Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори

Ўзбекистон халқ ёзувчиси Ўткир Ҳошимов таваллудининг 80 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида

Ўзбек адабиёти ва маданияти ривожига унутилмас ҳисса қўшган атоқли адиб ва жамоат арбоби, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Ўткир Ҳошимов ижодий меросининг ёш авлодни Ватанга муҳаббат ва садоқат, миллий ва умуминсоний қадриятларга муҳаббат руҳида тарбиялаш борасидаги улкан аҳамиятини инобатга олиб, адиб таваллудининг 80 йиллигини кенг нишонлаш ва хотирасини абадийлаштириш мақсадида:

1. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, Республика Маънавият ва маърифат маркази, Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги, Ёшлар ишлари агентлиги ва жамоатчилик вакилларининг 2021 йилда Ўзбекистон халқ ёзувчиси Ўткир Ҳошимов таваллудининг 80 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин.

2. Ўзбекистон халқ ёзувчиси Ўткир Ҳошимов таваллудининг 80 йиллигини нишонлаш бўйича ташкилий қўмита таркиби (кейинги ўринларда – Ташкилий қўмита) иловага мувофиқ тасдиқлансин.

3. Ташкилий қўмита (А.Арипов) бир ой муддатда қуйидагиларни назарда тутувчи Ўзбекистон халқ ёзувчиси Ўткир Ҳошимов таваллудининг 80 йиллигини нишонлаш бўйича чора-тадбирлар дастурини ишлаб чиқиб, тасдиқласин:

2021 йил август ойининг биринчи ўн кунлигида Ўзбек Миллий академик драма театрида Ўткир Ҳошимов таваллудининг 80 йиллигига бағишланган адабий-бадиий хотира кечасини ўтказиш;

адибнинг ўзбек тилидаги “Танланган асарлар”ини, қорақалпоқ, рус ва бошқа хорижий тилларга таржима қилинган асарларини, шунингдек, “Ўткир Ҳошимов замондошлари хотирасида” китобини нашрга тайёрлаш ва чоп этиш;

Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетида “Замонавий ўзбек адабиёти ривожида Ўткир Ҳошимов ижодининг ўрни ва аҳамияти” мавзусида илмий-амалий конференция ўтказиш;

Тошкент шаҳри Чилонзор тумани Дўмбиробод маҳалласидаги адиб яшаган уйда ёдгорлик лавҳаси ўрнатиш;

Ўткир Ҳошимовнинг асарлари асосида спектакллар саҳналаштириш ва янги фильмлар яратиш;

Тошкент шаҳридаги кўчалардан бирига Ўткир Ҳошимов номини бериш;

республика ижод мактаблари ўқувчилари ўртасида “Ўткир Ҳошимов асарларининг билимдонлари” танловини ўтказиш;

мамлакатимиздаги умумий ўрта таълим муассасалари ўқувчилари ҳамда олий таълим муассасалари талабалари ўртасида адиб асарлари асосида иншолар танловларини ўтказиш;

таълим муассасалари, меҳнат жамоалари, маҳаллалар, ҳарбий қисмлар ҳамда Адиблар хиёбонида таниқли ижодкорлар, олимлар, маданият ва санъат намояндалари иштирокида Ўткир Ҳошимов ижодига бағишланган учрашувлар, давра суҳбатлари ҳамда китобхонлик кечаларини ташкил этиш;

Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси телеканалларида Ўткир Ҳошимов асарлари асосида яратилган телевизион фильмларни кенг намойиш этиш.

Ташкилий қўмитага Ўткир Ҳошимов таваллудининг 80 йиллигини нишонлаш доирасида ўтказиладиган тадбирларни юксак савияда ташкил этиш, мазкур қарор ва чора-тадбирлар дастурининг ўз вақтида, сифатли ва тўлиқ амалга оширилишини мувофиқлаштириб бориш вазифалари юклатилсин.

4. Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Ўзбекистон электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси ва бошқа оммавий ахборот воситаларига Ўткир Ҳошимов таваллудининг 80 йиллигини нишонлаш билан боғлиқ тадбирларни кенг ёритиш тавсия этилсин.

5. Мазкур қарорда назарда тутилган чора-тадбирларни молиялаштириш манбалари этиб Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари, ташкилотчиларнинг ўз маблағлари ҳамда қонун ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар белгилансин.

6. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси А.А.Абдувахитов зиммасига юклансин.

 

Ўзбекистон Республикаси

             Президенти                                         Ш.МИРЗИЁЕВ

Тошкент шаҳри,

2020 йил 2 декабрь

https://uza.uz/uz/posts/ozbekiston-xalq-yozuvchisi-otkir-hoshimov-tavalludining-80-yilligini-keng-nishonlash-togrisida_191379

Вам может также понравиться...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *