Олтинимиз мўл, баракали бўлсин!
- Тўлқин Эшбек ·
Тиллога тенг хабарни ўқиб изоҳимизга шундай сарлавҳа қўйдик, дейди Дониш домла.
Ўзбекистонда қанча олтин мавжудлиги эълон қилинади — Молия вазири
Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари — Молия вазири Жамшид Қўчқоров Ўзбекистон олтин захираси тўғрисидаги маълумотлар тез кунларда эълон қилинишини маълум қилди. Бу ҳақда Kun.uz мухбири хабар бермоқда.
«2018 йил давомида очиқ жамият шароитида яшашга ўргандик. Бу ҳаммамиз учун янгилик, бу — президент сиёсати. Халқ билан мулоқот. Бу дегани фақат президент қабулхонасида эмас, ҳамма жойда (мулоқот — таҳр.) бўлиши керак. Шунинг учун, эътибор қилган бўлсангиз, Ҳукумат барча блокларда, хусусан иқтисодиёт блоки ҳақида гап кетганда, доимий равишда ҳамма маълумотларни очиқ-ойдин эълон қилиш тартибига ўтди.
Ҳозирча беркитилган ҳеч нима қолмади. Ўзбекистонда қанча олтин захираси мавжудлиги, ўйлайманки, яқин ҳафталарда эълон қилинади. Чунки, у мамлакатнинг бойлиги», — дейди у.
Ҳозиргача мамлакат Марказий банки 2018 йил бошидан буён олтин-валюта захиралари тўғрисидаги маълумотларни оммага эълон қилиб келяпти. 2018 йил октябрда эълон қилинган маълумотга кўра, Ўзбекистон ялпи олтин-валюта захиралари 26,4 млрд долларни ташкил этди. Улардан хорижий валютадаги активлар — 12,4 млрд доллар (сентябрда 12,9 млрд доллар бўлган), монетар олтин — 13,9 млрд доллар. Соф олтин-валюта захиралари 25,4 млрд долларга тенг, дея эътироф этилганди.
Олтин-валюта захиралари давлатнинг юқори ликвидлиги билан ажралиб турувчи активларидир. Улар махсус давлат структуралари (давлат ғазнаси ва марказий банклари, АҚШда Федерал захира тизими) томонидан назорат қилинади.
Оддий сўз билан айтганда, олтин-валюта захиралари давлатнинг олтин ва бошқа мамлакатлар валюталаридаги расмий захирасидир. Давлатнинг олтин-валюта захиралари миқдори унинг иқтисодиёти ва молиявий тизими ҳолатидан дарак беради, давлатлараро мажбуриятлар бўйича тўловларни ўз вақтида амалга оширишини кафолатлайди.
Давлат захиралари билан таъминлаш қатор вазифаларни амалга ошириш имконини беради. Улар жумласига мамлакат валютасини қўллаб-қувватлаш, давлат сиёсатига ишончни сақлаб туриш, пул-кредит воситаларини бошқариш, инқирозли вазиятларда карахтликка тушиб қолмаслик, мамлакатнинг ишончлилик рейтингини ушлаб туриш кабилар киради.
https://kun.uz/news/2019/01/02/ozbekistonda-qancha-oltin-mavjudligi-elon-qilinadi-moliya-vaziri
Сўнгги фикрлар