Ватанга муҳаббат бағишлаган куч
ёхуд Бобур мирзонинг жанглардаги маҳорати
Не ерда сокин ўлай? Не қилай? Қаён кетай? Не дайирдин эшигим очилур, не масжиддин. Неча эшикдин эшикка гадо каби етайин?!
Шоҳ ва маҳоратли саркарда, нозик қалб эгаси Заҳириддин Муҳаммад Бобур ушбу мисраларни кўнгил дафтарига битганида, унинг қалбида қандай туйғулар жунбушга келгани бизга номалум. Куюб-ёниб битган бу сатирларида унинг учун барча эшиклар ёпиқлигини тасвирлаган бўлсада, шеърият дарвозаси ҳамиша очиқлигидан кўнгли кўтарилгани, шубҳасиз. Бобурнинг ўткир қалам эгаси бўлганлиги бизга маълум. У ғазал мулкининг султони мир Алишер Навоийдан кейин унинг ижодини давом эттирган маҳоратли шоир ва ёзувчи бўлсада, рубоийнависликда Навоийдан кучли деган қарашлар ҳам йўқ эмас. Рубоийларида уч юздан ортиқ баҳирда ижод қилган Бобур Навоий лирикаси тематикасидан андоза олган. Бобур лирикасида ватан мавзуси алоҳида аҳамиятга эга. Унинг ҳар бир мисрасида ватан соғинчи, ватанга бўлган муҳаббат яққол намоён бўлади. Жумладан: Кўпдан бериким ёру диёрим йўқдир,
Бир лаҳза-у бир нафас қарорим йўқдир,
Келдим бул сари ўз иҳтиёрим бирла,
Лекин боруримда иҳтиёрим йўқдур.
Сингари мисрасида ватан ва яқинлар соғинчи қанчалар қийнаганлигининг гувоҳи бўламиз. Аммо, Бобурнинг саркардалик маҳоратида ҳам она юртга бўлган муҳаббат, аскарлари, миллати ва динидан қатий назар оддий халқнинг ҳаётига шоҳ, саркарда сифатидаги масъулиятини кўришимиз мумкин. Бу борада гапирганимизда, унинг ҳақиқий Темур набираси эканлигини тан олмасдан иложимиз йўқ. Бобурнинг жанглардаги маҳорати ҳали ҳануз тилга олинади, айниқса Иброҳим Лодининг юз мингга яқин аскари ва ярим минг ҳарбий филлари билан Панипат шаҳри яқинидаги жангда қилган ғалабаси тарих зарварақларида қолди. Бор-йўғи ўн икки мингдан ошмайдиган қўшиннинг бундай ғалабага эришиши амримаҳол эди. Бобурнинг барча ютуқларида саркардалик тажрибаси асосий вазифани ўтаган. У ҳарбий санъатни фақат дўстларидан эмас, душманларидан ҳам ўрганган эди. Иброҳим Лоди билан жангида энг катта ютуғИ бўлган ўқ отар тўпларни Шоҳ Исмоилдан ўрганган бўлса, тўлғама ишлатишни ашаддий ёвлари Шайбонийхон ва Убайдуллахон тажрибасидан ўзлаштирган экан. Бобур аччиқ мағлубиятлардан ортирган ҳарбий санъатни, кейинг жангларда ўз фойдаси учун ишлата олган. Жумладан, Лоди билан жанг қилиш учун бешта дарё ювиб турадиган Панжоб шаҳридан ўтиб борар экан қўшинини бегона ўлканинг ботқоқликлари-ю касалликларидан беъзиён олиб ўтади. Шу ўринда Панипат шаҳри яқинидаги курашда Бобур мирзонинг жанг учун тўхтаган майдони ҳам кучли режа асосида танлаган. Уч томони ҳам беркитилган кенглик, яъни орқа томонида ботқоқликлар ва чангалзорлардан катта қўшиннинг ўта олмаслиги аниқ бўлса, ўнг томонида Жамна дарёси, чапда эса Панипат шаҳрининг зич жойлашган аҳолиси уни ёвдан химоя қилган. Демак, Лодини фақат тўғридан кутиш мумкин. Лекин салкам ўн баробар катта куч билан келаётган қўшинга ўқотар аравалар ва пистирмалар билан туриб бериш мумкинми?! Бобурнинг турли жойлардан келган аскарлари ҳам унинг ҳарбий тажрибасига ишонишган, акс ҳолда муқаррар ўлим билан юзлашмаган бўлар эди. Бу билан саркарданинг қўшинини қанчалик ишонтириш қобилятига эга эканлигининг гувоҳи бўламиз. Бобур жанг олдидан аскарлани машқ қилдираётган саркардаларга: -Машқ пайтида навкарларни аяманг, ҳозир уларни аясангиз жангда мағлуб бўлиб ўлиб кетур, ея кучли машқ қилдиришга ундар экан. Бобурга барча жангларида малакали лашкарбошилар ва ўғли Хумоюн елкадош бўлган. Бу унинг ғалабалари асоси эди. Ҳиндистон шоҳи Лоди билан бўлган жангда ҳам Хумоюнга қўшиннинг ўнг томонини ишониб топширган, унга Хўжа Калонбек, Ҳиндубек сингари маҳоратли саркардалар ҳамроҳ бўлган. Бобур Лодининг кўп сонли қўшинига уч томондан ҳамла қилиб, очиқ марказдан эса етти юзта ўқ отар қурулмалар билан ҳужум қилган эди. Тўпларнинг ваҳимали овозидан, ҳамда олвли аравалардан чўчиган жанговор филлар эса, сафни бузиб ҳар тарафга қочади. Улар орасида Иброҳим Лодининг оқ фили ҳам бўлиб, у жанг майдонида ҳалок бўлади. Қўшини эса жангни ташлаб ҳар тарафга қочишади. Бобур жуда юксак ғалабага эришди, аммо бундан фойдаланиб ўтроқ аҳолининг бойликларини, анъана ва урф-одатларини оёқ ости қилмайди, қўшинига ҳам шуни таъкидлайди. Ҳатто, Лодийнинг онаси малика Байдага ҳам шавқат қилди. Ваҳоланки, у Бобурнинг ўлимига сабабчи бўлади. Шу тариқа Бобур мирзо Ҳиндистон замирида бобурийлар сулоласига асос солди. Бу иссиқ ўлкада яшар экан, қурулиш, маданий ва маърифий соҳага катта эътибор қаратади. Мамалакатдаги баъзи инсон ҳуқугларига зид бўлган, эри ҳалок бўлса, хотини ҳам тириклигича алангада куйдириш сингари одатларга чек қўяди. Бироқ, аччиқ ҳаёт ҳақиқати уни ўз измига бўйсиндирди. У кўплаб жангларда қон кечиб юрсада, оталик вазифасини унутмади. Иситма аралаш бетоб аҳволида касаллик билан оғриган Хумоюнга қон берар экан, шафқатсиз жанг майдонида ўзгалар қўлида эмас эссиқ тўшагида суюкли фарзанди учун фидо бўлганидан қувонди.
Ҳар ёнғаки азм этсам, ёнумда борур меҳнат,
Ҳар сорики юзлансам, ўтрумға келар қайғу,
Юз жавр-у ситам кўрган, минг меҳнат-у ғам кўрган,
Осойиши кам кўрган мендек яна бир борму?
Сингари мисраларида ҳаёт йўлидаги қийинчиликлар ҳақида сўзлар экан, умрининг бундай якунига афсус чекмаган. Бобур Андижоннинг ҳуш ҳавоси, мевалари, туғилиб-ўсган тупроғининг ҳидини жуда қўмсаган. У ўлимининг сўнггигача ватан соғинчи билан яшади. Ҳаётининг охирги дақиқаларини яшаётган Бобур, иситма аралаш, базўр гапирар экан, осмондаги юлдузларга қараб Андижонни ёдга олиб: “Бизнинг Қувада ҳам Ҳулкар юлдузи ҳудди мана шунақа бўлиб чиқар эди”, дея болалик ҳаёллари оғушида жон таслим қилади.
Бобурнинг саркардлик маҳорати, унинг сулоласига ҳам меърос қолган. Жумладан, Акбаршоҳнинг жанглардаги ғалабаларини айтишимиз мумкин. Агар Бобур мирзо Андижонда Ҳиндистон сингари давлат тузганида, тарихда ўлкамизни босқинчилар топтамаган бўлар эди. Унинг барча курашлари бойлик учун эмас, тинчлик, осойишталик учун бўлган. Ўз манфатини ўйлаб эмас, ўзгалар манфати дея жанг майдонига ошиққан Бобурга курашлари ҳамиша ғалаба олиб келган. Уруш мағлубиятсиз бўлмайди, кимдир ғолиб бўлиши учун, кимдир мағлубиятнинг аччиқ нашидасини тортиши керак. Бундай ҳолларда ҳам Бобур сира ортга чекинмаган. Буни Самарқанд шаҳри учун қилган жанглари замирида кўришимиз мумкин. У Самарқандни қанча бой берса ҳам Темур бобосининг юртида буюк давлат қуриш ниятидан воз кечмаган. Бобур қилган жасорат, унинг буюк жанглари келажакда кучли давлат, тинч ҳаёт учун замин яратди. Бугунги кунда биз ёшлар унинг наср ва назм меъросини катта қизиқиш билан ўрганамиз. Аммо, ҳар бир ўзбек оғлонлари Бобурнинг саркардалик маҳорати, ҳаёт учун кураши, ватан тинчлиги йўлида жон фидо этишга тайёрлигидан ўрнак олса арзийди.
Елена Чўянова,
ЎзМУ Журналистика факультети талабаси
Сўнгги фикрлар