Академик Сайёра Рашидова — ЎзМУ фахри!

Олима суратига чизгилар

оа4

Ўзбекистон Миллий университети қошидаги Полимерлар кимёси ва физикаси илмий-тадқиқот маркази директори, кимё фанлари доктори, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси академиги Рашидова Сайёра Шарафовнанинг туғилган кунлари билан чин қалбимиздан табриклаймиз. Ўзбекистон Миллий университети фахри, азиз ва муҳтарама академиги.

Сайёра Шарафовна Рашидова — йирик олим, кимё фанлари доктори, Ўзбекистон Фанлар академияси академиги, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган Фан арбоби, ЎзМУ қошидаги Полимерлар кимёси ва физикаси илмий-тадқиқот маркази директори — юқори молекуляр бирикмалар кимёси, металлополимер системалари, биологик фаол полимерлар, нанокимё ва нанофизика соҳаларидаги тадқиқотлари билан кенг илмий жамоатчилик томонидан тан олинган.
Рашидова Сайера Шарафовна — 1000 дан ортиқ илмий нашрлар, 7 та монография ва дарсликлар, 50 та Ихтиро ва патентлар муаллифидир. Сайёра Рашидованинг қатор илмий тадқиқотлари натижаси жаҳон маълумотлар базасига киритилган бўлиб, Республика ва чет эл нашрларида кўплаб ҳаволалар келтирилади. Унинг фан доктори ва фан номзоди илмий даражасига эга 20 дан ортиқ шогирдлари Ўзбекистон Республикаси ва чет эл илмий, ўқув ва саноат марказларида самарали фаолият кўрсатмоқдалар.
1971 йилда Кимё институти ҳузуридаги ихтисослашган кенгашда к.ф.д, проф. М.А. Асқаров раҳбарлигида “α-ва β тўйинмаган кислоталар пропаргил эфирларининг полимерланиши ва сополимерланишини тадқиқ этиш” мавзусида номзодлик ишини ҳимоя қилган.
1983 йилда Москва давлат университети ҳузуридаги ихтисослашган кенгашда 02.00.06 -юқори молекуляр бирикмалар кимёси шифри бўйича к.ф.д., проф., Россия Фанлар Академияси академиги Н.А.Платэ илмий раҳбарлигида “Ён занжирларида қўшбоғ тутган карбозанжирли полимерлар асосидаги металлокомплексларнинг синтези, хоссалари ва қўлланилаши” мавзусида докторлик ишини ҳимоя қилган.
Унинг илмий ишлари йўналишлари юқори молекуляр бирикмалар кимёси соҳасида- полимерларнинг ҳосил бўлиши ва модификацияси жараёнлари, полимерлар структураси ва хоссалари, турли полимер системаларда нанозаррачалар шаклланишининг механизмларини аниқлаш,уларнинг ўзига хос структуравий хусусиятлари ва хоссаларини тадқиқ этиш, шунингдек, уларнинг тиббиётда, қишлоқ хўжалигида, машинасозликда ва халқ хўжалигининг бошқа жабҳаларида ишлатилиши билан боғлиқ илмий тадқиқотлар билан чамбарчас боғлиқдир.

Сайёра Рашидова томонидан ўсимликларни кимёвий ҳимоя қилиш воситаларининг полимер препаратив шаклларини синтез қилиш ва уруғлик чигитларга полимерларнинг биологик таъсир механизмларини ўрганиш ҳамда ушбу ўзаро таъсирни бошқариш билан боғлиқ бўлган истиқболли илмий йўналиш яратилди. 1998 йилда интеллектуал мулк бўйича Женевада бўлиб ўтган XXVI Ҳалқаро кўргазмада “Уруғларнинг капсулалаш технологияси” номли илмий ишланма бронза медалига сазовор бўлган.
Олиб борилган тадқиқотлар натижасида қишлоқ хўжалиги экинлари уруғларини экологик хавфсиз полимер системалар билан капсулалаш технологияси ишлаб чиқилди. Капсулалаш технологияси пахта чигити, шоли, буғдой ва турли мева-сабзавотлар уруғларининг экин олди ишлов беришда қўлланилади.Хитозан асосида синтез қилинган, стимуллаш самарадорлигига эга бўлган дориловчи восита -УЗХИТАН препарати Давлат рўйхатидан ўтган бўлиб, ҳар йил Республикамиз ҳамда Қорақалпоғистон вана Қозоғистон Республикалари далаларида синовдан ўтиб келмокда.
Академик Сайёра Рашидова раҳбарлигида хитин, хитозан, ғумбак ёғи, органоминерал ўғитлар ва оқсил концентратларини ажратиб олиш мақсадида табиий ипак саноати чиқиндиларини комплекс қайта ишлаш технологияси ишлаб чиқилган ҳамда полимер шаклли дефолиант — “Полидеф” ишлаб чиқариш технологияси яратилган.
Академик Сайёра Рашидова илмий тадқиқотларининг натижалари мунтазам (Париж, Лион, Майнц, Базель, Дели, Тошкент, Анкара, Нью-Дели, Варшава, Москва, Санкт-Петербург ва б.) маъруза қилинган ва Полимерлар кимёси бўйича халқаро илмий форумларда (Дублин, Будапешт, Познань, Мерсебург, Монреаль, Москва, Варшава, Прага, Вильюбен ва б.) тақдим этилиб, мутахассисларнинг юксак эътирофига сазовор бўлган.
ЎзР ФА академиги Сайёра Рашидова бошқараётган Истиқболли полимерлар синтези лабораториясида Германия, Буюк Британия олимлари билан илмий алоқалар ўрнатилган бўлиб,бунинг натижасида DAAD (Потсдам университети), Швейцария миллий-илмий фонд (Базель университети ) ва Royal Society (Брунель университети, Лондон) йўналишлари бўйича халқаро грантлар доирасида илмий тадқиқотлар олиб борилган.
Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети (Тошкент) билан ҳамкорликда акад. Сайёра Рашидова раҳбарлигида: Кимё факультети билан “Умумий ва нефть кимёси” ҳамда Физика факультети билан “Полимерлар физикаси” илмий марказлари ташкил этилди.

Фото Лалихон Мухамеджановой.

Наманган давлат университети ҳузурида ЎзМУ ПКФ ИТИ нинг муаммоли лабораторияси ташкил этилди. Ҳозирги кунда мазкур лабораторияда университет бакалаврлари целлюлоза ва унинг ҳосилалари кимёси,физикаси ва технологияси бўйича илмий тадқиқотлар олиб бормоқда. Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институти қошида “Тола ҳосил қилувчи материаллар, қоғоз кимёвий технологияси ва дизайн” кафедрасининг филиали очилди.
Академик Сайёра Рашидова ҳаммуаллифлигида 10 га яқин дарслик ва ўқув қўлланмалари нашр этилган. Академик Сайёра Рашидова Юқори молекуляр бирикмалар бўйича муаммоли Илмий кенгаш раиси, бир қатор Институтлар ихтисослашган кенгашлари аъзоси,”Ўзбекистон кимё журнали” таҳририят аъзосидир, шунингдек, Халқаро таълим, индустрия ва санъат Фанлар Академиясининг (АҚШ) ҳақиқий аъзосидир.
1993 — йилда “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган Фан арбоби”фахрий унвони; 1997 — йилда “Ўзбекистон белгиси” кўкрак нишони;1999 йилда- “Дўстлик ордени,” 2003 йилда- “Эл -юрт ҳурмати ” ордени совриндори. 1983 йилда кимё фанлари доктори илмий даражасига, 1984 йилда профессор илмий унвонига сазовор бўлган, 1993 йил Фанлар Академияси мухбир аъзоси, 2000 йилдан Фанлар Академияси академиги.
Академик С.Ш.Рашидова Республикамиз ижтимоий ҳаётида ҳам фаол иштирок этади. Сайёра Рашидова “Ўзбекистон — Польша” жамиятининг раиси ва 1995-2015 йилларда ЎзР Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича Вакили (Омбудсман) сифатида самарали фаолият юритган.
Сайёра Рашидова полимерлар ҳақидаги фан соҳасидаги етук мутахассис, шунингдек, юксак ақлий салоҳиятга эга, камтарин, катта илмий жамоаларни бошқариш санъатига эга.

 Лаълихон Муҳаммаджонова,
Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети Хотин-қизлар қўмитаси раиси, доцент

Вам может также понравиться...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *