Бўлғуси журналистлар кимларга эргашади?

Бу ғайриоддий саволга турлича жавоб бериш мумкин.

ш1 ш2 ш3жф2

Бу савол азалдан буюк аждодларимизни ҳам қизиқтирган, албатта. Донишмандлар жўяли фикрларини бектакрор мақолларига жо қилиб кетганлар. Яъни, яхшига эргашдинг – етдинг муродга, ёмонга эргашдинг – қолдинг уятга, донолар сўзига қулоқ илмасанг, энг нодон сендирсан, билгил билмасанг, қовун қовунни кўриб ранг олар… ва ҳоказо.

Ҳаётга ҳамиша кузатувчанлик билан боқадиган бўлғуси журналистлар энг муносиб устозлардан, амалиётда бирор ишни қойилмақом қилаётган ижодкорлардан ибрат олсалар, уларга эргашсалар нур устига аъло нур бўлур эди.

Бу фикрларни ўн беш йилдан буён Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети Журналистика факультети талабаларига сабоқ сифатида айтаман.

Шу йиллар мобайнида бўлғуси журналистлар ҳузурига Пиримқул Қодиров, Ўткир Ҳошимов (раҳматлилар), Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов, Муҳаммад Али, Иқбол Мирзо, Маҳмуд Тоҳир, Сирожиддин Саййид, Шарифа Салимова, Умида Абдуазимова, Шоим Бўтаев, Оллоёр Бегалиев, Сирожиддин Рауф, Салим Ашур, Собир Ўнар каби ўнлаб устоз ёзувчи-шоирларни таклиф этиб, ижодий учрашувлар уюштирдик.

Бундай учрашувлар ва сермазмун суҳбатлардан илҳомланган ёш қаламкашларнинг аксарияти уларга эргашаётгани ва ижод бўстонида ўрниларини топаётганларидан мамнун бўламиз.

Яқинда Журналистика факультетида “Жамият” газетаси Бош муҳаррири, “Олтин қалам” мукофоти совриндори Беҳзод Шукуров билан бўлган ижодий учрашув талабалар қалбида ўчмас из қолдирган бўлса ажабмас.

“Сиёсат” ахборот-таҳлил маркази раҳбари, таниқли журналист Шуҳрат Орипов билан учрашув ҳам шундай ҳаяжонли бўлди. Унинг Хитой Халқ Республикаси ва Италия давлатларига қилган ижодий сафарлари ҳақида айтган сўзлари талабаларда жуда катта қизиқиш уйғотди.

Қалами асло қўлидан тушмайдиган журналист Шуҳрат Орипов ўша мамлакатларда юрган кезлари ҳар қадамда олган таассуротларини йўл-йўлакай ижтимоий тармоқларга жойлаб борганининг ўзи талабалар учун ажиб маҳорат мактабидир, десак айни ҳақиқатни айтган бўламиз.

Ўн беш йилча илгари Беҳзод Шукуров ва Шуҳрат Ориповларнинг Битирув-малакавий ишларига раҳбарлик қилиб, соҳа сирларидан сабоқ берган кезларимиз уларнинг бир кун шундай моҳир журналист бўлиб етишишларини орзу қилгандик. Мана, бугун шу орзулар камолот чўққисини кўриб қувоняпмиз.

Уларни талабаларимизга ибрат ва намуна қилиб кўрсатяпмиз.

БМИ1
Бугун Битирув-малакавий иши устида изланаётган навбатдаги 4-курс талабаларимиз Наргиза Юнусова, Дилфуза Тиллаева, Севара Ўктамоваларни ҳам шундай етук адиба ва журналистлар бўлиб етишишларини, кези келганда улар ҳам Журналистика факультети талабаларига сабоқ беришларини тилаб қоламиз.

Умид билан суқулган таёқ, бир кун берар мева-ю япроқ, деганларидек, шундай умид ғунчаларига айланаётган ёш ижодкорларимиз кўпаяверсинлар. Улар она Ватанимиз, азиз халқимиз олдида фарзандлик, ижодкорлик бурчларини шараф билан адо этаверсинлар.

Бу эзгу йўлда барчаларига омад тилаб қоламиз.

 Дониш домла

Вам может также понравиться...

1 комментарий

  1. Albatta jurnalistika ulug’ va ma’suliyatli kasb ekanligini unutmaslik kerak. har bir soha o’ziga yarasha qiyin ammo jurnalistika ulardan ko’ra mas’uliyatliroq. Lekin Donish Domlani ta’limini olgan talabalar yetuk jutnalist bo’lishadi desak hato bo’lmaydi.

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *