Абдулла Қодирий. Бахтсиз куёв (драма)

Буюк адибимиз Абдулла Қодирийнинг «Бахтсиз куёв» драмаси асосида

суратга олинган видеофильм ҳақида Ўзбекистон телевидениеси «Ўзбекистон» каналида амойиш этиладиган «Муносабат» кўрсатувида эртага ижодкор-олимлар ўз фикр-мулоҳазаларини ўртоқлашадилар.

Абдулла Қодирий. Бахтсиз куёв (драма)

Туркистон маишатидин олинган тўрт пардалик фожиъа

ЎЙНОВЧИЛАР:
Солиҳ — 25 яшар, куёв бўладурған йигит.
Абдураҳим — 45 яшар, Солиҳнинг амакиси.
Файзибой — 50 яшар, Солиҳнинг қайнотаси.
Домла-имом — 50 яшар.
Элликбоши — 35 яшар, янги фикр.
Бой — 45 яшар, Солиҳга пул беручи, ижарахўр.
Раҳима — 16 яшар, Солиҳ оладурған қиз.
Пристуф ва миршаб

БИРИНЧИ ПАРДА

Меҳмонхона, ўнгда кирадурган эшик, сўлда бир тераза, қозуқларда чопон, салла, белбоғ ва шунга ўхшаш нимарсалар, меҳмонхонанинг остига намат солинган, Солиҳ кичикроқ кўрпача устида олдига дастурхонда нон, бир чойнак чой қўюб, нондан еб, чойдан ичиб ўлтурар, бир оздан сўнг Абдураҳим кирар.
АБДУРАҲИМ — (кирар йўталуб)
СОЛИҲ — (Абдураҳимга қараб, сакраб ўрнидан туруб) Ассалому алайкум, келинг, амаки (Абдураҳимни мулоқотига уч-тўрт қадам юрар).
АБДУРАҲИМ — Ваалейкум ассалом (қўл олишуб, эсонми, омонми сўзлари билан ҳол-аҳвол сўрашурлар).
СОЛИҲ — Қани, амаки, кўрпачаға ўлтуринг! (қўли билан ииюрат қилур).
АБДУРАҲИМ — Хўб, хўб, чойинг ҳам бор эканми? Ўзинг ҳам ўлтур (ўлтурарлар), омин, Аллоҳ ишингға ривож берсун, Аллоҳу акбар (фотиҳа ўқурлар).
СОЛИҲ—Хуш келубсиз, амаки нечук худо ярлақади, келин ойим, укаларим, эсон-омон юрубдиларми? Қани, нонға марҳамат қилинг (чой қуяр).
АБДУРАҲИМ — Хушвақт бўл, Худоға шукр, ҳаммалари саломат, янганг сенга кўб салом деб юборди, бу кун сени тўғрингға бир гап чиқиб қолди. Сенга маълум қилай. яна ўзингни кўб вақтдан буён кўрганим йўқ эди, кўриб ҳам келай, деб келдум (нон тановул қилур).
СОЛИҲ — (чой беруб) Жуда яхши, мен ҳам сизни соғинган эдим.
АБДУРАҲИМ — (пиёла қўлида) Уйингға боруб келсанг бўлмайдими? Неча зарур гаплар бўладир, борасан деб кўз тутаман, бормайсан, ҳар куни бормасанг ҳам беш-олти кунда бир боруб турсанг, ишинг қоладурми?
СОЛИҲ — Айтканингиздек неча бора бу кун борайин деб ўйлайман, ўзингизға маълум, бировнинг хизматкори бўлгандан кейин қийин бўлур экан, бораман деган куним хўжайин иш буюруб қўядир, боролмай қоламан. Кеча-кечаси, ҳовлиға боруб ётиб келсам бўладур-ку, ҳовлида ёлғуз ўзим ёткани зерикаман, яна ораси узоқ йўл, бул ерда бирга ишлайдурған оға-инилар бор, ҳар кечаси бирга гаплашиб ётиб, биров-бировимизға ўрганишиб қолганмиз, улардан ажрагим ҳам келмайдур.
АБДУРАҲИМ — Хайр, ундоқ бўлса, сендан сўрайдурган гапим бор, агар хўб десанг айтаман (пиёлани бўшатуб, Солиҳга беруб). Менга чой берма, уйда жуда кўб ичиб келдум.
СОЛИҲ — Хайр, қани нима гап экан, сўйланг эшитай?
АБДУРАҲИМ — Сўзим шулки, ота-онангнинг ўлганлариға тўрт йил бўлуб қолди, шундан буён шу хўжайинингда хизматда юрубсан, қанча оқча йиғдинг?
СОЛИҲ — Оқча йиғолганим йўқ, топкан пулим ўз ҳаражатимга кетуб турибдур.
АБДУРАҲИМ — Солиҳ болам, айтабер, ўйламаки амаким мендан сўраб олур деб, оқчанг ўзингға буюрсин, кўрқма!
СОЛИҲ — (Ерга қараб, озроқ ўйлаб) Уч юз сўмға яқин оқча йиғдим.
АБДУ РАҲИМ — Балли-балли, баракалла ўғлум, шул замонда хўб йиғибсан-да (бир оз сўздан тўхтаб). Мен сени сиртингдан неча вақтдан буён, отангнинг ошнаси Файзибой билан қизини сенга олуб бермакчи бўлуб сўйлашуб юрар эдим. Бугун эрта билан менинг уйимға Файзибой келиб, агар Солиҳга қизимни олуб берадурган бўлсангиз, вақтлироқ ҳаракат қилинг, бўлмаса бир бошқа совчи келуб турубдир, қизимни Солиҳга олуб бермасангизлар, келуб турган совчиға қуда бўлуб қолсам ҳам эҳтимол, деди. Мен унга бўлса, Солиҳдан сўраб, кечқурун жавоб берай, деб мунда келдим, мен сендан қанча оқчанг бор, деб сўраганимнинг сабаби шул эди, мана, алҳамдулиллоҳ мунча оқчаға молик бўлубсан. Уйланиб, уйингда ота-онангнинг чироқларини ёқсанг, аларни арвоҳлари мендан ҳам кўброқ сендан хушнуд бўлур эди, яна ўзинг ҳовлида ёлғуз ётолмайман дейсан, хотун олгандан сўнг зерикмай, ҳовлида ётадурган бўласан. Файзибойни ўзинг яхши биласан, дастурхонлик, обрўлик, ҳам қизиға кўб мол қиладурған одамдур. Энди менга, хўб, бўлади, деб жавоб берсанг, эртага маҳалладан элликбоши ва домла-имомни олуб, Файзибойникиға боруб, фотиҳа ҳам, олуғ-солуғларни гаплашиб, биратўласига тўй бўладурған қилуб келаман, қани, нима жавоб берасан.
СОЛИҲ — (Ерга қараб, сукут қилур).
АБДУРАҲИМ — Уялма, бу сўзим шариъатда бор гап.
СОЛИҲ — (Абдураҳимга қараб) Йўқ, амаки, уялганим йўқ, ҳозирда хотин оламан, деган ўй кўкрагимда йўқ, ҳозир вақти эмас.
АБДУРАҲИМ — Нега ундоқ дейсан, хотун олмоқ фарз ва суннат эмасми, хотун олмоқни вақти-бевақти бўладурми? Ҳар кимға вақти бўлмаса ҳам сендек йигитға зарурдур, хусусан сенга ҳам фарз, ҳам қарздир. Чунки уйингда ҳеч киминг йўқ, яна икки-уч йил юрсанг, уйингни том-деворини шикаст-рехтлариға қарамасанг, вайрон бўлмоғи муқаррардир. Уйланган вақтингда уйларингға қараб турарсан, мундан ҳам фойданг бор.
СОЛИҲ — Хўб, тузук, сўзингиз тўғри. Бу сўзларингизға жуда ишонаман, лекин замонамизда ёмон бидъат, исрофлар тараққий топкан, унча-мунча оқчаға бу вақтда уйланмак қийин, мени оқчам бояги айтканим. Сизға хўб, хотун оламан, уйланаман десам, Файзибой мендан замонаға мувофиқ оқча олса, ул вақтда мен қарздор-абгор бўлуб қолсам, иш қандай бўлур, ҳозир авф этасиз, амаки?
АБДУРАҲИМ — Вой, қўрқоқ экансан-ку, ҳозирги замонда қайси бир йигит қарздор бўлмай уйланяпти, озроқ қарздор бўлсанг, бошинг омон бўлса, саҳалда қарзингни узуб қўясан, яна Файзибой кўб катта тўй қилмайман, дейдур, замонани тўйидек сендан кўб оқча кетмаса керак, бу сенга хўб қулайдур, хўб деявер.
СОЛИҲ — (оз ўйлаб туруб) Хайр, қарздор бўлуб қоламанда, ўзингиз биласиз амаки, сазангиз ўлмасун? Отам ўрниға отамсиз, нима қилсангиз ихтиёр ўзингизда.
АБДУРАҲИМ — Ана энди ўзингға келдинг, баракалла, балли, мен букун Файзибойға хабар бераман, эртага элликбоши, домлаимом билан фотиҳаға ҳам олуғ-солуғга келамиз деб. У л ҳам маҳалласини катталариға хабар беруб, тараддуд қилиб турар, Аллоҳу акбар (ўрнидан туруб). Менга жавоб, вақтликроқ Файзибойға хабар бермасам бўлмайдур.
СОЛИҲ— (ўрнидан туруб) Кетасизми амаки?
АБДУРАҲИМ — Шундоқ, энди омон бўл, мендан хўжайинингға салом дегин, хайр (чиқиб кетар).
СОЛИҲ — (бир-икки қадам юруб) Хайр, бўлмаса мендан уйдагиларға салом айтинг (хомушлик билан ўрнига келуб ўлтурар, халқга қараб). Қандай гап бўлди, шул замонда камбағал кишини тўйиға бир ярим минг сўм кетуб турган иш, бошимда отам-онам йўқки, мени ғамимни есалар ва мен учун ҳаракат қилсалар. Оҳ яраткан худойим, ўзинг ишимни тўғриламасанг, мен етим бандангнинг кори оғирдур (деб кўз ёши қилуб чўнтагидан дастрўймолини олуб, кўзини артар).

Парда тушар

ИККИНЧИ ПАРДА

Файзибойнинг меҳмонхонаси, сўлда кирадурган эшик, ўнгда икки дарича, меҳмонхона остига намат, саҳнани уч тарафида расмий кўрпача, бир қозуқда қўл сочуқ, бир токчада бир паднус нон, яна бир паднусда тарелкаларда ширинлик мевалар, устига дастурхон ёпилган, яна бир токчада тўрт дона тўн тўйда бериладурган, бир оздан сўнг маҳалласининг домла-имоми билан Файзибой кирар.
ДОМЛА-ИМОМ — Ҳа-ҳа, иш катта-ку, нима гап, мен ҳам айтдим, бир гап бор-ку, Файзибойникида, деб (токчадаги тўнларга қараб), тўй бўладурғанға ўхшайди, токчада тўнлар.
ФАЙЗИБОЙ — Қани юқориға ўлтуринг, тақсир, гаплашурмиз (тўрга ўлтурарлар).
ДОМЛА-ИМОМ — Омин, Аллоҳ зиёда қилсун, Аллоҳу акбар (фотиҳа ўқурлар). Қани, гапиринг?
ФАЙЗИБОЙ— Ожизаға Абдураҳимбой элликбоши билан фотиҳаға келмакчи. яна олуғ-солуғ қилинса ҳам ихтимол, шу сабабдан сизни чақируб келдимки, юрт кўргансиз, юртдаги олуғ-солуғларға тушунуб қолгансиз, мени тарафимдан гаплашсангиз деб.
ДОМЛА-ИМОМ — Ҳа, ҳа, ҳа, жуда яхши бўлубдур, худо зиёда қилсун, Абдураҳимнинг ўғлини куёв қилдингизми?
ФАЙЗИБОЙ — Йўқ, ўлуб кеткан акасининг ўғлини.
ДОМЛА-ИМОМ — Тузук, тузук Собирбойнинг ўғли Солиҳними?
ФАЙЗИБОЙ — Шундоқ, тақсир.
ДОМЛА-ИМОМ — Яхши қилубсиз. Меҳнаткаш, етимликда қаттиғчиликни кўб кўрган йигит (шул вақтда эшикдан Абдураҳим ила элликбоши кирурлар, салом беришуб, домла-имом, Файзибой ўринларидан туруб, келганлар билан кўришурлар, Файзибой меҳмонларга тўрдан жой кўрсатуб ўткузар).
АБДУРАҲИМ — (домла-имомга) Тақсир, бир фотиҳа ўқуб қўйинг.
ДОМЛА-ИМОМ — (қўлини кўтаруб) Омин, тўй устиға тўйлар бўлсун, Аллоҳу акбар (ҳаммалари фотиҳа ўқурлар).
ФАЙЗИБОЙ — (ўрнидан туруб) Хуш келубсиз, меҳмонлар.
ҲАММ АЛАРИ — Хушвақт бўлинг, балли, раҳмат.
ФАЙЗИБОЙ — (меҳмонлар олдига дастурхон солиб, токчадаги паднусларни келтуруб қўяр, яна самовор паднусни, пиёлаларни келтуруб қўюб, самовор келтирмоқга чиқиб кетар).
ДОМЛА-ИМОМ — (нонларни синдириб қўюб) Қани, меҳмонлар, нонға марҳамат қилинглар (ҳаммалари нон тановул қилурлар).
ДОМЛА-ИМОМ — (Абдураҳимга қараб) Жуда яхши ғайрат қилубсиз, эшитиб, зиёда хурсанд бўлдум.
АБДУРАҲИМ — Шундоқ бўлди тақсир, мен ғайрат қилмасам, Солиҳнинг ҳеч кими йўқ, бир ёқда ҳовлиси бузулуб кетмоқда, хотун олуб берсам, уйиға қараб, ҳовлисини бузмасдан ўлтурар, деб ўйладум.
ДОМЛА-ИМОМ — Шундоқ, кўп савобға даҳлдор бўлубсиз (Файзибой самовор олиб кируб қуюб, чой қуймоққа бошлар, парданинг охиригача, ўлтурганларга оз-оздан чой қуюб бериб турар).
ДОМЛА-ИМОМ — Элликбоши, бир фотиҳа қилуб қўйсак, яхши бўлур эди (Файзибойга қараб), сиз нима дейсиз?
ЭЛЛИКБОШИ — Жуда яхши бўлади.
ФАЙЗИБОЙ — Ўзларингиз биласиз.
ДОМЛА-ИМОМ — Қани бўлмаса, қўлингизларни кўтаринглар (ҳамма.пари қўлларини фотиҳага очурлар) Омин, Аллоҳ ҳар иккисининг умрини узоқ қилиб, қўшақарутсун, серфарзанд, сердавлат қилсун, Аллоҳу акбар.
ЭЛЛИКБОШИ — (Файзибойга қараб) Файзибой ака, сизға бир-икки калима сўз айтаман, агар хўб десангиз?
ФАЙЗИБОЙ — Хўб, қани, эшитай, сўйланг (ҳаммалари тингларлар).
ЭЛЛИКБОШИ — Сўзим шулки, совчигарчилик олуғ-солуғи сўйлашилмаса, чунки куёв бўлмиш йигит ўзингизға маълум, етим, ҳам камбағал. Яна олуғ-солуғ шариъатда йўқ гап. Олуғ-солуғ қилинса, куёвдан кўб оқча олинса, қарздор бўлуб қолса, яхши эмас, дейман. Кераклик нарсаларға озроққина оқча олуб, никоҳлаб берсангиз, шариъатдаги иш бўлур эди.
ФАЙЗИБОЙ — Олуғ-солуғ бўлмаса тўй-тўй бўладими? Менинг ҳам бошимда бир қизим бор, орзу-ҳаваслик дунё, яхшилаб орзу-ҳавас қилсам, деган ниятимда бор. (Домлага қараб) Тақсир, бу кишининг сўзлари дурустми?
ДОМЛА-ИМОМ — Бу кишининг айтканларидек қилсангиз халққа кулги бўласиз. Олуғ-солуғ қилинмаса бўлмайдур. (Элликбошига қараб) Олуғ-солуғ юртнинг расми, буни қилманг демоқингиз айб гап!
ЭЛЛИКБОШИ — Мен шариъати мустафо бўйинча иш тутилса деб эдим, гуноҳ ўткан бўлса, афв этасизлар. Олуғ-солуғ сўйлашилса, сўйлашилсин. (Абдураҳимга) Абдураҳим ака, сиз нима дейсиз?
АБДУРАҲИМ —Ўзларингиздан гап қоладими? Солиҳға жуда ҳам оғир бўладурған бўлмасун.
ФАЙЗИБОЙ — (домлага) Тақсир, қани, олуғ-солуғни юртда хўб кўргансиз, ҳам эшитгансиз, сўйланг?
ДОМЛА-ИМОМ — Бўлмаса совчигарчилик бирла катта тўйни бир қилуб сўйлаймизда, чунки енгилроқ бўладур.
ФАЙЗИБОЙ — Йўқ, бошқа-бошқа сўйлансун.
ДОМЛА-ИМОМ — Ҳаммасини бир қилаверамиз, осонроқ бўладур. (Абдураҳим ва элликбошига қараб) Мен сўйлай, сизлар яхшилаб тинглаб туринглар, ҳар икки тўйда беш юз сўм пул, ўн беш қўй, бир от, тўрт ботмон буғдой, тўрт ботмон бринч, кажавада майиз, туршак, ўн яшук ҳар хил қанд ва ширинлик, йигирма қуюм ҳолва, уч минг дона катта нон, қозонда нишолда, қизлариға ўн бош-оёқ кийим, кимхоб, духоба, шоҳи, атлас, мовут, чидаган, чит ва бошқалар; ҳар биридан кўйлак, камзул ва мазкурларға лойиқ қимматбаҳо рўмоллар, яна уч дона паранжи шоҳи, духоба, адрас, уч дона кавуш-масхи, қавм-қариндошлариға, ўзлариға, заифалариға бош-оёқ кийим.
ЭЛЛИКБОШИ — Йўқ, домла, жуда ошируб гапурдингиз, йигитнинг ҳоли ўзингизға маълум, жабр бўладурган бўлмасун.
ФАЙЗИБОЙ — (домлага қараб) Жуда кам айтдингиз, мен мунга рози эмасман. Юрт урфи қайда, ҳа, ҳа, яна неча нарсаларни қолдурдингиз. (Элликбошига) Яна сизнинг ошируб юбордингиз, деган сўзингизға ҳайронман.
ДОМЛА-ИМОМ — (Элшкбоишга) Ўзингизнинг хабарингиз бор, Аҳмадбой ўғуллариға қандай тўй қилуб, хотун олуб бердилар. Бу ул одамнинг тўйини учқунидек ҳам эмаску!!!
ЭЛЛИКБОШИ —Ундоқ исрофчи бойларни қўяберсангизчи, тақсир, ҳоллари ўзингизға маълум, ҳар кимдан қарздор бўлуб туруб, қўлларидаги бировнинг оқчасини тўй томошаға исроф қилиб, пулдорни пулини топиб беролмай, синиб, мулк-ашёдан ажралуб ётканларини кўрмадингизми? Уларнинг тўйши тўй деманг, охири аза-ку, тақсир.
АБДУРАҲИМ — (Файзибойга) Камайтуринг. Солиҳни биласиз, ҳеч нимаси йўқ, етим, мундақангги ошуқча оламан деманг!
ФАЙЗИБОЙ — Ҳали мен мунга кўнмайман, домла жуда кам айтуб қўйдилар.
ДОМЛА-ИМОМ — (Файзибойга) Майли, кам бўлса ҳам, чунки куёвингиз етим йигит, шунинг учун ортуқча айтмадум, (Абдураҳимга) Сизлардан бу пул ва бошқа нарсаларни олгани билан ўзиға сарф қиладур, ҳамёнға соладур, деб ўйламанг?
ФАЙЗИБОЙ — Мен сизларға ном-баном тушундурай, сўраган ғаллалар тўйни олишға, ҳам нониға кетадур. Қўй ва отлар сўйилуб, ёғ-гўшти ошга кетадур, бунинг ичида чарлар, юз кўрсатарлари ҳам бор. Пулға мис асбоб, икки дона палак, икки дона гулкўрпа, саккиз дона дорпўш, қизимға бўюнтумор, қўлтуқтумор, тиллақош зираклар, мундан бошқа майда-чуйда нарсалар билан тамомланадур. Нонлар бўлса, тўйға келганларға тарқатиладур, ҳолва, бошқа нарсалар ҳам. Энди тушундингизларми, менга мундан нима қоладур.
ЭЛЛИКБОШИ — Мен сиздан сўрайин, мис асбоблар кераклик нарсалар, мунга кўб кеткандан бир юз сўм кетадур, палак, гул-кўрпа, дорпўш, бўюнтумор, қўлтуқтумор, тиллақошлардан нима фойда чиқадур, улар нимага керак?
ФАЙЗИБОЙ — Палак, гулкўрпа, дорпўшлар тўйда уйни зийнати, тумор, тиллақошларни қизимиз тақадур.
ЭЛЛИКБОШИ — Уйға булардан бошқа зийнат қуриб қолибдурму? Қизингизға шанғир-шунғир қилуб туя мисоллик тумор таққандан нима фойда, мен буларнинг ҳаммасини биламан, беш-олти кундин сўнг сандуқда ётадур, аларни сандуқ ҳузурини кўрадур, тийинға арзимайдурған нарсаларга куёв бечорадин кўб оқча олуб кўчадагиларға ош, нон беруб исроф қилсангиз, яна кераги йўқ, палак-халак, тумор-пуморларға пул исроф қилсангиз, куёвингиз бечора қарздор бўлуб қолса, ғам-андуҳини қизингиз бирга тортадур, шариъатға мувофиқ тўй қилсангиз, куёвингиз беқарз бўлса, қизингиз баҳузур, беғам умргузаронлик қилади.
ФАЙЗИБОЙ — Ҳали ҳам мен, патирушатар, совчигарчилик сўраганим йўқ, мундан ортуқ шариъатдаги тўй қандоқ бўлади?
ЭЛЛИКБОШИ — Шариъати мустафода шундоқки, куёв тарафидин қизға маҳр таъинламоқ, сўнгра бир коса сув билан никоҳламоқ. Муҳаммад алайҳиссалом йигитдан пул олғил, палак, гулкўрпа, дорпўш, тумор, қўлтуқгумор қилғил, йигит қарздор бўлуб қолса ҳам майли, дейдиларму? Ҳозирда биз туркистонликлардин бошқа жумла мусулмонлар, хусусан Макка, Мадина, Истамбуллилар юқоридаги айтканимдек қилиб қизни эрга берадурлар, куёвдан оқча сўрамоқни номусулмонлик деб биладурлар ва бизлардек исроф қилмайдилар. (Домлага қараб) Тақсир, сиз ҳам толиби улумсиз, Худо ва расулимизнинг буйруқлари шундоқ эмасми? Ва бу кишининг сўраганлари шариъатдан ташқари эмасми?
ДОМЛА-ИМОМ — Ҳар жойни мусулмонларининг бир расми бўлади, бизларға ҳам шундоқ қилмоқ расмдур.
ЭЛЛИКБОШИ — Ҳар жойнинг мусулмонларини эмас. Бошқа вилоят мусулмонлари шариъатка мувофиқ расм билан қиладурлар. Аммо бизлар шариъатка тескари жоҳилият замонидан қолган бидъат ила қиламиз.
ФАЙЗИБОЙ — Агарда бизлар шариъатка мувофиқ қизимизни эрга берсак, халқ бизни айб қилуб куладилар, мунга нима дейсиз, бизни халқға кулги бўлганимиз яхшими?
ЭЛЛИКБОШИ — Халқ шариъатни масхара қиладиларми? Сиз мени айтканимни қилаберинг, халқ сиздан кулса, шариъат буйруғини қилдим десангиз, ҳеч ким нима деёлмайдур, агар айб қилса, гуноҳкор бўладур.
ФАЙЗИБОЙ — Мундоқ сўзни узуб, улайдурган экансиз, жуда мени гаранг қилдингиз, энди бўлди, бўлди. Домла-имомнинг айтканларини берсаларингиз мана, бўлмаса ўзларингиз биласиз, мен юртнинг расмини ташлаб, қизимни эрга беролмайман, энди гапни кўб чўзманг, минг гапурганингизда заррача менга таъсир қилмайдур.
ЭЛЛИКБОШИ — Хайр, хайр, мендан ўткан бўлса афв этурсиз, мен сизға куёвингизга қариндош эмасман, шунчаки, шундоқ бидъатлар бўлмаса эди, деб сўзни узайтирдим. Жабр қилсангиз куёвингизға қилурсиз, гуноҳи бўйнингизға, менга нима фойда, нима зарар (ерга қараб сукут қилур).
ДОМЛА-ИМОМ — (Абдураҳимга қараб) Сиз хўб деяберинг, бундақанги яҳман деб ўлтурманг, тўйға кеткан оқчани Худо ўзи еткузадур, қарздор бўлса бўлар. Қарз узилар, хотун ёнга қолар, деган сўз бор. Элликбоши қаёғдаги бўлмаган сўзларни гапуриб, сизни сустлантуриб қўйдилар, ул кишининг сўзини қўяберинг.
АБДУРАҲИМ — Хайр, бўлмаса билганларингизни қилинглар.
ДОМЛА-ИМОМ — Қўлингларни кўтаринглар! (Ҳаммалари фотиҳага очурлар, домла ичида узоқ дуо қилур) Омин, Аллоҳу акбар, баракалло! (Абдураҳим ва Файзибойга қараб) Энди муборак бўлсун!
АБДУРАҲИМ ва ФАЙЗИБОЙ — Қуллуқ, қуллуқ.
ФАЙЗИБОЙ — (Абдураҳимга қараб) Тўйни ушбу таъйин бўлгандан кам юборсангиз, ҳеч кўнмайман, сўйлашканни батамом юборурсиз!
АБДУРАҲИМ — Хотиржам бўлинг, бир нима қилурмиз.
ЭЛЛИКБОШИ — (ўрнидан туруб) Энди менга жавоб, кетаман (Эшикга қараб юрар).
ФАЙЗИБОЙ — Ўлтиратуринг, ош тайёр!
ЭЛЛИКБОШИ — Балли раҳмат, егандек бўлдум (ҳаммалари ўринларидан турарлар).
ФАЙЗИБОЙ — Сизлар ўлтурибсизлар-да.
ДОМЛА-ИМОМ — Йўқ, бизлар ҳам кетамиз.
ФАЙЗИБОЙ — Тўхтанглар бўлмаса (чакмон турган токчадан чакмонларни олуб, домлага, Абдураҳимга кийгузарлар, элликбошига навбат келганда киймас).
ФАЙЗИБОЙ — Сабаб, киймайсиз? Бояги гапимға хафа бўлдингизми?
ЭЛЛИКБОШИ — Йўқ, тўн киймайман, деб аҳд қилғанман.
ФАЙЗИБОЙ—Тўйникини кийганингизда яхши бўлур эди, чунки тўйники табаррук эди. (Абдураҳимга қараб) Эртага хотунлар билан бамаслаҳат тўйнинг хабарини берарман.
АБДУРАҲИМ — Хўб, хўб (ҳаммалари чиқуб кетарлар, Файзибой саҳнада хайр, хайр деб қолур).

Парда тушар

УЧУНЧИ ПАРДА

Солиҳнинг уйи, сўлдан кирадурган эшик ёнида дарича, саҳна остига оқ, эски намат солинган, тўрдаузун, эски кўрпача солуглуқ, токчаларда ниёла, эски чойнак, қорақумғон ва бошқалар, парда кўтарилган вақтда Солиҳ саҳнани супуруб юрар.
АБДУРАҲИМ — (кирар) Эй болам, шундамудинг, сени хўжайинингникида деб борган эдим. Йўқ экансан, жуда овора бўлуб қайтдим, уйингға келган экансан, мен келдим деб, менга хабар берсанг бўлмасмуди, мен овора бўлуб хўжайинингникиға бормас эдим (тўрга чиқиб кўрпачага ўлтурар).
СОЛИҲ — (Супургусин бир чеккага ташлаб) Келинг амаки, уйдан бир хабар олай, деб бу кун шунда келган эдим, сизға хабар бермаганимнинг важҳи уйингизда бормусиз, йўқмусиз деб ўйладим. (Абдураҳимнинг ёнига ўлтурар).
АБДУРАҲИМ — Яхши келубсан, мени сенга бироз гапларим бор эди, жуда терлаб-пишиб кетдум (бошидан салласини олуб, ёнига қўюб, дастрўймоли билан ўзини бироз елипур).
СОЛИҲ — Амаки, чой-нон олуб келайму?
АБДУРАҲИМ — Йўқ, чой-ноннинг вақти бор. Кеча сени жавобинг билан маҳалладан Мулла Карим элликбошини олуб Файзибойникиға фотиҳа, ҳам олуғ-солуғга бордук, билмайман нима бало бўдди, Файзибой қадимғи ваъдаларидан қайтдиму? Юртдаги расмни оламан, деб кичкина тўйға кўнмади. Элликбоши бечора шариъатдан ундоқ-мундоқ деб кўб гапурган эди, бечорани кўб беобрў қилди, Файзибойнинг маҳалласининг домла-имоми ёмон одам экан, юрт урфи тарк бўлмасун деб, Файзибойни қутуртирди, мен ноилож бўлуб, ошиқ бўлса ҳам хўб бўлади, деб кўнуб, чопон кийиб келдум, уйда чўтлаб боқсам, тўйға тахминан бир минг беш юз сўм кетар экан.
СОЛИҲ — Бундақанги оғир нарсалар сўраган бўлса, бўлмайди, деб қуда бўлмай келганингиз яхши эди, қанча оқча ва қанчадан ғалла олар эмиш?
АБДУРАҲИМ — Беш юз сўм пул, тўрт ботмондан ғалла, шунга ўхшаш майда-чуйдалар.
СОЛИҲ— (кўзлари олайиб) Вой баёв, бу қандақанги гап, майда-чуйдасини ўзиға ҳам етти-саккиз юз сўм кетадур, мени ўзингиз биласиз, ундоқ оқча ва ғаллалар беруб хотун олмоқға қувватим етмайдур. Қарздор бўлмоғим ониқ кўрунуб турган иш, ҳали ҳам бунча нарса беруб хотун ололмайдур, деб жавобини беринг.
АБДУРАҲИМ — Энди бўлар иш бўлди. Беш-олти юз сўм қарздор бўлсанг-бўлубсан, қувватим етмайдур, демоқ йигит кишиға айб гап, энди тишингни-тишингға қўй, ундақанги гапингни қилма!
СОЛИҲ — Йўқ, жавобини беринг, ҳозир қарздор бўлуб хотун олмайман. Қарздор бўлсам қарзимни ким берадур (юзини тескари қилур).
АБДУРАҲИМ — Эй, аҳмоқ экансан-ку, ярамас гапларни гапурма. Фотиҳа Худонинг муҳри, дебдурлар, фотихадан қайтсанг кишини фотиҳа урадур, «Кейинги пушмон жонга душман» дегандек, бир касалға йўлуқуб, кейин пушаймон бўлуб юрма. Яна менинг феълимни айнатма (зарда ва аччиқлар билан гапурар). Қарздор бўлсанг бир гап бўлуб кетар, ўртада турганни уялтуруб қўядурган иш қилма.
СОЛИҲ — Хайр, мен кўндум, энди кимдан қарз сўрайман, мен ҳеч кимни танимасам!
АБДУРАҲИМ — Сен мунга ташвиш қилма, мен кеча Қосимбой билан сўйлашкан эдим, сенга оқча қарз бермоқчи эди. Мен Қосимбойнинг олдиға боруб, мунда олуб келурман. Қанча ижара оламан деса, хўб деябер (Салласини кийиб, ўрнидан туруб, чиқиб кетар).
СОЛИҲ — (Абдураҳимнинг кетидан гапурмоқчи бўлуб, гапуролмай қолур, халқга қараб) Менга хотун олмоқ бир балойи азим бўлди, олмайин десам, амакимнинг аччиғи бояги, оламан десам, бир талай қарздор бўлуб қолсам. Энди қандоқ қиламан? Эй Худо, ўзинг осон қил. Бу нима деган гапки, хотун олмоқға бир ярим минг сўм пул кетса?! Раҳматли дадамдан эшитар эдимки, онангни дадаси менга бир тийин чиқимсиз қизини никоҳлаб берган эди деб. Яна бобом раҳматли мадрасаға мударрис эдилар, ул киши шариъатға мувофиқ иш қилганларми ёки мувофиқ эмас? Албатта, мувофиқ бўлса керак, чунки бобом Туркистонда биринчи уламолардан эдилар. Энди — бу замонда олуғ-солуғ, ғалла, яна нима балолар чиқиб кетди, хотун олган йигит қарздор бўлмасдан уйлана олмайдур. Қанчалари ер-жойларидан ажрамоқдалар. Мана мен ҳам ўшаларнинг жумласидан бўладурғанға ўхшайман. Эй Аллоҳ, бул бидъатларни ўзингдан бошқа чорасини тополмайди, ўзинг осон қил. (Мундан сўнг қовоҳини солуб, хафа бўлуб ўлтурар, бир оздан кейин Абдураҳим кирар).
АБДУРАҲИМ — (кирар) Тур, Солиҳ, ўлтурма, бой келди, пул сўрасам йўқ демагил, агар йўқ десанг, жуда хафа қиламан, салом беруб бой билан кўруш!
СОЛИҲ — (сакраб ўрнидан турар, Абдураҳимга) Шундами бой?
АБДУРАҲИМ — Ҳа, шунда (эгиикга қараб) Кираберинг бой ака.
БОЙ — (кирар).
СОЛИҲ — (салом беруб кўришар, бойни юқорига чиқаруб ўлтурарлар).
БОЙ — Омин, қадам етди, бало етмасун, Аллоҳу акбар (ҳаммалари фотиҳа ўқурлар).
АБДУРАҲИМ — (ўрнидан туруб) Хуш кўрдук, бой ака.
БОЙ — Хушвақт бўлинг, раҳмат. (Солиҳга қараб) — Болам, сизға оқча керакми?
СОЛИҲ — Шундоқ бой ака!
БОЙ — Қанча оқча керак, бир-икки юз сўм бўлса бўладими?
СОЛИҲ — Амаким биладилар.
БОЙ — (Абдураҳимга қараб) Керагини айтинг (ерга қараб ўлтурар).
АБДУРАҲИМ — Тўққуз юз сўм бўлса бўлади.
БОЙ — Жуда яхши, неча ойда берасизлар?
АБДУРАҲИМ — Худо Солиҳга қувват берса, бир йилда беради.
БОЙ — (Солиҳга) Мен шу шартлар бирлан оқча бераманки, аввал тўққуз юз сўмға бир юз сўм ижара қўшуб бериб, бир минг сўмға хам вексил берасиз ҳам ҳовли ва ҳовлидаги ҳамма нарсаларни натариусдан гаров (залўк) қилуб берасиз: «Срўгида берсам хўб, бўлмаса ҳамма ҳовли ва ҳовлидаги ҳамма нарсаларим шул бойники» деб, иккинчи, олти ойдан бир кун ўтқузмасдан пулимни батамом берасиз ҳам ҳужжатингизни оласиз, агар шул шартларға хўб десаларингиз, оқча бераман, бўлмаса йўқ.
АБДУРАҲИМ —Ижарасини камроқ қилинг ва срўгини бир йил қилинг, токи тўламоқға осон бўлсун, яна Солиҳ вексилни ўзини берса бўлади, чунки ҳамма бойларға одат шул, гаровни қўйинг!
БОЙ — Ўзингиз биласиз, замон ёмон бўлуб кеткан, бу вақтда бировнинг ҳақида ҳеч ким қўрқмайдур, шунчаки ишонишка гаров қилуб оламан, ҳам ўзимнинг одатим ҳамиша шундоқ, ижарасини камайтуролмайман, срўги ҳам шундоқ.
АБДУРАҲИМ — Ҳар нима бўлса ҳам саҳал жўнроқ қилинг, Солиҳга жабр бўлмасун.
БОЙ — Мен бир гапураман, айлантуруб ўлтурушға тобим йўқ, бўлса хўб денг, бўлмаса менга жавоб беринг.
АБДУРАҲИМ — Хайр, нима десангиз шул, мен нима ҳам дедим (ерга қараб ўлтурар).
БОЙ — (Солиҳга қараб) Вексилға қўл қўйишни биласизми?
СОЛИҲ — Ҳа, бой ака, биламан.
БОЙ — (Солиҳдан) Жуда яхши, ҳовлининг неча саржинлиги маълумми?
СОЛИҲ — Ҳа, маълум, илгари куни ўлчаткан эдим, жамъи тўқсон саккиз саржин келди.
БОЙ — (чўнтагидан қогоз-қалам олуб, Солиҳга) Ҳовлини ғарб тарафи кимға муттасил? Шарқи кимға муттасил? Жануби кимға муттасил? Шимоли кимға муттасил?
СОЛИҲ— (қўли билан тўрт тарафга ишорат қилуб) Буёқ Эшмуҳаммад акаға, буёқ Турсун акаға, буёқ Каримбой акаға, буёқ Абдураҳим амакимға.
БОЙ — (ёзуб олуб) Баракалло, энди бўлди, туринглар, натариусға борамиз, вақти ўтмасун, пулни ҳам ўшал жойда бераман.
АБДУРАҲИМ — Аввал чой ичиб олайлук, сизға чой келтурсун?
БОЙ — Балли, раҳмат, натариусни вақти ўтмасун, Худо хоҳласа, бошқа вақтда ичамиз.
АБДУРАҲИМ — (Солиҳга) Тур, вақтлироқ борайлук.
СОЛИҲ — Хўб (ҳаммалари чиқуишб кетар)

Парда тушар

ТЎРТИНЧИ ПАРДА

Учунчи пардадаги саҳнанинг айни, фақат келинларининг уйидек дорпўшлар осилинур ва тахтмоннинг устидан кирпўш осилинур, токчаларга ҳар хил асбоблар қўйилур, тўрга кўрпача солинган, устида Раҳима халқга қараб дўппи тикуб ўлтурар. Бироздан кейин Солиҳ кирар, повестка кўтаруб.
СОЛИҲ — (қўлида повесткани кўтариб, хафалик қиёфатда қовоғини солуб) Оҳ, нима балоларға гирифтор бўлдум, қандоқ мушкул ишларға қолдум, оҳ, эсиз бошим (саҳнанинг тўрига — Раҳиманинг ёнига ўлтурар).
РАҲИМА — (Солиҳнинг башарасига қараб) Нега хафаға ўхшайсиз, ким чақирған экан?
СОЛИҲ — (ерга қараб ўлтуруб Раҳимага жавоб бермас).
РАҲИМА — Нега гапурмайсиз, қўлингиздаги қандақа қоғоз?
СОЛИҲ — Эй-й, сўраб нима қиласан, шўрим қуриди-ку? Тўйдаги қарзимни ваъдасидан уч ой ўткан эди. Бу кун соат 12 ғача пул топуб берсам хўб, бўлмаса бой ила судя, пристуф тушиб ҳовлимни, молларимни ўзиға ўткузар эмиш, оҳ, шўрим қурсин, оҳ (тиззасига урар, ҳўнграб йиғлар), оҳ, сен билан менинг ҳолимиз хароб. Бизлар, бизларни кўчаға ҳайдар эмиш, оҳ, қайдан мен дунёға келган эканман (чўнтагидан дастрўймолини олуб кўзини артур).
РАҲИМА — Бўлмаса, соат 12 ғача тўлаёлмайсизми?
СОЛИҲ — Нимани тўлайман! Ҳол-аҳволимўзингга маълумку яна мендан тўлаёлмайсизми, деб сўрагани уялмайсанми? Менда соат 12 ғача нақд бир минг сўм қайда бўладур?
РАҲИМА — (ерга қараб йиғлар ва Солиҳга) Амакингиздан оқча сўрамадингизми?
СОЛИҲ — Сўрадим, пулим йўқ деди, у бечорадан ҳам эллик сўм олуб, яна тўхтармукин, деб бойға пулининг ижарасиға берганман (эр-хотун йиғлашурлар, шул вақтда Файзибой кирар).
ФАЙЗИБОЙ — Ҳа, нима гап, нега йиғлашиб ўлтурубсизлар? (Солиҳнинг олдига келуб ўлтурар).
СОЛИҲ — (ёшини артуб) Ўзингизнинг хабарингиз бор, тўйда бир минг сўм қарздор бўлуб, ҳовли, ашёни пулдорға гаров қилуб берган эдим, ваъдасидан уч ой ўтди, тўлаёлмадум, букун соат 12 да бой билан судя, пристуф тушуб, ҳовли ва ашёларни ўзиға ўткузуб, бизни ҳайдаб, бутун чиқарар эмиш, хонавайрон бўлганимизға йиғлашамиз (ҳўнграб яна йиғлар). Энди умидимиз сиздан, бир илож қилуб ёрдам қилмасангиз, сиздан бошқа таянадурганимиз йўқ (повесткани берар).
ФАЙЗИБОЙ — (повесткани олуб, бироз ўйлаб туруб) Мен қандоқ қиламан, бир тийин оқчам йўқ, уёғини сўрасангиз, шу кеча-кундузда овқатға ҳам пул йўқ. Абдураҳим амакингиздан сўрамадингизми? Бир илож қилса бўлмасму эди?
СОЛИҲ — Сўрадим, уни ҳам оқчаси йўқ экан.
ФАЙЗИБОЙ — (Повесткани ерга қўюб, ўрнидан туруб, қизига) Қизим, мен сени кўргани келган эдим, йиғлама энди, омон бўл, зериксанг ҳовлиға боруб кел! (Чиқиб кетар).
РАҲИМА — (юзини ўраб, отасига қарамасдан йиғлаб қолур. Файзибой чиқиб кеткандан сўнг кетидан) Ҳар ишни сиз қилдингиз, куёвингиздан кўб оқча олмай ва исроф қилмаганингизда, куёвингиз қарздор бўлмас эди ва мундоқ ташвишка қолмас эдук (яна йиглар).
СОЛИҲ— (ўрнидан туруб, эишкни маҳкамлаб келуб, токчадан бир пичоқ олиб Раҳимага) Энди мендан рози бўл, шарманда бўлганимдан ўзимни-ўзим ўлдурганим яхши.
РАҲИМА — (сакраб ўрнидан туруб) Сизға нима бўлди, вой ўлай (Солиҳнинг пичоқлик қўлини ушлар).
СОЛИҲ — Ҳовли, ашёдан ажралуб, кўчада қандоқ, юра оламан, ундан кўра ўлганим яхшироқ, қўй қўлумни, мендан рози бўл, мен ҳам розиман (қўлини силтар, Раҳима қўймас).
РАҲИМА — (қаттиғ овоз бирла йиғлар ва ялинур).
СОЛИҲ — Ушлама, ўзингни-ўзинг хафа қилма, ўзимни ўлдурмасам иложи йўқ.
РАҲИМА — Бўлмаса мен сиздан ажралиб дунёда туролмайман, аввал менга пичоқ уруб ўлдуринг. Сизни ўлигингизни кўрмоқға тоқатим йўқ, кўрмай ҳам куймай! (Кўкрагини тутуббериб, йиглаб турар).
СОЛИҲ — Қўй, ёш жонингға жабр қилма, сени ўлдурушға қўлим бормайди (елкасига қўли билан қоқар, иккаласи йиғлашурлар).
РАҲИМА — Ўзингизни ўлдурар бўлсангиз, аввал мени ўлдуринг, сиздан ажралиб туролмайман бу дунёда.
СОЛИҚ — Сени ўлдуришка асло қўлим бормайди, сен бу дунёда тур, мени ўлганим яхшироқ (ўз-ўзига пичоқ урмоқчи бўлар).
РАҲИМА — (сакраб Солиҳдан пичоқни олиб, ўз биқинига урар, чалқанчасига йиқилур, қўлидан пичоқ бир тарафга тушар, типирлар ва оҳлар тортар, жон берар).
СОЛИҲ — (Йиғлай-йиғлай қозиқдан жойнамоз олуб келиб Раҳиманинг устига ёпар ва юзидан ўпуб, Раҳимага қараб) Эй вафодор ёрим, мени деб ширин жонингдан кечдинг, маҳшар куни Худо ва расул алайҳиссалом олдида мени эрим жабр билан ўлдурди демагил, ажалингга мен сабаб бўлмадим, балки ўзингнинг отанг сабаб бўлди. Мендан шариъатдан ташқари оқча олиб қарздор қилди ва ёш умримизни хазон қилди. Сени ва мени бевақт ўлумимизға исроф сабаб бўлди. Худо хоҳласа, маҳшар кунида отанг Файзибой жавобгар бўлса керак. Оҳ, эсиз ёш жоним, эй худовандим! Бизларни ўлимимизға сабаб бўлган ўзингға маълум (Раҳиманинг бош тарафига ўтуб ўзига бирдан пичоқ уруб, йиқилиб, хириллаб-хириллаб жон берар. Бироздан сўнг бой, пристуф кирарлар).
БОЙ ВА ПРИСТУФ — (ўлуб ётганларни кўруб чўчуб, бир четда мўралаб, қараб турар, пристуф ҳуитак чалур, ўзи ўлукларни кўкрагига қулоқ солуб).
ПРИСТУФ — (бойга) Душа нет, кажется себя убивали.
БОЙ — Незнаю (шул вақтда миршаб, Абдураҳим, элликбоши, Файзибой, домла-имом югурушуб кирарлар).
ФАЙЗИБОЙ — (югуруб боруб, қизини ўлук кўриб, ҳўнграб йиғламоқға бошлар) Вой болам, вой болам!
АБДУРАҲИМ — (Солиҳнинг устига ўзини ташлаб) Етимгинам болам, воҳ болам, оҳ болам!..
(Абдураҳим, Файзибой секин-секин йиғлаб, ўлукларнинг олдида ўлтурар, бошқалари қатор турарлар).
ЭЛЛИКБОШИ — (бойга) Бой ака, нима воқеа бўлди, буларни ким ўлдурди?
БОЙ — Бизларнинг хабаримиз йўқ, мени Солиҳда бир минг сўм пулим бор эди, ваъдасидан уч ой уткан эди. Букун повестка юборган эдимки, соат 12 гача берсанг хўб, бўлмаса уйингни ўзумга ўткузуб оламан деб. Повестка берганға айткан эканки, «Бу кун пристуф тушадурган бўлса, мен бундай шармандаликға чидолмайман, ўзумни ўзум ўлдураман» деб. Биз пристуф билан келуб, шул воқеани кўрдук, мундан бошқа гапдан хабаримиз йўқ. (Пристуфга) Шундоқми тўра?
ПРИСТУФ — Шундак, шундак, бизники шуни кўрди.
ЭЛЛИКБОШИ — Хўп, тушундим, ҳовлисидан ажралганиға чидолмай, ўзини ўлдурибдур, хотини ҳам эрининг ўлувиға чидолмай, ул ҳам ўлганға ўхшайдур (Файзибой ва Абдураҳимга) йиғидан тўхтанглар, йиғининг фойдаси йўқ (тўхтарлар).
ЭЛЛИКБОШИ — Файзибой ака! Куёвингиз бирла қизингизнинг ўлимиға нима сабаб бўлди, биласизми?
ФАЙЗИБОЙ — Йўқ, сабабини билмайман.
ЭЛЛИКБОШИ — Мен сизға сабабини айтсам, сизни бекор шариъатдан ташқари тўй қилуб, куёвингиздан кўб оқча олуб, қарздор қилганингиз сабаб бўлди. Ўшал вақтда мен сизға айтдим, бекор исроф қилманг, куёвингиздан кўб оқча сўраманг, юртка обрў қиламан деб, ош-нон беруб, Худо ва расулнинг буйруғларидан чиқманг, дедим. Сиз мени сўзимни қулоқға олмадингиз ва шариъатға бўйунсунмадингиз ва мени беобрў қилдингиз, мана куёвингиз қарздор бўлган экан, мулк-ашёдан ва ширин жондан ажрабдир. Сиз ҳам жонингиздин, ширин қизингиздин ажралдингиз. Бу дунёда кўрган ғам сизға ғам эмас, маҳшар куни Худованди карим олдида итобға қолмоғингиз эмди уёғда турубдир. (Халқга қараб) Сизлар ҳам шундоқ исроф қилмоқдасиз. Исрофнинг зиёнини кўрдингизлар, Файзибойдан ибрат олинглар, кўрдингизларми, исроф қилуб, охири ҳоли нима бўлди? Шариъати мустафоға бўйунсунинглар, энди кўзларингизни очинглар. Бидъаттўйға исроф бўладурган оқчаға ўғлингизларни ўқутинглар, ёки жамияти хайрияға иона қилинглар. Ўғул ўқутмоқ яхши ҳам фарздур, тўйға исроф қилмоқ бидъатдур. Яна қиз эрга бермоқни оғирлашдурганларингизни бир катта зиёни шулки, баъзи йигитларимиз ўттуз-қирқ ёшғача уйланмай юрарлар. Сабаби эса хотун олмоқ оғирлашгани, унга бир минг сўм, бир ярим минг оқча керак бўладур. Бул оқчани тополмай, ноилож бўлуб… қандай номаъқулчиликлар қилуб номимизни ёмонликға чиқаруб, бутун ислом оламини булғатадурлар. Мунга кимлар сабаб бўлди? Албатта, қизлик оталар. Муни гуноҳиси кимга? Албатта, қизлик оталарға, чунки шариъатда йўқ нарсаларни оламан, дейлар ва йигитларимизни мундоқ нарсалар берувға қувватлари етмайдур-да, шундай бадкорликни ихтиёр қиладилар. Яна қизлик оталарға айтаманки, қадимғи одатимизни ташласак, халқға кулги бўламиз, деб ўйламасунлар. Кулган кишилар, гуноҳлари азм бўлиб, шариъатға бўюнсунмаган бўладурлар.
(Файзибойга) — Энди сизға Худо сабр берсун. Йиғининг фойдаси йўқ. Ҳар нарса қилдингиз, ўзингизға қилдингиз, ўз оёғингизға болта урдингиз. (Бойга) — Бир-икки кун тўхтанг, ўлук кўмилгандан сўиг ховлини сотдируб олурсиз.
БОЙ — Хўб, бўлмаса, ўзингиз молларни сахлаб берасиз.
ЭЛЛИКБОШИ — Жуда яхши (бой, пристуф чиқиб кетар, халққа) Ҳар маҳалланинг домла-имомиға зарурдурки, ўзининг қавмиға мундоқ ишларнинг зиёнини билдуруб, манъ қилмоғи ва шариъатда йўқлигини билдирмоғи. (Домла-имомга қараб) — Тақсир, сиз ҳам шунга сабаб бўлдингиз. Агарда сиз менинг ёнимға қўшулуб, Файзибойни қайтарганингизда мундоқ исроф қилмас эди.
ДОМЛА-ИМОМ — Мен билмадим, пешонасида бор экан.
МИРШАБ — Энди ҳаммаларингиз чиқингизлар. Мен уйни қулуплаб оламан, ҳозир дўхтур келса керак (ҳаммалари чиқарлар, миршаб ҳам эшикни беркитуб чиқиб кетар).

Парда тушар

1915 йил

https://ziyouz.uz/ozbek-nasri/abdulla-qodiriy/abdulla-odirij-bahtsiz-kuyov-drama/

Вам может также понравиться...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *