Қадаминг қутлуғ бўлсин, Дин!
Тинч ва осойишта юрт йўлларида мазза қилиб юрасан, шодон югурасан!
Мамлакатимизда фаолият кўрсатаётган АҚШ элчихонасида бўлиб ўтган навбатдаги ПрессГапда машҳур ультра—марафончи Дин Карнасис билан учрашув бўлиб ўтди.
Бугун эрталаб Тошкентдан йўлга чиққан бу машҳур спортчи Қирғизистон ва Қозоғистон орқали ўтувчи қадимий Ипак йўли бўйлаб югуришда давом этади.
Тинчликни тараннум этиб югураётган Дин дўстимизнинг бошидаги оқ шапкасидан тортиб эгнидаги майкасигача Ўзбекистон, Қирғизистон ва Қозоғистон Республикалари байроқлари сурати, юртимиз мустақиллигининг 25 йиллигини ифода этувчи чиройли рақам ҳамда унда Ўзбекистон ва АҚШ дўстлигини акс эттирувчи суратлар жо этилган.
У 11 кундан ошиқ вақт мобайнида Ўзбекистон пойтахти Тошкентдан Қирғизистон пойтахти Бишкекка, ундан Қозоғистоннинг Алмати шаҳригача бўлган 525 км масофани югуриб ўтади. Кунига тахминан 80 км югураркан, Дин йўл давомида Қўшма Штатлар номидан турли халқлар билан муносабатга киришади, югуриш бўйича қисқа сабоқлар ўтказади, суҳбатларда қатнашади ҳамда барча ёшли кишиларни қувноқ марафонга чорлаб боради.
Учрашувда «Шу офтобда югуриш нима зарил? Уйингизда хотин ва бола-чақанинг олдида тинчгина ўтирсангиз бўлмайдими?» деган саволга у қувноқлик билан шундай жавоб қайтарди: «Хотиним нуқул бу гапнинг тескарисини айтади, нима қилиб ўтирибсан, бор, дунё бўйлаб югуравер!»
У рафиқаси, ўғли ва қизини қанчалик яхши кўришини, дунё узра мана шундай оқила уй бекалари, беғубор кичкинтойлар, барча оилалар соғ-омон бўлишини, бунинг учун курраи заминда тинчлик-осойишталик ҳукмрон бўлиши зарурлигини таъкидлади.
Спортчиларга хос оққўнгил ва дилкаш Дин фусункор Ўзбекистонга, гўзал ва серфайз Тошкентга мафтун бўлиб қолганини, дунёга машҳур ўзбек таоми — палов ҳақида Америкада ҳам сўзлаб бериш ниятида эканлигини ҳаяжон билан сўзлади.
Бир суҳбат асносида шунчалик қадрдон бўлиб қолган спорт элчиси Дин Карнасисга биз ҳам оқ йўл тилаб қоламиз.
Маълумот ўрнида айтиш жоизки, 2016 йил 29 июндан 10 июлга қадар, АҚШ Давлат департаменти Ўзбекистон, Қирғизистон ва Қозоғистон орқали ўтувчи қадимий Ипак йўлидан ушбу мамлакатлар мустақиллигининг 25 йиллиги шарафига югуриб ўтадиган афсонавий ультра—марафончи Дин Карнасисга ҳомийлик қилади.
Халқлар, маданият ва тарих билан боғланар экан, Диннинг Марказий Осиё бўйлаб қиладиган сафари хилма-хил маданият ва миллатга мансуб халқларни ўзаро яқинлаштириш йўлида спорт дипломатиясининг кучини намойиш этишда ўзига хос имконият яратади.
Дин ҳақида қисқача маълумот: “TIME” журнали Дин Карнасисни “Дунёдаги 100 нафар нуфузли кишининг бири” деб атаган. “Men’s Fitness” эса уни сайёрамиздаги энг соғлом жуссали кишилардан бири, дея таърифлаган. Кўплаб муваффақиятлари сирасига уч кун давомида ухламай 350 милдан ортиқ масофага югурганини киритиш мумкин. У Ўлик водийдан 49 даража иссиққа, Жанубий қутбдан 40 даража совуққа қарамай, югуриб ўтган. Яқин орадаги ютуғига эса кетма-кет 50 кун, 50 та АҚШ штатида ўтган 50 та марафонда қатнашиб, охири Нью-Йорк марафонини уч соатда босиб ўтиш билан якунлаганини мисол қилса бўлади.
Тўлқин ЭШБЕК,
журналист
Сўнгги фикрлар