Публицистика кенгаши ҳисоботи

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида Публицистика кенгашининг 2018 йил

якунларига бағишланган ҳисобот йиғилиши бўлиб ўтди.

Йиғилишда мамлакатимиздаги етакчи матбуот нашрлари муҳаррирлари, журналист ва соҳа вакиллари иштирок этди. Йиғилишни кенгаш раиси публицист Аҳмаджон Мелибоев олиб борди. Аҳмаджон Мелибоев ўтган 2018 йилда мамлакатимизда жуда кўплаб публицистик мақолалар ва тўпламлар ўқувчилар эътиборга ҳавола этилгани, уларнинг савияси ва кўтарилиб чиқилаётган мавзуларнинг долзарблиги ҳақида айтиб ўтди.

Шунингдек, таниқли публицист, адиб Ҳаким Сатторий мамлакатимиздаги газета ва журналлардаги чоп этилган публицистик материаллар ҳақида гапирар экан, уларда танқидий қарашлар, муаммоларнинг қўйилиши ва мавзулар ранг-баранглиги кўзга ташланганлигини таъкидлади. Филология фанлари номзоди, доцент Тўлқин Эшбек эса интернет журналистикасига тўхталар экан, бугунги кунда ушбу йўналишдаги муаммолар ва ютуқлар ҳақида атрофлича гапириб ўтди. Йиғилишда иштирок этган таниқли журналист ва соҳа фидоийлари ўз мулоҳазалари билан ўртоқлашдилар ҳамда бир қатор таклифларини билдирдилар.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси матбуот хизмати

http://ijod.uz/?p=22238

***

Публицистлар ижод мактаблари яратилса…

Публицистлар ижод мактаблари яратилса...Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси бадиий публицистика кенгашининг 2018 йил якунларига бағишланган йиғилишида чоп этилган публицистик китоблар, газета-журналларда эълон қилинган мақолалар муҳокама этилди.

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2017 йил 3 август куни мамлакатимиз ижодкор зиёлилари вакиллари билан учрашув ўтказган эди. Учрашувда миллий маданиятимиз, адабиёт ва санъатимизни ривожлантириш билан боғлиқ долзарб масалалар, уларни ҳал этиш йўллари, бу борада ижодий уюшмалар ва давлат ташкилотлари олдида турган муҳим вазифалар ҳақида атрофлича фикрлар билдирилганди.

Президентимиз бўлиб ўтган очиқ ва самимий мулоқотнинг аҳамияти, мантиқий натижаси ҳақида сўз юритиб, “Бизнинг ҳавас қилса арзийдиган буюк тарихимиз бор. Ҳавас қилса арзийдиган улуғ аждодларимиз бор. Ҳавас қилса арзийдиган беқиёс бойликларимиз бор. Ва мен ишонаман, насиб этса, ҳавас қилса арзийдиган буюк келажагимиз, буюк адабиётимиз ва санъатимиз ҳам албатта бўлади”, деган фикрни қатъият билан таъкидлаган эди.

Хўш, биз давлатимиз раҳбарининг ишончини қай даражада оқлаяпмиз? Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси бадиий публицистика кенгаши раиси, “Жаҳон адабиёти” журнали бош муҳарири Аҳмаджон Мелибоев чоп этилган китобларнинг мазмун-моҳияти ҳақида ўз фикрларини билдирди.

Эълон қилинган тўпламлар ичида Олим Тошбоевнинг Ўзбекистон халқ ёзувчиси Шукур Холмирзаев ҳаёти ва ижодига бағишланган “Адабий замондош” китоби яққол ажралиб туради. Китобни жиддий илмий-тадқиқот, роман-эссе дейиш ҳам мумкин. Муаллиф китоб устида узоқ вақт ишлаган, адиб ҳаётига оид ғоят муҳим, аммо тарқоқ, кўзга ташланмайдиган деталлар, фактларни заҳмат билан тўплаган.

Ёқубжон Хўжамбердиевнинг уч қисмдан иборат “Соғуний” номли асари хусусида ҳам шундай фикр билдириш мумкин. Китоб тўлақонли бадиий асар, шу билан бирга унда бадиий публицистиканинг энг яхши, таъсирчан унсурларидан ҳам унумли фойдаланилган.

Рўзимбой Ҳасаннинг “Кечув” номли роман-эссеси, Жаҳонгир Исмоиловнинг “Чиптасиз одамлар” романи ҳам асосан публицистик руҳ билан ёзилган. Бундан ташқари, Чингиз Айтматов таваллудининг 90 йиллиги муносабати билан чоп этилган “Чингиз Айтматов ва Ўзбекистон” мақолалар тўплами, шунингдек, Сайди Умиров, Йўлдош Солижонов, Адҳамбек Алимбековнинг илмий-публицистик рисолалари адиб тўйига муносиб совға бўлди.

Ўзбекистон халқ шоири Маҳмуд Тоирнинг “Янгиланаётган Ўзбекистон”, “Европа саёҳати”, Дадахон Нурийнинг “Виждон ҳайқириқлари”, Икром Ўтбосаровнинг “Ватанда сафар қил” китоблари бадиий публицистика мухлислари учун яхши совға бўлди.

– Бугунги кунда оммавий ахборот воситаларида танқидий, таҳлилий мақолалар жуда кўпайди, – дейди Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, шоира Шарифа Салимова. – Бироқ ҳамма муаммолар ҳам ижобий ҳал этиляпти, деб бўлмайди. Муаммонинг илдизига етиб боролмаяпмиз. Аввал бир танқидий мақола эълон қилинса, тезда ўша муаммо бартараф этиларди. Журналистлар муаммонинг илдизига етиб боришарди. Яна бир масалага тўхталиб ўтмоқчиман, бугунги кунда шоир, ёзувчиларнинг ижод мактаблари ташкил этиляпти. Назаримда, Одил Ёқубов, Пиримқул Қодиров, Шукур Холмирзаев ижод мактабларини ҳам ташкил этиш керак. Публицистикасиз бадиий адабиётга чиқиб бўлмайди. Таниқли ёзувчи, шоирлар ҳам ўз ижодини аввал публицистикадан бошлаган. Шундай экан энг яхши публицистлар ижод мактаблари яратилса, мақсадга мувофиқ бўларди.

Хуршид Қодиров, ЎзА
http://uza.uz/oz/society/publitsistlar-izhod-maktablari-yaratilsa—20-03-2019
***
Публицистика кенгашидан лавҳалар
ё1 ё2 ё3 ё4

Вам может также понравиться...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *