“Ёшлик”да Наврўз нашидаси
Бугун мамлакатимизнинг турли ҳудудларида кексалик гаштини сураётган
минг-минглаб зиёли нуронийлардан тортиб турли ташкилот ва муассасаларда фаолият кўрсатишаётган турли касб эгалари – собиқ талабалар Тошкентдаги “Ёшлик” Талабалар шаҳарчасини ажиб хаёллар оғушида энтикиб эслайдилар. Ҳозирги Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетида турли даврларда таҳсил олганлар учун “олтин давр” айнан мана шу гўшада ўтганини, ўшал дамлар ҳаёт мазмунига айланганини асло унутмайдилар.
Гапни катта авлод вакиллари хотираларидан бошлашимиз боиси шундаки, бугун талабалик гаштини сураётган йигит-қизларимиз ҳам ҳадемай дипломини олиб, меҳнат жамоалари сари йўл оладилар, енг шимариб ишга киришадилар, оила қурадилар, шу тариқа ҳаётда муносиб ўрнини, бахтини топадилар!
Ва, албатта, қадрдон гўшасига айланган – “Ёшлик” шаҳарчасини соғиниб, энтикиб эслайдилар!
Ўтган асрнинг саксонинчи йиллари биз ҳам мана шу шаҳарчада талабалик гаштини сурганмиз. У даврда Наврўз – республика миқёсида нишонланмас эди. Бу байрамни билган зиёлиларгина тор доираларда ўйин-кулгилар уюштирган бўлардилар. 1989 йилга келиб республика раҳбарияти шуни ҳам кўп кўришган, уни “диний байрам” сифатида таъқиқлашган…
1990 йилда республика раҳбари Ислом Каримов ташаббуси билан Наврўз – умумхалқ, умуммиллий байрамлар қатори кенг нишоналанадиган бўлди.
Шундан буён ҳар йили Наврўз чинакам халқимиз орзуларининг ифодасига айланган байрам сифатида кенг нишонланиб келинмоқда.
Жамиятимиз тараққиётига монанд Наврўз байрами ҳам ҳаётимизга ўзгача файз киритмоқда. Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йил 23 февралдаги “2018 йилги Наврўз умумхалқ байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги қарорида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида “Ёшлик” шаҳарчасидаги ҳар бир Талабалар турар-жойида байрамга пухта ҳозирлик кўрилди. Байрамдан бир кун илгари дошқозонларда сумалак пиширишга киришилди.
Битар ишнинг бошига ботир келар қошига, дейилганидек, сўнгги йилларда нафақат Наврўз, шу билан бир қаторда бошқа тадбирларга ҳам ҳозирлик кўриш ва юксак савияда ўтказиш каби ташкилий ишларда ЎзМУ Маънавий-маърифий ишлар бўйича проректор вазифасини бажарувчи, фалсафа доктори Қодиржон Абдураҳимов, шу тизимда фаолият кўрсатишаётган ака-ука Жамшид ва Жалолиддин Юсубовларнинг хизматларини барча бирдек эътироф этмоқда. Шу билан бир қаторда ҳар бир факультет декани, ўринбосарлари, масъул ходимлари ва фаол талабалар ҳам шижоат билан ишлаганлари эътиборга моликдир.
Жаҳоннинг шодлиги йиғилса буткул, деган сатрларга монанд манзарани бу кун айнан “Ёшлик” шаҳарчасида кўриш мумкин. Агар тепадан разм солинса, Наврўзнинг бутун файзу-таровати шу гўшага жам бўлгандек.
Талабалар турар-жойлари теварак-атрофлари чинакам Наврўз сайлига ҳозир-у нозир бўлди. Ўтовлар қад ростлади. Ҳар бир факультет жамоаси биттадан ҳудуд (Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва вилоятлар) урф-одатлари, қадимий қадриятларига монанд саҳна кўринишларини кашф этдилар.
Бир кун аввал дошқозонларга солинган буғдой шарбатини қўлма-қўл қўзғаш бошланди. Ўчоқ бошида тажрибали онахон устозлар турдилар, ўланлар айтилди. Йигит-қизлар қўлма-қўл кафгир айлантиришгач, шўх-шодон яллаларга рақсга тушдилар. Тонгга яқин сумалак ҳам тайёр бўлди.
Ҳар бир факультет ижодкор талабалари томонидан тайёрланган деворий газеталарда олам-олам маъно мужассам.
Эрта тонгдан карнай-сурнай садолари остида бошланган Наврўз сайли барчага олам-олам завқ бағишлади.
– Миллий университетимиз жамоаси ҳар Наврўз байрамини ўзига яраша ютуқлар билан кутиб олаётгани қувончли ҳол,– деди ЎзМУ ўқув ишлари бўйича биринчи проректори Давлатёр Жумабоев.– Янги йил арафасида, яъни, 2017 йил 29 декабрда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг ҳақиқий аъзоларини тасдиқлаш тўғрисида”ги фармонига биноан Тарих факультети профессори Сагдуллаев Анатолий Сагдуллаевич Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг ҳақиқий аъзоси этиб тасдиқланган бўлса, давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 2 март куни “Зулфия номидаги Давлат мукофоти билан тақдирлаш тўғрисида”ги қарорига биноан шу олий мукофот билан тақдирланганлар орасида Математика факультети 1-босқич талабаси Абдусатторова Баҳора Фазлиддиновна ҳам борлиги барчамизга ғурур бахш этади.
Миллий байрамлар-у маънавий-маърифий тадбирларда доимо пешқадам бўлган Ижтимоий фанлар факультети жамоаси бу гал пойтахт шаҳримиз ҳамда Тошкент вилояти урф-одатлари ва анъаналари, ҳунармандчилигини ўзида акс эттирган бадиий чиқишлари ва миллий таомлари билан барчани мафтун этди.
Келин салом маросими бугунги сайқал топаётган тўйларимизга пайваста эканлиги кўпчиликка манзур бўлди.
Иқтидорли талабаларнинг рассомчилик санъатини кўриб, дилинг яйрайди.
Арқон тортиш беллашувларини ҳаяжонсиз кузатиб бўлмайди.
– Наврўз байрами ёш авлодни миллий анъаналаримизга садоқат ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида камол топтиришдаги ўрни ва роли ғоят улкандир,– дейди тарихчи олим, ЎзМУ Мураббийлар кенгаши раиси Аброр Хидиров.– Унинг замирида халқимиз тарихи, фалсафаси, қадриятлари ўз ифодасини топган. Наврўзда – тун билан кун тенг келади. Бобокалонларимиз, айнан мана шу куни самовий жисмлар ҳаракатида улкан бурилиш ясалади, табиатда жонланиш юз беради деб, уқтириб келишган. Замонавий илм-фан бу қарашлар, бу ҳаётий билим мукаммал даражадаги аниқликка эга эканлигидан ҳамон ҳайратга тушмоқда. Қадимда Наврўз кенг дала қирлар, тоғлар, боғлар қўйнида бутун элу улус билан биргаликда нишонланган. Буган ана шу қадриятга айланган анъаналарни ўзимизнинг “Ёшлик” шаҳарчасида кўриб, унинг жозибаси ва тароватини ҳис этиб турибмиз. Наврўз ҳақида тарихий, адабий манбалар кўп. Маҳмуд Қошғарий, Беруний, Умар Хайём, Алишер Навоий каби алломаларимизнинг асарларида ва бошқа манбаларда Наврўз байрами, у билан боғлиқ урф-одатлар ҳақида кўплаб маълумотлар келтирилган. Абу Райҳон Беруний ўзининг «Қадим халқлардан қолган ёдгорликлар» деб номланган асарида бу байрамнинг тарихи ҳақида фикр юритади. Йил фасллари алмашинуви, тақвим ва ҳисоблари авлоддан-авлодга турли мақол, матал, топишмоқ, нақл ва афсоналар шаклида мерос бўлиб ўтади. Буларнинг барчаси талабаларимиз учун катта сабоқдир.
Наврўз сайлида Хорижий филология факултети Қорақалпоғистон Республикаси, Кимё факультети Хоразм, Журналистика факультети жамоаси Жиззах, Геология ва география факультети Фарғона, Физика факултетига Андижон, Математика факультети Сурхондарё, Билогия факультети Бухоро, Тарих факультети Қашқадарё, Иқтисодиёт факультети Самарқанд вилоятларининг миллий қадриятлари, урф-одатларини кўрсатиб бердилар. Ҳар бир вилоятнинг халқ лапарлари, ўзига хос миллий либосларида жозибали рақслари давраларга янада файз киритди.
Мардлар тушган майдонларда шахмат, шашка, стол тенниси, армреслинг, арқон тортиш, кураш, волейбол ва футбол каби спорт мусобақалари мухлисларни ҳаяжонга солди.
Байрам дастуридан ўрин олган “Юртимизда Наврўз!”, “Доимо эъзоздасиз, муқаддас аёллар!” мавзуига бағишланган деворий газеталар, “Моҳир ошпазлар”, “Баҳорий гуллар”, “Сумалак сайли” кўрик-танловлари барчани мафтун этди.
Сўзимизни азиз нуронийлар ва катта авлод вакилларининг “олтин даври” ўтган “Ёшлик” Талабалар шаҳарчасини соғиниб яшашлари ҳақидаги мухтасар фикрларимиз билан бошлаган эдик.
Хулоса ўрнидаги сўзимиз шулки, бугунги талабаларимиз ҳам ҳадемай –ҳаётда муносиб ўрниларини топганларида, кексалик боғларига етганларида бу кунларни энтикиб эслайдилар.
Фақат, бу бахтиёр ёшларнинг “олтин даври” ота-оналари ва устозлари кўрган кунлардан минг карра аъло, сермазмун ва жаннатмонанддир.
***
“Ёшлик” шаҳарчасида юксак савияда ўтказилган Наврўз сайлини оммавий ахборот воситаларида кенг ёритган ЎзА мухбири Инобат Аҳатова, “Тошкент” телеканали мухбири Зафар Ёқубов, Иқтисодиёт факультети талабаси Бобур Баҳромбеков, Журналистика факультети талабаси Муслима Омонқулова, ЎзМУ профессор-ўқитувчилари Шаҳноза Зоҳидова, Лаълихон Муҳаммаджонова, Жамила Жумабоева ва бошқаларга самимий миннатдорчилик изҳор этамиз.
Тўлқин ЭШБЕК,
ЎзМУ Ахборот хизмат раҳбари
Сўнгги фикрлар