«Математика ва физиканинг долзарб масалалари» мавзусида халқаро илмий конференция

Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетида Исроилнинг

Холон технология институти билан биргаликда «Математика ва физиканинг долзарб масалалари» мавзусида халқаро илмий конференция бошланди.

Унда юртимиз олимлари, ёш тадқиқотчилари ва талабалари билан бирга, Исроил, Россия, Қозоғистон, Мексика, Япония каби давлатлардан ҳам математика-физика профессорлари иштирок этмоқда.

к3 к1 к2

Ўзбекистон Республикаси олий ва ўрта махсус таълим вазири Иномжон Мажидов, Ўзбекистон Миллий университети ректори Авазжон Мараҳимов, Исроил давлатининг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Эдуард Шапира ва бошқалар халқлар ўртасидаги дўстликни мустаҳкамлаш, ёшларнинг билим олишга иштиёқини оширишда илм-фан, маданий-маърифий жабҳалардаги алоқалар муҳим ўрин тутишини таъкидлади.

Ўзбекистон Миллий университети жаҳоннинг бир қатор нуфузли олий таълим муассасалари билан самарали ҳамкорлик қилиб келмоқда. Бундай маърифий алоқалар таълим сифатининг юксалиши, ёш олимлар тадқиқотлари самарадорлигининг янада ошишида муҳим аҳамият касб этмоқда. Исроилнинг Холон технология институти ана шундай ҳамкор илмий муассасалардан. Мазкур даргоҳда аниқ фанлар, математика, илғор технологиялар ва нанотехнологиялар каби илм-фаннинг энг долзарб ва замонавий йўналишлари бўйича изланишлар олиб борилади. Эътиборга молик жиҳати, Ўзбекистонда таҳсил олган бир қатор мутахассислар мазкур институтда муваффақиятли фаолият кўрсатмоқда.

– Математика барча фанларнинг асоси, – дейди Холон технология институти раҳбари Эдуард Якубов. – Бу йўналишда олимларнинг ўзаро ҳамкорлиги мустаҳкамланиши ёшларнинг келгуси тадқиқотлари учун пухта замин яратади. Ўзбекистон Президентининг БМТ Бош Ассамблеяси 72-сессиясида сўзлаган нутқида ёшларга қаратган эътибори, жаҳолатни маърифат билан енгиш юзасидан билдирган фикрлари кўпчиликда катта қизиқиш уйғотди. Ушбу конференция ҳам олимлар ҳамкорлиги орқали ёшларнинг илмий изланишларида янги уфқлар очиши шубҳасиз. Ибн Сино, Хоразмий, Форобий каби буюк алломаларни етиштирган бу халқнинг илмий салоҳияти, маданияти, самимияти, бағрикенглиги таҳсинга лойиқ.

– Математика бугунги кунда илм-фаннинг турли жабҳалари, иқтисодиёт, рақамли технологиялар, тиббиёт, қишлоқ хўжалиги, барча-барча жабҳаларда фаол қўлланилмоқда, – дейди Европа Иттифоқи математиклар жамиятининг вице-президенти Армен Сергеев. –Ҳамкорликдаги бундай конференциялар янги-янги изланишларга имкон яратади.

10 октябрга қадар давом этадиган конференция давомида комплекс таҳлил ва функционал назария, алгебра, амалий математика, ҳисоб геометрияси, математик моделлаштириш, оптика, умумий физика, рақамли тиббиёт фани, биотехнологик физика ва бошқа қўплаб йўналишлар бўйича илмий муҳокамалар ўтказилади. Ўзбекистон ва Исроил олимлари алоқаларини ривожлантириш, илм-фан ва амалиёт уйғунлигини таъминлашнинг долзарб масалалари, ёш олимлар тадқиқотларининг натижалари атрофлича таҳлил этилади. Академик, талабалар алмашинувининг янги истиқболлари белгилаб олинади.

 Назокат Усмонова, ЎзА

Вам может также понравиться...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *