Кучли маънавият – жамиятни поклантирувчи ёғду
Бугун барчамиз – каттаю кичик, аёлу эркак куни кеча
мамлакат раҳбари Шавкат Мирзиёев томонидан ўтказилган Республика Маънавият ва маърифат кенгашининг кенгайтирилган йиғилиши таассуротлари остида яшамоқдамиз. Катта-кичик давраларда, одамлар орасида йиғилишда илгари сурилган фикрлар, ғоялар, ўткир мулоҳазалар, асосли хулосалар муҳокама қилинмоқда. Энг қувонарли томони бутун жамият мазкур йиғилишда кўтарилган масалаларнинг нечоғлик аҳамиятли эканлигини, биз барчамиз келгуси авлод тақдири учун масъуллигимизни бот-бот таъкид этмоқдалар.
Ушбу кенгайтирилган йиғилишда кўтарилган масала жамиятнинг барча соҳаларига – хоҳ у иқтисодиёт, хоҳ сиёсат, хоҳ ёшлар тарбияси бўлсин, мамлакат ва миллат тақдири учун ўта муҳим бўлган масала – маънавият, маърифат, тарбия масалаларига даҳлдор бўлганлиги учун ҳам катта ижтимоий қизиқиш уйғотди.
Давлат раҳбарининг мазкур йиғилишдаги маърузасини унинг мамлакат ва миллат тақдири учун жон куйдириш, юксак масъулликнинг намунаси сифатида баҳолаш мумкин. Буни эса бугун бутун жамиятни, энг аввало зиёлиларимизни уйғотишга, уларнинг бундан 7 йил аввал бошланган туб ислоҳотларга даҳлдорлик даражасини янада кучайтиришга даъват тарзда тушуниш тўғри бўларди.
Бекорга маърузада Ватан ва халқ тақдирига нисбатан таҳдидлар кучайган вазиятда айнан миллат фидоийлари – уйғоқ қалбли зиёлилар, шоир ва адиблар, санъат намояндалари, маънавият ва маърифат соҳаси ходимлари жасорат билан майдонга чиққанлар, деб таъкидланмади. Мамлакат раҳбари ўз сўзини давом эттириб яна шундай дейди: чиндан ҳам мамлакатимиз ўз тараққиётининг янги, юксак босқичига кираётган ҳозирги пайтда бизга жадид боболаримиз каби ғарб илм-фани ютуқлари билан бирга, миллий қадриятлар руҳида тарбия топган етук кадрлар сув билан ҳаводек зарур.
Дарҳақиқат, бугун замон ўзгарди. Унинг шиддати ҳаддан ташқари кучли. Теварак-атрофимизда содир бўлаётган воқеа-ҳодисаларни таҳлил этиш, тўғри хулоса чиқаришдан оғир масала йўқ. Ким ҳақ-у ким ноҳақ эканлигини англаш тобора қийинлашиб бормоқда. Бир қутбли дунёнинг кўп қутбли дунёга айланиши эса барчамизнинг аввалги тасаввурларимизни ўзгартириб юборди.
Қолаверса, бугунги дунё бутун жаҳон ҳамжамияти қатори бизнинг мамлакатимиз олдига ҳам мутлақо янги вазифаларни қўймоқда. Бу ҳол, айниқса, мустақиллигимизни асраш, тинч ҳаётимизни, халқимизни, аввало фарзандларимизнинг қалби ва онгини, келажагини асраш борасида яққол намоён бўлмоқда.
Бугунги дунёдаги кескин мафкуравий ўзгаришлар, радикал, агрессив оқимларнинг кучайиб бориши, ён-атрофимизда содир бўлаётган воқеа-ҳодисалар барчамизни ташвиш ва хавотирга солмасдан қўймайди. Айрим давлатларда “буюк давлатчилик” ғояси, тажовузкор гуруҳлар томонидан олиб борилаётган, беозор бўлиб кўринган тескари тарғиботлар ўзининг яширин “жозибаси” билан кўпларни ром айлаяпти. Бугун улар ўзларининг ёвуз башараларини тобора ошкор этмоқда, вайронкор, бузғунчи ғоялари билан қанчадан-қанча ёшларни тўғри йўлдан адаштирмоқда.
Шу ўринда ўзимизга савол бериб кўрайлик: тобора кучайиб бораётган хавф-хатарлардан, зиддиятли ҳолатлар, кескинликлардан сақланишнинг ягона йўли – бу ҳушёрлик ва ҳамжиҳатликни янада мустаҳкамлашдан иборат эканини ҳаммамиз яхши тушуняпмизми?
Мамлакат раҳбари раҳнамолигида жаҳонда юз бераётган зиддиятлар, қарама-қаршиликлар, турли таҳдид ва хатарлардан эл-юртимизни ҳимоя қилишнинг ишончли тизими яратиб берилганидан хабаримиз борми?
Эркинлик ниқоби остида ёшларимизни миллий қадриятлар, минг йиллар мобайнида шаклланган урф-одатлардан, қолаверса, ўзлигимиздан айиришга уринаётган сохта “дўстларимиз” кўпайиб бораётганини англаб етяпмизми?
Афсуски, бу саволларга жавоб топиш жуда қийин. Республика Маънавият ва маърифат Кенгашининг кенгайтирилган йиғилишида бу ҳақда тўхталиб, мамлакат раҳбари шундай дейди: “ўзимизга бир савол бериб кўрайлик: биз бугунги кескин шароитда ғоявий-мафкуравий соҳада рақобатга тайёрмизми? Ёш авлодимиз тарбияси мураккаб замон талабларига жавоб бераяптими? Мана, бугун маънавий-маърифий масала қандай ўткир ва кўндаланг бўлиб турибди.
Булар оддий саволлар эмас. одамни жиддий ўйлантирадиган, ташвишга соладиган саволлар. Агар биз бу ёруғ дунёда “ўзбек”, “Ўзбекистон” деган номлар билан яшаб қолишни истайдиган бўлсак, бу саволларга бугун жавоб топишимиз ва уларни ҳал этиш бўйича амалий ҳаракатларни айнан бугун бошлашимиз шарт. Эртага кеч бўлади”.
Бугунги мураккаб ғоявий-мафкуравий шароитда маънавият ва тарбиянинг биз учун, келажак авлод учун қанчалар даражада зарур эканлиги ҳақида бахс қиладиган замонлар ўтиб кетди. Чунки, маънавият, маърифат, тарбия биз учун сув ва ҳаводек кераклигини англаб етмаган одамлар орамизда кам қолди.
Бироқ, масаланинг бошқа томони бор. Жаҳонда ғоялар ва мафкуралар кураши тобора кучайиб бораётган бир шароитда, мустақиллигимизга раҳна солувчилар ҳали ўз мақсадларидан воз кечмаган даврда, қолаверса, фарзандларимиз тарбиясига ҳали ўнгдан, ҳали сўлдан ички ва ташқи таҳдидлар янада кучайиб турган ҳолатда “бизга маънавият нима учун керак”, “маънавият” сўзини ўзгартириш вақти келди, деб айюҳаннос солаётганлар, васвасага тушаётганлар камайиш ўрнига кўпайиб бораётганларини қандай тушуниш мумкин?
Наҳотки улар “маънавият” сўзининг замирини тарбия, Ватанпарварлик, ахлоқ, миллий ўзлик каби тушунчалар ташкил этишини тушуниб етмасалар! Ватансизлик ғоясини ўзида сингдирган космополитизм, бу дунёни фақат роҳат-фароғатдан иборат деб билувчи гедонизм ғоялари, эркинлик ниқоби остидаги ахлоқсизлик фалсафасини тарғиб этувчи тарғибот технологиялари тобора кучайиб бораётган бир шароитда маънавият масаласига ўта жўн, қадрсиз қадрият сифатида муносабат билдираётганларга, тўғриси, раҳмим келади.
Айримлар бугунги дунёнинг шиддат билан глобаллашуви даврида секин-асталик билан жамиятимизга, айниқса, ёшларимиз онгу шуурига кириб, чирмовуқдек ёпишиб олаётган “оммавий маданият” ва унинг хатарли оқибатларини сезмасликлари ҳам барчамизни ташвишга солиши керак, деб ўйлайман.
Дарҳақиқат, бугунги мафкуравий вазият кескинлашган бир даврда “оммавий маданият” ниқоби остидаги таҳдидларга қарши кураш алоҳида ўрин эгаллайди. Муайян даражада ғоявий бўшлиқдан фойдаланиб, ахлоқий бузуқлик, зўравонлик, индивидуализм, эгоцентризм каби ғайриинсоний ғояларни тарқатишга интиладиган, катта маблағ ва ресурсларга эга бўлган “оммавий маданият” бугунги кунда бутун инсониятга таҳдид солмоқда, унинг таъсир доираси тобора кенгайиб бормоқда.
Айни пайтда биз “оммавий маданият” деганда негадир фақат Ғарбдан кириб келаётган маънавий-мафкуравий таҳдидларни назарда тутамиз. Аслида шундайми? Албатта, “оммавий маданият”нинг энг кучли, таъсирли оқими хориждан, асосан Ғарб давлатларидан кириб келмоқда. Аммо, ўзбекларда “Қовун қовундан ранг олади”, деган мақол бор. Шунга мувофиқ, назаримизда, ўзимизнинг ичимизда ҳам “оммавий маданият”нинг янги-янги шакллари кучайиб бораётгани ачинарли ҳолдир.
Бу нарса, айниқса, айрим нодавлат телерадиоканалларда, хусусан, “сариқ матбуот” деб ном олган нашрларда кўпроқ учрамоқда. Олди-қочди гаплар, тўрт-бешта кишидан бўлак ҳеч ким танимайдиган “эстрада юлдузлари”ни кўкка кўтариб мақташ, фалончининг уйланиши, писмадончининг турмушга чиқиши, либосларнинг фасони ва баҳоси каби мавзуларга бағишланган кўрсатувлар, эшиттиришлар, “мақола”ларнинг тобора кўпайиб бораётгани барчамизни, бутун жамиятни безовта қиляпти. Бинобарин, бугун ташқи “оммавий маданият” билан бирга ички “оммавий маданият” томонидан кучайиб бораётган таҳдидларга ҳам кўпроқ эътибор бериб, ёшларимизни унинг салбий таъсиридан огоҳ этиш йўлини излашимиз зарур.
Хўш, бу салбий ҳолатлардан огоҳ этадиган куч борми, қайси амалларимиз билан ушбу зиддиятларга тўлиб бораётган, оммавий ахлоқсизликнинг минг хил турлари урчиб, кўпайиб бораётган дунёда ўзлигимизни сақлаб қола оламиз?
Ҳеч шубҳасиз, сақлаб қола оламиз. Фақат маънавият билан!
Бекорга мамлакат раҳбари “маънавият – инсонлар ўртасидаги ўзаро ишонч, ҳурмат ва эътибор, халқ ва давлат келажагини биргаликда қуриш йўлидаги эзгу интилишлар, ибратли фазилатлар мажмуасидир. Бошқача айтганда, маънавият – жамиятдаги барча сиёсий-ижтимоий муносабатларнинг мазмуни ва сифатини белгилайдиган пойдевордир. Бу пойдевор қанча мустаҳкам бўлса, халқ ҳам, давлат ҳам шунча кучли бўлади”, деб таъкидламаган. (Шавкат Мирзиёев. Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси. –Тошкент, 2022. -261-бет).
Маънавият бўлгандаям, фақат кучли маънавият билан. Хўш, кучли маънавият деганда нимани тушуниш мумкин?
Бундай маънавият, биринчидан, жамиятнинг янги ижтимоий-маънавий қиёфасини шакллантириб беради. Янги ижтимоий-маънавий қиёфа жамият аъзоларида соғлом тафаккур тарзини пайдо қилади, теварак-атрофдаги воқеа-ҳодисаларни таҳлил қилишга ва холис хулосалар чиқаришга имкон яратади.
Иккинчидан, кучли маънавият одамларда ўзгараётган дунёда содир бўлаётган турли таҳдидларга, ғоявий-мафкуравий ҳуружларга жавоб бера оладиган кучли иммунитетни содир этади.
Учинчидан, кучли маънавият жамият барқарорлигини таъминлайди, одамларда дунёни эзгулик, меҳр-шафқат, инсонийлик қутқариши мумкинлиги тўғрисидаги ғояни муштарак эътиқодга айлантиради.
Тўртинчидан, кучли маънавият жамият аъзоларида, айниқса, ёшларимиз қалбида амалга оширилаётган ислоҳотларга даҳлдорлик ҳиссини кучайтиради, йигит-қизларимизда жамиятга ижтимоийлашувини кучайтиришга ёрдам беради. Кучли маънавият “мен” деган сўзнинг “биз” деган сўзга айланишини тезлаштиради.
Бешинчидан, кучли маънавият мамлакатимизда амалга оширилаётган барча соҳалардаги ислоҳотларнинг бардавомлигини таъминлайди, уларга куч беради.
Олтинчидан, кучли маънавият жамиятимизда демократия, очиқлик, ошкоралик, эркинлик муҳитини яратади, Ўзбекистонни демократик, суверен, ҳуқуқий, ижтимоий, дунёвий давлатга айлантиради.
Буларнинг бари, шубҳасиз, Ўзбекистон жамиятини янада барқарорлаштиради, одамларда инсонийлик, эзгулик, адолатлилик сифатларининг ортишига сабаб бўлади.
Бўлиб ўтган Маънавият ва маърифат кенгашида мамлакат раҳбари соҳанинг жамият ҳаётидаги ўрни бениҳоя катта эканлигини таъкидлаган ҳолда уни мутлақо янги босқичга кўтариш лозимлигини қайд этди. Жумладан, Сурхондарё вилоятида бўлган учрашувда зиёлилар томонидан билдирилган таклифлар асосида ҳудудларда фаолият олиб бораётган 4 та секторга қўшимча равишда маънавият секторини ташкил этиш ғоясини қўллаб-қуватлади. Маънавият сектори маҳаллий давлат ҳокимияти ҳамда жойлардаги Маънавият ва маърифат кенгашларининг ишчи тузилмаси сифатида фаолият кўрсатиши таъкидланди.
Маънавият сектори жамиятни янада барқарорлаштиради, амалга оширилаётган иқтисодий, сиёсий, ижтимоий ислоҳотларга маънавий-руҳий куч беради, уларнинг самарадорлигини оширади.
Ҳақиқатдан ҳам, маънавият бугун жамият ва давлат тараққиётининг ҳал қилувчи омилига айланиб бўлди. Келинг, яхшиси, шу фикрни асослашга ҳаракат қилиб кўрайлик. Ҳаммамизга маълумки, бугунги дунё таҳликали дунёга айланиб бўлди. Миллионлаб одамлар бир бурда нонга, бир томчи сувга зор. Урушлар, вайронагарчиликлар уларнинг ҳар кунги дарди-фарёдига сабаб бўлмоқда.
Ана шундай шароитда мамлакатимиздаги тинчлик-хотиржамлик, осойишталик, миллатлараро тотувликнинг сабабларидан бири маънавий-маърифий соҳаларда олиб борилаётган ишлар, юзлаб-минглаб зиёлиларимизнинг мамлакатимизнинг чекка-чекка ҳудудларидаги қишлоқ ва овулларида олиб бораётган тарғибот-ташвиқот тадбирлари туфайли эмасмикан?
Уларнинг саъй-ҳаракатлари билан одамлар онгига мамлакат раҳбари, ҳукумати томонидан олиб борилаётган сиёсат, туб ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти сингдирилмоқда. Маънавият ва маърифат аслида бугун бутун жамиятни бирлаштирувчи, кишиларни ягона мақсад – Янги Ўзбекистонни ва Учинчи Ренессанс пойдеворини барпо этишга йўналтирилган катта қадамларни тартибга солувчи қудратли кучга айланиб бўлди.
Кенгаш йиғилишида яна бир муҳим масалага алоҳида эътибор қаратилди. Бу – миллий ғояни ривожлантириш бўйича дастурий ҳужжатни ишлаб чиқиш масаласидир. Дарҳақиқат, миллий ғоя миллатнинг ўтмиши, бугуни ва истиқболини ўзида мужассамлаштирган, унинг туб манфаатлари ва мақсадларини ифодалаб, тараққиётга хизмат қиладиган ижтимоий ғоя шаклларидан биридир.
Мамлакат раҳбари қайд этгани каби, мураккаб геосиёсий ва мафкуравий жараёнларнинг салбий таъсири ортиб, одамларнинг онги ва қалби учун кураш кучайиб бораётган бугунги кунда юртимиз сарҳадлари ва мамлакатимиз ҳаётининг барча соҳаларини ғоявий ҳимоялаш ишлари замон талаблари, ислоҳот ва янгиланишлар суръатидан ортда қолмоқда. Ва бу ташвишли ҳол, албатта. Ушбу масалаларни ўрганиш борасидаги илмий тадқиқотлар эса, тор доирада амалга оширилмоқда. уларнинг баъзилари ҳозирги ҳаёт воқелиги ва унинг талабларидан узилиб қолгани, айримларининг натижалари амалаиётга суст жорий этилаётгани ҳам кутилган самарани бермаяпти.
Миллий ғоя мамлакат тараққиётининг объектив зарурати, миллий ривожланишнинг қонуний ҳосиласи сифатида Янги Ўзбекистонни барпо этаётган халқимизнинг мақсад-муддаоларини, орзу-интилишларини ифода этиши лозим. Ана шу масалалар бугунги хавотирли дунёда биз учун жуда керак бўлаётгани барчага маълум. Ҳеч шубҳасиз, яратиладиган миллий ғоя халқимизни янги мақсадлар сари янада жипслаштиради, жамиятни янада барқарорлаштиради, ҳаётимизга кўрк киритади, турмушимизни фаровон қилади.
Миллий ғоя бизни эски мафкуравий, ғоявий сарқитлардан халос этади. шахс манфаатлари билан жамият манфаатларининг уйғунлигини таъминлайди. Қайд этиш керакки, халқимизнинг қаддини янада тик тутиши, аҳоли барча қатламлари манфаатларини ҳимоя қилиш ҳам, ҳеч шубҳасиз, миллий ғоя ва унинг жамиятдаги ўрнига боғлиқ. Шунинг учун ҳам мамлакат раҳбари миллий ғоянинг яратувчилик ўрнига алоҳида аҳамият бермоқда.
Шу билан бирга, бугун маънавият соҳасида амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар ҳам жуда кўп эканлигини асло ёддан чиқариш мумкин эмас. Булар ўтказилган кенгаш йиғилишида ҳам алоҳида таъкидланди. Масалан, бугунги маънавий-тарғибот ишлари замон талабларидан анча ортда қолиб кетаётганлигини ҳам тан олиш керак.
Гап шундан иборатки, кучли маънавият аслида маънавиятсизлик ва ғоясизликка қарши курашар экан, бунда энди эски тарғибот усуллари билан узоққа бориб бўлмайди. Шундай шароитда биз глобал Интернет тармоғи орқали тарқатилаётган бузғунчи ғоялар, ғаразли ахборотлар, одоб-ахлоқни емирувчи иллатлар, ёшларни залолатга бошловчи “жозибадор” тасвирлар ва медиа маҳсулотлар тарқалишининг олдини олишга қаратилган ишларнинг натижадорлиги сезилмаётганини эътиборга олишимиз жуда муҳим.
Маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини оширишнинг энг қулай омили уни ижтимоий тармоқлар орқали олиб боришдир. Бугунги ёшлар шиддат билан ривожланиб бораётган дунёда, ахборот олами тобора кенгайиб кетаётган бир даврда узундан-узун маърузаларни эшитишга сабри чидамаяпти. Буни биз албатта эътиборга олишимиз лозим. Шу маънода тарғибот ишларимизнинг катта қисмини ижтимоий тармоқда, рақамли технологияларда амалга оширишни мақсадга мувофиқ, деб биламиз.
Шу ўринда тарихий қаҳрамонларимиз ва жадид боболаримиз ҳақида турли галограмма, ижтимоий ва тарбиявий муаммолар акс этган ижтимоий роликлар, Instagram ва telegram платформалари учун вайн ва рилс, ватанпарварлик тарбиясига қаратилган компьютер ўйинлари, анимацион фильмлар яратишни бугунги кун талабларидан бири, дейиш мумкин.
Яна бир муҳим масала – маънавий тарғибот ишларида хориж тажрибасини ўрганиш ҳам самара беради, деб ўйлаймиз. Хорижий мамлакатлардаги рақамли тарғиботнинг асосий йўналиш, шакл ва усулларини ўрганиш орқали ёшлар маънавий эҳтиёжларига мос замонавий ахборот ресурслари ва рақамли тарғибот механизмлари ишлаб чиқилиши ҳам соҳада туб ислоҳотлар амалга оширишга ўзининг ижобий таъсирини кўрсатиши мумкин.
Ижтимоий тармоқлар, рақамли тарғибот орқали биз маънавиятни кучли маънавиятга айлантира оламиз. Ана шунда одамларда жамиятда содир бўлаётган воқеа-ҳодисаларнинг мазмун-моҳиятини ўрганиш, англашга бўлган табиий эҳтиёжи янада ошиши мумкин. Бу эса, ўз навбатида уларнинг ижтимоий фаоллигини, ислоҳотларга даҳлдорлик даражасини оширишга имкон беради.
Кучли маънавият одамларнинг кайфияти, қизиқиши, манфаатларини ҳам мунтазам ўрганиб боришни талаб этади. Маънавий тарғибот фақат ваъзхонликдан иборат тарзда олиб борилиши натижасида бундай тадбирлардан одамларда қизиқиш сўнади. Ҳаддан ортиқ даражада насиҳатгўйликдан ташкил топган маърузалардан одамлар безийди. Энди уларга чуқур таҳлил керак, масалага илмий жиҳатдан ёндошилган ҳолда асосланган холис хулосалар зарур.
Бунинг учун эса, фикримизча, аҳоли ўртасида турли сўровномалар, социологик тадқиқотларнинг ўрни ортиб бормоқда. Республика Маънавият ва маърифат маркази ҳузурида ташкил топган Ижтимоий-маънавий тадқиқотлар институти бу борада муайян ишларни амалга оширмоқда. Яқинда Республика аҳолиси орасида уларнинг ижтимоий-маънавий кайфиятини аниқлаш мақсадида ўтказилган сўровнома ҳали бу борада қатор муаммолар мавжудлигидан далолат беради.
Маънавиятни жўн тушуниш, унинг аҳамиятини билмаслик, миллий ва умуминсоний қадриятлар иерархиясини англамаслик каби қатор муаммолар мамлакатимиз зиёлилари, маънавий тарғиботчилардан бу борада жиддий ишлар олиб боришни талаб этмоқда.
Тарғиботнинг таъсирчанлиги унинг аниқлигида намоён бўлади. Умумий гаплар, одамлар ҳар куни эшитадиган турли ахборотлар бугунги тарғиботнинг самарасига салбий таъсир кўрсатади. Унинг холислиги, асосланганлик даражаси, мавҳумликдан йироқлиги ҳар қандай тарғиботнинг ютуғи ҳисобланади.
Айрим ҳолларда баъзи эътиборсиз одамлар фазилат ва иллатни бир-биридан ажрата олмай қийналадилар. Баъзан ҳаётимизда учраб турадиган нохушликлар, қинғир ишлар, салбий ҳолатларни жамиятда содир бўлаётган ижобий ўзгаришлар билан таққослашда қийналадилар. Атиги 6-7 йил аввал Ўзбекистон қандай эди-ю бугунги Янги Ўзбекистон қай аҳволда эканини ўз ватанини севган, ўз тақдирини мамлакат ва миллат тақдири билан боғлаган ҳар қандай инсон осонгина англаши мумкин.
Янги турар-жойлар, кўчалар, кўприклар, ишлаб чиқариш корхоналари, замонавий талабларга жавоб берадиган таълим муассасаларни қандай кўрмаслик мумкин? Ахир, улар барчамизнинг кўз ўнгимизда содир бўлмоқдаку, уларнинг ижодкори ҳам, бунёдкори ҳам ўзимизку!
Шу маънода, бугунги кучли маънавиятли инсон фазилат билан иллатнинг фарқини англайдиган, яхшиликни кўришга иштиёқманд, жамиятда содир бўлаётган воқеа-ҳодисларга тўғри, холис баҳо бераоладиган шахсдир. Қолаверса, кучли маънавиятли инсон ўз тафаккур тарзини такомиллаштиришдан, ўзини ўзи ривожлантиришдан манфаатдор бўлган шахс ҳамдир.
Мамлакат раҳбарининг Республика Маънавият ва маърифат кенгашининг кенгайтирилган йиғилишидаги маърузаси, аслида кўп минг сонли зиёлиларимиз – шоир ва ёзувчиларимиз, маданият ва санъат ходимлари, маънавият фидоийларининг анча вақтлардан бери кўнглида тўпланиб қолган муаммоларни ҳал этишга имкон берган катта йиғин бўлди.
Кенгаш йиғилишида таъкидлангани каби, учрашув маънавий ҳаётимизда янги ислоҳотлар даврини бошлаб берди. Биз яшаб турган таҳликали замонда жаҳолат ҳам, маънавий таҳдидлар ҳам бўлиши мумкин. Бунга барчамиз гувоҳмиз. Биз барчамиз кучли маънавиятга суянган ҳолда халқимиз, айниқса ёшларимиз онгида Ватанга муҳаббат, юртимиз келажагига даҳлдорлик, тинч, эркин ва фаровон ҳаётнинг қадрига етиш туйғусини кучайтира оламиз. Бу айни ҳақиқат.
Қаҳрамон Қуронбоев,
сиёсий фанлар доктори, профессор.
https://telegra.ph/Kuchli-manaviyat—zhamiyatni-poklantiruvchi-yoғdu-12-27?fbclid=IwAR2neAWrDPfH7LkhEkXbczNjp_z_63HCsOwAxqgsyyo2OC8Hcm50beb6DyE
Сўнгги фикрлар