Ректор бўлмағур ўқитувчидан қутулиш учун ярим умрини сарфлаши керак…

«Профессор-ўқитувчи» деган номга нолойиқ баъзи кимсалар университетларни

маккорлик билан эгаллаб олишган. Уларнинг бутун ўй-фикри порахўрлик қилиш, харом-хариш йўллар билан бўлса-да чўнтагини қаппайтириш… Олий таълимдаги коррупция, деганлари мана шу бўлади. Қуйидаги мақолаларни ўқисангиз, ўзингиз бирор жўяли хулоса чиқарасиз. ОАВда Ректорларнинг бундай чиқишлари «Муносабат» кўрсатувининг ажиб маҳсулидир, дейди Дониш домла.

1

СамДУ ректори: «Таъмагирлик қилаётган ўқитувчини ишдан бўшата олмайман, тизим шунақа»

1аа

Фото: Халқаро пресс-клуб

Бугун, 26 июнь куни Халқаро пресс-клуб сессиясида сўз олган Самарқанд давлат университети ректори – техника фанлари доктори, профессор Рустам Холмуродов ана шундай фикр билдирди.

Kun.uz мухбирининг хабар беришича, СамДУ раҳбари таълим сифатини оширишга тўсиқ бўлаётган икки асосий муаммога тўхталиб ўтган.

«Менинг ўзимнинг бу масалада дунёқарашим бор. Айтайлик, бир поезд бор. Биз 30-40 йилдан бери поезднинг ҳар битта вагонини итариб, тортмоқчи бўляпмиз. Локомотиви эса турибди. Назаримда, иккита асосий локомотив бор. Уларни силжитиш оғир. Балки шунинг учун уларга қўл урмаётгандирмиз.

Биринчи локомотив – талабани мустақил билим олишга ундайдиган механизм киритилиши керак. Бу дегани имтиҳон тизими мустақил, адолатли ва шаффоф бўлиши керак, биз бераётган вазифалар билан талаба кутубхонага, интернетга мурожаат қилиши, билим кавлайдиган даражага келиши керак. Яъни талабани фаоллаштиришимиз керак.

Баррикаданинг иккинчи томонида ўқитувчи турибди. Ҳозиргача мавжуд ўқитувчини ишга қабул қилиш ва бўшатиш, унинг иш муддатини узайтириш тизими унинг фаоллигини таъминламайди. 40-50 йиллик тажриба шуни кўрсатяпти. Бу кеча бошланган жараён эмас, ўртоқлар.

Таъмагирлик билан шуғулланаётган, дарсининг сифати бўлмаган муаллимдан мен ректор сифатида қутула олмайман. Расман олганда, қўлимда қоидалар бор. Лекин бу қоида, кечирасиз-у, сичқонни ўлдириш учун оғзига дори солиш керак, уриб ўлдириш керак, деганга ўхшаган тизим бор, ўртоқлар.

Ректор 2-3та бўлмағур муаллимдан қутулиш учун ярим умрини сарфлаши керак.

Бу масалада, ўйлайманки, шартнома тизимини жорий этиш керак. Ўқитувчини бир йилга ишга оламанми, уч йилгами, муаллим билиши керак – йил якуни бўйича ёки уч йил якуни бўйича уни фаолият сифатлари талабга жавоб бермаса, шубҳасиз, судга бермай, порталга мурожаат қилмай, касаба уюшмасига бермай, кетиши керак.

Ўшандагина муаллимда масъулият пайдо бўлади. Худога шукр, ҳозир маошлар ошди. Энди сўрасак бўлади. 1 сентябрдан профессорим 9 млн олади, пенсионери 11 млн олади», – деди Рустам Холмуродов.

«Шу иккита локомотивни ишлата олсак, кейин аста-секин халқаро Болонья жараёни деймизми, бошқа нарсалар деймизми… Бизда сифатни кўтаришнинг оддий, жайдари муаммоси турибди. Юқори материяга ҳали анча йўлимиз бор, ўртоқлар», – дея таъкидлади СамДУ ректори.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов Ўзбекистон ОТМларида ректорларни сайлаш тизимини жорий этиш кераклигини таъкидлагани хабар қилинган эди.

https://kun.uz/news/2019/06/26/samdu-rektori-tamagirlik-qilayotgan-oqituvchini-ishdan-boshata-olmayman-tizim-shunaqa

***

Ўзбекистонда ректорларни сайлаш тизимини жорий этиш керак – Азиз Абдуҳакимов

1аа
Фото: Халқаро пресс-клуб

«Кўплаб ректорларимиз ОТМлар мустақил эмаслиги масаласини кўтаришмоқда. Ўйлайманки, ОТМларимиз ўз автономиясига эга бўлиши керак. Бунга қандай эришишимиз мумкин?

Биринчи навбатда, ректорларимизда кафолат бўлиши керак. Олдинги йилларга қарайдиган бўлсак, ректорлар 2-3 йилда алмашарди. Биз ўйлашимиз керакки, уларни сайлов йўли билан камида 5 ёки 10 йилга тайинланадиган тизимни жорий этиш бугунги кун талабига айланган.

Албатта, айримлар эртага қандайдир бир гуруҳлар ўз одамларини олиб келишга ҳаракат қилиши хавфи бор, дейишади. Лекин бунга жавоб топсак бўлади. Сайловга Олий таълим вазирлиги томонидан 3-4 номзод берилса ва ректор шу номзодларнинг ичидан сайланса, ўйлайманки, ҳеч қанақа хавфи бўлмайди», – деди Абдуҳакимов.

Азиз Абдуҳакимовнинг фикрича, Ўзбекистонда олийгоҳлар структураси ҳам тубдан ўзгариши керак.

«Кўплаб ректорлар билан гаплашганимизда улар илм билан, ўқув жараёни билан шуғулланмасдан, кўпроқ хўжалик масалалари билан овора бўлиб қолишганини айтишади. Тўлов-топшириқномасига қўл қўйиш, пулнинг тақсимланиши, қурилиш масалалари каби оддий кундалик масалалар билан овора бўлиб, асосий иши – илмий-ўқув жараёни билан етарлича шуғуллана олишмаяпти.

Етакчи халқаро университетлар структурасини ўргансак, уларда ректор – ОТМнинг таниқли одами, таниқли олим, керак бўлса, бренди бўлиб чиқади. Бу университетларда мавжуд бўлган хўжалик масалалари билан шуғулланадиган бошқарувчи ёки бош менежер лавозимини жорий этсак мақсадга мувофиқ бўларди», – дейди у.

Ҳукуматнинг таълим соҳасига масъул мулозими ўз нутқида, шунингдек, мамлакатдаги ОТМларнинг бир-биридан айтарли фарқ қилмаслигини ҳам таъкидлади.

«ОТМларимизнинг ҳолатини ўрганиб чиққанимизда, оддий мисол, бирорта олий таълим муассасамизда ўзининг байроғи йўқ, мадҳияси йўқ. Умуман олганда, ҳамма ОТМларимиз бир-бирига ўхшаб қолган. Бундай қарасангиз, улар алоҳида-алоҳида ОТМ эмас, балки Олий таълим вазирлигининг филиалларига айланиб қолган. Уларда автономия бўлмагани бунга сабаб», – деди Азиз Абдуҳакимов.

Унинг сўзларига кўра, Ўзбекистон олийгоҳларида корпоратив бошқарувни йўлга қўйиш вақти келган. Олий таълим муассалалари молиявий жиҳатдан мустақил бўлиши, керак бўлса, ўз сиёсатини ўзи белгиловчи бўлиши керак.

«Самарқанд давлат университети ректори билан гаплашганимда уларга кунига 300-400та хат келиши, уларни ўқишга улгуриб бўлмаслиги, йилига 6000-7000та топшириқ тушиши, улар билан овора бўлиб, иш билан шуғулланишга имконият йўқлигини айтди. Албатта, биз бу нарсаларни йиғиштириб қўйишимиз керак», – деди Бош вазир ўринбосари.

«Охирги йил давомида биз Вазирлар Маҳкамасида бўлган кўплаб функцияларнинг ҳаммасини бериб юбордик. Турли керак-керакмас идоралараро ҳар хил комиссиялар бор эди. Ҳаммасини Олий таълим вазирлигига ўтказиб юбордик», – дея қўшимча қилди Абдуҳакимов.

https://kun.uz/news/2019/06/26/ozbekistonda-rektorlarni-saylash-tizimini-joriy-etish-kerak-aziz-abduhakimov

***

ОТМларда дарслар зерикарли, бюрократия жуда кучли, ректорлар мустақил эмас – ХПК

Бугун, 26 июнь куни Халқаро пресс-клубнинг Ўзбекистонда олий таълим соҳасига бағишланган бир ойлик сайёр сессиялари хулосалари юзасидан якуний муҳокамаси бўлиб ўтди. Унда соҳага масъул ҳукумат мулозимлари ва аксарият ОТМларнинг ректорлари иштирок этди.

Фото: Халқаро пресс-клуб

Kun.uz мухбирининг хабар беришича, сессия аввалида ХПК томонидан бир ой давомида сайёр сессияларда ОТМ талабалари, профессор-ўқитувчилари ва ректорлари томонидан кўрсатилган муаммоли ҳолатлар умумлаштирилган ҳолда санаб ўтилди.

Талабалар таъкидлаган муаммолар:

  • Олий таълим ва ишлаб чиқариш ўртасида ҳамкорлик йўқ. Шу сабабли амалиётнинг самараси бугунги истеъмолчилар талабига жавоб бермайди. Ёзги амалиёт эса коррупция ҳолатларини келтириб чиқаради.
  • Талабанинг билимини жорий баҳолаш тизими талабга жавоб бермайди, талабанинг асл салоҳиятини кўрсатиб бермайди. Бу эса таъмагирликка асосий сабаб бўлмоқда.
  • Ахборот-ресурс марказларининг моддий-техник базаси талаб даражасида эмас, уларнинг сиғими ўсиб бораётган талабалар контингентига мос келмайди.
  • Айрим университетларда ҳатто интернет йўқ ёки тезлиги жуда паст.
  • Замонавий ўқув-лаборатория ва ўқитишнинг техник воситалари етарли эмас.
  • Айрим ўқитувчилар ўз устида ишламайди, мутахассислиги бўйича замонавий билимларга эга эмас.
  • Дарслар қизиқарли бўлмайди. Етарлича билим берилмайди.
  • Ўқув дарсликлари эскирган. Замонавий чет эл дарсликлари эса ўзбек тилида эмас. Электрон кутубхона тўлақонли шакллантирилмаган.
  • Магистратурага қабул қилиш тизими шаффоф эмас.
  • Ўқитиладиган фанлар сони жуда кўп. Номутахассислик фанлари ҳам якуний сессияда мутахассислик фанлари каби талабни қўяди. Талаба аъло баҳо билан сессияни ёпмаслиги учун номутахассислик фанлари атайлаб баҳони туширади.
  • Энг коррупциялашган фанлар – ижтимоий-гуманитар фанлардир.
  • Давлат имтиҳонларининг айримларини бекор қилиш керак.

Профессор-ўқитувчилар таъкидлаган муаммолар:

  • Малака ошириш тизими талабга жавоб бермайди. Маълумотлар эски, янгиланмайди. Тизимда коррупция ҳолатлари мавжуд.
  • Олий таълимда бюрократия жуда кучли. Олий таълимни самарали ташкил қилиш учун зарур бўлган, зудлик билан янгиланиши ва ишлаб чиқилиши керак бўлган меъёрий ҳужжатлар сони жуда кўп.
  • Илмий иш қилиш учун ўқитувчига шароит кам. Илмий иш қиламан деган ўқитувчи бюрократия ботқоғига ботиб қолади ва оқибатда мақсадидан ҳам қайтади.
  • Илмий тадқиқотларни амалга ошириш жараёнида ўқитувчилар Олий аттестация комиссиясининг мураккаб бюрократик довонидан ошиб ўтиши керак.
  • Барча меъёрий ҳужжатлар фақат таянч олий таълим муассасаси томонидан ишлаб чиқарилаётгани сабабли университет, институт ва филиаллар ўртасида рақобат яхши шаклланмаган.
  • Ўқув режалари ва фан дастурларини тузишда ОТМнинг индивидуал имкониятлари ва илмий-педагогик салоҳияти ва мактаблари хусусиятлари ҳисобга олинмаган.
  • Хорижий адабиётларнинг таржимасини ташкил этиш механизми ишлаб чиқилмаган. Бунда халқаро муаллифлик ҳуқуқлари меъёрларига амал қилинмаяпти.
  • Олий таълимни янада ривожлантириш, таълим сифатини ошириш стратегиясини ишлаб чиқиш, ривожланишни башоратлашга қаратилган форсайт марказлар мавжуд эмас.

Ректорлар таъкидлаган муаммолар:

  • Ректорларнинг мустақиллик даражаси чегараланган, улар маҳаллий ҳокимият ва вазирликларнинг нисбатан босими остида ишлайди.
  • Талабалар билимини жорий баҳолаш тизими шаффоф ва адолатли эмас, кўп жиҳатдан ўқитувчининг субъектив хоҳишига боғлиқ.
  • Олий таълим тизимида коррупция, таъмагарликка имкон берадиган қонун-қоида ва низомлар мавжуд. Ялпи ижро ижрога киритишдан олдин амалдаги меъёрий ҳужжатларнинг айримларини балки алоҳида ОТМларда муайян муддат синовдан ўтказиш зарур. Айрим ўта муҳим ҳужжатлар ижросига киргач, муаммолар келиб чиқмоқда.
  • Олий таълимни ташкил қилишнинг жуда кўп ваколатлари асоссиз равишда ОТМ ва олий таълим тизимидан олиниб, Вазирлар Маҳкамасига берилган. Натижада таълимни оператив бошқариш суръати президент қўяётган талабга мувофиқ эмас.
  • Ўзбекистонда ОТМларга ишга олиш тартиби совет давридан буён номи ўзгарса ҳам, мазмуни ўзгармаган. Белгиланган танлов тартиби мавжуд реалликдан йироқ. Кўпчиликда таклиф мана шундай: ОТМларга Меҳнат кодекси доирасида педагогларни ёллаш тартибини ишлаб чиқиш имкониятини бериш зарур.
  • Ўзбекистон олий таълими яқин вақт ичида қандай бўлиши керак, деган тасаввур йўқ.
  • Олий таълим вазирлиги 2018 йилда ОТМга 2600та топшириқ юборган. Бу вазирликнинг ўзида ҳам, ОТМларда ҳам биринчи раҳбар ва ўринбосар циркуляр хатларнинг айланишини таъминлаш билан банд бўлиб қолганини кўрсатмоқда. Ректорларнинг фикрича, вазирлик стратегик мақсадлар билан шуғулланиши керак.
  • Маҳаллий ҳокимият учун ОТМларни йиғилишга мажбурлаш бошқарувнинг бир усули ёки келгусида уларга босим ўтказиш қуролига айланган.

https://kun.uz/news/2019/06/26/otmlarda-darslar-zerikarli-byurakratiya-juda-kuchli-rektorlar-mustaqil-emas-xpk

Вам может также понравиться...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *