ЗОМИН ИЛҲОМЛАРИ
Яхши ҳордиқ чиқаринг, устозлар! Ҳавасдамиз,
Юксакдасиз бу ёзлар, бизлар ҳамон пастдамиз.
Дилкушо суҳбатларда тана яйраб яшаринг,
Етолмасдан Зоминга, демакки дил хастамиз.
Муҳиддин полвон устоз, ўзлари кўп полвондир,
Тарихимиз ёзишда сўзлари кўп полвондир,
Муарихлар устоздан жуда ортда қолғондир,
Биз ҳам уч-тўртта қовун пишиғи бор ёшдамиз.
Зомин пурвиқор тоғлар бағрида зўр гўшадир,
Дам олишга борди ким, кучига куч қўшадир,
Дийдорлашган адиблар, бари ўша-ўшадир,
Эчки сутига бу гал етмай турар дастамиз.
Дониш домла, донишманд сўзларингиз бир дунё,
Доимо кулиб турган кўзларингиз бир дунё,
Чиндан қайтиб эл юртга тағин сочасиз зиё,
Шарофиддий Яздий-ла икковимиз «Ош»дамиз.
Ҳозир Шошкент ҳам салқин, аллақачон тонг отган,
Анваржон завтракдан сўнг,балки»абит» ҳам тотган,
Орифжон марожни еб томоғин шамоллатган,
Биримиз Ангренда, ва биримиз Тошдамиз.
Жуда тўғри, ёш авлод каталаларга эргашар,
Каттала йўлу йўриқ берар, баъзан тергашар,
Аммо ёшлар ҳам бу кун олмиш беш-етмиш яшар,
Ёзай десак достонлар тугаб борар пастамиз.
Тўқсон-юзга етингиз, ҳаётда ҳеч толмангиз,
Ҳали қанчадан қанча терилмаган олмангиз,
Шошманг, мен ҳам боргунча бундан кетиб қолмангиз,
93 бензин эмас, арзон метан-газдамиз.
Дониш домла, Зомину ёронга салом айтинг,
Муҳиддин Полвон устоз-калонга салом айтинг.
Шифобахш эчки сути, айронга салом айтинг.
Барчангизга мунтазир юракий гулдастамиз.
Замон замон бўлибди, муни қарамайсизми,
Самолёт қўйилибди, нархини айтмайсизми,
Мен ҳам учиб бораман, майлими ё майсизми,
Бирпасда Зоминдамиз ва Шошда бирпасдамиз.
Неъмат ДУШАЕВ,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси
2025 йил 4 август
Сўнгги фикрлар