Шавкат Мирзиёев Имом Бухорий мақбарасини зиёрат қилди

Буюк муҳаддис, ислом оламида саҳиҳ ҳадислар муаллифи, деб эътироф

этиладиган улуғ аждодимиз мангу ором топган маскан мўмин-мусулмонлар учун муқаддас зиёратгоҳдир.

Шавкат Мирзиёев Имом Бухорий мақбарасини зиёрат қилдиДавлатимиз раҳбари ташаббуси билан ушбу мажмуани реконструкция қилиш ва кенгайтириш, бу ерда турли мамлакатлардан келадиган зиёратчилар учун муносиб шарт-шароит яратиш кўзда тутилган. Жумладан, симметрик тарзда иккита масжид ва тўртта минора қуриш, йўлдан кириб келишда хиёбон, унинг атрофида кичик меҳмонхоналар ва битта йирик отель, бошқа инфратузилма объектларини бунёд этиш режалаштирилган.

Давлатимиз раҳбари мажмуани реконструкция қилишга оид таклифлар билан танишар экан, таъмирлаш ишлари бу ерга келувчи зиёратчилар оқимига таъсир этмаган ҳолда олиб борилиши кераклигини таъкидлади.

– Бу жой Имом Бухорий бобомизнинг илмига, ислом оламидаги мақомига муносиб бўлиши керак. Масжидлар кенг ва маҳобатли бўлиши лозим. Деворларга саҳиҳ ҳадислардан лавҳлар ёзиб қўйилса, мажмуанинг мазмуни янада бойийди, ёшларга билим, маънавий озуқа беради. Мамлакатимизда зиёрат туризмининг асоси аслида шу ер. Бу масканга қанча зиёратчилар келсаям, қулай шароит бўлиши зарур, – деди Шавкат Мирзиёев.

Президентимиз жорий йил январь ойида Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ва Ҳадис илми мактабида бўлиб, бу масканлар Имом Бухорий ва мусулмон дунёсининг бошқа улуғ мутафаккирлари меросини чуқур тадқиқ ва тарғиб этиш, ёш авлодни ислом динининг асл қадриятларига ҳурмат руҳида тарбиялаш, халқаро ҳамкорлик ва мулоқотни мустаҳкамлашга хизмат қилишини таъкидлаган эди.

Айниқса, марказ музейи буюк аждодларимизнинг кимлигини англатиши, бу ерни ҳар бир юртдошимиз зиёрат қилиши мақсадга мувофиқлигини қайд этган эди.

Марказ томонидан қисқа вақт давомида буюк алломаларимиз меросини ўрганиш ва кенг тарғиб этиш, нуфузли халқаро марказлар билан ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича тизимли чора-тадбирлар амалга оширилди.

Ўтган вақт мобайнида дунёнинг 15 дан ортиқ етакчи ислом тадқиқот маркази ва университетлар билан меморандумлар имзоланди. Буюк Британия, Франция, Германия, АҚШ, Саудия Арабистони, Миср, Туркия, Малайзия, Покистон ва Ҳиндистондаги илмий марказлар билан ҳамкорлик ўрнатилди.

Улуғ аждодларимиз асос солган ҳадис мактаблари фаолиятини қайта тиклаш ва ривожлантириш, уларнинг бой илмий меросини тадқиқ қилиш, халқимиз, кенг жамоатчиликка ушбу мероснинг бой маънавий-маърифий асосларини етказиш мақсадида Ҳадис илми мактаби ташкил этилгани мамлакатимиз маънавий тараққиётининг бугунги босқичида муҳим аҳамият касб этди.

Шавкат Мирзиёев бу борадаги ишларнинг аҳамиятига алоҳида эътибор қаратди. Мажмуа реконструкциясини шошмасдан, чуқур ўйлаб лойиҳалаштириш, хориж тажрибасини ўрганиб, зиёратчиларга янада кўп қулайлик яратиш зарурлигини таъкидлади.

Мажмуадаги ишлар мамлакатимизда илм-маърифатни ривожлантириш, динга эътиқод қилувчиларга эркинлик ва шароит яратиш борасида навбатдаги хайрли қадам бўлади.

Зиёдулла Жонибеков, Ғолиб Ҳасанов, ЎзА
http://uza.uz/oz/politics/shavkat-mirziyeev-imom-bukhoriy-ma-barasini-ziyerat-ildi-26-08-2019

 

Вам может также понравиться...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *