Журфакка қабул бўйича таклифлар
ЎзМУ Журналистика факультети декани ўринбосари Отабек ТИЛЛАнинг
таклифларидан ўзи ҳам катта тажрибага эга бўлиб қолган журналист-олим-педагоглиги кўриниб турибди. Фақат, айрим турдош соҳалар қатори Журфакка қабулда ҳам тестдан воз кечилса қаймоқдек иш бўларди-да, дейди Дониш домла санъат йўналишидагиларга ҳавас қилиб…
2-ТАКЛИФ: ИМТИҲОНЛАРНИ ЎТКАЗИШ ТАРТИБИ БЎЙИЧА
ЎзМУ журналистика факултети тажрибаси
Журналистика – ижодий соҳа. Қабулда мана шу оддий аксиомани ёддан чиқариш керак эмас. Тажриба шуни кўрсатадики, ижодий имтиҳондан юқори балл олган абитуриент, ҳар доим ҳам тест синовларида юқори натижа кўрсатавермайди. Ёки аксинча, тестни қойиллатса-да, ижодий имтиҳонда яхши натижа қайд этолмайди. Алалоқибат, соҳа учун керакли кадрлар “ғалвир”дан тушиб қолади. Натижада марра ўртамиёналарга насиб этади.
ЎзДЖТУ халқаро журналистика факультети тажрибаси
Ижодий имтиҳонда абитуриентдан шу кунгача эълон қилган материаллари сўралади. Табиийки, даврий нашрларда журналистик материали эълон қилинмаган абитуриент бу факультетга ҳужжат топширмайди. Аммо тажриба шуни кўрсатадики, журналистика факультетига ўқишга кирмоқчи бўлган баъзи бир олғир, “уддабурон” абитуриентлар (бундай абитуриентлар доим топилади) ё чўнтагига ялиниб, ё бирон танишини ўртага суқиб, мақолани “буюртма” қилади-қўяди. Натижада, имтиҳон комиссияси ҳар қанча обьектив бўлмасин, уларнинг наздида бу мақолани абитуриентнинг ўзи ёзганми ёки йўқми деган масала сўроқ остида қолаверади.
ТАКЛИФ: Шунинг учун ҳам ҳар икки факультетнинг имтиҳондаги тажрибаларини умумлаштирган ҳолда, ижодий имтиҳон икки босқичда ўтказилишини таклиф этамиз:
1-босқич: бунда абитуриентнинг ОАВда эълон қилган материаллари баҳоланади. Шу орқали абитуриентларнинг соҳага йўналган тасодифий оқими камаяди. Табиийки, ҳужжат топширувчиларнинг адади ҳам у қадар кўп бўлмайди. Аммо ютуқ томони шундаки, университетга фақат соҳага қизиққан абитуриентларгина ҳужжат топширади. Шу босқичнинг ўзи анча-мунча саралаш имконини беради.
2-босқич: ижодий иншо ёздирилади. Бунда абитуриентнинг ёзма нутқи, дунёқараши, лисоний саводхонлиги текширилади. Асосийси, биринчи босқичдан “буюртма” мақола эвазига амал-тақал қилиб ўтган абитуриентлар бу босқичда чорасиз қолади. Чунки “лолазор” ижодий иш юқори баҳоланмайди.
Шунингдек, бу йилдан эътиборан талабанинг интеллектал слоҳиятни аниқлашга қаратилган тест синовларининг адолатли ва шаффоф тарзда кенг сиғимдаги залларда, павильонларда ўтказилиши белгиланганлиги соҳа учун зарур кадрларни танлашда асқотиши аниқ.
Отабек ТИЛЛА,
ЎзМУ Журналистика факультети деканининг ўринбосари
Сўнгги фикрлар