Мураккаб вазиятни юксак маърифат билан енгамиз
ЎзМУ Журналистика факультети фахри бўлган Устозларимиздан бири
Маҳмуджон Маматович Парпиев 1958 йилнинг 6 февралида Наманган вилояти Чортоқ туманида туғилган. ТошДУ (ҳозирги ЎзМУ) Журналистика факультетида таҳсил олган. 2003-2019 йилларда Наманган вилоят ҳокимлигининг “Наманган ҳақиқати” газетаси Бош муҳаррири, Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси Наманган вилояти бўлими раиси лавозимларида фаолият кўрсатган. Айни пайтда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенатининг Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш қўмитаси раисининг ўринбосари лавозимида фаолият кўрсатмоқда.
Устознинг қуйидаги мақоласи бўлғуси журналистлар учун ўзига хос маҳорат сабоғидир, дейди Дониш домла.
Тўлқин ЭШБЕК,
ЎзМУ Журналистика факультети кафедра мудири
СЕНАТОР : Мураккаб вазиятни юксак маърифат билан енгамиз
Президентимизнинг 3 апрель кунги Мурожаати халқимизга руҳий мадад, тафтли самимий далда бўлди. Ҳар биримизга куч-қувват бериб, иймон ишончимизни яна бир бор мустаҳкамлади. Юртбошимиз тадбиркорларга, иқтисодиёт тармоқларига, ижтимоий ёрдамга муҳтож аҳолига, якка-ёлғизларга, ногиронларга моддий кўмак ва ёрдамларни оширамиз, халқ уйида ўтирсин, деди.
Тадбирли давлатимиз раҳбари, айни вақтда Covid-19 туфайли мамлакатимизда юзага келган вазиятни очиқ-ойдин тушунтирди, пандемияга қарши кураш бўйича тегишли идораларга янги топшириқлар берди, ҳар биримизга тааллуқли вазифаларни ва ўз тавсияларини баён қилиб берди.
Дунё миқёсида юз бераётган коронавирус пандемияси манаман деган давлатларни ҳам довдиратиб қўймоқда. Ҳатто қудратли Европада айримлар вазиятдан қандай чиқиб кетишни билмай эсанкираганларига гувоҳ бўлдик. Кузатиб турибмиз, солиштиряпмиз. Келинаётган хулоса шуки, қайси давлатда раҳнамо кучли, иродали, фидокор, халқи ҳамжиҳат, аҳил, жамият миқёсидаги тартиб-интизомга чинакам риоя қилса эпидемия нисбатан тез чекинмоқда. Хитой ва Жанубий Корея бунга жонли мисол.
Демак бор ҳақиқатдан кўз юммаслигимиз керак. Мамлакатимизда пандемия муносабати билан кучли инсонпарвар сиёсат олиб борилмоқда. Ҳар бир касалланган бемор, карантинга олинган оилалар қатъий назоратда. Уйда қолаётган аҳоли учун етарли шароитлар, янги имкониятлар муҳайё этилмоқда. Йирик ишлаб чиқариш корхоналари бир зум тўхтамай ишламоқда. Ўрта ва кичик бизнес субъектларига ишончли имтиёзлар тақдим этилмоқда. Энг аҳамиятлиси, давлатимиз раҳбари мазкур синовдан талофатларсиз ўтишимиз кераклигини қайта-қайта уқдирмоқда.
Шунга қарамай, кейинги кунлардаги расмий баёнотлардан маълум бўлмоқдаки, ҳолат бирмунча жиддий. Аксарият аҳолимиз “Уйда қолинг” даъватига, вазият тақозо этган тартибларга қатъий риоя қилмоқда. Таассуфки, маърифатли халқимиз орасида пандемия туфайли ўрнатилган тартиб ва қоидаларни менсимаслик ҳолатлари учраётгани жуда ташвишли.
Бирники мингга, мингники туманга, деган гап бор халқимизда. Заҳарханда бу ҳикмат одамзот бошига тушадиган бугунгига ўхшаган ташвишли кунларга тааллуқли. Уйида гўё диққинафас бўлиб, арзимас баҳона билан кўчага ошиқаётган, карантин қоидаларини писанд қилмай гурунг қилишгача бораётган, ясама важкарсонларни рўкач қилиб, транспорт воситаларини қочиб-бузиб бошқариб юрган кимсаларни тушуниб бўлмаяпти. Нодонлиги билан ўзини, оиласини, бола-чақаларини оғир дардга гирифтор қилиб қўйиши мумкинлигини, хатти-ҳаракати билан жиноят содир этаётганини ўйламаётгани оғир ботяпти. Аллоҳ бу каби ҳамюртларимизга инсоф берсин, тўғри хулоса қилиб олишсин.
Келинг, шу ўринда бошқа аҳамиятли жиҳат ҳақида гаплашайлик. Синовли кунлар бизларни бир-биримизга яқин қиляпти, ҳамжиҳатлигимиз янада мустаҳкам бўлиб бормоқда. “Уйда қолинг” даъвати оилаларимизга, хонадонларимизга гўё нур олиб кирди. Оталар уйда, фарзандлар уйда, тарбия, маърифат сабоқлари кучайди, китобхонлик, оилавий мутоалла таомилга айланди. Уй-рўзғорнинг ҳар қандай юмуши кўпчилик билан ҳамжиҳат бартараф этилмоқда. Биз биргамиз. Ҳар қандай муаммога ечим топамиз.
Дарвоқе, биз ёлғиз эмасмиз. Ибн Синога содиқ шифокорларимиз биз билан. Юзлаб вирус дардига мубтало бўлганларни соғ-омон сақлаб қолишга бел боғлаб, куну тун хизматда туришибди. Минглаб санитар ҳамюртларимиз юртни зарарсизлантиришда жонбозлик қиляптилар. Ички ишлар, мудофаа вазирлигининг минг-минглаб ходимлари биз билан бирга. Юртга оралаган офатдан сизу бизни муҳофаза қилмоқдалар. Оммавий ахборот воситаларининг кўп сонли заҳматкашлари – жамиятимизнинг фаол фидойилари ҳисобланган журналистлар, блогерлар ўз хизмат вазифаларини хавф демай, хатар демай бажармоқдалар. Ҳаммаларини Яратганнинг ўзи ярлақасин, паноҳида асрасин. Биз биргамиз, ҳамжиҳатмиз, демак ҳар қандай мушкулотни енгишга қодирмиз. Ҳаёт эса давом этмоқда!
Маҳмуджон ПАРПИЕВ,
Олий Мажлис Сенатининг Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш қўмитаси раисининг ўринбосари
Сўнгги фикрлар