Тақдиримиз ўз қўлимизда
Жамоатчилик фикри – жамият кўзгуси
Мустақил тараққиёт йўлидан дадил одимлаб бораётган, ирода ва матонати букилмас халқимиз бугун ўта муҳим сиёсий жараёнлар олдида турибди. Оғир жудолик — Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг ҳаётдан кўз юмгани ҳали ҳам миллионлаб ватандошларимиз қалбини ўртаётган айни дамларда давлат бошқарувини ишончли қўлларга топшириш кун тартибидаги биринчи даражали вазифага айлангани ҳеч биримизга сир эмас. Конституциявий норма талабларига мувофиқ, ушбу масалага ойдинлик киритиш ва ҳал этиш учун 2016 йил 8 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенатининг қўшма мажлиси чақирилди. Унда Ўзбекистон Республикаси Президентининг вазифа ва ваколатларини бажаришни вақтинча юклаш масаласи кўриб чиқилди.
Конституциянинг 96-моддасида қайд этилишича, Президент ўз вазифаларини бажара олмайдиган ҳолатларда унинг вазифа ва ваколатлари вақтинча Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раисининг зиммасига юклатилади. Республикамизда юзага келган сиёсий вазиятда шундай бўлди ҳам. Бироқ парламент икки палаталарининг қўшма мажлисида Сенат Раиси Ниғматилла Йўлдошев давлат раҳбарига қўйиладиган талабларни тўлақонли бажариш учун тажрибаси етарли эмаслигини айтиб, мазкур вазифани мамлакатнинг амалдаги Бош вазири Шавкат Миромонович Мирзиёев зиммасига вақтинча юклашни таклиф қилди. Юртдошларимизда “Нега айнан шу номзод тавсия қилинди?”, деган савол туғилиши ҳам мумкин. Н.Йўлдошев ўз чиқишида таъкидлаганидек, Ш.М.Мирзиёев давлат бошқаруви ва ҳокимияти органларида кўп йил раҳбарлик лавозимида ишлаган. Айниқса, ҳукумат раҳбари сифатида истиқлол даврида амалга оширилган улкан ислоҳотлар ва бунёдкорлик ишларини рўёбга чиқаришда беминнат хизмат кўрсатди. Қатъиятлиги, жонкуярлиги билан халқ орасида ҳурмат-эътибор қозонди. Ривожланишнинг айни палласида Ўзбекистоннинг ташқи майдондаги нуфузини сақлаш, ички барқарорлик, жамоат хавфсизлиги ва ҳуқуқ-тартиботни таъминлаш, республика ҳаётидаги энг муҳим сиёсий ҳамда ижтимоий-иқтисодий масалаларни самарали ҳал этиш учун сиёсий жабҳада орттирилган бой тажриба ва раҳбарлик сифатлари жуда муҳим. Шуни инобатга олган ҳолда, Олий Мажлис палаталарининг қўшма мажлисида қатнашган сиёсий партиялар франкциялари раҳбарлари, депутат ва сенаторлар Н.Йўлдошевнинг таклифини қўллаб-қувватлаб, Ўзбекистон Республикаси Президентининг вазифа ва ваколатларини бажаришни мамлакат Бош вазири Ш.М.Мирзиёев зиммасига вақтинча юклаш тўғрисида қўшма қарор қабул қилди.
Аммо айрим хорижий оммавий ахборот воситалари, хусусан, интернет сайтларида юқоридаги ҳолат юзасидан турли баҳс-мунозалар юритилиб, ҳатто унинг қонунга хилофлиги айтилмоқда. Бунга жавобан қуйидагиларни маълум қилишни лозим топдик.
Биринчидан, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси ўз зиммасига юклатилган мажбуриятдан ихтиёрий равишда воз кечди. Бундай вазиятда Президент ваколат ва вазифаларини айнан ким вақтинча бажаришга ҳақли экани Конституциямизда белгилаб берилмаган. Демак, мамлакат бошқарувининг вақтинча Бош вазир қўлига ўтиши қонунга хилоф деб айтолмаймиз.
Иккинчидан, бундай қарор бир кишининг ихтиёри эмас, балки парламент ҳар иккала палатаси аъзолари умумий сонининг кўпчилик овози билан қабул қилинган. “Меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида”ги қонуннинг 6-моддасига биноан, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенатининг қўшма қарорлари қонун мақомига эга. Демак, шу йил 8 сентябрда парламент палаталарининг Ўзбекистон Республикаси Президентининг вазифа ва ваколатларини бажаришни Бош вазир Ш.М.Мирзиёев зиммасига вақтинча юклаш тўғрисидаги қўшма қарорини ноқонуний дейиш мутлақо асоссиздир.
Учинчидан, Олий Мажлис Сенати Раиси юқоридаги масалани парламент палаталари муҳокамасига қўйишга тўла ҳаққи бор. Зотан, “Ўзбекистон Республикаси Қонунчилик палатаси депутати ва Сенати аъзосининг мақоми тўғрисида”ги қонуннинг 7-моддасига асосан, ҳар бир депутат ёки сенатор парламент палатаси йиғилишига муайян масалани кўриб чиқиш таклифини киритиши ва уни асослаш ҳуқуқига эга.
Қолаверса, Конституциянинг 81-моддасида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенатининг қўшма мажлислари айнан қайси ҳолатларда ўтказилиши қайд этилган. Ички ва ташқи сиёсатининг энг муҳим масалалари шулар жумласига киради. Бутун мамлакат раҳбарлигини вақтинча юклаш, шубҳасиз, сиёсий аҳамият касб этувчи энг муҳим масалалардан биридир.
Юқорида келтирилган далил-исботлар мамлакатимиз парламенти палаталарининг қўшма мажлисида кўриб чиқилган масала ҳамда таклиф этилган ечим Ўзбекистон Республикасининг бирорта қонунига зид эмаслигини очиқ-ойдин кўрсатиб туради. Боз устига, Олий Мажлис Сенати Раиси томонидан тавсия этилган ҳамда парламент қўшма қарори билан тасдиқланган номзод Ўзбекистон Республикаси Президенти вазифасини фақат вақтинча бажариб туришини, ҳақиқий Президентни эса Ўзбекистон халқи ўз хоҳиш-иродасига таяниб сайлашини унутмаслик даркор.
Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови куни 4 декабрь этиб белгиланган.
Жамоатчилик фикрини қоғозга тушурувчи
Эркин Усмонов
Сўнгги фикрлар