Миллий қадриятлар қадри: Келиннинг насаби
«Хонадон» кўрсатуви ижодий гуруҳи хонадонимизга ташриф буюрди.
Ўша кезларда телевидениеда фаолият кўрсатаётган шоир дўстим Оллоёр Бегалиев бошловчи сифатида шундай савол берди:
– Сизни оиладаги қандай муаммолар ўйлантиради?
Кўпдан бери ўйлантириб юрган бир муаммо ҳақида гапирдим. Яъни, турмушга чиқаётган қизлар “Никоҳ уйи”га келганларида “қайси фамилияни танлаши” ҳақида савол берилишини ўйлаб кўриш керак. Негаки, бунинг маънавий, мантиқий, ҳатто иқтисодий жиҳатлари ўз-ўзидан катта муаммога айланаркан…
Кўрсатув ойнаи жаҳонда намойиш этилгач, хатлар ёғилиб кетди. Кўпчилик менинг фикримга қўшилганларини, долзарб муаммони кўтарганимни баён этишарди. Айрим фидойилар ҳатто газеталар орқали ўз муносабатларини билдиришди.
Фикримга қўшилмаганлар ҳам топилди. Қўшоқбой Ҳотамов (исм-фамилияси ўзгартирилган) деган бир ўқитувчи ўз фикрларини “Фикримиз бўлакча экан” деган сарлавҳа остида шундай баён этибди:
“Менинг келиним ЗАГСдан ҳали ўтмаган. Шу масалада келинимдан сўрадим:
– Сиз ўз фамилиянгизда қоласизми ёки бизнинг фамилиямизга ўтасизми?
Келиним:
– Сизларнинг фамилиянгизга ўтаман,– деди қатъий.– Чунки менинг ота-онам сизларга фарзандликка беришган. Шу сабабли, мен ҳам сизнинг оилангиз аъзосиман…
Бу гапни эшитиб келинимга бўлган оталик меҳрим жўшиб кетди.
Тўлқин Эшбекнинг ҳар ким ўз фамилиясида қолгани маъқул, деган фикрига мутлақо қўшила олмайман”.
Ўз келинига оталарча меҳрибон бўлиш жуда олижаноб фазилат. Қўшоқбой Ҳотамовнинг ҳам келинига “оталик меҳри жўшиб” кетишини тўғри тушунмоқ керак. Бағрикенг қайнота-қайноналар келинларини ҳам, куёвларини ҳам суюб-эркалаб “қизимсиз”, “ўғлимсиз” дейишлари, ўз навбатида келин-куёвлар ҳам қайнота-қайноналарига “ота”, “она” дея муомала қилишлари замирида шарқона одатларимиз мужассам. Аммо, ҳаётда ҳамманинг ўз ўрни бор. Келинига оталик меҳри минг бора жўшиб кетмасин, ўз пуштикамаридан бўлган ўғлининг жуфти учун у – қайнота!
Қайсидир ота-она гулдек қизини узатганларида унинг бахтли келин бўлишини Оллоҳдан тилаганлар! Келиннинг ҳам ҳаётда, ўзга бир хонадонда ўрни бўлади. Қайнотасининг хонадонида ўз номи билан у – келин!
Бўйига етган қизини муносиб жойга узатиш ота-онанинг беқиёс орзусидир. Бу – ҳаёт қонуни!
“ЗАГС”дан ҳали ўтмаган бўлсада, ўзини келин ҳисоблаб юрган синглимизни ҳам тўғри тушунаман. У тенгиларнинг онги илгарироқ, яъни, собиқ “қизил тузум” даврида ўзгача шаклланган эди. Аслида, бу ғайришуурий “одат”нинг илдизи ҳам айнан “қизил тузум” даврига бориб тақалади. Хотин эрнинг фамилиясига (ё аксинча) ўтиш “одати” ўша собиқ “қизил тузум” давридан қолгани баайни ҳақиқат. Чор Русиясининг босқинчилиги оқибатида бу “одат” туб ерли халқлар ҳаётига зўрамазўраки киритилган. “Қизил мафкура” яккаҳоким даражасига етганида эса бундай “одат”лар қонунлаштирилибгина қолмасдан, ёш авлодлар онгига тўхтовсиз сингдириб борилганди. Ўн йиллар оша қанчадан-қанча авлодлар вояга етиш баробарида ўша тузум мафкураси билан онги, дунёқарашлари шаклланганди… Эрга тегмасдан бурун бўлажак куёви (ҳатто, севган йигити)нинг фамилиясини айтиб чақириш ўша давр қизларининг “одатий” ҳазил-ҳузулига айланганди.
Хотин эрнинг фамилиясига ўтиш “одати” қачон пайдо бўлган ўзи? Ота-боболаримиз тарихида шунақа мантиқсиз “одат” бўлганмикин? Амир Темур бобомиз замонасида, Мирзо Улуғбек, Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур боболаримиз даврида бирор ақлирасо киши завжасига “фамилиямга ўтасан” қабилида талаб қўйгани ҳақида эшитганмисиз? Уларни никоҳдан ўтказаётган оқсоқол “қайси фамилияни танладингиз?” деб сўраганмикин? Бебаҳо маънавий меросимиз – Ҳадисларда, шариатда “эр-хотиннинг фамилия танлаши” борасида бирор панду насиҳат ё кўрсатма бормикин? Тўғри, айрим Оврупо, Амриқо давлатларида шундай одат бўлса бордир. Бироқ, бу “одат” биз шарқликлар, хусусан, ўзбеклар учун андоза бўладими? Уларнинг барча одатлари биз учун ибратлими? Хўш, шундай баҳсли муаммо пайдо бўлганида биз ўз аждодларимиздан ибрат олсак, уларнинг анъаналарини давом эттирсак бўлмайдими? “Фамилия” – насаб деган сўзнинг маъносини биласизми? Ўша фамилия – насаб ортида қанчалик табаррук инсонлар номи туриши ҳақида ҳеч ўйлаб кўрганмисиз? Инсоннинг табиат ато этган насаби – фамилияси аниқ бўлатуриб яна “танлаши” – ўз аждодини “инкор этиш” ёхуд ўзи хоҳлаганини “аниқлаштириш” деган бўлмағур фикрни туғдирмайдими?..
Бу ҳаётий саволларнинг барча-барчасига жавоб берадиган замон келди! Юртимиз мустақиллиги туфайли қадриятларимиз қадр топаётган экан, ўша саволларга ҳам рўйи-рост жавоб беришнинг мавриди етди!
“Ўзбек тилининг изоҳли луғати” китобида шундай ёзилган:
“Фамилия (лотинча сўз) – шахс отларига қўшилиб келиб, шу шахснинг наслини билдирувчи бобо номи”.
Ўзбекистон Республикасининг “Давлат тили тўғрисида”ги Қонунида ҳар бир шахс “ўз исмини, ота исми ва фамилиясини миллий-тарихий анъаналарга мувофиқ ёзиш ҳуқуқига эгадирлар” деб ёзиб қўйилган. Демак, насабимизни ўзбекона миллий-тарихий анъаналарга хос равишда ёзиш масаласи ҳам мавриди келганда оқилона ўйлаб кўрилар. Ҳозирча, узоқ йиллар мобайнида шаклланиб қолган “ов”, “ова”, “ев”, “ева” қўшимчаларини насаб номига қўшиш орқали “замонавий фамилия”га эга бўлиш тушунчаси билан яшаяпмиз.
Барибир, мазмун-моҳияти ўша-ўша: масалан, Пўлатов – Пўлат буванинг набираси, Пўлатова – Пўлат буванинг қиз набираси, деган тушунчани англатади. Демак, Пўлатов ва Пўлатова – мантиқан ака-сингил, қон-қариндош бўлиши мумкин. Ахир, ўз опа-синглингиз табиий равишда сиз билан фамилиядош бўлиб турганида, ёнингиздаги хотинингиз ҳам Пўлатова бўлиши эриш туюлмайдими? Қайси мантиққа тўғри келади бу гап? Эр-хотиннинг битта фамилияда бўлиши қанчалик ғайришуурий ҳодиса-я! Таассуфки, отинг ўчгур “қизил тузум” шунақа маломатларга қолдириб кетди бизни, дея ҳайқиргинг келади.
Энди бу нозик масалага ўз жигаргўшаларимиз – опа-сингилларимиз нуқтаи назаридан қарайлик-чи. Келинлик либосини кийган қиз замонавий никоҳ уйига борганида “эрининг фамилиясига ўтишга рози” бўлса, сўнг ўз фуқаролик паспорти ва бошқа ҳужжатларини алмаштириш талаб этилади. Бўлғуси эрининг майлига қараб “фамилиясига ўтган” қиз туғишган ака-укаларидан “ҳужжатда узоқлашиб” қолмайдими?.. Ўз жигарбандлари билан боғлаб турадиган меҳр ришталари ўз йўлига. Уларни ҳужжатларда ҳам насабдошлигини доимо ёдда сақлашга даъват этиб турган фамилияларига айро тушса… буларни жимгина ҳазм қилиб кетавериш мунисалар учун осонмикин?.. Фамилия ўзгаргач, ҳужжатлар ҳам ўзгариши керак-да. Эрининг фамилиясига ўтдими, демак, ўз фамилияси – ота-бувасининг исми-шарифи ёзилган ҳужжатлар энди ортиқча!..
Ҳар куни юртимизда тўй-тўйларга уланиб, камолга етган йигит-қизлар бахт остонасига қадам қўядилар. Республика “Оила” илмий-амалий Марказидан олинган маълумотда баён этилишича, ҳар йили мамлакатимизда икки юз мингга яқин никоҳ қайд этиларкан. Демак, шунча қиз келинлик либосини кийганча ота-она, ака-укалар билан видолашиб, ўзга бир хонадонга келин бўлиб кетади.
Ўйлаб кўринг, бўлғуси келинларнинг барчаси бирдек “эрининг фамилиясига ўтиш”ни ихтиёр этаверсалар, катта иқтисодий муаммо ҳам пайдо бўлиши турган гап. Яъни, ҳар йили юртимиз бўйича икки юз мингга яқин фуқаролик паспорти ва ўшанча бошқа турли ҳужжатлар нокерак бўлиб қоларкан… Улар ўрнига яна ўшанча янги ҳужжатлар тайёрланиши лозим. Уларга сарфланадиган харажатлар ҳисоб-китоб қилинса қанча маблағ талаб этиларкин?..
Улар умрбод қўша қарисалар хўп-хўп, худо кўрсатмасин, бирор сабаб билан турмушлари бузилиб кетса-чи? “Ажрашганимга уч йилдан ошди, бултур бошқа бир тенгимни топгандим, аммо, ҳали-ҳануз биринчи эримнинг фамилиясидан қутулолмай оввораи сарсонман”,– дея нола қилган аёллар суҳбати қулоғимга чалинган…
Биринчи эрининг фамилиясидан “қутулолмай” юрган тул хотинга уйланган иккинчи эр учун нохуш туюлмайдими бу ҳолат?..
Республика ижтимоий таъминот вазирлигининг “Ўзбекистон социал таъминоти” (ҳозирги “Саховат”) журналида фаолият кўрсатиб юрган кезларим ғалати ҳолга дуч келганман. Бир нечта фамилия билан пенсия ёшига етиб келган бир кампир қарилик пенсиясини вақтида ололмай сарсонсаргардон бўлган. Тегишли қонунларга биноан пенсия олувчининг исм-фамилияси барча ҳужжатларида бир хил бўлиши шарт!.. Ахир, у ҳам кимларгадир она, опа, сингил – жигаргўша-ку!..
Бешикдан қабргача илм изла, дейилади ҳадисларда. Илм билан бир қаторда ўша илмий хазинани мерос қолдиришган улуғ бобокалонлар ҳаёти ҳам қай бир маънода ибрат мактабидир. Хўш, бу борада ҳам аждодларимиздан ибрат олсак бўлмайдими?!
Одам ўз хатосини билгач, бошқа такрорламаса, ўша хатоликни давом эттирмаса бас. Ёшлар никоҳдан ўтишга келганларида ўзлари “битта фамилияда бўлишни жуда-жуда хоҳлаймиз” деб талаб қилишса, қонун доирасида улар ҳам ниятларига етишишлари мумкин. Бироқ, бу ҳақда ҳатто ўйлаб ҳам кўрмаган қиздан “Никоҳ уйи”даги мутасаддилар “эрингизнинг фамилиясига ўтасизми ё ўз фамилиянгизда қоласизми?” дея атай сўраб хижолат қилмаса, бу билан бўлғуси ёш оилада бир оз бўлсада, ноўнғайлик пайдо қилмаса бўлгани…
Бу масалада бугунги Қонунларимиз барчага бирдек қалқондир.
Ўзбекистон Республикасининг “Оила кодекси” 20-моддасида шундай ёзилган: “Никоҳ тузиш вақтида эр ва хотин ўз хоҳиши билан эри ёки хотинининг фамилиясини умумий фамилия қилиб танлайди ёки уларнинг ҳар бири никоҳгача бўлган ўз фамилиясини сақлаб қолади”. 214-моддасида эса: “Никоҳланувчи шахслар никоҳга кириш тўғрисидаги аризаларида умумий фамилия олиш ёки никоҳ тузилганидан кейин ҳам ўз фамилиясида қолиш ҳақидаги истакларини кўрсатишлари шарт”. Кўриниб турибдики, бу Қонунда кўпмиллатли мамлакатимизда яшовчи турли миллатга, бошқа динларга мансуб ёхуд умуман динга ишонмайдиган фуқароларнинг ҳам дунёқарашларига монанд талаб-эҳтиёжлар инобатга олинган. Бироқ, унда барча эр-хотинларнинг бирдек умумий “фамилия танлаши” шарт қилиб қўйилмаган! Бизнинг ўзбекона урф-одатларимизда эса ҳеч қачон фамилия танланмайди ёки у биров томонидан бировга берилмайди!..
Фарзандлари вояга етгунига қадар ота-она ўғли ёки қизининг исмини бирор сабабга кўра ўзгартириши мумкин. Аммо, бундай ҳуқуқ ҳеч қачон фарзандга, набирага берилмаган. Яъниким, ҳеч бир инсон ўз ота-онасининг, буваларининг исм-фамилияларини ўзгартириши мумкин эмас. Дейлик, ҳозирги замонда мен – Эшбеков Тўлқин Усмон ота ўғли – айнан ўзимман. Исми шарифим, фамилиям ўзгариб қолиши асло мумкин эмас. (Ижодда адабий тахаллус танлашим бошқа гап!) Келгусида менинг қайсики зурриёдим – фарзандим ё набирам насабу фамилиясини ўзгартирса, бошқа фамилияга ўтадиган бўлса, демак, у менинг авлодим эмас! Номимдан юз ўгирган зурриёдим аслида мендек аждодидан ҳам кечиб юборган ҳисобланади…
Шу ўринда, куёвлик либосини кияётган укаларимизга ҳам дўстона маслаҳат: бўлажак жуфти ҳалолига “Менинг фамилиямга ўтасан!” қабилида талаб ҳам, таклиф ҳам қилмаганлари маъқул. Токи, қайтар дунё, деганларидек уларнинг опа-сингилларига, қизларига ҳам ўзгалар томонидан шундай “таклиф” бўлиб юрмасин, дейман…
Насаб – нақадар эзгу тушунча. Сизу бизни шундай бахтли кунларга мушарраф этган аждодлар – асл насабларимиздир. Уларнинг муқаддас номларига яраша ҳамиша ҳурмат бажо келтириб яшамоғимиз ҳам фарз, ҳам қарздир. Насаб каби, никоҳ ҳам жуда муқаддас тушунча. У жуда қадимий қадриятлардан ҳисобланади. Қадим-қадим замонлардан бобо-момоларимиз учун никоҳ – оила асоси бўлган.
Роппа-роса ўн йил бурун севимли шоиримиз Эркин Воҳидовнинг никоҳ ҳақида ёзган шеърини ўқиганмиз. Қуйидаги сатрлар сизга ҳам ёд бўлиб кетган бўлса не ажаб:
Икки жон қовушса юлдузлар огоҳ,
Бу қисмат амридир, чарх гардишидир.
Ерга тушган чоғи осмоний никоҳ
Чакана иш эмас, давлат ишидир.
Мана, бахт қушини бошга қўндириб,
Йигит самоларда қилмоқда парвоз.
Қувон, севганингни ЗАГСга кўндириб,
Сен давлат ишини бажардинг, шаввоз!
. . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . .
Мана, ишқ кўкида қилган парвозинг,
Муҳрлик қоғозда энди мустаҳкам.
Агар бўлмаса шу парча қоғозинг,
Сеники эмасдир ўз фарзандинг ҳам.
Гар ўша қоғозда битта ҳарф хато
Ўғил меросхўрмас ота-онага.
Қирқ йил бирга турган эр-хотин ҳатто
Унингсиз кира олмас меҳмонхонага…
Истиқлол шарофати билан қадриятларимиз чинакам қадр топмоғи лозим. Зеро, оққан дарё ҳамиша оқаверади!
Тўлқин ЭШБЕК,
“Адашган қиз қисмати”. Ҳангомалар, ҳажвиялар, ҳикоялар.
Ғафур Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриёти. Тошкент – 2000.
Juda tòģri sòzlarni yozasizda ustozjon. Bir gal darsda shu maqolangiz haqida sòzlab berganingizda juda ham òqishni xohlagandim va nihoyat bunga musharraf bòldim
Familiya masalasi aytib o’tganingizdek nasl-nasabni belgilaydi. Shunday ekan barcha o’z familiyasida qolgani durust. Bu maqolada kelinning turmushga chiqqandan keyingi familiyasi haqida gapirilgan. Men bir odamni bilaman 30 yil bobo ismini familiya qilgan erkak xotinining familiyasiga o’tib olgan. Mana bu fojia!
Ustoz she’rlarida samimiylik,soddalik mujassam.
Odamlarning o’z familiyasi, nasl-nasabini o’zgartirishi, bu o’zligidan voz kechishidir. Unday insonlarni Chingiz Aytmatovning «Asrga tatigulik kun» asaridagi «…..» ajoyib ibora bilan atashimiz mumkin. Axir bizda yetti avlodini bilish ulug’ sharaf emasmi?!!
Aslida insonning familiyasi uning qanday nasl-nasabga tegishli ekanligini anglatib turadi. Undan voz kechish, fikrimcha, u qadar to`g`ri emas. Biroq har kimning o`z xohishi bor. Uni majburlab o`zgartirib bo`lmaydi. Muhimi, bir oilaga singib, haqiqiy oila a`zosi va farzandga aylanish familiyani o`zgartirishga bog`liq emas. Shuni bilsak bo`ldi.
Albatta, G`arbdan kirib kelgan har qanday odatni qabul qilaverish ham yaravermaydi. Biz tarixi mimgyilliklarga tutashgan xalqmiz. Bizda muhtasham imoratlar, madrasalar qad ko`targanda ular hammomning nimaligini bilishmagan . Men bu fikrim bilan G`arbni to`la yomonlamoqchi emasman. Familiya masalasida, ustoz shaxsiy fikrim, har kimning o`z xohishi deb o`ylayman.
Assalomu alaykum ustoz. Maqolani yana bir bor ko’tarib juda ajoyib ish qilibsiz. Keltirilgan fikrlarga munosabatimni 2008 yil dekabrida darslaringizdan birida ushbu mavzu ko’tarilganda bildirganman. Xullas ikki qo’l bilan siz tomon, nasab farqidagi ma’noni bilmaganlar so’zida nima ma’no bo’lsa…