Шу тийран кўзлар

Энг яхши давраларда шеърлар ўқилади.

Маънили одамлар даврасида бўлсанг, олам-олам маънавий завқ оласан. Биз талаба бўлган 1980 йиллардан буён шу руҳда яшаймиз. Ўшанда биз 1-курс талабалари тез-тез шеърхонлик қилардик. Ажойиб ҳамкурсимиз Волидахон (уни – Валия, деб чақиришни хуш кўрардик) Саидова жўшиб айтадиган “Шу тийран кўзлар” шеърини тинглаб, юракларимиз титраб кетарди. Оқкўнгил ҳамкурсимиз Камола Юсупова ҳўнграб йиғлаб юборарди.

Шу пайтгача ўша шеър муаллифини билмас эканман. Интернет мўъжизасидан ўргулай, бу қадрли Устозимиз Нусрат Раҳмат қаламига мансуб эканини билиб олдик! Мен мазза қилиб ўқиган ажойиб шеърдан Сиз ҳам баҳра олинг.

 1а

Суратда: 2016 йили Самарқанд вилоятида ташкил этилган ижодий сафарда Устозлар даврасида. Чапдан: Нусрат Раҳмат, Тўлқин Эшбек, Хуршид Даврон.

1аа

Суратда: ўша тадбирда Устоз Нусрат Раҳмат гурунгларидан баҳраманд бўлаяпмиз.

 4

Суратда: ўша шеърни жарангдор овозда айтиб, юракларимизни сел қилган курсдошимиз Волидахон Саидова

Тўлқин ЭШБЕК,

ЎзМУ Журналистика факультети «Уч илдиз» маҳорат мактаби раҳбари

 ***

ШУ ТИЙРАН КЎЗЛАР

 БУ ШЕЪРНИ ЁЗГАНИМГА ҚИРҚ ЙИЛДАН ОШДИ. У АНЧАЙИН ТАРҚАЛИБ КЕТДИ, АММО КЎПЛАР УНИНГ МУАЛЛИФИ КИМЛИГИНИ БИЛИШМАЙДИ. ЎЗИМ БИТГАНИМНИ ТАСДИҚЛАШ МАҚСАДИДА ҚАЙТА ЭЪЛОН ҚИЛДИМ

Сизга боқиб турган шу тийран кўзлар,

Меникимас, дўстлар…
“Кўзи ожиз” бўлиб туғилгандим ман,
“Бечора, дейдилар, қисматинг экан”.
Сезмасдим:
Тун нима, ё кундуз нима,
Баҳор латофати ё юлдуз нима?!
Эртадан-кечгача ўтирардим жим,
Ахир, юмуқ эди менинг кўзларим.
Илк баҳорда бир кун Тошкентдан дадам,
Доктор олиб келди, қувондим бирам!
Профессор экан,
Кўрди кўзимни.
Тинглади ҳасратли, мунгли сўзимни.

-Даволайман,- деди, аммо жуда қийин,
/Дилим туғён этар дақиқа сайин/
Бунинг бир йўли бор: бирорта одам,
Агар рози бўлса,
Даҳшат бўлса ҳам,
Кўз соққасин берса, ўйиб оламан,
Кўзларинг ўрнига уни жойлайман!
Тезда дўсларимни тўплабди дадам,
Сўрабди ёрдам…
Аммо ким кўз берсин,
Шу экан тақдир,
Дептилар: кўз бериш- даҳшат-ку, ахир!
Қариндошларни ҳам топибди дадам,
Кўз инъом этмабди қариндошлар ҳам.
Сукут ичра бир кун мизғирдим, ҳайҳот,
Ногоҳ эшитилди аччиқ бир фарёд…
Вой, онам-ку, ахир!
Ирғиб турай десам, қўймайди кимдир.
Кейин…
Кейин билсам, бечора онам,
Мен учун берибди икки кўзин ҳам.
Доктор нигоҳбонин ўйиб олибди,
Дарддан мунисгинам фарёд солибди!
Жарроҳ столига сўнгра мен ётдим,
Билмам у ёғини – ҳушим йўқотдим.
Орадан тақрибан қирқ кунча ўтгач,
Ва профессор ижозат этгач,
Докани кўзимдан ечдим – у шартта,
Мен борлиққа боқдим биринчи марта!
О, ошуфта дунё, осмон, юлдуз, ой!
Одамларни кўрдим илк бор, ҳойнаҳой,
Онажон, деб уйга қўйиб кирсам от,
Эҳ, мен ношудга ҳаром бу ҳаёт!
Онамнинг иккала кўзи кўр эди,
Инграрди бечора… дарди зўр эди!
У секин пайпаслаб, бошимни тутди,
Очиқ кўзларимни меҳр билан ўпди.
Сизга боқиб турган шу тийран кўзлар,
Меникимас, дўстлар,
Онажонимники!

 Автор: Нусрат Раҳмат

http://nusratrahmat.blogspot.com/2019/06/blog-post_82.html#more

Вам может также понравиться...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *