Ҳасад балоси

Сирти бутун, ичи тутун… (Мақол)

Ҳаётда иши юришганларга кўпчилик ҳавас билан қарайди Яратганнинг ўзи уларни ёмон кўзлардан асрасин, дейсиз. Бироқ, гоҳида чарх “тескари айланиб” қолишидан ҳам кўз юма олмаймиз. Бундай пайт оқкўнгил, жўмард кишиларнинг дарҳол тоғдек таянч бўлишларидан ибрат олса арзийди.

 и5

Ҳавас бор жойда ҳасад балоси ҳам урчиб туриши чатоқ-да. Хўш, ҳаётда ҳавас билан яшайдиганлар кўпми ё ҳасадчилар?

Айтайлик, савдогар «банкрот»га учраса… Машинасини сотиб қутулолмай, ҳашаматли уйигаям харидор излаб қолса… Буям камлик қилгандек, кечаси безорилар ўласи қилиб дўппослаб кетишса…

Маҳалладошларининг қанчаси куюниб, қанчаси суюнарди?!

Бир кашфиёт устида ўн йилча изланиб, фан доктори бўлай деб турган олимнинг илмий иши бехосдан чиппакка чиқиб қолса… Шўрликнинг унвонлари ҳам бекор қилинса. Сўнг, ўзи ўқув муассасасидан кетса…

Аҳли илмдонларнинг қанчаси куюниб, қанчаси суюнарди?!

Тўрт-бешта китоби чиқиб, довруқ тарата бошлаган ёш шоирни катта йўлда машина туртиб кетса…

Ижодкор дўстларининг қанчаси енгил тортиб, қанчаси ғамга ботарди?!

Лавозими мундайроқ раҳбар бир суюқоёқ билан гап-сўз бўлиб, амалидан айрилса…

Соясига «салом берган»ларнинг қанчаси садоқат ила куюниб, қанчаси суюнарди?

Бадавлат кишилар қуда бўлишаётганида тўйлари азага айланса, келинни ўғирлаб, куёвни пичоқлаб кетишса…

Қўшниларининг қанчаси куюниб, қанчаси суюнарди?

Одамларни, хом сут эмган бандаларни бу тариқа куюнтирадиган ё суюнтирадиган воқеа-ҳодисалар ҳаётда жуда кўп учрайди. Отнинг ўлими – итнинг байрами, деганларидек, ҳар қандай фожиадан ҳам озми-кўпми ичида хурсанд бўладиганлар топилади, афсуски. Қувончини ҳар қанча пинҳон тутмасин, кўзларида ажиб «ҳаяжон» сезилиб туради унақаларнинг. Ҳатто, кўзёши тўкаётгандек кўринсада, ич-ичидан куладиган кимсалар ҳам йўқ эмас. Бировлар ғамга ботганда гўё ҳамдарддек бошини хам қилиб ўтирса-да, кўнглида кечаётган ўйлари кўзларида акс этганини кўрасиз.

Ҳашаматли иморат қураётган, енгил машинанинг зўридан олаётган, олимликдан обрў топаётган, раҳбарликка тайинланаётган, хонадонига файз кираётган, ижоди билан танилаётган инсонларга ҳасад қилувчилар қайдан пайдо бўлишаркин? Адолат тарозусига қўйиб кўрсак ҳасадчиларнинг ўрни қай даражада?

Ўзини инсофли, адолатпеша қилиб кўрсатадиган кимсалар ҳам тил учида жавобни «қойил» қиладилар: «Йўғ-е, наҳотки… шахсан мен бировга ҳасад қилмайман…».

Уларга: «хўш, сизга ҳасад қиладиганлар йўқми?» деб савол бериб кўринг. Фиғонидан тутун чиқиб кетади: «Эйй, сўраманг, мени кўролмайдиган кўзинг чиққурлар дастидан дод дегим келади…»

Ана сизга мантиқ!

Ҳасад балосининг илдизи қаерда ўзи, деган саволга мухтасар жавоб ахтарамиз.

Тангри таоло ҳар бир жонзотни яратар экан, улар умрига завол етказувчи аллақандай кушандалар ҳам пайдо бўлаверган. Хусусан, одамзоднинг энг даҳшатли, қабиҳ кушандаси – ҳасаддир. Одамзоднинг ўзига ўзини душман қилиб қўядиган, ич-ичидан емириб, кемириб адо қиладиган иллат – ҳасад балоси ҳисобланади. Ҳасаднинг ўткир тирноқлари – ғийбат, заҳарли тили – туҳмат, мақсади – кулфат…

Ҳасаднинг миқёси ҳам, қамрови ҳам жуда кенг. Дунё бўйича урчиб кетган энг қабиҳ иллат – ҳасад бўлса неажаб. Дейлик, бировга ҳеч қачон зиён-заҳмат етказмайдиган, тинчлик-осойишталикни олий мақсад деб билган Ўзбекистон аталмиш мамлакатимизни ҳам кўролмайдиган ҳасадчилар кам эмас… Улар бугунги чексиз ахборот маконида “ахборот хуружи” қилишга уринадилар.

Ҳасадчи шундай «хусусият»га эгаки, бақрайиб турганча туҳмат қилишдан тап тортмайди. Тили ғийбатдан бошқа гапга «айланмайди». Ҳасад ўқи ила «кўролмайдиган» кишисини бадном қилмагунича ғийбат қилаверади. Бўлмағур миш-мишлар тарқатаверади. Севимли шоиримиз Абдулла Орипов ўша миш-мишчилар ҳақида жуда боплаб ёзган:

 

Унинг миш-мишидан ранжиманг асло,

Нима бўлса, аслинаслида бўлган.

Она қорниданоқ ўзи ҳам ҳатто,

Асли миш-миш билан дунёга келган.

 

Бундай кимсалар ўзлари ўйлаб топган ёлғон-яшиқ гапларига ўзгаларни ишонтирмоқчи бўладилар. Соддадил, ишонувчан кишилардан тортиб казо-казоларгача лақиллатишга, ҳатто, улар орасига адоват уруғини сочишга устаси фаранг бўлади ҳасадгўйлар…

Ҳасадгўй, ғийбатчилардан хафа бўлишга ҳожат йўқ. Асли насли, бўлари шу-да. Бироқ, туппа-тузик зиёли, масъул ходим ё бирор ташкилот раҳбари бўлатуриб ғийбатчлар «ноғорасига ўйнаган»лардан ранжисангиз арзийди. Чунки, ўша лаҳзада ҳасадгўй асл ниятига эришаётган бўладида…

Ҳасад қилмайдиганлар ҳам борми, деган ҳақли саволга баралла айтадиган жавобимиз: ҳаётда эзгу мақсадли, маънавий етук, турфа иллатлардан йироқ, олижаноб кишилар жуда кўп. Улар қўша-қўша бахтга мушаррафдирлар. Фермерлик ва бошқа тадбиркорлик ишлари юришиб, ҳашаматли уйлар қурмоқдалар, машиналар олмоқдалар, дўконлар барпо этмоқдалар, элу юртига бош-қош бўлмоқдалар, жўшиб ижод қилмоқдалар…

Фарангларда ажойиб бир мақол бор экан: қўшним икки қаватли уй қурса, мен уч қаватли қилиб қураман. Ана сизга – тараққиёт. Маънавият ва маърифат равнақ топган элда шунақа олижаноб, эзгу ниятлар рўёбга чиқаверади, албатта. Демак, мустақил мамлакатимизда маънавият ва маърифатни равнақ топтириш қуёш нуридек зарур.

Қоронғи, ташландиқ жойда ҳар хил ҳашоратлар ғимирлаб юргани мисол маънавиятсиз, маърифатсиз кимсалар «онги»да фисқу фасод урчиб кетиши ҳеч гапмас…

Кўп китоб ўқийдиган, уқиб мағзини чақадиган, миллий туйғуларга ташна, санъатга ошно, яратувчанлик ишқида юрган кишилар ҳасад деган иллатдан жуда йироқдир. Улар ҳавас ила яшайдилар. Гўзал турмуш – ҳаётларининг мағзи, мазмунидир.

Мустақил давлатимиз ўз автомобиллари билан донг таратмоқда. Ҳаётга қора кўзойнак ортидан қарайдиган айрим кимсалар бунга ҳавас қилдиларми ё ҳасад? Ўша чиройли машинадан фермер қўшнингиз ҳам сотиб олибди. Унга нисбатан кўнглингизда қандай ҳислар жўш урди: ҳавасми ё ҳасад?

Қолгани виждонингизга ҳавола.

Тўлқин ЭШБЕК

(Ғафур Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриётида 2000 йилда

чоп этилган «Адашган қиз қисмати» тўпламидан олинди)

Вам может также понравиться...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *