“Талов” (Ҳажвия)
Талабаларимдан бири шундай луқма ташлади:
– Газеталарда баъзан “Ахборот хуружи” деган иборага кўзимиз тушади. У нима дегани?
Шунақа саволларга жўялироқ жавоб тополмасам, вазиятдан чиқишнинг йўли бор:
– Бу саволингизга кейинги машғулотда батафсилроқ жавоб бераман,– деб қўя қоламан.
Ҳар гапга фаришта омин дейди, деганлари шу бўлса керак, ўша куниёқ ўзим даҳшатли “Ахборот хуружи”га дуч келсам, денг. Талабаларга бир танлов ҳақида тушунтираётиб, доскага катта-катта ҳарфлар билан шундай ёзиб қўйибман: “ТАЛОВ”.
Кимдир “пиқ” этиб кулди. Партадоши уни секин туртиб, тинчлантирди. Тили буррогина бир қиз ғалати пичинг қилди:
– Устоз, жуда тўғри ёздингиз, баъзи талабаларнинг танловлари чиндан ҳам “талов”га айланиб кетади…
Томдан тараша тушгандек бу гапдан сесканиб кетдим. Доскага қайта разм солгач, хатоимни англадим. Об-бо, алл “н” ҳарфини тушириб қўйибман-ку. Мураббий учун талабаларининг кўзи олдида хато ёзиб қўйишдан ёмони йўқ. Узр, деганча тўғрилаб қўйдим-да, машғулотни давом эттирдим. Қолган гапим минг чиройли чиқмасин, баъзи қитмирроқ талабаларим учун “етарли очко!” бўлгани ғалати боқишларидан шундоқ сезилиб турарди…
Бўлғуси журналистларга бир гап тегмасин. Нақ дунёни остин-устин қилиб юборади-я. Ўша саволга ўзлари умрбод эсимдан чиқмайдиган жавоб топиб беришди-да…
Дарс тугагач, университет ҳовлисига чиқсам бошқа талабалар ҳам ғалати тиржайиб қарашяпти. Ҳайрон бўлиб кетаётсам, бир пичинг гап қулоғимга чалинди:
“Доскага “Талов” деб ёзиб қўйганмиш…”
Об-бо зумрашалар-ей. Шу арзимас хатони ҳам дўмбира қилишибдими? Хай, нима бўлса бўлди. Энди қайси бири билан пачакилашасан? Индамай йўлимда давом этдим. Шундоқ автобусга чиққанимни биламан, йўловчилар дув этиб менга қарашди. Кимнингдир минғирлагани юрагимга наштардек санчилди:
“Талов” деб ёзганмиш… Талабаларни таламоқчи бўлса керак-да…”
Кейинги бекатдаёқ тушиб қолдим. Яхшиси метрода кетаман. Ер ости саройидек шинам метрога тушганда дилим яйрайди. Афсуски, бу алл пастга шўнғиганим ҳамоно таъбим тирриқ бўлди. Кимдир қўлини мен томон бигиз қилганини сездим. Сон-саноқсиз йўловчилар дув этиб менга тикилишди. Яна ўша пичир-пичир…
Одатда узун вагонда йўловчилар ҳарқанча тирбанд бўлмасин, ҳеч ким бир-бирига халақит бермайди. Бизнинг вагонда эса ҳамманинг кўзи менда. Аксига олиб, бўйдан худо берганини шунда ҳис этдим. Вогоннинг ўртасида узун теракдек “савлат тўкиб” турибман…
Кейинги бекатда тушиб қолишдан ўзга чорам қолмади. Тепага чиқсам, Чорсу бозори! Салгина дилим ёзилар, деган умидда бозорга ўзимни урдим. Не ҳолки, бозор аҳли – сотувчи-ю харидорлар ёппасига мен томон бақрая бошласа, денг. И-би, бу қанақаси бўлди? Секин ўзимга разм солдим. Кийим-бошим жойида. Бирор артистга ўхшатишдимикин? Нимамга қарайди булар?
Шунда бир пистачи хотиннинг шанғиллашидан вужудим титраб кетди:
“Битта домулло ўзининг талончилигини ёзганмиш…”
Дамим ичимга тушганча жимгина ортга қайтдим.
Уйга бораман-у юракнитинчлантирувчи дори ичаман! Йўқса…
Энди метрода ҳам, автобусда ҳам менга ўрин қолмабди… Олмасин деб аксига, шартта миндим таксига! Орқа ўриндиқда ўтиришимни ойначасидан кузатиб келаётган хушсуратгина мўйловли ҳайдовчи йўл-йўлакай мийиғида кулиб сўради:
– Кечирасиз, мабодо домла эмасмисиз?
– Нимайди?– Хаёлим патдай тўзганча ҳушёр тортиб қарадим.
У эса елкаларини учириб қўйганча шундай деди:
– Ҳозир радиода қизиқ эшиттириш берилди. Бир домла тап тортмасдан “Талов” деб ёзиб қўйганмиш…
Ҳушим бошимдан учаёзди. Наҳотки…
Уйга бир алфозда кириб келдим. “Сиз ўшами!” дея эркаланиб кутадиган ожизам бу гал бўсағадаёқ нима дейди денг:
– Ҳамманинг оғзида “Талов” деб ёзган домла… Ўғилчангиз айтди, бошвоқсиз интернетда ҳам чиққанмиш. Кўнглим ғаш бўлганидан “Ново-пассит”нинг охирги томчисигача ичиб юбордим. Ишқилиб сиз эмасми ўша?..
Қулоқларим том битди. Шу онда талабамнинг ўша саволига ҳам дафъатан жавоб топдим… Ахир, бундан ортиқ “ахборот хуружи” бўладими? Кўз олдим қоронғилашганча гиламга гуп этиб қуладим…
Тўлқин ЭШБЕК
2009 йил
Qiziqarli hajviya chiqibdi. Haqiqatdan, so’z qudrati nechog’lik ulug’! Muallifning yumoristik tabiati, ruhiy olami reallikka qovushtirilgani, ayniqsa, uni yanada o’qishli qilgan.
Бугун замонавий ахборот технологиялари ҳаётимизнинг барча жабҳаларига чуқур кириб бормоқда. Хусусан, бу жараён миллий медиа тизимида ҳам жадал ривожланмоқда. Шу боис, глобаллашув жараёни чуқурлашаётган, инсон онгини турли кучлар томонидан эгаллашга интилиш кучаяётган бугунги кунда ёш авлодни ижтимоий тармоқлардаги салбий ахборотлар таъсиридан асраш ОАВ вакиллари олдидаги энг муҳим вазифалардан саналади.
Домланинг енгил кулги билан, аммо залворли мавзу юзасидан ёзган ҳажвияси замирида ахборот хуружининг нечоғлик қудратли таъсири ҳақида ўта тушунарли ҳақиқат баён этилган.
Шунака ахборот хуружидан устозларимизни асрасин!