Рамазон ҳайити табриги

Муҳтарам жамоа, азиз талабалар!

rector

           Барчангизни, сиз орқали оила аъзоларингизни, устозларимизни, талабаларимизнинг ота-оналарини улуғ айём кун-Рамазон ҳайити билан чин юракдан табриклайман.

Ўтаётган Рамазон ойи сабр-бардош, саҳоват, ибодат, меҳр-оқибат, эзгулик ойи бўлиб, бу кунлардаги  умумбашарий ва миллий қадриятларимиз даражасига кўтарилган муносабатлар  йил ўн икки ойга ўз аксини бериб туради.

Халқимиз азал-азалдан Рамазонни интиқиб кўтади. Бу ой  учун ҳам руҳан, ҳам маънан катта тадориклар кўрамиз. Моҳи Рамазонни гўзал бир тарзда ўтказамиз. Шукроналик ойида дуолар, эзгу ниятлар, тилаклар, катта режалар қилиб, Оллоҳдан ишларимизга ривож тилаймиз.

Ҳақиқатан ҳам муҳтарам президентимиз таъкидлаганларидек, биз -зиёлилар намуна бўлиб, халқимиз ичига илмимиз, меҳнатимиз билан кириб, ҳамюртларимиз билан жипс бўлиб, бугунги синовлардан тушкунликка тушмай, қийинчиликларни енгиб ўтамиз.

Қадрли университетимиз жамоаси, талабалари ҳам халқимиз бошига келган синовли кунларда ўзларининг инсонпарварликларини, меҳр-оқибат намуналарини кўрсатишди. Олим, мутахассис, волонтёр сифатида сидқидилдан қўлларидан келган кўмакларни аямадилар. Мен фурсатдан фойдаланиб, шундай жамоа билан бирга ишлаётганимдан фахрланишимни билдириб,   бу хайрли ишларни амалга оширишда жамоамиз жонбозлик кўрсатганига миннатдорчилигимни билдираман. Бу хайрли ишларингиз ажр-савобларини кўринг.

Бугун нафақат Ўзбекистон, балки бутун дунёда пандемия ҳолати, қолаверса кетма-кет дунё бўйлаб юз бераётган синовлар инсониятни иродасини тоблайди, тарбиялайди. Бизнинг халқимиз бошидан катта-катта синовларни ўтказган. Бугунги синовларда халқимизни бир бўлаги, зиёли қатлами бўлмиш сиз, азизлар, эртамиз бўлган талабаларимиз  ҳам илмда, ҳам оқибатда барчага ўрнак бўлаяпсиз.

Ҳар бир ишда бир ҳикмат бор, дейди доно халқимиз. Пандемия даври таълимда туб бурилишлар қилишимизга, илм-фанда янгича форматда иш олиб боришимизга, ёшларимизни ўз устиларида мустақил ишлаш кўникмаларини яна ҳам чуқурроқ ўзлаштиришига туртки бўлди.

Биз пандемиядан кейинги янги даврга янги ёндашувлар, янгича қарашлар билан кирамиз.

Янги Ўзбекистоннимизнинг илм-фан равнақига ўз ҳиссангизни қўшишда Сизга куч-қувват, хотиржамлик, оилангиз ва яқинларингизга сиҳат саломатлик тилайман. Рамазон кунларидаги қилган дуоларимиз ижобат бўлсин. Ҳайит айёми барчангизга муборак бўлсин!

 

Авазжон Мараҳимов,

Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети ректори, профессор

Вам может также понравиться...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *