8-10 ноябрь кунлари Тошкент шаҳрида I Халқаро мева-сабзавот ярмаркаси бўлиб ўтади

Ўзбекистон мева-сабзавотлари экологик тозалиги ва витаминларга бойлиги билан дунё бозорида алоҳида эътироф этилади

Бу чет эллик ҳамкорлар, озиқ-овқат саноати корпорациялари ҳамда ритейл компаниялар учун мазали мева-чевалари билан дунёда довруқ қозонган Ўзбекистон боғдорчилиги ютуқлари билан яқиндан танишиш, ўзбек фермери ва соҳибкорлари билан сархил мева-сабзавот, узум, полиз маҳсулотлари, улар асосида тайёрланган экологик тоза маҳсулотлар хариди бўйича тўғридан-тўғри савдо-сармоявий алоқалар ўрнатиш учун қулай фурсатдир. Шу боис халқаро доирада мазкур тадбирга бўлган қизиқиш катта. Буни Халқаро мева-сабзавот ярмаркаси дирекциясига форумда иштирок этиш мақсадида кўплаб хорижий компания ва фирмалар, савдо ҳамда логистика марказларидан келиб тушаётган аризалар сони кун сайин ортиб бораётгани ҳам яққол тасдиқлаб турибди.

I Халқаро мева-сабзавот ярмаркасига Ўзбекистон Республикаси Президентининг шу йил 30 сентябрдаги Фармойишига мувофиқ, асосий ташкилотчилар — Қишлоқ ва сув хўжалиги, Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирликлари, “Ўзбекозиқовқатхолдинг”, “Ўзвиносаноат-холдинг” холдинг компаниялари, “Ўзагроэкспорт” акциядорлик жамияти, “Ўзбекозиқовқатзахира” уюшмаси, шунингдек, бошқа тегишли ташкилотлар томонидан пухта тайёргарлик кўрилмоқда.

Ҳужжатда ярмарка ҳар йили анъанавий равишда икки босқичда ўтказилиши белгилаб берилган. Яъни дастлабкиси ҳудудий бўлиб, унда Қорақалпоғистон Республикаси ҳамда вилоятлар қамраб олинса, иккинчиси халқаро миқёсда уюштирилади. Бундан кўзланган асосий мақсад ҳудудларнинг ишлаб чиқариш ва экспорт салоҳиятини ошириш, тармоқлараро кооперацияни ривожлантириш, савдо-сармоявий ҳамкорлар сафини кенгайтиришдир.

Шу маънода, 24 октябрь куни жойларда бошланган жорий йилги ҳудудий ярмаркалар кутилганидек ўта самарали кечмоқда. Чунки ушбу тадбирларда энг чекка ҳудудда фаолият кўрсатаётган деҳқон ва фермер хўжаликлари, агрофирмалар, саноат корхоналари, кичик бизнес субъектлари ҳам қамраб олинди. Натижада саховатли заминимизда етиштирилган турфа  ноз-неъматлар, қуритилган ва чуқур қайта ишланган мева-сабзавотлар, зиравор ҳамда ичимликлар кенг намойиш этилаяпти. Буни яқиндан кузатаётганлар Ўзбекистонимиз, ҳақиқатан ҳам, жаннатмонанд ўлка, унинг тупроғида етилган неъматлар тенгсиз эканлигига қайта-қайта ишонч ҳосил қилмоқдалар.

Дарҳақиқат, ўзбек мева-сабзавотлари азал-азалдан юксак сифат кўрсаткичлари билан маълуму машҳур. Сабаби, юртимизда шаклланган кўп асрлик анъанавий сабзавотчилик ва боғдорчилик маданияти табиий деҳқончилик тамойилларига асосланган. Яъни кимёвий воситалар деярли қўлланилмаслиги эвазига мазали таъм ва юқори истеъмол хусусиятига эга бўлган экологик тоза мева-сабзавотлар етиштирилади.

Шу билан бирга, ҳозирги пайтда селекционер олимларимиз томонидан яратилган сабзавот, полиз экинлари ҳамда картошканинг 170 дан ортиқ, мева ва резавор экинлар ҳамда узумнинг 175 нави орасидан энг саралари, яъни ҳосилдор, касаллик ва зараркунандаларга чидамлилари парваришланаётир. Энг асосийси, улар генларни модификация қилиш технологияларидан бутунлай холи эканлиги билан ажралиб туради. Натижада йилига

18 миллион тоннадан зиёд мева-сабзавот маҳсулотлари етиштирилмоқда. Пировардида Ўзбекистон жуда қисқа давр ичида ўрик, олхўри, узум, ёнғоқ, карам ва бошқа кўплаб мева ҳамда сабзавот маҳсулотлари экспорт қилиш ҳажми бўйича дунёда етакчи 10 та давлатдан бирига айланди. Бошқача айтганда, жаҳоннинг 80 та давлатига 180 турдан ортиқ сархил мева-сабзавотлар ва уларни қайта ишлаш асосида тайёрланган маҳсулотлар етказиб -берилмоқда.

Мамлакатимиз Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг 2016 йил 12 апрелдаги “Мева-сабзавот, картошка ва полиз маҳсулотларини харид қилиш ва улардан фойдаланиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори мева-сабзавотчилик истиқболида тамомила янги саҳифалар очилишида катта туртки бўлди.

Гап шундаки, унга биноан, наинки мева-сабзавот, картошка, полиз маҳсулотлари ҳамда узум етиштириш ҳажмини ошириш, балки харид қилиш, сифатли сақлаш, саноат корхоналарини хом ашё билан барқарор таъминлаш, экспорт қилиш бўйича ўзига хос янги тизим яратилди. Қолаверса,

I Халқаро мева-сабзавот ярмаркаси ҳам мазкур ҳужжат асосида ташкил этилаётган бўлиб, у янги савдо йўлакларини очиш, экспорт географиясини янада кенгайтиришга хизмат қилиши кутилаяпти.

Халқаро мева-сабзавот ярмаркаси дирекциясидан маълум қилишларича, “Ўзэкс-помарказ” Миллий кўргазма мажмуаси тадбирга шай ҳолга келтирилмоқда. Унинг павильонларида республикамизнинг барча ҳудудидан ташриф буюрган 150 дан ортиқ мева-сабзавот маҳсулотларини етиштирувчилар, шунингдек, қайта ишлаш корхоналари ўз маҳсулотларини намойиш этишлари учун ҳамма қулайлик яратиб берилади. Ўз нав-батида, чет эллик харидорлар, экспортёрлар учун тақдим этилаётган ноз-неъматлар билан яқиндан танишиш, зарур маълумотлар олиш, ўзбек фермер ва деҳқонлари билан тўғридан-тўғри кооперация алоқаларини ўрнатиш мақсадида “Музокара майдончалари” фаолияти йўлга қўйилади.

Шу билан бирга, ярмарка доирасида хорижлик мутахассис ва меҳмонлар учун интенсив боғлар, мева-сабзавотни қайта ишлаш корхоналари, совитиш мажмуаларига сафар уюштирилиши мўлжалланмоқда. Бу эса мамлакатимизнинг боғдорчилик, сабзавот—полизчилик жабҳасидаги юксак салоҳияти билан яқиндан танишиш, маҳсулот етиштирувчи ва қайта ишловчилар билан узоқ муддатли, истиқболли ҳамда ўзаро манфаатли муносабатлар ўрнатиш учун айни муддаодир.

I Халқаро мева-сабзавот ярмаркаси саховатли куз сепини ёйган айни пишиқчилик мавсумида ўтказилаётгани хорижий савдо тузилмаларида катта қизиқиш уйғотмоқда. Бу эса экспорт салоҳиятини янада ошириш, соҳада чет эллик инвесторлар иштирокида истиқболли лойиҳаларни рўёбга чиқаришда янги уфқларни очишга хизмат қилиши муқаррар. Зеро, тадбирдан кўзланган асосий мақсад ҳам бугунги замон талаблари, халқаро стандартларга тўла жавоб берадиган, самарали ва шаффоф бозор механизмини шакллантиришдан иборатдир.

С. ИБОДУЛЛАЕВ

http://xs.uz

You may also like...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Можно использовать следующие HTML-теги и атрибуты: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <strike> <strong>