«Сўнгги қўнғироқ»
Табрикда замонавий тараққиёт талаблари асосида таълим-тарбия олган ёш авлод вакилларига давлатимиз, халқимиз томонидан яратилаётган имкониятларни қадрлаб, улардан янада самарали фойдаланишларига ишонч билдирилди.
Ота-боболаримизнинг шундай ибратли сўзлари бор: «Ҳаёт улкан кема, ҳар ким ўз манзили томон сузаверади». Бугун ажиб лаҳзаларга гувоҳ бўлдик. Тошкент шаҳар Олмазор туманидаги 28 ва 29-умумий ўрта таълим мактабларида «Сўнгги қўнғироқ» деб номланган битирув тадбирлари бўлиб ўтди.
Бугун бу қоракўзлар болаликнинг ширин хотираларини ортда қолдириб, устозлари қошидан мустақил ҳаётга парвоз қиладилар. Таниқли олим Рустам Тожибоев айтганидек: «Салом мактаб дейиш кўнгилни қувончга тўлдиради, хайр мактаб дейиш эса кўнгилга бироз армон юклайди».
Тошкент шаҳар Олмазор туманида жойлашган 28 ва 29 — умумий ўрта таълим мактабларида 2021 йил 25 май куни ташкил этилган «Сўнгги қўнғироқ» тадбирларида Ўзбекистон Миллий университети Журналистика факультети декани Маҳлиё Мирсоатова, Хорижий филология факультети декани Ирода Жўраева, Журналистика факультети Ёшлар билан ишлаш бўйича декан ўринбосари Равшанжон Омонов, Халқ депутатлари Олмазор туман Кенгаши депутати Тўлқин Эшбеков, Журналистика кафедраси профессорлари Ёқутхон Маматова, Қудрат Ирназаров, Ўзбек тилшунослиги кафедраси профессори Зоир Тоҳиров, Журналистика кафедраси доцентлари Шавкат Миролимов, Рамзиддин Абдусатторов, Хорижий филология факультети Рус тили кафедраси мудири Равшана Исакова, Хорижий филология факультети Инглиз филологияси кафедраси мудири Иброҳим, Ўсаров, ЎзМУ Ёшлар Иттифоқи бошланғич ташкилоти фаоллари Аббосбек Мўминов, Самандар Ҳакимжоновлар иштирок этиб, ҳаёт давомчилари, Ибн Сино издошлари, Улуғбек ворислари бўлган шогирдларга оқ йўл тиладилар.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёевнинг мамлакатимиз мактабларининг битирувчи ўғил қизларига мурожаатини етказиб, юртимизда таълим соҳасида олиб борилаётган кенг кўламли ва чуқур ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти, ёшларнинг билим олишлари ва мехнат қилишлари учун яратилаётган имкониятлар тўғрисида батафсил ахборот беришди.
Кўтаринки руҳда ўтган тадбирда куй-қўшиқлардан иборат байрам дастури намойиш қилинди. Ўқув йили давомида юқори натижаларни қайд этган ўқувчилар ҳамда устоз-мураббийлар эсдалик совғалари билан тақдирланишди.
«Сўнгги қўнғироқ»— бу битирувчилар ва уларнинг оилалари интиқлик билан кутадиган анъана. Ҳа, ўқувчилик дамлари гўё наздимизда елдек ўтади-кетади. Олинган пухта билим келажак пойдеворидир. Мактабда мукаммал билим олган ёшлар юртимизнинг турли олий ўқув юртларига йўл оладилар, маърифат сабоқларини давом эттирадилар. Уларнинг бугунги ҳаяжонларини сўз билан таърифлаш мушкул. Шижоатли ёшлар юрт келажаги, бугуннинг эркасию, эртанинг эгаларидир.
Бу фурсат қайтмас онлар,
Чулғади ҳаяжонлар,
Зарб—ла ургудек бонглар,
Меҳри уммон мактабим,
Чалинма, қўнғироғим!
Юзларида қувонч, кўзларида ёшлик шижоати балқиб турган бу ёшларнинг келажаги порлоқ эканлигига, келажакда Ватан ривожига муносиб ҳисса қўшишига ишонамиз. Ёшларимиз албатта ота-оналари, устозлари ва халқимизнинг ишончини албатта оқлайди.
Аббосбек МЎМИНОВ,
ЎзМУ Журналистика факультети III-босқич талабаси
***
ЯНГИ ЎЗБЕКИСТОН – МАКТАБ ОСТОНАСИДАН, ТАЪЛИМ-ТАРБИЯДАН БОШЛАНАДИ
Кеча Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев оммавий ахборот воситалари орқали мамлакатимиз мактабларини битирувчи ўғил-қизларига байрам табригини йўллади.
Бу нафақат битирувчи ёшлар, балки ота-оналар, устоз-мураббийлар учун ҳам ғоят қувончли ва ҳаяжонли ходиса сифатида эсда қоладиган тарихий кун бўлди дейиш мумкин.
Эрта тонгдан Давлатимиз раҳбарининг табригини битирувчи ёшларга тезкорлик билан етказиш ва ёшларга мотивация бериш борасидаги биринчилик эстафетасини яна Ўзбекистон Миллий университетининг маънавият ва маърифат тизими жамоаси аъзолари ўз қўлларига олишди.
ЎзМУ Ёшлар билан ишлаш, маънавият ва маърифат тизимидаги барча декан ўринбосарлари Олмазор туманидаги 165, 28, 29, 16,185, 315, 133, 261, 11, 219, 46-сонли умумтаълим мактабларига ва Яшнобод туманидаги 231-умумий ўрта таълим мактаби сари йўл олишди.
Илм ва зиё улашувчи ижодкорлар карвонига Ўзбекистон Миллий университети ректори бошчилигида соҳа проректорлари, факультет деканлари ва профессор-ўқитувчилари ҳамроҳлик қилишди.
— ЎзМУ профессор-ўқитувчилари томонидан илк маротаба Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёевнинг “Қадрли мактаб битирувчилари!Аввало, барчангизни беғубор ўқувчилик йилларингизни ортда қолдириб, қадрдон мактабингиз, меҳрибон устозларингиз билан хайрлашиб, ҳаётингизнинг янги, янада масъулиятли босқичига қадам қўяётганингиз билан чин қалбимдан муборакбод этаман.Ушбу қувончли айёмда мамлакатимиздаги барча мактабларда “сўнгги қўнғироқ”лар янграб, қарийб 438 минг нафар ўқувчи ёшларимиз етуклик шаҳодатномаларини қўлларига олмоқда.Бу нафақат сиз, азиз фарзандларимиз, балки биз – ота-оналар, устоз-мураббийлар учун ҳам ғоят қувончли ва ҳаяжонли воқеадир. Чунки, қалби пок орзу-умидлар билан тўлган сизлар каби навқирон, азму шижоатли ёшларимиз тимсолида биз учун ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлган таълим-тарбия соҳасидаги саъй-ҳаракатларимизнинг яна бир амалий натижасини, халқимиз ва Ватанимиз келажагини кўрамиз.Сизлар кейинги икки йил давомида пандемия шароитида ўқиб ва яшаб, қийинчиликларга қарши курашиш кўникмаларини ҳам эгаллашингизга тўғри келди. Албатта, бу мураккаб синовли кунлар ҳадемай ўтмишга айланади.Ишончим комил, янги Ўзбекистон шароитида, замонавий тараққиёт талаблари асосида таълим-тарбия олган ёш авлод вакиллари сифатида барчангиз давлатимиз, халқимиз томонидан яратилаётган имкониятларни қадрлаб, улардан янада самарали фойдаланасиз.Маълумки, биз ўз олдимизга улкан мақсадларни қўйиб, уларга эришишнинг энг муҳим омили сифатида таълим-тарбия соҳасига жуда катта аҳамият бермоқдамиз.Қисқа муддатда мактабгача таълим, олий ва ўрта махсус таълим тизимида муҳим ўзгаришлар амалга оширилди. “Янги Ўзбекистон – мактаб остонасидан бошланади” деган шиор асосида мактаб таълимини ривожлантириш умумхалқ ҳаракатига айланди.Бу ҳақда гапирганда, охирги тўрт йилда 134 та янги мактаб қурилиб, 2 минг 965 та мактаб реконструкция қилиниб, тубдан таъмирлангани ва жиҳозланганини қайд этиш лозим.Юртимизда мутлақо янгича мазмун ва шаклдаги замонавий Президент мактаблари, ижод мактаблари ва ихтисослаштирилган мактаблар барпо этилмоқда.Ҳозирги вақтда республикамизда 10 мингдан зиёд давлат умумтаълим, 171 та нодавлат, 18 та давлат-хусусий шериклик шаклидаги мактаблар фаолият кўрсатмоқда. Жумладан, 56 та математика, 28 та кимё-биология, 14 та ахборот технологиялари фанларига ихтисослаштирилган мактаблар ташкил этилди.Шу борадаги ишларимизни изчил давом эттириб, кейинги пайтда физика ва чет тилларига ихтисослаштирилган мактаблар очишга алоҳида эътибор бермоқдамиз. Шу йил сентябрь ойида 14 та физика ва 207 та чет тилларига ихтисослаштирилган мактаб ўз фаолиятини бошлашини алоҳида таъкидлаш лозим.Энг муҳими, ана шу мактабларда таълим-тарбия олаётган ўғил-қизларимиз халқаро фан олимпиадалари, ижодий фестиваль ва танловларда юқори ўринларни эгалламоқда, мамлакатимиз ва хориждаги нуфузли олийгоҳларга кириб ўқиш ҳуқуқини қўлга киритмоқда.Охирги бир ярим йилда иқтидорли ўқувчиларимиз халқаро олимпиадаларда 4 та олтин, 18 та кумуш, 30 та бронза медалини қўлга киритгани ҳам бу фикрни тасдиқлайди.
Юртимизда олижаноб касб эгалари бўлган ўқитувчилар, устоз-мураббийларнинг машаққатли меҳнатини муносиб рағбатлантириш, уларнинг иш ва турмуш шароитини яхшилаш, жамиятдаги обрў-эътиборини оширишга муҳим аҳамият қаратилмоқда. Халқаро фан олимпиадалари ғолиблари ва уларнинг устозларини моддий тақдирлаш механизми йўлга қўйилгани ҳам ана шундай ишларимиз қаторига киради.
Дунёдаги тараққий топган давлатлар тажрибаси асосида мактаб таълими учун ўқув дастури ва дарсликларининг янги авлодини яратиш бўйича амалий ишлар бошланди. Бугунги кунда бутун юртимизни қамраб олган беш муҳим ташаббус доирасида ҳам сиз, азиз ёшларимизнинг етук инсонлар бўлиб камол топишингиз учун кўп ишлар қилинмоқда. Хусусан, фарзандларимизни санъат дунёсига ошно этиш мақсадида 800 дан ортиқ маданият марказида 4,5 мингдан зиёд тўгарак фаолияти йўлга қўйилгани, улар мусиқа асбоблари ва зарур жиҳозлар билан таъминлангани, мактабларда ташкил этилган 36,5 мингдан зиёд тўгаракларга 1 миллион 100 минг нафар ўғил-қизларимиз жалб этилгани бу борадаги муҳим қадамлардир. Шунингдек, республикамиз мактабларида 49 мингдан ортиқ, болалар ва ўсмирлар спорт мактабларида эса 26 мингга яқин тўгаракларда минглаб ўғил-қизларимиз жисмоний тарбия ва спорт билан мунтазам шуғулланмоқда. Барча мактабларимиз кенг полосали Интернет тармоғига босқичма-босқич уланаётгани ҳамда мамлакатимизда жами 133 та рақамли технологиялар ўқув маркази очилгани фарзандларимизда замон талаби бўлган компьютер ва “Ай-Ти” технологиялар соҳасида билим ва кўникмаларни шакллантиришга хизмат қилмоқда.
Яна бир муҳим масала – ёшлар ўртасида китобхонлик маданиятини кенг тарғиб қилишга алоҳида эътибор берилмоқда. Шу асосда 201 та ахборот-кутубхона марказидаги китоблар сони қарийб 25 миллионга етказилгани, ўтган йили мактаб кутубхоналари 150 мингдан зиёд янги адабиётлар билан таъминлангани ёшларимизнинг интеллектуал ва маънавий салоҳиятини юксалтиришда муҳим роль ўйнамоқда. Аминманки, шу кунларда жойларда кўтаринки кайфиятда ўтказилаётган ёшлар форумлари ва беш муҳим ташаббусга бағишланган фестиваллар ҳам мактаблардаги битирув тадбирларига уйғун бўлиб, ўғил-қизларимиз ҳаётида ўчмас из қолдиради.
Мана шу унутилмас дамларда сизлар янги ҳаёт остонасида туриб, келажак режаларини тузар экансиз, олдингизда катта имкониятлар ва масъулиятли вазифалар турганини барчамиз яхши англаймиз. Қалбингиздаги эзгу орзу-интилишларни рўёбга чиқаришда мамлакатимизда фаолият кўрсатаётган 137 та олий ўқув юрти, 339 та касб-ҳунар мактаби, 193 та коллеж ва 196 та техникум сизларга мунтазирдир.
Сизлар учун ишлаб чиқаришдан ажралмаган ҳолда олий маълумот олиш имконияти ҳам яратилган. Шу мақсадда 71 та олий таълим муассасасида сиртқи, 18 та олийгоҳда кечки бўлимлар фаолият кўрсатмоқда. Иқтисодиётнинг турли соҳа ва тармоқларидаги эҳтиёждан келиб чиқиб, сўнгги 5 йилда бакалавриат босқичида 134 та таълим йўналиши, магистратурада 147 та мутахассислик янгидан ташкил этилди. Олий таълим муассасаларида 2021-2022 ўқув йилидан бошлаб босқичма-босқич масофавий таълим шаклида ҳам кадрлар тайёрлаш йўлга қўйилади. Ҳозирги кунда ёшларимиз учун бир вақтнинг ўзида 5 тагача олий таълим муассасасида танловларда иштирок этиш имконияти яратилди. Битирувчи ёшларни олий таълим билан қамраб олиш даражаси 2016 йилдаги 9 фоиздан 2020 йилда 25 фоизга етди. Мазкур кўрсаткични жорий йилда 28 фоизга, 2030 йилда 50 фоизга етказиш – асосий вазифамиздир.
Бир сўз билан айтганда, мактабни битириб чиқаётган йигит-қизларимиздан биронтаси эътибордан четда қолмайди. Уларнинг ҳар бири халқимиз, Ватанимизнинг чексиз меҳри ва юксак эътиборини ҳис қилиб яшайди. Шу муносабат билан сизларга, бутун мамлакатимиз ёшларига мурожаат қилиб айтмоқчиман: ҳеч қачон унутманг, сизлар инсон ҳар томонлама эркин, озод ва фаровон яшайдиган янги Ўзбекистон, янги Ренессанс бунёдкорисизлар. Сизларнинг ҳаётда ўз муносиб ўрнингизни топишингиз учун давлатимиз ва жамиятимиз бундан буён ҳам бор куч ва имкониятларини тўла сафарбар этади. Халқимизнинг ана шундай юксак ишончига доимо муносиб бўлинг! Сизларнинг ўз олдингизга юқори мақсадлар қўйиб, вақтингизни беҳуда ўтказмай, доимо билим ва кўникмаларингизни ошириб боришингиз, янги касб-ҳунарларни эгаллашингиз ва энг асосийси ўз мақсадингиз сари тинмай ҳаракат қилишингиз албатта келгусидаги муваффақиятларингиз гаровидир. Ўрганиш, изланиш ва интилишдан асло тўхтаманг! Сизларни мактаб таълимини муваффақиятли тугатганингиз билан яна бир бор самимий табриклайман. Барчангизга сиҳат-саломатлик, ишда ва ўқишда, шахсий ҳаётда катта ютуқ ва омадлар тилайман. Мустақил ҳаёт сари ташлаётган илк дадил қадамингиз қутлуғ ва муборак бўлсин! Сизларнинг ютуқ ва ғалабаларингизга ишонаман, азиз болаларим!”- деган нутқларини ўқиб эшиттирилиши замирида ҳам катта чуқур маъно бор”-дейди ЎзМУ Ёшлар масалалари ва маънавий-маърифий ишлар бўйича проректори Камолиддин Мирзаахмедов.
Тадбирда иштирок этга профессор-ўқитувчилар томонидан битирувчи ўғил-қизларнинг янги касб-ҳунарларни эгаллашлари ва энг асосийси ўз мақсадлари сари тинмай ҳаракат қилишларини таъкидлашди.Шу билан бирга, юртимизда таълим соҳасида олиб борилаётган кенг кўламли ва чуқур ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти, ёшларнинг билим олишлари ва меҳнат қилишлари учун яратилаётган имкониятлар тўғрисида батафсил маълумот бериб, барча битирувчиларга оқ йўл тиладилар.
Шунингдек, 2020-2021 ўқув йили мобайнида ўз истеъдодини тўла намойиш эта олган, ютуқларга эришган иқтидорли ўқувчиларга Ўзбекистон Миллий университетининг эсдалик совғалари ва ўқув адабиётлари совға қилинди.Мухтасар айтганда, жойлардаги тадбирлар шукуҳли тарзда ташкил қилиниб, ўтказилган байрам тадбири иштирокчиларда унитилмас таассурот қолдирди.
Тадбирда битирувчи ёшларнинг бадиий ва мусиқали чиқишлари намойиш этилди. Шу билан бирга, ўқувчиларнинг жонли чиқишлари тадбирга кўтаринки кайфият тақдим этди.
ЎзМУ Ёшлар билан ишлаш,
маънавият ва маърифат бўлими
Сўнгги фикрлар