Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов 23 июнь куни кечқурун Шанхай ҳамкорлик ташкилоти саммити иштирокчилари учун уюштирилган концертдан сўнг Кўксаройда Россия Президенти Владимир Путин билан учрашди.
ЎзА хабарига кўра, президентлар Ўзбекистон-Россия муносабатларига доир кенг кўламли масалалар, минтақавий ва халқаро муаммолар юзасидан фикр алмашдилар.
Ислом Каримов Владимир Путин билан мулоқот чоғида ушбу учрашув Ўзбекистон билан Россия ўртасидаги ўзаро ва кўп томонлама ҳамкорликнинг мантиқий давоми, мамлакатларимиз стратегик шерикликни ривожлантириш йўлидан бораётганининг яққол намоёни эканини алоҳида таъкидлади.
Владимир Путин Ўзбекистон Республикасининг Шанхай ҳамкорлик ташкилотига раислиги даврида амалга оширилган ишларга юксак баҳо берди. ШҲТ саммити асносида бўладиган музокаралар барча соҳаларда минтақавий ҳамкорлик кўламини янада кенгайтиришга хизмат қилишига ишонч билдирди.
«Ҳиндистон ва Покистон каби икки йирик мамлакатнинг ШҲТга домий аъзоликка ҳақиқатдан ҳам қайд этилиши… ташкилот ҳаётида катта ҳодиса бўлади. Сўзсизки, мазкур ҳодиса айнан Тошкентда содир бўлиши билан ташкилотимиз тарихига киради», — дея Владимир Путин сўзидан иқтибос келтиради Кремль сайти.
Бундан аввал Ўзбекистон президенти Тожикистон ва Туркманистон президентлари ҳамда Ҳиндистон бош вазири билан учрашувлар ўтказганди.
ШҲТ саммити иштирокчилари Тошкентдаги Халқаро анжуманлар саройида уларнинг шарафига ташкил этилган концертга ташриф буюришди.
Сўнгги фикрлар