Миллий маънавиятимиз фидойиси

Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетида

Ўзбекистон халқ шоири, Ўзбекистон Қаҳрамони Эркин Воҳидов таваллудининг 80 йиллигига бағишланган адабий кеча бўлиб ўтди.
«Эркин Воҳидов ижоди ва миллий маънавият» деб номланган мазкур тадбирда ёзувчи ва шоирлар, адабиётшунос олимлар, сўз санъати мухлислари, профессор-ўқитувчилар, талаба-ёшлар иштирок этди.

Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети ректори А.Мараҳимов, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раисининг биринчи ўринбосари, халқ шоири С.Саййид, адабиётшунос олимлар, филология фанлари докторлари Ҳ.Болтабоев, Н.Жабборов, шоирнинг фарзанди Х.Воҳидов ва бошқалар Биринчи Президентимиз Ислом Каримов томонидан бошлаб берилган миллий адабиётимиз равнақи йўлида доимий ғамхўрлик кўрсатиш, ижод аҳлининг самарали меҳнат қилиши учун зарур барча шароит ва имкониятларни яратиш борасидаги эзгу саъй-ҳаракатлар бугунги кунда ҳам маънавий-маърифий ислоҳотларнинг узвий қисмига айланганини таъкидлади.

Мамлакатимиз Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2016 йил 7 декабрдаги «Ўзбекистон халқ шоири Эркин Воҳидов таваллудининг 80 йиллигини нишонлаш тўғрисида»ги қарори забардаст шоиримизнинг бой ижодий меросини ўрганиш, унинг навқирон авлодни ватанпарварлик, фидойилик, ҳалоллик руҳида тарбиялашдаги ўрни ва таъсирини кенгроқ тарғиб этишда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Халқимизнинг суюкли шоири Эркин Воҳидовнинг мафтункор, теран фалсафий мазмун-моҳиятга эга, миллий руҳ билан йўғрилган шеърияти кириб бормаган хонадон топилмаса керак. Унинг «Нидо», «Палаткада ёзилган достон», «Руҳлар исёни» каби достонлари, «Ёшлик девони», «Тирик сайёралар», «Келажакка мактуб» номли шеърий тўпламлари халқчиллиги, самимияти боис китобхонларнинг кўнгил мулкига айланган.

Э.Воҳидов ижодига бағишланган тадбирнинг айнан Ўзбекистон Миллий университетида ўтказилгани бежиз эмас, албатта. Зеро, шоирнинг ижодий камолоти, фаолияти мазкур олий таълим даргоҳи билан чамбарчас боғлиқ.

– Халқимизнинг суюкли шоири билан ҳар қанча фахрлансак арзийди, – дейди Ўзбекистон Миллий университети талабаси Озоджон Қувондиқов. – Э.Воҳидов айнан университетимизда таҳсил олиши билан бирга шу даргоҳда кўплаб шогирдларининг камол топишига фаол ҳисса қўшди. Устоз шоиримизнинг шеърлари юртпарварлик, ҳалоллик, одамийлик, камтарлик, меҳнатсеварлик фазилатларини тараннум этгани билан ҳам биз учун ғоят қадрлидир.

Тадбирда шоирнинг ибратли ҳаёт йўли, фаолияти, дилбар шеърияти хусусида сўз юритилди. Унинг ибратли фазилатлари билан боғлиқ ёрқин хотиралар ёдга олинди. Талабалар томонидан шоир ижодидан намуналар ўзбек ва инглиз тилларида ўқиб берилди.

 Назокат Усмонова, ЎзА
***
назо
ЎзМУ бўлиб ўтган маънавий-маърифий тадбир ҳақида сермазмун мақола ёритган истеъдодли журналист, ЎзА мухбири Назокат Усмоновага самимий миннатдорчилик изҳор этамиз.
ЎзМУ Ахборот хизмати

Вам может также понравиться...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *