Ўзбек палови Гиннеснинг Рекордлар китобида!
Ишларимиз оламжаҳон, ошимиз оламшумул китобда, дейди Дониш домла фахр билан.
8 сентябрь. Ким нима деб ёзишидан қатьий назар юртимизда оламшумул воқеа юз берди. Минг асрлик қадриятимиз саналмиш миллий таомимиз — палов Гиннеснинг Рекордлар китобига киритилди. Ўзбек ошпазлари 7 тоннадан кўп миқдорда ош тайёрлашди. Бу сўзсиз катта воқеа. Бу оддий ош тайёрлаб халққа тарқатиш эмас. Унинг ортида катта меҳнат ётибди.
Осмондаги ой гўзал. Бироқ кимдир ойдан-да камчилик ахтаради. Бу гал ҳам шундай бўлди. Навбатда туришдаги айрим тартибсизликлар куннинг муҳим ҳодисаси сифатида талқин қилина бошланди. Халқимизни очофатлар дейишгача борилди. “Тирақи бузоқ подани булғатади”, деганлари шумикан?
8 сентябрь куни фестивални томоша қилиш учун Чирчиқда истиқомат қилувчи дўстим эрталабданоқ Амир Темур хиёбонига келибди. Машҳур артистлар иштирокидаги концертни кўриб мазза қилибди. Чақирди. Тахминан 16.30ларда бордим. Туманат одам. Ош тарқатилаётган жойга яқинлашиб бўлмайди. Бу бор ҳақиқат. Лекин ош талашаётганлардан кўра фестивалдан баҳра олаётганлар — концерт кўриб, хиёбонни сайр қилаётганлар, ўзаро дийдор кўришиб, дилдан суҳбатлашаётганлар кўпроқ эди. Мен уларнинг кўзидаги фахр туйғусини кўрдим. Ўзбеклар Гиннеснинг китобига киришга ҳақлимиди? Албатта ҳақли эди. Фақат қўшниларимиздан сал кечроқ кирдик.
Масалан Туркманистон 7 марта Гиннесга кирган.
Марказий Осиёдаги энг катта Ашхабодаги Халқаро аэропортда туркман гиламининг 705 квадрат метрлик тасвири Гиннеснинг рекордлар китобига киритилишинг шахсан ўзим гувоҳи бўлганман.
Бундан ташқари 2003 йилда “Олтин аср” деб номланган қўлда тўқилган оғирлиги бир тонна, 400 квадрат метрлик гилам, 2008 йилги дунёдаги энг баланд флагшток, “Алем” кўнгил очар боғидаги ёпиқ айланма, 211 метрлик телеминорани безаб турган Ўғузхон юлдузи, Оқ мармардан қурилган биноларининг кўплиги бўйича Ашхабод шаҳри Гиннеснинг Рекордлар китобига киритилган.
2011 йилнинг 31 августида Тожикистон дунёда энг баланд флагштокка эга мамлакат сифатида Гиннеснинг рекордлар китобига киритилди. Бундан аввал дунёдаги энг баланд флагшток Туркманистон, сўнг Озарбайжонда эди.
2011 йилда Жанубий қутбга борган Қозоғистон География жамиятининг экспедиция гуруҳи ҳам Гиннесснинг рекордлар китобига кирган. Қозоғистонда қайд этилган 4 миллион 845 минг 98 киши ишитирок этган оммавий аэробика ҳам 2003 йил 27 сентябрда рекордлар китобига кирди. Остонадаги “Хон Шатир” савдо-кўнгил очар маркази жаҳондаги энг баланд чодир сифатида Гиннесснинг рекордлар китобига киритилган. Қозоғистонлик оғир атлетикачи Майя Манеза 2010 йилда жаҳон чемпионатида ғолиб бўлди. Унинг жаҳон рекорди хам Гиннессга киртилди. 2012 йилда оғир атлетикачи Илья Ильин ҳам рекордлар китобига киришга муваффақ бўлди.
Хитойда истиқомат қилувчи этник қозоқ бўлган Болат Бейнелули ва Гульзат Азанбекқизи 2008 йилда узунлиги юз метр, оғирлиги бир тонна бўлган қази тайёрлашиб Гиннеснинг рекордлар китобига киритилган эди. Оиланинг талаби билан рекорд Хитой номидан эмас, қозоқ миллий мероси сифатида ўрнатилди. 2010 йилда эса 10 минг дўмбирачи иштирокида бир вақтда қозоқларнинг “Кенгаш” миллий куйи ижро этилди. Хитойнинг Шинжон Уйғур мухтор ўлкасида ижро этилган мазкур куй ҳам Гиннес китобидан ўрин олди.
Инсониятнинг қобилияти чексиз. Ҳар йили Гиннеснинг рекордлар китоби янги-янги кашфиётлар билан тўлдирилади. Бу йил 8 сентябрь куни ўзбек оши Гиннесдан ўрин олган экан, бундан фақат фахрланишимиз керак. Ўзбеклар ижодкор халқ. Бу ҳали бошланиши. Ҳасад билан эмас, ҳавас билан “Қўшниларимиздан қаеримиз кам?” дейишимиз керак. Қўшни давлатларда қайд этилган юқоридаги рекордларни биз ҳам ўрнатишимиз мумкин эди. Бироз кечикдик, холос. Имкониятлар эшиги очилди ва бундан унумли фойдаланишимиз, фақат ва фақат яхшиликка интилишимиз керак. Яхшилик яхши-да.
Шарофиддин ТЎЛАГАНОВ,
«Олтин қалам» мукофоти бош совриндори
Сўнгги фикрлар