Журналист Раҳматилла Шералиев 70 ёшда!

Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси Тошкент вилояти бўлими раиси

Раҳматилла Шералиев 70 ёшга тўлди.

Шу муносабат билан Қибрай туманида ўтказилган тадбирда устоз журналистнинг яқинлари, дўстлари, шогирдлари, вилоят ҳокимлиги масъуллари, марказий ОАВ етакчилари, кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Тадбирда Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси раиси Олимжон Ўсаров қатнашиб, Раҳматилла Шералиевга Уюшманинг совға-саломларини топширди.
Журналистика соҳаси учун малакали кадрларни тайёрлаш, ёш авлодни Ватанга муҳаббат ва садоқат руҳида тарбиялаш борасидаги самарали фаолияти инобатга олиниб, устоз журналист Президент фармони билан “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси” фахрий унвони билан тақдирланган.
Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси Раҳматилла Шералиевни таваллуд айёми билан яна бир бор самимий қутлаб, унга мустаҳкам саломатлик ҳамда ижодий фаолиятида улкан зафарлар тилайди.
1 2

***

Тошкент журналистлари вилоят бўлими раҳбари, адиб, ҳушчақчақ инсон Раҳматилла Шералиевни ўзидан аввал унинг боғидан етишган мева – айни дамда вилоят газетаси бош муҳаррири бўлиб ишлайдиган фарзанди аржуманди Ғайратжонни таниганман. 2003-йили “Тилсим” газетасида муҳаррирлик қилган пайтим, ўн саккиз ёшлардаги Ғайратжон журналистикада ўқиб юрар ва тажриба орттириш учун қўшни таҳририятда кўмаклашиб юрганда хонамга кириб, қандай янги нарсалар ижод қилаётганим билан қизиқар, ўзбек ва жаҳон адабиётидан анча хабардорлигини намойиш қилганча кетма-кет иқтибослар келтирарди. Истиқлолга эришганимиздан кейин кўпчилик ёшлар адабиётдан кўра икки карра иккини қандай қилиб беш қилишга қизиқиб кетган пайтида бу ёш танишимдаги адабиётга бўлган ҳавасидан ҳаваслангандим. Ғайратжоннинг зукколиги, ҳозиржавоблиги, юмор туйғусига бойлигини кўриб, Ҳофиз айтгандай: “Қайси уйнинг шаъмидуир бу? Қайси жойда хонаси?” – деган саволлар менда ҳам пайдо бўлган.
Раҳматилла ака билан илк бор ўтган 2021-йилда устоз адиб Асал Асилнинг Ғазалкентдаги юбилей даврасида танишдим ва худди минг йиллик танишимга дуч келгандек бўлдим. Улардаги юмор туйғуси жуда танишдай туюлиб: “Сиз Ғайратжон Шералиевга алоқангиз борми?” – деб сўраганимда, “Ҳа, ўша йигитнинг отаси бўлишдек айбимиз бор!” – дея кулдирганди. Ҳа, олма олмадан йироқ тушмайди.
Бир йили, 2004-йиллари Бекободдаги бир тўйга Ортиқ Отажоновнинг акаси меҳмон бўлиб келиб, бир-икки қўшиқ ижро этганди. Мен ўша кишидан ким эканлигини сўраганимда, мезбон киши меҳмондан олдинроқ: “Жаҳонгир Отажоновни эшитганмисиз? Бу киши ўша Жаҳонни отаси бўлади!” – дея фахр билан хитоб айлади. Бунга жавобан меҳмон ҳазиларалаш ўпка-гина қилди: “Қирқ йилдан бери Ортиқни акаси бўлиб келдим, мана тўрт-беш йилдан бери Жаҳонгирни отасига айландим. Ўзимни қачон танишаркин, деб ўтиб кетаман, шекилли!..”
Раҳматилла ака аввало журналист, узоқ йиллар шу соҳанинг нонини еган, қатор журналистларга устозлик қилган, кичик ҳикоялар, шеърлар ёзиш билан бадиий ижодни бошлаб, маҳоратини ошира борди.
Собиқ Шўролар тузими тарқаб кетиши жамиятимизда сепаратчилик руҳиятини кенг илдиз отишига сабаб бўлди, шекилли. Лениннинг: “Газета жамовий тарғиботчигина эмас, жамоавий ташкилотчи ҳамдир” – деган гапи СССР билан бирга йўқликка равона бўлгандай. Янги, бозор иқтисодий шароитда газета бошқаларнинг дардига дармон, ташкилотчи бўлишнинг ўрнига унинг ўзи бошоғриққа, ўзини оёққа турғазиб олиши учун катта, жамоавий ёрдамга, ташкилотчиларга муҳтож манбаага айланиб қолди. Раҳматилла ака каби фидойи журналистлар, бош муҳаррирларнинг энг бош муаммоси газетасига бино, қоғоз, обуначи, ходимларига маош топиш бўлиб қолди. Бунақа шароитда эски ўзбек мақолларидан бири: “Ҳар ким ўз кўмочига кул тортади” деган ибора эсга келади. Кўмоч нималигини ҳозирги ёшлар деярли билмайди. Мен ҳам билмайман, аммо нималигини тасаввур қиламан. Хамирдан узилган бир кафт зувалани бирор матога ўраб ёки шундоғича кул билан кўмиб, ости-устига чўғ тортишаркан. Бу чамаси, тандирсиз ҳудудларда, дейлик дала шароитига тушиб қолган пайти гулхан атрофида нон пиширишга ўхшаган нарса. Чўғ тафтида кул билан ўралган хамир нон бўлагига айланган ва ўшани кўмоч – кўмиб пишириладиган ош (егулик) дейишган. Бошқа бир ибора: “Урганингиз — уноши, сўкканингиз – сўк оши” мақолига ҳам изоҳ бериб ўта қолай. “Уноши” – хамирни кафтлар орасида ун аралаш эзғилаб, гуручдай, ловиядай майда бўлакларга ажратиш. Ана шу майда хамирларни қайнаётган сувга солиб пишириб олинса – уноши бўлади. Қуритилган уношилар ҳозир дўконларда сотилади. “Сўкоши” эса тозаланган тариқнинг донидан қайнатилган суюқош. Пшёнка деб аталадиган бу сариқ доначалар тариқ бошоғида етилади. Тариқ эса ёввойи курмак-просянканинг маданийлаштирилгани – тариқ-просо. Тариқ дони – сўкни майдалаб ун қилингани эса – манка бўлиб, уни сутга аралаштириб манка бўтқаси “манная каша” пиширишади. Сўк оши эркаклар учун яхшигина мотиватор, қувватбахш парҳез таомдир.
Сўзлар эътимологиясига қизиқиш ҳам Раҳматилла аканинг севимли машғулоти.
3 4
У кишининг отаси ҳуқуқни ҳимоя қилиш органларидек жиддий соҳада фаолият юритган бўлса-да, адабиётга, аскияга, нозик сўз ўйинларига жуда эътиборли киши, бир сўз билан айтганда маърифатли киши бўлган. Бизда кўпинча алифбони ўттиз олти ҳарфини билганлар маърифатли ҳисобланаверади…
Сепапратчилик руҳиятига келадиган бўлсак, матбот ўз ташвишига ўралашиб қолиши ҳам ана шу иллатнинг болалашига олиб келди. Ҳозирги пайтда бир-биридан бехабар матбот ва адабиёт ҳудудчалари кўпайиб кетиб, устоз Абдулла Орипов таъбири билан айтганда “майдагина зўру, майдагина буюк”лар яхшигина тўради. Шеърият, ахборот худди пандемия давридагидек “элтиб бериш хизмати” билан бандликка ўтди. Ижтимоий тармоқлар бу борада улов вазифасини ўтамоқда.
Раҳматилла акани қутлуғ ёши билан муборакбод этиб қоламиз. Бу ёш ижодий ва касбий фаолиятдан четга чиқиш учун имтиёзлардан ҳозирча холи ҳудуд бўлиб қолишини тилаймиз.
Оллоёр Хўжандий

 

Вам может также понравиться...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *