Адабиёт– маънавият чашмаси (Хотира)

Ўзбекистон халқ ёзувчиси Фарҳод Мусажоновнинг сўнгги сўзлари

 Ражаб2мако

   Фарҳод Мусажонов 1933– йилда Тошкентнинг Ўқчи маҳалласида зиёли оиласида туғилган.

Халқимизнинг севимли ёзувчиси бўлиб етишган адибдан бизга юзлаб ҳикоялар, ўнлаб қиссалар, бир қанча романлар мерос бўлиб қолди. Адиб кино ва театр санъатига ҳам салмоқли ҳисса қўшди.

Кейинги икки йил мобойнида мен устознинг хизматида бўлдим. Янги ёзган асарларининг биринчи ўқувчиси эдим. Ўқиб бўлгач, газета жулналларга элтиб беришимни тайинлардилар. Устоз сайланма тузаётгандилар. Янги асарлар ёзиш билан бир қаторда олдингиларини қайта ишлаётгандилар. Бу ишда ҳам устозга беминнат дастёрлик қилиб, ҳикоялар тўплами ва қиссалар тўпламини икки нусҳадан китоб қилиб чиқардик. Энди навбат романлар, болалар адабиёти ва сценарий ҳамда пьесалар тўпламини тайёр қилишга эди. Афсуски…

Устоз 2013– йил 28 май куни “Дўрмон” ижод боғида, ёш жодкорлар билан учрашув чоғида вафот этди.

Устознинг бу ҳолда якун топган умрига кўпчилик, “яратганнинг ҳайрлик ўлими ” бўлди дея баҳо беришди.

Шу ўринда устознинг сўнгги куни, сўнгги сўзларини келтириб ўтишни ўзимнинг шогирдлик бурчим деб биламан.

26–30 май кунлари“Дўрмон” ижод боғида Ёзувчилар уюшмасининг анъанавий “Маҳорат мактаби” семинари бўлиб ўтди. Семинарнинг

28–май кунги режасига устознинг ёш ижодкорлар билан учрашуви киритилган эди. Шу куни эрталаб устоз мени олдиларига чақирдилар. Кирувдим, менга:

– Бугун соат ўн иккида ёш ижодкорлар билан учрашув ўтказинг дейишувди, шуни тўққизга кўчиришсин бориб айт. Янги асар ёзаётувдим, тугатишим керак,– дедилар.

Мен –ҳўп,– дея мутасаддиларга устознинг сўзларини айтдим. Рози бўлишди. Ўзлари айтган вақтда устоз учрашувга чиқдилар.

Шоир, ёзувчи ва драматург Эркин Самандар ёш ижодкорларга устозни таништирди ва сўз берди.

Устоз сўз бошлар экан, бу унинг сўнгги сўзлари эканини ким ўйлабди дейсиз.

  • Мен шу ёшга кириб ҳам китоб ўқишни канда қилмайман. Нима

учун? Нимагаки мутаола менинг қонимга сингган хосиятли бир одатдир.

Драматург бўламан, ёзувчи бўламан дейдиган одам, Навоийдан тортиб то хозирги кун адабиётигача бўлган шоир ва ёзувчиларнинг ижодини синчиклаб ўрганиб чиқиши шарт. Шу орада жаҳон адабиёти ва драматургияисни ҳам ўрганиш лозим.

Шахсан мен қадимги дунё драматургиясини, Шекспир асарларини, немис драматургияисини, француз драматургиясини ва яна миллий драматургиямизни ўрганмасдан туриб, пьеса, киносценарий ёзаман деб қўлимга қалам олган эмасман.

Биласизларми, ҳар гал жаҳон адабиётига мурожаат қилар эканман, мени бир муаммо қийнайди. Ўзимизда жаҳон адабиётидан қолишмайдиган катта адабиёт бор. Лекин нега дунё бундан беҳабар?

Хазрат Навоийнинг ижоди қайси жаҳон адабиёти асарларидан қолишади? Ҳеч қайсисидан қолишмайди! Менинг назаримда, ўзимизда улуғланган Навоийни дунёда жудаям кам билишади.

Бутун дунёда Навоийдан кўра Умар Ҳайёмни кўпроқ танишади ва билишади. Нега? Чунки Ҳайёмни европалик таржимонлар Навоийдан кўра кўпроқ ўз тилларига таржима қилишган ва тарғиб этишган. Ваҳолангки, Умар Ҳайёмнинг ўзи шоирликни даъво қилган эмас. Аввалам бор у олим. Шеър ёзиш, рубоий ёзиш унинг севимли машғулоти эди холос. Уни ижодда атиги уч юзга яқин рубоийси бор.

Шу ўринда бир мулоҳаза. Умар Ҳайёмни кўпчилик майпараст шоир деб билади. Жумладан, Россия ва европа халқлари орасида ичкилик анчайин урф бўлгани учун ҳам унинг май ҳақидаги рубоийларини севиб ўқишади. Бироқ мен Умар Ҳайёмнинг майпараст бўлганига ишонмайман. Ота–боболари мусулмон бўлган, ўзи ҳам мусулмон албатта, фозил ва комил бир олимнинг майга муккасидан кетганлиги мантиқсизликдан бошқа нарса эмас. Менимча унинг майи, илҳом келган пайтида қоғозга қуйилган тўрт қатор рубоийсидур. У шундан завқ олган, шундан маст бўлган.

Бу гапларни айтишимдан мақсад, таржима орқали шоир ва ёзувчиларимизни дунёга танитишни кенг кўламда йўлга қўйиш лозим. Гапираман деса гап кўп. Сизлар изланиб интилсангизлар келажакда дунёнинг машҳур ижодкорлари бўлиб етишишингиз мумкин. Бунинг учун меҳнат ва машаққатдан қочмаслик лозим, – дея сўзларини тугатди устоз.

Шундан сўнг устоз ёш идодкорларнинг саволларига жавоб берар эканлар, меҳнатсеварликка яна алоҳида урғу бердилар.

Кейин Эркин Самандар домла устозга қараб:– Мароқли суҳбатингиз учун, рахмат Фарҳод ака. Энди менда бир таклиф бор. Бухоролик бир қизимиз киносценарий ёзиб келган. Шуни ўқиб берса, муҳокама қилсак, сиз ҳам ўз фикрларингизни билдириб, тавсиялар берсангиз, шунга нима дейсиз?

–Майли,– дея ўрнидан турган устоз, – фақат мен шу қизнинг олдига бориб ўтирмасам бўлмайди. Қулоғим узоқдан яхши эшитмайди,– дедиларда бухоролик қизнинг олдига бориб ўтирдилар.

Сценарий ўқила бошланди. Чамамда, етти–саккиз варақ ўқилди шекилли, шунда бирдан ёнимда ўтирган йигит, мени туртди: – устознинг мазалари қочди шекилли,– деди. Юрагим шув этди. Югуриб олдиларига бордим. Қўллари музлаб қолган экан. Ҳамширани чақирдик. Текширди. Қон босимлари камайиб кетибди. Тез ёрдам чақирдик. Ҳамшира менга гаплашишга ҳаракат қилиб кўришимни айтди. Урунишларим зое кетди. Гапларимга бир марта кўзларини очиб, менга узоқ термулдиларда яна кўзларини юмдилар. Врачлар етиб келди. Афсуски…

Халқимизнинг севимли ёзувчиси оламдан ўтди. Умрини адабиёт ва санъатга ҳамда миллатнинг маънавиятига бахшида этган фидоий ижодкор, сўнгги манзилга ҳам адабиёт ва санъат ҳақида гапира–гапира кетди.

Қадрли устоз, бизлар сизни ҳеч қачон унутмаймиз.

Охиратингиз обод бўлсин!

 Ражаббек Ражабов,

республика Маънавият ва маърифат маркази Маданият ва санъат ташкилотлари  билан ишлаш бўлими бошлиғи

You may also like...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Можно использовать следующие HTML-теги и атрибуты: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <strike> <strong>