Nega yapon yuz yil yashar?

ЎзАда ёритилган «Тўй ва маросимлар – бугуннинг долзарб масаласи» мақоласини ўқиётиб атоқли шоиримиз Эркин Воҳидовнинг машҳур шеъри ёдга тушди, дейди Дониш домла завқ билан.

Nega yapon yuz yil yashar?

Nega yapon yuz yil yasharu
O’zbek buncha yoshga bormaydi?
Chunki yapon bizdek qorong’u
Sahar turib oshga bormaydi.

Ta’ziyada el ko’zi uchun
Ming kishilik ziyofat qurmas.
Hayiti yo’q, bel bog’lab uch kun
Shamday qotib ko’chada turmas.

Garchi bizdan yuz bor farovon,
Garchi bizdan yuz karra to’qdir.
To’y xarjida yuzta boy yapon
Bir kambag’al o’zbekcha yo’qdir.

Bu so’zimni yaponga aytsam
Dedi battar qisib ko’zini:
—Yapon bundoq yasholmas hech ham,
—Xarakiri qilar o’zini.

Erkin Vohidov

***

НЕГА ЯПОН ЮЗ ЙИЛ ЯШАР?

Нега япон юз йил яшару

Ўзбек бунча ёшга бормайди?

Чунки япон биздек қоронғу

Саҳар туриб ошга бормайди.

Таъзияда эл кўзи учун

Минг кишилик зиёфат қурмас.

Ҳайити йўқ, бел боғлаб уч кун

Шамдай қотиб кўчада турмас.

Гарчи биздан юз бор фаровон,

Гарчи биздан юз карра тўқдир.

Тўй харжида юзта бой япон

Бир камбағал ўзбекча йўқдир.

Бу сўзимни японга айтсам

Деди баттар қисиб кўзини:

—Япон бундоқ яшолмас ҳеч ҳам,

—Харакири қилар ўзини.

Эркин Воҳидов

Дониш домла изоҳи: Японча «Харакири» сўзининг маъноси шуки, бизда баъзи жиззакилар жаҳл устида ўзига битта пичоқ тиқиб олса, японнинг инжиғи қорнини етти мартагача тилиб ташлайди. Ана шу антиқа саъй-ҳаракатини «Харакири» деб аташади. Дониш домла буни устози Аҳмаджон Мелибойдан сўраб билганини фахр билан маълум қилади.

***

Тўй ва маросимлар – бугуннинг долзарб масаласи

Парламент қуйи палатасидаги Оила ва аёллар масалалари бўйича комиссия томонидан “Тўйлар, оилавий тантаналар ва маъракаларни ўтказишда давлат ва жамиятнинг ўрни” мавзуида давра суҳбати ташкил этилди.

Асосий эътибор жамиятнинг маънавий муҳитига салбий таъсир кўрсатаётган тўй маросимлари, оилавий тадбирлар ва маъракаларни ўтказишни тартибга солиш, номақбул ҳолатлар ва исрофгарчиликларнинг олдини олиш масалаларига қаратилди. Бунда жамоатчилик, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, нодавлат ташкилотлари, илмий-тадқиқот ва таълим муассасаларининг таъсири масалалари кенг муҳокама қилинди.

Тажриба шуни кўрсатмоқдаки, тўйлар ва маъракалардаги сарф-харажатларни қисқартириш мақсадида маҳаллий ҳокимият органлари томонидан қабул қилинаётган қарорлар билан кутилган натижага эришилмаяпти. Сўнгги йилларда юзага келган вазиятни эътиборга олган ҳолда диний уламолар, имом-хатиблар аҳоли орасида маросимларда исрофгарчиликка йўл қўйиб бўлмаслиги, ислом динида тўйлар ва маъракаларда катта сарф-харажатлар оқланмаслиги ҳақида тушунтириш ишларини олиб бормоқда.

Бироқ аҳолининг аксарият қисми орасида кўп сонли меҳмонлар таклиф этилиши – бу сахийлик ва обрў белгиси, деган фикр шаклланган. Натижада оилалар юзага келган қўштирноқ ичидаги анъаналарга мос бўлиш учун даромадларига яраша эмас, балки қарз олиб бўлса-да, катта сарф-харажат қилмоқда. Тўйларни бу тарзда ўтказиш эса оилаларни бир неча йиллар давомида қийналиб яшашга мажбур қилмоқда.

Давра суҳбатида иштирокчилар кўп йиллар давомида тўпланган катта маблағларнинг 3-4 соатда ўтиб кетадиган тўй маросимларида сарфлаб юборилаётганини таъкидлади. Аслида оқилона тарзда тўй ўтказиб, тежалган маблағни оила саломатлиги ва фаровонлиги, болалар таълим-тарбиясига сарфлаш мумкин.

Аҳоли ўртасида фаол доимий тушунтириш-тарғибот ишлари омма онгига таъсир ўтказишнинг бош воситаси эканини ҳисобга олиб, жамоатчилик дабдабали тантаналарга қарши чиқмоқда. Афсуски, тушунтириш чоралари ҳар доим ҳам самара бермаяпти, чунки “мумкин бўлган” ва “ортиқча исрофгарчилик” тушунчалари ўртасидаги чегарани белгилашда муайян мураккабликлар мавжуд. Бунинг устига одамлар аксарият ҳолларда анъаналар айнан уларга келганда узилиб қолишини истамаяпти.

Амалий фикр-мулоҳазалар ва таклифлар ўртага ташланган тадбирда жамоатчилик таъсирининг самарали воситаларини ишлаб чиқиш зарурлиги борасида ягона фикрга келинди.

 Нурилло Насриев, ЎзА

Вам может также понравиться...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *