

олий тоифали ўқитувчилар учун 1,25 бараварга;

биринчи тоифали ўқитувчилар учун 1,2 бараварга;

иккинчи тоифали ўқитувчилар учун 1,15 бараварга;

мутахассис ўқитувчилар учун 1,1 бараварга;

директор, унинг ўринбосарлари, ахборот-ресурс маркази (кутубхона) мудирлари ва кутубхоначилари учун 1,1 бараварга оширилди.

9. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 5 сентябрдаги “Халқ таълимини бошқариш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-5538-сон Фармонига мувофиқ 2019 йил 1 январдан бошлаб Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси томонидан туманлар ва шаҳарлар кесимида танлаш асосида умумтаълим муассасалари фаолияти самарадорлиги бўйича рейтинги тузилади.

Рейтинг якунлари оммавий ахборот воситаларида ва Давлат инспекциясининг веб-сайтида кейинги ўқув йили бошланишидан кечиктирмай жойлаштирилади.

https://kun.uz/news/2019/01/01/2019-yil-1-yanvardan-boshlab-nimalar-ozgaradi

You may also like...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Можно использовать следующие HTML-теги и атрибуты: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <strike> <strong>