Тўғри йўлда эгри қадамга не ҳожат…
Юртимиз мустақиллигининг энг тотли неъматларидан бири – фуқароларимиз чет
давлатларга эмин-эркин бориб келишмоқда! Хорижга саёҳатга, ўқиш ёки эзгу ишлар билан бориш ҳам умринг мазмунига айланаверади. Бунинг учун юртимизда бугун барча шароитлар муҳайё этилган.
Афсуски, шундай имкониятларга нописандлик билан қараб, белгиланган тартиб-қоидаларни оёқости қилаётганлар ҳам учраб туради. 1989 йилда Жиззах туманида туғилган фуқаро Р.Ф. ана шундай кимсалардан бўлиб чиқди. У бирор ижтимоий фойдали меҳнат билан шуғулланмасдан, қонунга хилоф равишда чет элга чиққани фош этилди.
2016 йил 26 июнь куни Тошкент вилоятида жойлашган чегара назоратидан ўтган Р.Ф. Қозоғистон Республикасига, у ердан 28 июнь куни Туркиянинг Истамбул шаҳрига борган. Тўғри қадам қўйган ҳар бир фуқаро ҳамиша қонун ҳимоясида бўлади. Бироқ, кўриб-билиб қонунбузарлик қилганларга тегишли чора кўрилади. Афсуски, Р.Ф. ҳам 2015 йил 7 октябрда Жиззах туман Ички ишлар бошқармаси томонидан расмийлаштирилган АВ 1396605 рақамли Ўзбекистон Республикаси фуқаролик паспортида мавжуд бўлган “Дунёнинг барча мамлакатларига чиқиш учун” стиккер визасини расмийлаштирмаган ҳолда иш тутган. Яъни, қонунга хилоф равишда белгиланган тартибни бузиб, хорижга йўл олган.
Тўғри одам тўғри қадам ташлайди, ўзини ҳам, ўзгаларни ҳам асло хатарга қўймайди, деган ҳикмат бежизга айтилмаган. Р.Ф. ҳам қонунга хилоф иш тутмай, тўғри қадам босганида бундай ҳолга тушмасди. У 2018 йилнинг 18 ноябрь куни “Стамбул-Тошкент» йўналишидаги НY 272-сонли рейс билан Ўзбекистонга қайтиб келиб, Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида паспорт назоратидан ўтаётган вақтида чегара назорати ходимлари томонидан қўлга олинди ва тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилди.
Ҳуқуқий маданияти бўлган инсон Вазирлар Махкамасининг 1995 йил 6 январь кунидаги 8-сонли Қарорининг 1-иловаси 2.1., 2.2. бандларида белгиланган тартиб-қоидаларга амал қилиши зарур эмасми. Маълумки, чет элга бормоқчи бўлган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари бу ҳужжатга асосан белгиланган шаклдаги анкета-аризани тўлдириши лозим. У Ўзбекистон Республикаси паспортини тақдим этган ҳолда яшаш жойлари бўйича ички ишлар идораларига мурожаат килишлари, ички ишлар идоралари фуқароларнинг анкета-аризасини 15 кунлик муддатда кўриб чиқиб, паспортга икки йил муддатга чет элга бориш учун амал қиладиган тегишли белги қўйишлари кўрсатилганини ҳамма билади.
Хуллас, қоидабузар Р.Ф. жиноий хатти-ҳаракатларига яраша тегишли жазога тортилди. Бироқ, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимларининг мақсади фақат қоидабузарларни жазога тортиш эмас, балки, жиноятнинг олдини олишдир. Бу ерда Р.Ф. бошқа жиноятларни ҳам содир этиши мумкин эди. Чунки, бир жиноят мудом иккинчисига йўл очади. Вақтида хатарли қадамларнинг олди олинса, бошқа жиноят содир этилмаслиги мумкин.
Ушбу мақолани ёзишдан мақсадимиз шу – бундан ҳар ким ўзига тегишли хулоса чиқармоғи лозим. Токи, парвозларимиз бехатар бўлсин.
Зафар Султонов,
терговчи
Сўнгги фикрлар