Сингапур: учинчи дунёдан биринчи дунёга

Яқинда ғоят қизиқарли бир китоб қўлимга тушди. Иқтисод фанлари доктори

Муртазо Раҳматов ва жаҳон физиологлар жамияти Стокгольм академияси аъзоси, профессор Бакридин Зариповлар ҳаммуаллифлигида чоп этилган “Истеъдодли инсонлар мамлакатнинг бебаҳо бойлигидир” сарлавҳали китобни худди шу чоққача китоб кўрмаган ўқувчидай ютоқиб ўқиб чиқдим ва… қўлимга қоғоз-қалам олиб, қайта ўқишга тушдим.

Сингапур: учинчи дунёдан биринчи дунёга

 Халқаро тажриба

Бу китоб нима ҳақида? Бу саволга: “Бундан салкам ўттиз йил аввал истиқлолга эришган давлатлар учун бугун ҳам, бундан кейин ҳам ғоят муҳим бўлиб қолаётган вазифалар, ечими изланаётган муаммолар ҳақида”, деб жавоб қайтариш мумкин. Унда ғоят оғир шароитда йирик давлат таркибидан ажралиб чиққан, бор мол-мулки ўн уч қаватли ижара уйидангина иборат бўлган Сингапурни қисқа вақт ичида жаҳоннинг иқтисоди бақувват, коррупциядан холи, бугун ҳам шитоб билан ривожланаётган мамлакатига айлантирган, барча дунёвий рейтингларда биринчиликни сақлаб келаётган ушбу мамлакатга узоқ йиллар бошчилик қилган машҳур давлат арбоби Ли Куан Юнинг ноёб тажрибалари ҳақида гап боради.

Мутахассислар Ли Куан Юни ғайрат-шижоатда, тафаккур ва жасоратда бир вақтлар ўзининг машҳур “Очиқ эшиклар сиёсати” билан Хитой иқтисодини баланд чўққига олиб чиққан, ялпи ички маҳсулотнинг бардавом ўсишини таъминлаган Ден Сяопинга қиёслашади. Сингапур босиб ўтган йўлга эътибор берсак, бу қиёснинг ғоят ўринлилигига ишонч ҳосил қиламиз.

– Мендан қисқа вақт ичида Сингапур қандай қилиб дунёнинг ривожланган мамлакатига айлангани ҳақида сўрашади, – дейди Ли Куан Ю. – Мен уларга “Бу ерда ҳеч қандай сир йўқ, мўъжиза яратганим ҳам йўқ. Шунчаки Ватаним олдидаги бурчимни бажардим, холос”, деб жавоб бераман. Ишни шундай ташкил қилдимки, давлат бюжетининг катта қисмини таълим соҳасига йўналтирдим. Муаллимлар мавқеини жамиятнинг қуйи табақасидан юқори мартабага кўтардим. Бизда мўъжиза яратган кишилар, шубҳасиз, муаллимлардир. Улар илм, ахлоқ, меҳнатни севадиган, ҳақиқатни қадрлайдиган янги ватанпарвар, айни чоғда камтарин авлодни тарбиялаб етиштирдилар.

Китобда янги авлод яратган “мўъжиза”ларга доир кўплаб маълумотлар келтирилади. Мамлакат аҳолиси 5 миллион киши. Эркаклар ўртача 80, аёллар 85 ёш умр кўришади. Бизнес билан шуғулланиш шароити бўйича жаҳон Doing Business рейтингида Сингапур 1-ўринда туради. Ли Куан Ю мамлакат бош вазири бўлиб ишлаган 1965–1990 йилларда ялпи ички маҳсулотнинг йиллик ўсиши ўртача 9,2 фоизни ташкил этган. ЯИМ аҳоли жон бошига 400 АҚШ долларидан 12,2 минг долларгача кўтарилган. 2014 йилда бу кўрсатгич 81364 долларга тенг бўлди. Сингапур рақобатдошлик бўйича 2015 йил маълумотларига кўра, Швейцариядан кейин иккинчи ўринда туради. Бундан кўринадики, Сингапурда, гарчи буни жаноб Ли Куан Ю эътироф этмаса-да, чинакам “мўъжиза”, фаровонлик сари “буюк сакраш” юз берган. Давлат арбоблари, сиёсатдонлару иқтисодчиларни айни шу феноменнинг сири қизиқтиради.

Ўтган асрнинг етмишинчи йилларида АҚШ раҳбари Ричард Никсон, сиёсатшунос Генри Киссинжер, кейинчалик Оқ уйга келган мамлакат президентлари сингапурлик донишманд ҳаёти ва давлатни бошқариш сиёсатига жиддий қизиқишган, имкони бўлди дегунча, Ли Куан Ю билан учрашиб, суҳбатларини тинглашган. Маргарет Тэтчер Сингапур раҳбарининг нутқларини ўқиб чиқиб, у ҳеч қачон хато қилмаслигига амин бўлганини айтади. “Ли Куан Ю Сингапурни учинчи дунёдан биринчи дунёга олиб чиқишга муваффақ бўлди”, деган эди БМТнинг собиқ Бош котиби Кофи Аннан. Г.Киссинжернинг фикри янада муҳим: “Фавқулодда истеъдодли одамлар ўртамиёна тафаккур билан тузилган режаларни ўзгартириб юборишганига тарих кўп бор гувоҳ бўлган. Сингапур давлатчилиги асосчиси Ли Куан Юга келсак, бунда воқеалар ривожи билан боғлиқ вазият ҳамда индивидуаллик ўртасидаги азалий рақобатда шахсият мутлақо ғолиб бўлганини кўриш мумкин”.

Собиқ Президент Барак Обама Сингапур раҳбарини Осиёнинг ХХ-ХХI асрлардаги афсонавий шахсларидан бири деб ҳисоблайди. Чунки у ўзининг ақл-заковати билан Осиё иқтисодий мўъжизасини юзага келтирди. Франциянинг сабиқ Президенти Жак Ширак шундай ёзади: “Ли Куан Ю ҳукумат тизимида ғоят муҳим талабларга жавоб бера оладиган стандартларни шакллантириб, атрофига юксак малакали ақл-идрок эгаларини тўплади. Унинг раҳбарлигида умумий манфаатларнинг устуворлиги таъминланди, таълим, меҳнат ва жамғарма маданияти, шаҳар эҳтиёжларини олдиндан кўра олиш салоҳияти юзага келдики, бу ҳолат Сингапурга юксалишнинг энг қисқа ва самарали йўлидан бориш имконини берди”.

Ли Куан Ю 1923 йил 16 сентябрда келиб чиқиши хитойлик бўлган оилада туғилган. Иккинчи жаҳон уруши тугаган йили Сингапурдаги Раффлз коллежини битиргач, ўқишни давом эттириш учун Лондонга бориб, дастлаб иқтисод мактабида, сўнг Кэмбриждаги Фицуильяма коллежида таҳсил олади. Талабалар орасида ўта зийрак ва тиришқоқлиги билан ажралиб туради. Ҳуқуқшунослик ва иқтисодиёт бўйича иккита аъло даражадаги диплом эгасига айланади. Сингапурга қайтгач, иш фаолиятини “Лейкок энг Он” адвокатлик идорасида бошлайди. Орадан икки йил ўтгач, ўзининг мустақил адвокатлик конторасини йўлга қўяди. Адвокат сифатида оддий ишчиларнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилади. Алоқа ходимлари касаба уюшмасининг Буюк Британия мустамлакачилар маъмуриятига қарши даъвоси билан шуғулланиб, судда ютиб чиққади ва машҳур бўлиб кетади. 1955 йили Сингапур қонунчилик ассамблеясига сайланади. 1959 йили Сингапур ўзини ўзи бошқарувчи давлат мақомини олади, Ли Куан Ю аъзо бўлган Халқ ҳаракати партияси парламентда 51 ўриндан 43 тасини эгаллаганидан кейин, мамлакатнинг биринчи Бош вазири бўлади. Унинг олдида иқтисодиётни йўлга қўйиш, халқнинг турмуш шароитини яхшилашдек ўта мураккаб вазифа турарди, негаки, турли ирқлар ўртасидаги ўзаро келишмовчилик якдил бўлиб олға қадам қўйишга имкон бермасди. Маҳаллий саноат ривожланмаган, хомашё четдан келтирилар, аҳолининг 40 фоизи саводсиз, мамлакатда ягона иш берувчи – Британиянинг ҳарбий-денгиз флоти бўлиб, бундай шароитда ҳар бир қарор пухта ўйланган, аҳоли манфаатларига тўла мос келиши зарур эди.

1965 йили Сингапур расмий равишда мустақил давлат деб эълон қилингач, Ли Куан Ю ўзининг мамлакатда тартиб-интизом ўрнатиш, хорижий инвесторларга солиқ ва экспорт имтиёзлари бериш, коррупцияга қарши аёвсиз кураш бошлаш дастурини эълон қилди. Турли даражадаги амалдорлар, уларнинг оила аъзолари жазога тортилмаслик ҳуқуқидан маҳрум қилинди. Судларга коррупция ва бошқа ноқонуний йўллар билан орттирилган даромадни давлат фойдасига мусодара қилиш ваколати берилди. Бу тўғрида бош вазир шундай ёзади: “Коррупцияга ружу қўйганларни жазолаш муаммосига дуч келар эканмиз, биз, аввало қонунларимизни кучайтирдик. Мамлакат иқтисодиётини ривожлантириш ва коррупция ҳолатларини аниқлаш бюроси раҳбарига тўла ишонч билдирдим, унга қонун доирасида чекланмаган ваколат бердим, у ҳар куни 24 соат давомида менга бевосита мурожаат қилиш имкониятига эга бўлди. Иқтисодий масалаларни ҳал қилиш, инвестиция киритишдаги муаммоларни ҳал қилиш муддатини бир кун қилиб белгиладим. Коррупция қадамба-қадам бартараф этила бошланди…”

Мамлакат миқёсида ўтказилаётган ислоҳотларнинг қамрови кенгайиб борди. Хавфсизлик эҳтиёжидан келиб чиқиб, мамлакатда ёшлар, кекса ёшлилар ва хотин-қизларга ҳам тааллуқли умумий ҳарбий мажбурият жорий этилди. Таълим тизими тубдан ислоҳ қилиниб, саводсизлик тугатилди. Дунё давлатлари тарихида бундай жадалликни учратиш қийин. Аммо Сингапур раҳбари саводсизликни тугатиш масаласини бир кунга бўлсин, кечиктириш мумкин эмаслигини ҳаммадан кўра яхшироқ биларди. Фақат шу эмас, мамлакатда омонатларнинг марказлашган жамғармаси ташкил этилиб, ҳар бир сингапурлик унга ойлик маошининг 20 фоизини ўтказиб бориши керак, деган қоида жорий этилди. Йиғилган маблағ мамлакатда соғлиқни сақлаш, пенсия тизимини ривожлантириш, турар-жой бинолари барпо этиш имконини берди. Коммунал ислоҳотлар натижасида мамлакат аҳолисининг 90 фоизи кўп қаватли уйларга кўчиб ўтди.

Дунё сиёсатдонлари Ли Куан Ю қатъият ва ишонч билан ўтказган ислоҳотларни бежиз “инқилобий” деб аташмаган. Унинг биргина тозаликка риоя қилиш борасидаги сиёсати бугун ҳам дунёнинг кўпгина мамлакатлари учун ноёб намуна бўлиб турибди. Ўтган асрнинг етмишинчи йилларида Сингапурда умуммиллий тозалик компанияси ўтказилади. Унга кўра, белгиланмаган жойга чиқинди (тўкинди, ахлат) ташлагани, кўчага (жамоат жойларига) тупургани учун катта миқдорда жарима жорий этилади. Масалан, сигарета қолдиғини ерга ташлагани учун 1000 долларгача, бу иш қайта такрорланса 2000 долларгача, учинчи мартасида 5000 долларгача жарима ундирилади. Тўпланган пуллар ахборот технологияларини ривожлантиришга сарфланади.

Сингапур ислоҳотлари ҳақида фикр юритганда, Япония ва Жанубий Кореяда бўлиб ўтган баъзи воқеалар ёдга тушади. Иккинчи жаҳон урушидан кейин Япония олдида издан тамомила чиққан мамлакат иқтисодиётини қисқа муддат ичида тиклаш вазифаси турар эди. Манбаларда қайд этилишича, ўшанда бу вазифани амалга ошириш учун ҳукуматга учта таклиф киритилади. Биринчиси – йирик давлатлардан қарз кўтариш, иккинчиси – ички имкониятлардан унумли фойдаланиш, учинчиси – бюжетнинг асосий қисмини мактабга сарфлаш. Учинчи таклиф қабул қилинади ва замонавий технологиялар илмини пухта ўзлаштирган янги авлод мамлакатни қутқариб қолади.

Бундан ўн-ўн беш йил аввал Жанубий Кореяда ташқи инвесторларнинг оғир шартлари боис дефольт ҳолати юзага келганида мамлакат раҳбарлари халққа мурожаат қилиб, ёрдам сўрашади. Бу даъватга биринчи бўлиб аёллар жавоб беришади: улар қимматбаҳо тақинчоқларини давлат хазинасига ихтиёрий равишда топширадилар. Бу билан муаммо ҳал бўлмайди, албатта, аммо давлатни давлат мақомида асраб қолиш истаги, бу борадаги якдиллик, ватанпарварлик ҳисси иқтисодиётни қайта йўлга қўйишда муҳим аҳамият касб этади.

Ли Куан Ю инглиз, малай, хитой ва япон тилини яхши билгани боис, тахмин қилиш мумкинки, у саводсизликка қарши курашда, аниқроғи, мамлакатда янги илмли авлодни тарбиялашда Япониянинг урушдан кейинги тажрибасини, шубҳасиз, инобатга олган. Унинг “Сингапур: тараққиёт йўли ҳақида аччиқ ҳақиқат”, “Сингапур: учинчи дунёдан биринчи дунё сари”, “Дунё келажаги хусусида шахсий қарашларим” китобларини ўқиган китобхон ўзи учун кўп саволларга, жумладан, ялпи ички маҳсулотнинг ақл бовар қилмас даражада ўсиши, Сингапурнинг Нью-Йорк ва Лондондан кейин дунёнинг энг йирик молия марказига айланиши сабабларини билиб олади. Унинг россиялик талабалар билан учрашувда айтган қуйидаги сўзларига эътибор берайлик: “Ҳокимият тепасига келганимизга қадар мамлакатда коррупция кенг тарқалган, барча соҳаларда чуқур илдиз отган эди. Британияликлар ўз ҳукмронликларидан фойдаланиб, маҳаллий раҳбарлар билан ҳокимиятни бўлишиб олган, айниқса, ўтиш даврида уларга катта ваколат бериб қўйишган эди. Бу келишув порахўрликни авж олдирди, совға олиш, кейинчалик пул билан “миннатдорлик” билдириш ялпи одат тусига кирди. Биз бунга қатъий чек қўйишга қарор қилдик. Коррупция иллатини енгишнинг бошқа йўли йўқ эди. Қўшни давлатларда улкан табиий заҳиралар – нефт, газ, ўрмонлар, дарё ва гидроэлектростанциялар бор. Бизда-чи? Кичик бир оролмиз, холос. Нима қилишимиз керак? Энг аввало бутунлай бошқача яшаш тамойилларига суянмоғимиз керак, деган фикрга келдик. Яъни, сен – порахўрсан, мен эса бундан ҳазар қиламан, сизнинг мамлакатингизда яшаш хавфсиз эмас, бизда эса бунинг тамомила акси, яъни тинчлик, хотиржамлик ҳукмрон. Аёл киши тунги соат учда кўчага чиқса ҳам, унга ҳеч бир таҳдид бўлмайди, дея олишимиз керак. Шундай бўлди ҳам. Сизлар мендан “Бунга қандай эришдингиз? – деб сўрамоқдасиз. Одамларга токи ўз йўлимизни топа олмас эканмиз, яшаб қололмаслигимизни тушунтирдик. Бизда нефт ҳам, газ ҳам йўқ, аммо минтақадаги энг йирик нефтни қайта ишлаш мажмуалари мамлакатимизда гуриллаб ишлаб турибди…”

Ли Куан Юни ўз мамлакатида кўришни истаган раҳбарлар жуда кўп бўлган. Жумладан, Қозоғистоннинг биринчи Президенти Нурсултон Назарбоев Жанубий Кореяга давлат ташрифи билан боришдан аввал Сингапурнинг машҳур раҳбарини ўз юртига таклиф этади. Элбоши ўзининг “Қозоғистон ХХ1 аср бўсағасида” номли китобида шундай ёзади: “Бу учрашув мен учун жуда аҳамиятли эди. Ли Куан Ю қирқ йил ичида Сингапурни ривожланган, халқнинг турмуш тарзи юксак, табиати соф, сиёсий ва миллатлараро муносабатлар мўътадил бўлган мамлакатга айлантирди. Жуғрофий қулай жойлашувдан оқилона фойдаланиб, портлар, терминаллар, замонавий аэропорт қурилишига жиддий эътибор берди. Айтиш керакки, сингапурликлар бу ишларни йўқ жойдан – ҳамма нарса издан чиққан ҳолатдан бошлашган, шу боис, бу тажриба биз учун ниҳоятда муҳим эди. Ли Куан бизда бир ҳафта бўлди. Кўп жойда, жумладан, Президент аппаратида, Вазирлар Маҳкамасида, Олий Советда, Қозоғистон университетида ва бошқа жойларда маъруза ўқиди. Мен унинг эркин ва рақобатдош иқтисодиётни шакллантириш, фирмалар ўртасидагина эмас, ҳар бир фирманинг ичида ҳам рақобат муҳитини юзага келтириш зарурлиги тўғрисидаги фикрини муҳим хулосадай эслаб қолдим”.

Сингапур раҳбари хорижий сафарлари ҳақида хотиралар ёзар экан, сиёсатдонлар, турли соҳа мутахассислари ва, айниқса, талабаларнинг саволларига берган жавобларини умумлаштириб, шундай дейди: “Сиёсий етакчи бўлиш шуки, атрофингиздаги одамлар, энг аввало халқ, мамлакат сизнинг оқилона раҳбарлигингиз туфайли бойиб бораётганини эътироф этсинлар”, “Бугунги дунёда ҳар бир кишининг, айниқса, раҳбарнинг қадр-қиммати унинг билими ва кўникмалари билан ўлчанади. Агар сиз доҳий даражасига кўтарилган бўлсангиз-у, меҳнат бозорида одамларга ҳеч нима таклиф этмасангиз, қадрингиз бир пул деяверинг”, “Иқтисодий ҳамкорлар ўртасида ўзаро ишонч бўлиши зарур. Биз ҳар бир шартномани имзолашдан аввал, унинг шартларини чуқур ўрганиб чиқамиз, кейин ё имзолаймиз ё имзоламаймиз. Имзо қўйган бўлсаг-у, бирор камчилиги аён бўлиб қолса ҳам, уни, албатта бажарамиз. Бирор келишув натижаси бўйича ютқизиб қўйган бўлсангиз ҳам, оқибатда сиз, албатта, ютуққа эришасиз”, “Раҳбарлик лавозимларини ижтимоий келиб чиқиши ва молиявий аҳволидан қатъий назар, қобилиятли кишилар эгаллашлари лозим”, “Агар биз кучсиз инсонлар бўлганимизда, шубҳасиз, ҳалокатга юз тутар эдик… Сингапур минтақадаги бошқа мамлакатларга нисбатан янада уюшқоқ, янада самарадор ва шижоатли бўлиши керак”, “Кичкинагина, бор-йўғи 150 нафар балиқчи яшайдиган қишлоқча ўрнида экватордан икки градус масофада жойлашган дунёнинг энг йирик шаҳарларидан бирини қурдик…”

Ли Куан Ю ўзи билан бирга ишлаётган фидойи, ташаббускор ва билимли ходимларни рағбатлантириш масаласига алоҳида эътибор берган. Тўғри рағбатлантириш ташкилот, корпорация ёхуд мамлакатнинг узоқ муддатли ютуқларини белгиловчи омилдир, деб ҳисоблайди у. Айни пайтда, Ли Куан Ю ҳокимият бошқарувидаги барча ходимларга юқори маош бериш тарафдори эмас. Юқори маош ишбилармон, изланувчан ва яхши натижаларга эришадиган раҳбарларга берилмоғи керак. Бу жуда муҳим.

Заҳматкаш икки олимнинг саъй-ҳаракати билан ўқувчилар қўлига етиб борган ва қизиқиш билан ўқилаётган ушбу китобда Ли Куан Юнинг ўзи учун белгилаган кўпдан-кўп ҳаётий қоидалари ҳам келтирилган. Мана, уларнинг айримлари:

“Ҳаётнинг барча соҳаларида ютуққа эришиш ҳамма нарсани биламан деб ўзингизни алдашга эмас, ҳаётий воқеликни тўғри англаш ва баҳолашга асосланади”.

“Қўлингиздан келадиган ишларни билганингиз яхши, аммо нима ишларга қодир эмаслигингизни билганингиз янада яхшироқ”.

“Ўзингизни англанг, имкониятларингиз доирасидан чиқиб кетманг”.

“Агар сиз иқтисодий ривожланишни хоҳласангиз, яқин қўшнилар билан жанжалга борманг, аксинча, улар билан савдо-сотиқ ва бошқа алоқаларни кучайтиринг”.

“Умр бўйи ўқинг, ҳамиша ўқувчи мақомида қолинг, мутолаа қилишдан чарчаманг, энг яхши ғояларни ўзлаштиринг. Муваффақиятга эришишнинг ягона формуласи – ўқиш, ўрганиш”.

“Ўз устидан кулишларига йўл қўйган раҳбар раҳбар эмас. Фақат иродаси кучли инсонларгина ҳақиқатни гапира олади. Раҳбарнинг ёнида шундай инсонлар кўп бўлиши шарт”.

“Ёнингиздагилар сизга садоқатли бўлишлари учун, аввало, сиз ўзингиз уларга садоқатли бўлинг. Ишончли одамларни ишончсизлардан фарқлай олмайдиган раҳбарлар таназзулга юз тутади”.

Ли Куан Юнинг бу қоидалари фақат Сингапур учун эмас, дунёнинг кўплаб давлатлари учун ҳам бевосита тааллуқли десак, янглишмаган бўламиз. Расмий маълумотларга кўра, АҚШ ва Европадаги кўплаб нуфузли олий ўқув юртлари, илмий ва иқтисодий тараққиёт марказларида Сингапур тажрибаси ўқитилади ва таҳлил қилинади.

Шу ўринда айтиш мумкинки, Ли Куан Ю ўзининг “Ҳамиша ўқувчи, яхши ғояларни ўрганувчи талаба мақомида қолинг”, деган қоидасига аввало ўзи қатъий амал қилганини сезиш қийин эмас. Бизнингча, у улуғ муаллим Конфуцийнинг бугун ҳам ўз моҳиятини йўқотмаган назарий таълимотини, Хитой раҳбари Ден Сяопиннинг амалий тажрибасини жуда чуқур ўрганган. Буни қуйидаги мисолларда кўриш мумкин.

Конфуций шундай дейди: “Ҳақиқатпарвар раҳбарнинг дастлабки қадамлари қийин кечиши мумкин, аммо бу қадамларнинг келажаги порлоқ бўлиши аниқ”, “Олижаноб кишилар ҳамиша ўзларини англашга ҳаракат қиладилар, пасткашлар эса бошқалардан бир нималарни қидириб кун кечиришади”, “Ҳаёт аслида жуда оддий, уни ўзимиз мураккаблаштирамиз”, “Ортда қолган, ўтмишга айланиб бўлган ишлар тўғрисида баҳслашиб, уларни қоралашдан заррача наф йўқ”, “Агар сен халқингни бир йил боқмоқчи бўлсанг, буғдой эк, ўн йил боқмоқчи бўлсанг, дарахт кўкартир, асрлар давомида боқмоқчи бўлсанг, илмли қил”.

Ли Куан Ю сиёсатида Хитой раҳбари Ден Сяопиннинг ҳам салмоқли “из”лари кўзга ташланади. Бу улуғ ислоҳотчи Хитой давлати раҳбарлигига келгач, энг аввало Ғарб давлатлари билан яхши муносабатлар ўрнатишга ҳаракат қилади. 1979 йили Оқ уйда АҚШ Президенти Жимми Картер билан учрашади. Япон-Хитой муносабатларида илиқлик пайдо бўлади. 1984 йили Хитой-Буюк Британия келишувига имзо чекилади. Кейинроқ Португалия билан ҳам битим қабул қилинади. Мамлакат иқтисодиётида ғоявий принципларнинг роли камайтирилади. Расмий йиғилишда “Капитализмми ёки социализмми?” деган мавҳум баҳсга ўралашиб қолмаслик кераклигини уқтиради. “Мушукнинг ранги қандай бўлиши муҳим эмас, сичқонни тутса бўлди”, деган қоидаси дунё бўйлаб қанот қоқади. Мамлакатда “Очиқ эшиклар сиёсати” амалга оширилади. Иқтисодиётни ислоҳот қилишнинг тўрт принципи ишлаб чиқилади. Унинг сиёсати Михаил Горбачевнинг сиёсий бюрода тантанавор руҳда тасдиқланиб, ижро учун пастга тушириладиган мажбурий топшириқларга асосланган қайта қуриш сиёсатидан жиддий фарқлангани учун ҳам яхши самара беради.

Шу ўринда эътироф этиш керакки, улуғ донишмандларнинг давлатчиликка доир юқорида келтирилган фикрларининг ҳаётийлигини бугунги Ўзбекистон мисолида яққол кўриш мумкин. Мамлакатимизнинг истиқлол йилларида шаклланган ва кейинги йилларда янги ижтимоий маъно-моҳият касб этган сиёсатида халқимизнинг асрлар синовидан ўтган ҳаётий тажрибалари, улуғ алломаларнинг давлат ва раиятни бошқариш хусусидаги кўрсатмалари, хусусан, Соҳибқирон Амир Темур ўгитларига амал қилиш мавжудлиги сезилади. Шавкат Мирзиёевнинг Президентлик фаолияти халқни тинглашдан бошланди.

Дунё ривожининг бугунги шиддати шундайки, тадбиркорлик, ишбилармонликка кенг йўл очмай, инновацион ғоялар ва технологиялардан унумли фойдаланмай туриб, кўзланган юксак марраларга етиш қийин. Шу боисдан ҳам мамлакат иқтисодиётини либераллаштириш, ижтимоий ҳимояни янада кучайтириш, таълим-тарбия асосларини янгилаш, яхши қўшничилик муносабатларининг йўлга қўйиш кейинги уч йил ичида давлат сиёсатининг, айтиш мумкинки, ҳал қилувчи йўналишлари этиб белгиланди. Мактабгача тарбия, инновацион ривожланиш вазирликларининг ташкил этилиши миллий тарққиётнинг янги босқичига ўтишда локомотив ролини бажара бошлади.

Фикр жамиятни ривожланишда, ҳаракатда, соғлом ҳолатда ушлаб туради. Фикр фикрдан унади. Фикрлар хилма-хиллиги ҳаётимизни тараққиёт сари йўналтиради. Фикрсизлик дунёнинг катта бир қисмини титратиб турган шўролар салтанатини инқирозга олиб келди. Шўро мафкурачилари “Давлат-жамият-шахс” муносабатларини чалкаштириб, одамлар онгига “Давлат бошқа, жамият бошқа, халқ бошқа”, деган сохта тушунчани сингдиришди. Бу билан улар “Давлат – бу ўз номи билан давлат, сиёсат ҳам шундай, сен улар ишига аралашма, тинчгина юравер”, демоқчи бўлишди. Шундай бўлди ҳам. Бугун барча-барчамизга, ҳатто энди-энди вояга етаётган фарзандларимизга ҳам аёнки, давлат – биз, ўзимиз, жамият ҳам ўзимиз. Бугунги кунимиз, эртанги ҳаётимиз қандай бўлиши ўз қўлимизда. Шундай экан, кейинги уч йил ичида ҳаётимизда юз берган энг муҳим ўзгариш – ижтимоий фаоллик, жамоатчилик фикрининг озод бўлиши десак, хато бўлмас. Матбуот, радио-телевидение бироз сусткашлик, эҳтиёткорлик билан бўлса-да, журъатсизлик иллатидан халос бўлаётгани, воқеа-ҳодисалар моҳиятига чуқур кириб бораётгани ҳар жиҳатдан қувонарлидир.

Фикр ривожига нима туртки беради? – Жамият ҳаётидаги умумий эркинлик, фикрлар хилма-хиллиги, танқидга тўғри муносабат, албатта. Матбуотда қиёсий таҳлиллар, аччиқ, аммо ўринли танқид, эътиборга молик таклифлар қанча кўп бўлса, ҳақиқатни англаш, муаммоларнинг адолатли ечимларини топиш имконияти шунча ошади. Ўз-ўзига танқидий муносабатда бўлган, бошқаларга эмас, энг аввало, ўзига, виждонига ҳисобот беришга одатланган, ўз ҳисоботидан биринчи галда ўзи қониқиш ҳосил қиладиган жамият ҳеч қачон кам бўлмаган ва бўлмайди ҳам.

Дунё тарихида машҳур давлат ва жамоат арбоблари каби, машҳур нутқ, машҳур маъруза ва фавқулодда муҳим баёнотлар ҳам бўлади. Жамият ривожи, эл-юрт равнақига хизмат қилган бундай чиқишларда баён қилинган қамровли фикрлар, орадан йиллар ўтса-да, эл-юрт эътиборида бўлади. Шавкат Мирзиёевнинг БМТнинг мўътабар минбарида туриб сўзлаган нутқи, шубҳасиз, ана шундай муҳим тарихий ҳужжатлар сирасига киради.

Дунё фавқулодда шиддат билан ўзгариб бораётган бугунги вазиятда инсон ва унинг ҳаёти, она заминнинг тақдири, сув ва ҳаво, келажак насллар ризқи билан боғлиқ ўта мураккаб муаммолар ҳам юзага келмоқда. Бу муаммолар бир миллат ёки бир мамлакатга эмас, жами инсониятга тааллуқли экан, ечим йўлларини биргалашиб, ақл-идрок ва яхши қўшничилик тафаккури билан қидиришдек қадим шарқона одоб зарур бўлади. Давлатимиз раҳбарининг маърузаси дунё аҳлини мана шу заруратдан огоҳ қилди.

Бугун дунё харитасидагина эмас, унинг ижтимоий-маънавий қиёфасида ҳам жиддий ўзгаришлар юз бермоқда. Илм-фан тараққиёти натижалари тўла-тўкис инсон фароғати учун хизмат қилмоқда деб айтиш қийин. Ғарб мамлакатларида йирик саноат корхоналари ишчиларини замонавий роботлар билан алмаштириш режалари амалга оширилаётгани кўпчиликка маълум. Ўзбекистоннинг янги сиёсатида “Инсон манфаатлари ҳамма нарсадан устун” деган бу ёруғ оламнинг мангу ҳақиқати, фусункор фалсафаси мужассам тамойил устуворлик қилмоқда. Одамлар давлат идоралари учун эмас, давлат идоралари одамлар учун ишлаши керак, деган даъват жамият аъзоларининг қон томирларига янгича куч-қувват, жўшқинлик бахш этди.

Истиқлол йилларида кечган умримизга танқидий кўз ташлаб, хато-камчиликларни таҳлилдан ўтказиб, халқимизнинг салоҳияти ва имкониятларини чамалаб, ғайрат-шижоатга тўла ёшларимизни руҳлантириб, янги ҳаракатлар стратегиясини қабул қилганимиз, халқни тинглаш, унинг ичида бўлиш, муаммоларини ҳал қилиш давлат идораларининг бирламчи вазифасига айлангани Ўзбекистонда янги уйғониш фасли куртак ёзаётгани, мева тугаётганидан далолатдир. Дунёнинг жуғрофий жиҳатдан бир-бирига туташиб кетган неча-неча давлатларида диний ва ирқий можаролар авж олиб турган бир пайтда Президентимизнинг “Ўзбекистон ўзаро мулоқот, амалий ҳамкорлик ва яхши қўшничиликни мустаҳкамлашнинг қатъий тарафдоридир. Биз Марказий Осиё мамлакатлари билан ҳеч истисносиз барча масалалар бўйича оқилона муроса асосида ҳамкорлик қилишга тайёрмиз”, деган сўзлари ва бу ниятнинг босқичма-босқич ошаётгани кўпларнинг ҳавасини келтирмоқда. БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш, инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссар Ал-Ҳусайн мамлакатимизга ташрифлари чоғи бу сиёсатнинг самараларини ўз кўзлари билан кўришди, миллий ва умуминсоний қадриятлар Ўзбекистонда юксак мақомга эга эканлигига ишонч ҳосил қилдилар. Самарқандда ўтказилган “Марказий Осиё: ягона тарих ва умумий келажак, барқарор ривожланиш ва тараққиёт йўлидаги ҳамкорлик” мавзусидаги ҳалқаро анжуман мамлакатимизнинг янги халқчил йўли, инсон омилига бўлган юксак эътиборни дунёга намоён этди.

Ўзбекистон кейинги уч йил ичида дунё ҳамжамияти олдида ўзининг беғубор ташқи ва меҳр-мурувватга тўла ички сиёсатини тўла намоён этди. Яқин ўтмиш одамларнинг эркин ҳаракат қилишини чеклайдиган, бир оила аъзолари, бир сулола, илдизи бир миллат вакилларини бир-бирларидан узоқлаштирадиган чекловлар бекор қилинди, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масалалари бўйича миллий ва халқаро нодавлат ташкилотлар билан ҳамкорлик фаоллашди, инсонпарварлик, кечиримлилик тамойилларидан келиб чиқиб, тўғри йўлдан адашганларни соғлом ҳаётга, хорижда боқувчисиз қолиб кетган болаларни Ватанга қайтариш чора-тадбирлари белгиланди.

Бир вақтлар Япониянинг собиқ бош вазири, таниқли иқтисодчи Танака: “Оллоҳ яратган ерости ва ерусти бойликларидан кимнинг фойдаланиши эмас, уларнинг ҳазрати Инсонга хизмат қилиши муҳим”, деган эди. Ўзбекистоннинг яхши қўшничилик сиёсати замирида айни шу теран маъно мавжуд.

Ушбу мақолада Ўзбекистоннинг бугунги иқтисодий, маданий-маънавий даражасини кўрсатувчи факт ва рақамлар, қиёсий таҳлиллар, таниқли давлат ва жамоат арбобларининг эътирофларидан деярли фойдаланмадик. Бундан анча йиллар аввал Ўзбекистон Қаҳрамони, халқ шоири Эркин Воҳидов вилоят раҳбарларидан бирининг “Қўйиб берсангиз, бу қўли гул халқимиз нималарни ўйлаб топмайди-я”, деган ҳайратига лутф қилиб, “Бир қўйиб бермайсизми?”, деган эдилар. Улуғ шоирнинг бу нияти тўла маънода амалга ошганига бугун наинки ўзимиз, ҳунармандларнинг Қўқон шаҳрида бўлиб ўтган ҳалқаро кўргазмасида бутун дунё гувоҳ бўлди. Мақолада мисоллар келтириш бошқа, азиз юртимизни келиб кўриш, ҳис этиш, ҳайратга тушиш ва ҳавасланиш бошқа. Юртимиз эшиклари нияти соф, кўнгли покиза кишилар учун ҳамиша очиқ.

Аҳмаджон МЕЛИБОЕВ

http://uza.uz/oz/society/singapur-uchinchi-dunyedan-birinchi-dunyega-31-01-2020

Вам может также понравиться...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *