Ўрта Осиё халқлари қадимдан ер юзининг барча қитъаларида жойлашган халқлар билан ўзаро алоқалар ўрнатиб келишган. Айниқса, Ўрта Осиё давлатлари Европанинг кўплаб мамлакатлари билан турли соҳаларда, хусусан, савдо-сотиқ, илм-фан, қишлоқ хўжалиги, адабиёт ва санъат йўналишларида ўзаро ҳамкорлик қилиб келишганлиги тўғрисида тарих гувоҳлик беради. Буни ҳеч ким инкор қила олмайди. Амир Темур Ўрта Осиёни марказлашган давлатга айлантирганидан кейинги даврда эса қўшни давлатлар билан дўстона муносабатлар янада мустаҳкамланади. Ўша пайтда Мовароуннаҳр салтанатининг довруғи етти иқлимга таралади.

XIX аср охири XX аср бошларида Россия империяси томонидан Ўрта Осиё мамлакатлари босиб олингач, ушбу мамлакатлар империянинг мустамлакасига айлантирилади.

Мустамлака мамлакат сифатида бошқа давлатлар билан амалга ошириладиган сиёсий-ижтимоий, маданий-маърифий, спорт, адабиёт ва санъат, умуман, барча соҳалардаги дипломатик алоқалар бевосита рус империяси номидан амалга оширила бошлайди. Бу эса Ўрта Осиё халқларини рус мустабиди соясида қолиб кетишига сабаб бўлади.

Мустақилликка эришганимиздан сўнггина дунё халқлари Ўрта Осиёда Ўзбекистон деган мамлакат борлигини била бошлашди. Ҳозирги кунга келиб таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон жадал суръатларда тараққий этиб бораётган давлатлар қаторида. Бироқ шу ўринда мен бир нарсани айтиб ўтишни жоиз деб топдим: Ўзбекистон ва Марказий Осиё ҳақида маълумотлар европаликларда, хусусан, олмонияликларда жуда оз. Тўғри, Европа давлатлари билан сиёсий дипломатик алоқалар ўрнатилган, лекин у ерда яшовчи инсонларнинг бизнинг минтақамиз, Ўзбекистон тўғрисида етарлича маълумотга эга эмаслигига мен ҳар йили ташкиллаштираётган тадбирларим давомида доим амин бўламан.

Мен 2009 йилдан буён туризм соҳасида фаолият юритиб келаман. Хорижда (Германия ва Англия) ўқиб юрган кезларимда «Ўзбекистонга қайтгач, албатта, туризм соҳасида фаолият олиб бориб, юртимизга сайёҳларни жалб этишни, унинг бой тарихи, шонли ўтмиши, халқимиз урф-одат ва анъаналари, адабиёт ҳамда санъати, кўҳна ва боқий шаҳарларимиздаги қадимий обида ва минораларининг улуғворлигини тарғиб қиламан», деган фикрларни дилимга тугиб қўйган эдим.

Ўйлаган ниятларимга ниҳоят эришдим. Гид-таржимон сифатида ишлаш билан бир қаторда бадиий адабиёт таржимасига ҳам қўл урдим. Ўтган йиллар мобайнида атоқли ўзбек ва немис адабиёти намоёндалари Ҳайнц Эрҳарднинг «Noch’n Gedicht» («Яна шеърият») деб номланган китоби, Ғафур Ғуломнинг «Шум бола» («Der Schelm»), Ўткир Ҳошимовнинг «Дунёнинг ишлари» («Kein Himmel auf Erden»), Абдулла Қаҳҳорнинг «Анор» («Der Granatapfel») каби асарларини, шунингдек, «Буюк ипак йўли ривоятлари» китобларини ўзбек тилидан немис — немис тилидан эса ўзбек тилига таржима қилдим.

Шу билан бир қаторда 2014 йилдан буён Германияда «Ўзбекистон — Буюк ипак йўлининг марвариди» мавзусида маданий-маърифий, адабий-бадиий кечалар ўтказиб келаяпман. Ушбу йилнинг баҳор ойида Германияда шундай кечаларни ўтказиб қайтган эдим. Кузнинг иккинчи ойи (2 ноябрь–11 декабрь)да Германиянинг 27 та (Франкфурт, Лаге, Детмольд, Весселинг, Ҳасслох, Людвигсҳафен, Кёлн, Дюсселдорф, Арвайлер, Эрфурт, Шенштедт, Айзенах, Бад Табарц, Бад Лангензалца, Мюлҳаузен (Тюринген), Гота, Йена, Герлитц, Дрезден, Гослар, Ной Улм, Аугсбург, Фелдкирхен, Грефенберг, Бамберг, Мюнхен) шаҳарларида Ўзбекистон ҳақидаги навбатдаги тақдимотларимни ўтказиб келдим.

Ўтказилган маданий-адабий кечаларда 1000 нафардан ортиқ олмон ва швейцария фуқароси иштирок этди. Улар орасида аҳолининг турли қатламлари, шу жумладан, турли касб эгалари, шаҳар мэрлари ва сиёсатчилар, тадбиркорлар ва мактаб-коллеж ўқувчилари ва олий таълим муассасалари талабалари қатнашишди. Бўлиб ўтган ҳар бир тадбирда иштирокчиларнинг аксарияти Ўрта Осиё, хусусан, Ўзбекистон ҳақида деярли маълумотга эга эмасликларини таъкидлашади.

Ушбу тақдимотларда мен ўзим таржима қилган китоблардан, Ўзбекистон ҳақидаги брошюра ва флайерлардан фойдаландим. Бу галги сафарим жуда тиғиз жадвалда ўтди. Ҳар икки кунда йўлда эдим. Сафар учун автомашина ижарага олдим. Йўлда менга дўстим ва ҳамкасбим, суратчи ва яхшигина танқидчи Хуршид Маматқулов ҳамроҳлик қилди. Германия бўйлаб деярли 5000 км йўлни босиб ўтдик.

Иштирокчилар билан ҳар гал суҳбатлашганимда улар менга «Германияда Ўрта Осиё халқлари ҳақида бериладиган маълумотнинг бори ҳам салбий характерга эга эканлигини айтишди, маълумотларнинг камлиги туфайли кўпчилик европаликлар Ўрта Осиёга саёҳат қилишдан қўрқишини, аксарияти, ҳаттоки, ҳозиргача, Ўзбекистон саёҳат қилиш учун хавфли мамлакат, деб билишади. Чунки Ўрта Осиё мамлакатлари тўғрисида аввалдан қолиб кетган эскича қарашлар ҳанузгача қолган. Тўғри, Самарқанд, Бухоро, Хива шаҳарлари ҳақида германияликлар эшитишган, лекин бу шаҳарлар айнан қаерда жойлашганлиги, Ўзбекистон тинч ва осойишта ҳамда саёҳат учун жуда қизиқарли ўлка эканлигини билмайдилар», — деган фикрларни билдиришади.

Ҳар бир тадбирим сўнгида иштирокчилар билан эркин мулоқот олиб бораман. Унда берилаётган (сиёсий-ижтимоий, маданий, иқтисодий руҳдаги) саволларнинг мен учун нақадар саёзлигини (баъзида даҳшатли) ва лекин европаликлар учун бу оддий саволлигидан хафа бўлиб кетади киши.

Шунда Марказий Осиё, шу жумладан, Ўзбекистон тўғрисида Европада тасаввур ва тушунча нечоғлик саёзлилигига яна бир бор амин бўламан. Бунга мисол сифатида бир неча иштирокчиларнинг саволларидан ҳеч муболағасиз иқтибос келтираман:

«Кўпчилик ғарб давлатларида, жумладан, Германияда юртингиздаги сиёсий-ижтимоий ва иқтисодий муҳит ҳақида тасаввур деярли йўқ. Мен шахсан мамлакатингизда бўлмаганман ва шаҳримизга келиб шундай тадбир ўтказмаганингизда, бу давлат хаёлимга ҳам келмас эди. Ўзбекистон Афғонистон билан чегарадош давлат, буни Ўзбекистон барқарорлиги учун қанчалик таъсири бор? Умуман, Ўзбекистонда ҳам Афғонистондаги нотинчликлар сезилиб турадими?»

«Жаноб Остонов, мен Ўзбекистонга бундан 12 йил илгари касбим бўйича жуда қисқа муддатга ташриф буюрганман, ўшанда мен Ўзбекистонда аёл киши ўз турмуш ўртоғига хиёнат қилса, шариат қонунларига биноан уни тошбўрон қилинишини, ва бу албатта, жаҳон матбуотидан сир тутилиши ҳақида эшитганман. Менинг саволим: бу ваҳшийлик ҳозиргача ҳам юртингизда мавжудми ва ислом дини давлатингиз сиёсатида қанчалик аҳамиятга эга? Аёлларингиз ҳали ҳам ҳижоб кийишадими? (Шу жойида ҳижобни «ниндза кийими»ни кийишадими», деб сўради).

«Сизларда туризм соҳасида инфратузилма қанчалик ривожланган, шаҳарлараро трассалар ҳам мавжудми? Карвонлар ҳали ҳам юрмоқдами? (Шу ерда А.Қаҳҳорнинг «Думли одамлар» ҳикояси ёдимга тушди).

«Ўзбекистонда аҳолининг аксарияти мусулмон динига мансуб экан, бунда ўғил болалар хатна қилиниши тайин. Айтинг-чи, сизнинг юртингизда қиз болалар ҳам хатна қилинадими? (Тўғриси, ушбу саволга тушунмадим ва интернетдан маълумотларни топиб ўқиб, даҳшатга тушдим. Бу Африканинг 28 та мамлакатида, шу жумладан, Миср, Судан ва Сомали давлатларида кенг тарқалган «урф» экан).

«Биз рафиқам билан 2002 ва 2012 йилларда ҳеч қандай сайёҳлик фирмасининг кўмагисиз оммавий йўл транспорт воситаларидан фойдаланган ҳолда, юртингизни кезиб чиқдик. Ва 10 йил ичида Ўзбекистонда деярли ҳеч қандай ўзгаришни кўрмадик, бу албатта, жуда ачинарли ҳолат. Давлатингиз ўзининг бой қазилма ресурслари билан дунё мамлакатлари орасида етакчи ўринларни эгалласа-да, нега халқ бунча қашшоқ яшайди? Нега туристик инфратузилмада ҳеч қандай ўзгариш йўқ, бунга мисол сифатида: Нега ҳожатхона маданияти сизларда ҳеч қандай аҳамиятга эга эмас? Хива – Бухоро ва бошқа йўналишларда қарийб 500 км масофа босиб ўтган йўловчи ва сайёҳлар учун бирор бир фойдаланса бўладиган ҳожатхона йўқ».

«Бизнинг ташқи ишлар вазирлигимиз Фарғона водийсида тез-тез нотинчликлар бўлиб туриши сабабли, ушбу ҳудудга саёҳат қилишни маслаҳат бермайди. Биз юртингизга саёҳат қилишни истаймиз ва Фарғона водийсини ҳам бажонидил бориб кўрмоқчимиз. Бу борада Сиз нима дейсиз? Бизга нима маслаҳат берасиз?»

Тадбирларим давомида жуда кўпгина ижобий руҳдаги — кишига хуш ёқувчи саволлар ҳам берилади. Уларнинг ҳам бир нечтасидан иқтибос қилишга қарор қилдим:

«Тадбирингиз жуда қизғин ўтди, бунинг учун катта раҳмат. Тўғриси, Ўзбекистон бундай гўзал, қизиқарли ва барқарор давлат эканлигини тасаввур қилмаган эдим. Шу йили Эронга саёҳат қилган эдим, лекин бугунги тадбирдан сўнг Ўзбекистоннинг ранг-баранг жилосини, ажойиб архитектурасини, маданий меросини ҳамда хушчақчақ инсонларини суратларингизда кўрдим ва юртингизга, албатта, саёҳат қилмоқчиман. Айтинг-чи, Ўзбекистоннинг шундай сайёҳлик потенциали бўла туриб, нега бу ҳақда бизнинг матбуотимизда маълумот йўқ. Нега юртингиз Европада ҳеч қандай реклама қилмайди?»

«Жаноб Остонов, маърузангиз аъло даражада ўтди, Ватанингизни қанчалик ардоқлашингиз билиниб турибди. Ўзбекистон ҳақиқатда жуда гўзал мамлакат экан. Шахсан мени завқлантирган нарса, бу юртингиздаги турли динларнинг ҳамжиҳатлик ва тотувликда яшаётганидир. Буни ўзбекистонликлар қандай уддасидан чиққан? Биз ғарбликлар сизлардан кўп нарсани ўрганишимиз керак экан».

«Ҳар гал тадбирларингиз доирасида Германия бўйлаб, шаҳарлараро маърузалар қиласиз. Бундан мақсадингиз нима? Бу иқтисодий жиҳатдан ўзини оқлайдими? Сиз ушбу лойиҳангиздан мамнунмисиз? (Биламан, бунга кўпчилик ишонмаслиги мумкин: Лекин марҳум сўз устаси Х.Тожибоев айтганидек, ёнғоқнинг шақир-шуқирига ишқибозмиз).

Тарихдан биламизки, давлатлар ўртасидаги маданий муносабатлар, сиёсий, иқтисодий муносабатларга қараганда давлатларни бирлаштиради, бир-бирига яқинлаштиради. Давлатларимиз урф-одатлари, маданияти, қадриятлари тўғрисида қанчалик кўп билсак, бу бир-биримизни янада яхшироқ тушунишимизга ёрдам беради. Адабиёт ана шундай маданий алоқаларни ўрнатишда муҳим кўприклардан биридир. Германияда ўтказган тадбирларимда айнан шундай фикрларим билан иштирокчиларга маърузалар қилдим. Айниқса, ҳар бир шаҳардаги учрашувларда Ўзбекистоннинг гўзал табиати, ўлканинг мафтункор манзаралари, пурвиқор тоғлари, шарқираб оқаётган зилол сувлари, тарихий шаҳарлари, меъморий обидалари, урф-одат ва анъаналари, адабиёт ҳамда санъатини тараннум қилувчи слайдлар, видеороликлар, буклет ҳамда брошюраларни намойиш қилганимдан сўнг иштирокчиларнинг барчалари юртимизни нақадар бетакрорлигини, халқимизнинг самимий ва меҳмондўст халқ эканлигини эътироф этишди.

Энди Ўзбекистон ҳақида 1000 дан зиёд олмон фуқаролари билишади. Яқинда Ўзбекистонга қайтдим ва қилган сафаримдан, бу галги тақдимотларимдан хурсанд ва мамнунман. Деярли ҳар ҳафта немис тингловчиларимдан, ўртоқларимдан хатлар оламан. Улар ўз хатларида менинг тақдимотларимда қатнашганларидан хурсандликларини ёки улар ҳақида кимдандир эшитганларини айтиб ёзишади.

Юртимизнинг нафақат Европа, балки бутун дунёда маълуму машҳур бўлишида шундай маданий-маърифий ҳамда адабий бадиий кечаларнинг ўрни ва аҳамияти ғоятда муҳимдир. Зеро, биз киммиз ва кимларнинг авлодлари эканлигимизни дунё билиши керак.

Ойбек Остонов

http://kun.uz