Қодирий қадрияти
Абдулла Қодирий таваллудининг 125 йиллиги
Буюк ўзбек адиби, миллий романчилигимиз мактабининг асосчиси Абдулла Қодирий асарларининг бугунги маънавий-ижтимоий ҳаётимиздаги беқиёс ўрни ва аҳамияти исбот талаб қилмайдиган ҳақиқатдир. Бу ҳақиқатнинг ўтмишга, ҳозирги замон ва келажакка ҳам баб-баравар дахлдорлигини барчамиз чин юракдан англаб, ҳис этиб турибмиз.
Абдулла Қодирий абадияти ҳақида гапирар экан, давлатимиз раҳбари муҳтарам Шавкат Миромонович Мирзиёев улуғ адиб асарларини айниқса бугунги ёшлар кўпроқ мутолаа қилиши, ўқиб ўрганишлари зарурлигини қайта-қайта таъкидлаган эдилар. “Буюк адибимиз, ўзбек романчилик мактабининг асосчиси Абдулла Қодирий бадиий даҳоси билан яратилган етук асарлар миллий ўзлигимизни англашда бугун ҳам беқиёс аҳамият касб этмоқда”.
Дарҳақиқат, Қодирий ҳазратларининг бундан юз йиллар аввал: “Биз янги даврга оёқ қўйдик, бас, биз ҳар бир йўсунда ҳам шу янги даврнинг янгиликлари кетидан эргашамиз”, деб айтган сўзлари Президентмиз фикрлари билан нақадар ҳамоҳанг, нақадар долзарб жаранглаётганини Вақтнинг ўзи очиқ-ойдин намоён этмоқда. Айтиш мумкинки, ёш авлод онги ва тафаккурига турли туман таҳдид ва тазйиқлар хуруж қилиб турган бугунги сертаҳлика ва хавотирли дунёда жаҳолатга қарши маърифат билан кураш жабҳаларида Абдулла Қодирий асарлари бизнинг сафимизда собит аскарлардай кўкрагини қалқон қилиб тургани ҳам айни ҳақиқат.
Аслида Абдулла Қодирий ҳақида ҳамма гаплар айтиб бўлингандай, ул зот чеккан ранжу ситамлар, бошидан ўткарган хорликлару еткизилган озору ҳақоратларни сўйламаган одам, қаламга олмаган шоир ё ёзувчи қолмагандай, русумат учун гапираётганларнинг ўзи ким қанча – бу гап-сўзларнинг бари бир тараф, адибнинг ўзи яратган асарлар бир тараф – энг одилсўз, олий маҳкамаларнинг олий ҳакамлари ҳам чиқара олмайдиган етук оқлов сифатида мангу салмоқ касб этиб турибди.
Бу асарлар – миллат фахри, муаллиф тақдири – миллат тақдири. Улар тақиқланган кунларга миллат тақиқланган кунлар, Қодирий қатл этилган замонга эса миллат қатл этилган замон деб қарамоқ керак. Мангу асарларнинг мутолааси мангу, туганмас мутолаадир. Қодирийни ўқиб биткариб бўлмайди, шул сабаб, ҳамма гаплар буткул айтилгандай туюлса-да, аслида ҳеч нарса айтилмаган бўлиб чиқади.
У армонли кунлар, миллат озодлиги ва равнақи йўлида қурбон бўлган улуғ зотларнинг фожиали тақдири ўзбек адибларини ҳамиша изтиробга солиб келган. Абдулла Қодирийни эслар экан, устоз Абдулла Орипов “Маломат тошлари” сарлавҳали шеърида ўкинч билан шундай надоматли сатрларни битган эди:
Сарғайган саҳфалар аро боқиб тек
Қодирий қабрини сўрар Отабек…
Яна бир шеърида эса, ўша қаттол тузум исканжасида яшаган улуғ салафларига етказилган жабру азобларни нозик ишора ва аччиқ заҳарханда билан таъкидлаб ўтади:
…Улуғ отдошларим мақоми юксак,
Мен шогирд эрурман гарчанд аларга.
Ҳар нечук бир гапни айтмоғим керак:
Осон бўлмаган ҳеч Абдуллаларга!
Улуғ адиб: “Мозийга қараб иш тутмоқ хайрлидир” деб айтганидай, қумридил ва булбулзабон шоиримиз Муҳаммад Юсуф миллатимиз бошига тушган у машъум ва қора кунларни қуйидаги аламли сатрлар билан ёдга олади:
Алҳазар, алҳазар, минг бор алҳазар!
Ана, юришибди кийганлари зар,
Қодирийни сотиб, шоир бўлганлар –
Меҳробингдан чиққан чаёнларинг бор.
Қўлинг қадоғига босай юзимни,
Онамсан-ку, оғир олма сўзимни.
Қайинларга айтиб “Қаро кўзум”ни –
Сибирларда қолган Усмонларинг бор!..
Она Ватанимиз бугун оламга бағрини кенг очиб, янги давру замонларнинг шукуҳи ва эзгу орзу-умидлари билан яшамоқда. Давлатимиз раҳбарининг бевосита юксак эътибори шарофати билан миллатнинг маънавий равнақи учун умри ва жонларини фидо қилган улуғ сиймоларимиз ўз қадру қимматини топмоқда.
Президент ташаббуси билан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 3 декабрдаги “Буюк ўзбек ёзувчиси Абдулла Қодирий ижодининг улкан аҳамиятини инобатга олиб, ёш авлод қалбида Ватанга муҳаббат ва садоқат, аждодларимизнинг маънавий мероси билан фахрланиш ва ифтихор туйғуларини юксалтириш ҳамда ёзувчи таваллудининг 125 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги фармойиши қабул қилингани жамиятимиз маънавий-маърифий ҳаётида улкан тарихий воқеа бўлганини кенг жамоатчилик, каттаю кичик элдошларимиз қувонч билан эътироф этиб турибди.
Биринчи навбатда Президентимиз қарорига биноан Тошкент шаҳрида Абдулла Қодирий номидаги Ижод мактаби очилганини алоҳида мамнуният билан айтиб ўтмоқ жоиз. Бу қутлуғ даргоҳда Қодирий бобомизнинг энг кенжа истеъдодли набиралари – бугунги замонамизнинг ширин-шакар ўғил-қизлари таҳсил олиб, тил ўрганмоқда, адабиёт сабоқларини юрак юрагига жойламоқда. Ғурурланмай бўладими, Миллий боғимиздаги Адиблар хиёбонида, Абдулла Қодирий номидаги мемориал-хотира боғида улуғ адибимизга муҳташам ёдгорликлар ўрнатилди. Адиб яшаб ижод қилган Самарқанд дарвоза маҳалласида Абдулла Қодирий уй-музейи барпо этилди. Ушбу муҳташам меъморий мажмуа Ватанимиз тарихида XXI аср янги Уйғониш замонининг миллий-маърифий кўркам обидаси бўлиб Қодирий қадриятининг беназир тимсоли сифатида ҳали яна неча-неча авлодлар қалбидан жой олмоғи муқаррар. Бу маърифат ва тарбият кошонаси миллатпарварлик йўлида жон фидо қилган улуғ зотларнинг келажак насллар учун ҳам ибрат ва огоҳлик мактабидир.
Табаррук сана муносабати билан Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси “Ижод” жамоат фонди ҳомийлигида чоп этилган Абдулла Қодирийнинг бир жилдлик танланган асарлари, “Абдулла Қодирий замондошлари” қомусий мажмуаси, “Абдулла Қодирий феномени”, ёш китобхонларга мўлжалланган, уларни жиддий мутолаага ундайдиган, ихчам китоблар туркумида “Ўткан кунлар ибрати” номли мўъжаз рисоласи ва бошқа асарлар кўп нусхаларда нашр этилди. Республикамиздаги Ижод мактаблари ва бошқа таълим даргоҳларида қодирийхонлик сабоқлари, очиқ дарслар, иншолар танлови ва бошқа адабий учрашувлар ўтказилмоқда. Алишер Навоий номидаги Миллий кутубхонада “Абдулла Қодирий ва замонавий ўзбек адабий тили” мавзусида илмий-амалий конференция бўлиб ўтди. Ушбу анжуманда Озарбайжон, Қирғизистон сингари қўшни давлатлардан таниқли адиблар иштирок этгани барчамизни севинтирди. Абдулла Қодирий асарлари қардош ва хорижий тилларда нашр этилиб, тарғиб қилинмоқда.
Бу хайрли ишларнинг барчаси ҳақиқатан ҳам қувонарли ва ғурурбахш. Абдулла Қодирий – миллат фахри, халқ ифтихори, албатта. Мақсад шундан иборатки, бугунги ва келгусидаги ёш авлод шундай беқиёс адабий меросдан бохабар ва баҳраманд бўлмоғи шарт. Улуғ зотлар таъкидлаганидай, бугунги болалар – азиз фарзандларимиз эртанги халқ бўлмоғи учун ҳам, энг аввало, маърифат керак, билим керак, адабиёт керак, Қодирийлар керак! Яна ва яна Қодирийлар керак!
Не тонг эди
изғиринлар заҳрини тотдинг,
Дастурхонда музтар қолди
қанду наботинг.
Шаҳидларнинг номларидир
ҳар бир работинг,
Абадий ёд эрур
асли Адабиётинг,
Чўлпон, Фитрат, Қодирий
ҳам Усмоним – Ватан!..
* * *
Отабек, кетдингиз айта-айта, бек,
Бу миллат яралди қайта-қайта бек!
Ўтган кунларин-ку ўқиб турибмиз,
Ўтмаган кунлари қайда-қайда, бек?!.
Сирожиддин Саййид,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси, Ўзбекистон халқ шоири
«O‘zbekiston adabiyoti va san’ati» газетасининг 2019 йил 27 декабр сонидан олинди.
***
АҚШда Абдулла Қодирийнинг “Ўткан кунлар” романи инглиз тилида нашр этилди
Аввал хабар қилинганидек, яқинда таваллудининг 125 йиллиги юртимизда ва халқаро миқёсда кенг нишонланган буюк адибимиз Абдулла Қодирийнинг “Ўткан кунлар” романи илк бор бевосита ўзбек тилидан инглиз тилига таржима қилинди ва Америка Қўшма Штатларида “Bygone days” номи остида китоб ҳолида чоп этилди.
2019 йил 27 декабрда Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчихонасида ушбу китоб тақдимоти бўлиб ўтди. Янги китобнинг илк нусхалари АҚШдаги давлат ташкилотлари, етакчи олий таълим муассасалари ва ушбу мамлакатда аккредитациядан ўтган дипломатик корпус вакилларига тарқатилди.
У АҚШнинг энг йирик кутубхонаси – Конгресс кутубхонаси каталогига киритилди. Шунингдек, ушбу асар e-book шаклида ҳам чоп этилган.
Машҳур асар таржимаси америкалик таниқли таржимон ва тадқиқотчи Марк Эдвард Риз томонидан амалга оширилган.
Марк Эдвард Риз 1969 йилда АҚШнинг Аризона штатида туғилган. Жорж Вашингтон номидаги университетни “Урал, Кавказ ва Марказий Осиё халқлари адабиёти” мутахассислиги бўйича тамомлаган. 1994-1996 йилларда “Тинчлик корпуси”нинг кўнгилли вакили сифатида Ўзбекистонда ишлаб, Қўқон шаҳридаги ўрта мактабда инглиз тили фанидан сабоқ берган. Шунингдек, АҚШ Давлат департаменти ҳамкорлик дастурининг Ўзбекистон бўйича директори бўлиб ишлаган.
Марк Риз 2017 йилда пойтахтимизнинг Самарқанд дарвоза маҳалласидаги Абдулла Қодирий яшаб ижод этган хонадонда бўлиб, адиб ижодий меросини чуқур ўрганган.
Таржимон ушбу кўламдор романни инглиз тилига ўгириш учун 15 йилдан ортиқ вақт сарфлаган ва 660 бетдан иборат асар америкалик ўқувчиларга тушунарли бўлиши учун унга 400 дан ортиқ тушунча ва изоҳлар ёзган.
Айни пайтда роман ўқувчилар томонидан аниқланадиган “Беш юлдузли” рейтингда юқори баҳога сазовор бўлмоқда.
Марк Риз Абдулла Қодирийнинг ҳаёти ва ижоди, унинг замони ва замондошлари, “Ўткан кунлар” романидаги сиймолар ҳақида маълумотлар берувчи theuzbekmodernist.com веб-сайтини ҳам яратган.
Куни кеча Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев номига “Bygone days” китоби ва Марк Эдвард Риздан мактуб келди. Қуйида ушбу мактуб матни эълон қилинмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президенти
Шавкат Мирзиёев Жаноби Олийларига
Президент Шавкат Мирзиёев Жаноби Олийлари!
Сизга 1994-1996 йилларда Тинчлик корпусининг кўнгилли ходими сифатида Ўзбекистонда, Қўқонда ўз хизмат фаолиятимни бошлаганимдан сўнг йигирма беш йил ўтиб хат йўллаш мен учун катта шарафдир. Оддий ўзбек мактабида ўқитувчи бўлиб ишлаган даврим менинг ҳаётимни беқиёс даражада бойитган саёҳатнинг муқаддимаси бўлди ва Сизга йўлланаётган ушбу мактуб ана шу саёҳатнинг авж нуқтасидир.
Ҳақиқатан ҳам шундай, мен айни пайтда инглиз тилига таржима қилиб тугатган Абдулла Қодирийнинг “Ўткан кунлар” романи Марказий Осиё ва жаҳон адабиётида ўхшаши йўқ асардир.
Абдулла Қодирийнинг ҳаёти ва ижодини ўрганиш мен учун шунчаки ўқув машғулоти вазифасини ўтагани йўқ. Асар таржимаси мендан катта куч талаб этганининг боиси шундаки, адиб романга шунчаки “персонажлар”ни эмас, балки менинг ҳаётий қарашларимни шакллантирган қиссани жо этган.
Асардаги Отабек, Кумуш ёки мен яхши кўрадиган Ҳасанали каби адабий персонажлар номигагина таҳлил қилиб ўтиладиган мавҳум, тўқима образлар эмас. Ушбу машҳур образлар тимсолида мен бутун профессионал фаолиятим давомида Тошкент, Қўқон ҳамда Вашингтонда яшаб, бирга ишлаган инсонлар қиёфасини кўраман.
Шу тариқа мен ўн беш йил мобайнидаги иш жараёнида нафақат адиб тилига хос нозик жиҳатларни, балки 1938 йилда унинг қатағонга учраши ва ўлимига сабаб бўлган, асарларига жо этилган чинакам миллий руҳни илғашга муваффақ бўлдим.
1994 йилда ўзбеклар, гарчи улар учун бундан ҳеч қандай наф бўлмаса-да, мени ўз хонадонларида кўп бор меҳмон қилишди. Худди ўз яқинларидек кўриб, Қўқондаги Жомеъ масжидида биргаликда ибодатга ҳам олиб боришди. Уларнинг миллий романини инглиз тилига таржима қилиш орқали мен ҳам бу инсонларга ана шундай муносиб ҳурмат-эҳтиром кўрсатишга бурчлиман.
Ҳар қандай катта иш сингари роман таржимаси ҳам улкан шахсий сафарбарликни талаб этди. Менинг умидим ва ишончим шундаки, қачондир ўғлим бу китобни қўлига олар экан, унинг отаси ер юзида шунчаки умргузаронлик қилмагани, балки недир қимматли бир ишни адо этиб кетганини англайди. Сиз ҳам ота сифатида айни шундай ҳиссиётни ҳис қиласиз, деб ишонаман.
Ўтган ҳафтада мамлакатингиз элчиси Жавлон Ваҳобов ва Ўзбекистон элчихонаси ходимлари томонидан камтарона хизматимнинг юксак даражада эътироф этилиши меҳнат фаолиятимдаги ажойиб лаҳзалар бўлиб қолишини алоҳида таъкидлаб ўтишни истардим.
Вашингтон шаҳридан келган юздан зиёд меҳмонлар иштирокида ушбу китобимнинг тақдимот маросими бўлиб ўтди. Биз элчи билан биргаликда Ўзбекистон ҳақида, айниқса, унинг адабий манзараси ҳақида кўпроқ билишни истаган меҳмонларга мамлакатингизни таништирдик. Мен ўз нутқимда Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги муносабатлар атиги икки йил давомида юқори даражада олдинга силжиганини алоҳида таъкидладим. Ушбу ислоҳотлар Абдулла Қодирийнинг ҳаёти бардавомлиги ва унинг орзу-ўйлари рўёбга чиқаётганидан далолат эканини ишонч билан айтиб ўтдим. Ана шу маросимдан кейин минглаб одамлар ижтимоий тармоқларда ижобий фикрлар билдиришди, тақдимотда иштирок этганлар ўзбек адабиёти ҳақида янада кўпроқ билиш учун мен билан боғланишди.
Шу нарса аёнки, сизлар барчангиз бугунги дунёмиз учун катта аҳамиятга эга бўлган муҳим ҳаётий ишда иштирок этмоқдасиз ва мен ишонаман, Ўзбекистон Республикаси ушбу саъй-ҳаракатларни кучайтириш, айниқса, келгусида Абдулла Қодирийнинг бошқа асарларини ҳам таржима қилиш, ўзбек тили таржимонларини тайёрлаш, Ўзбекистоннинг мақсадларини рўёбга чиқаришга хизмат қиладиган стратегик лойиҳаларда бажонидил ёрдам кўрсатади.
Сизнинг номингизга хат ёзиш мен учун катта шараф бўлгани учун сўзимнинг ниҳоясида айтмоқчиман: Раҳмат. Сиз намоён этаётган характер ва етакчилик салоҳиятидан мен ҳайратдаман.
Мен Ўзбекистонни яхши биламан, рафиқам тошкентлик ва ўзимни бу юртда сайёҳ деб ҳисобламайман. Сизнинг яқинда Қўқон ва Марғилонга ташриф буюрганингиз, Абдулла Қодирий музейини ташкил этганингиз, Сизнинг ўз ислоҳотларингизга уйғун равишда “Ўткан кунлар” романини эслаб айтган фикрларингиз менинг қалбимда чуқур акс-садо берди. Бу менга ислоҳотларнинг ҳозирги босқичи – Абдулла Қодирий ижодига бўлган эҳтиромнинг энг яхши даври эканини англаб етиш имконини берди. Мен қатъий ишонаман, бу менинг иккинчи Ватаним билан боғланган ишимнинг янги йигирма беш йиллик бобининг бошланиши бўлади.
Ҳурмат билан,
Марк Эдвард Риз
2019 йил 27 декабрь
ЎзА
Фото: protoday.uz
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси АХБОРОТ ХИЗМАТИ
Сўнгги фикрлар