Адиб ва замон

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида

 Ёзувчилар уюшмасидаги ҳар бир йиғин қизғин мулоҳаза ва мунозаралар билан ўтади. Эл-юрт эътирофи ва миллионлаб мухлислар ихлосини қозонган адиблар айтган фикрларни тинглаб, вақт қандай ўтганини сезмай қоласиз. Янги ва яхши гаплар ҳамиша ва ҳамма жойда тингланади. Уларни амалиётга жорий қилиш учун кўтаринки режалар туғилади, эзгу саъй-ҳаракатлар бошланади.

Куни кеча Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида жорий йилнинг тўққиз ойи якунларига бағишланган фаоллар йиғилиши ҳам ана шундай кўтаринки руҳда кечди. Бугун биз жўшқин ўзгаришлар даврида яшаяпмиз. Ҳаётимиз кундан кунга гўзаллашиб боряпти. Аждодларимиз асрлар давомида орзу қилган озод ва обод турмуш тарзи бугун бир авлоднинг кўз ўнгида воқеликка айланди.

ёзу1

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси, халқ ёзувчиси Муҳаммад Али йиғилишни очар экан, ана шулар ҳақида тўхталиб ўтди. Дарҳақиқат, ҳаётимизнинг ҳар жабҳасида кечаётган ўзгаришлар юртимизда истиқомат қилаётган ҳар бир фуқаро ҳаётида акс этаётгани билан ҳар қанча қувонсак арзийди. Чунончи, яқинда Вазирлар Маҳкамасининг жорий йил 9 ойида республикани ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунларини, 2016 йилги иқтисодий дастурнинг энг муҳим йўналишлари ва устувор вазифаларини амалга ошириш натижаларини муҳокама қилишга бағишланган мажлисида ўртага ташланган фикрларга алоҳида диққатни қаратмоқ жоиз. Унда мамлакатни ривожлантиришнинг асосий макроиқтисодий кўрсаткичлари, шунингдек, иқтисодиёт ва унинг тармоқларини ислоҳ қилиш, таркибий ўзгартириш ва модернизациялашни чуқурлаштиришнинг энг муҳим вазифаларини бажариш ва бошқа муҳим масалалар бўйича қабул қилинган чора-тадбирлар натижадорлиги ҳар томонлама кўриб чиқилиб, танқидий таҳлил қилинди.

ёзу2

Мажлисда таъкидланганидек, глобал иқтисодиётнинг ривожланиши тобора секинлашиб бораётгани ва жаҳон бозорларидаги ноқулай шарт-шароитларга қарамай, Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов раҳбарлигида ишлаб чиқилган ва унинг ислоҳотларни амалга оширишга доир бешта машҳур тамойилига асосланган мамлакатни ислоҳ этиш, модернизациялаш ва ривожлантириш стратегиясини мақсадли ва тизимли амалга ошириш натижасида Ўзбекистонда макроиқтисодий мувозанат ва иқтисодиёт ўсишининг юқори суръатлари сақланиб қолмоқда.

Ана шундай изчил ислоҳотлар натижасида жорий йилнинг ўтган 9 ойи якунлари бўйича мамлакат ялпи ички маҳсулоти ўсиши 7,8 фоизни, саноат ўсиши 7,2 фоизни, қурилиш ишлари ҳажми ўсиши 15 фоизни, чакана савдо айланмаси ўсиши 14,2 фоизни, хизматлар кўрсатиш ҳажми ўсиши 12,4 фоизни ташкил этди. Давлат бюджети ялпи ички маҳсулотга нисбатан 0,1 фоиз миқдорида профицит билан ижро этилди. Инфляция даражаси прогноз параметрларидан ошмади. Албатта, бундай ижобий кўрсаткичларга эришилганлиги биз — ижод аҳлини ҳам қувонтиради.

Ҳукумат мажлисида мамлакатимиз иқтисодиётини янада тараққий эттириш борасидаги бир қатор устувор масалаларга ҳам алоҳида эътибор қаратилди. “Соғлом она ва бола йили” Давлат дастури доирасида оила, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш тизимини такомиллаштириш, соғлом ва баркамол авлодни тарбиялаш, соғлиқни сақлаш тизими моддий-техник базасини янада мустаҳкамлаш тадбирларини амалга ошириш давом эттирилаётганига урғу берилди.

Фаоллар йиғилишида Ёзувчилар уюшмасининг ҳам ўтган даврдаги фаолиятига бир қўр назар ташлаб, амалга оширилган ишлар сарҳисоб қилинди. Бу йил ёзувчи ва шоирларимизнинг ҳар қачонгидан кўпроқ ижодий сафарларда бўлганликлари алоҳида эътиборга лойиқ.

ёзу3

— Сафарлар давомида қалам бир зум ҳам тинмайди, — дейди публицист адиб Тўлқин Эшбек. — Юз бераётган ўзгаришлар, янги қурилишлар ва ободончилик ҳақида энг аввал оддий одамлар фикрини билиш зарур.

Мамлакатимиз бўйлаб ўтказилган “Биз — буюк юрт фарзандларимиз!”, “Ўзбекистон — умумий уйимиз”, “Ким эдигу ким бўлдик, эртага қандай юксак марраларни эгаллашимиз керак?” мазмунидаги тарғибот тадбирларида Ёзувчилар уюшмасининг Тошкент шаҳри ва вилоятларда истиқомат қилаётган 300 нафардан зиёд аъзолари фаол иштирок этишди.

Маърифат улашиш эзгу амал, айниқса ижодкорнинг ўзи тақдим этган китоб ёшлар учун қадрли совға саналади. Биргина пойтахтимизда бўлиб ўтган тарғибот тадбирларида таълим муассасаларига “Ижод” жамоат фонди томонидан 900 дона турли бадиий китоблар тақдим этилгани ана шундай хайрли ишлардан бири бўлди.

“Ким эдигу ким бўлдик, эртага қандай юксак марраларни эгаллашимиз керак?” мазмунидаги тарғибот тадбирларининг юртимиз бўйлаб кенг кўламда ўтказилиши адиб ва ўқувчиларнинг юзма-юз учрашувларини янада жонланишига ҳам туртки бўляпти. Айни кунларда Қорақалпоғистон Республикасида ўтказилаётган ана шундай тарғибот тадбирларида 30 нафар, “Камалак юлдузлари” ёш ижодкорлар танловининг ҳудудий босқичларида эса 14 нафар ижодкорларимиз иштирок этишмоқда. Адиблар бу сингари  тадбирларда шунчаки маъруза ва суҳбатлар билан чекланишмайди. Улар юртимиз бўйлаб олиб борилаётган улкан бунёдкорлик ишлари, юртдошларимизнинг тобора фаровонлашиб бораётган турмуши, ободлик ва маъмурчилик йўлидаги интилишлари ҳақида бадиий-публицистик мақолалар ҳам ёзишмоқда. Шу кунга қадар марказий газеталарда қарийб юз номдаги салмоқли публицистик мақолалар чоп этилгани фикримизнинг далилидир.

ёзу4

Очиғини айтганда, юртимизда кундан кунга юз бераётган ўзгаришлардан жўшиб-тошмаслик, қўлга қалам олмаслик жуда мушкул. Фарғонадан Энахон Сиддиқованинг “Саодат довони”, Анвар Обиджоннинг “Озод халқнинг улуғвор тўйи”, Сирдарёдан Ҳаётхон Ортиқбоеванинг “Гулу бўстон — Гулистон”, Қорақалпоғистон Республикасидан Кенесбой Каримовнинг “Чорак аср бўсағасида”, Ўктам Мирзаёрнинг “Ватан манзаралари”, Сурхондарёдан Менгнор Олломуроднинг “Фақат яхшилик қилдим”, Сайди Умировнинг Навоий эркин иқтисодий индустриал зонаси ҳақида “Юксалишнинг алп одимлари”, Мунаввара Усмонованинг “Буюк парвозлар диёри”, Бахтиёр Ҳайдаровнинг “Ўтмиш ва келажакни боғловчи кўприк”, Абдумажид Азимовнинг “Қудратбахш йиллар саодати”, Хоразмдан Сотим Авазнинг “Толенинг кулган даври”, Самарқанддан Зуҳра Бегимнинг “Юлдузларда аксланар Улуғбек зиёси” ва яна бир қанча мақолаларда ана шундай жўшқинлик бугунги кун нафаси, юртдошларимизнинг қиёфаси акс этган.

Юртимизда байрамлар, қутлуғ саналар кўп. Озод ва обод юртга тўйлар, байрамлар ярашади, дейди халқимиз. Деярли ҳар кунимиз байрам. Ана шундай байрамларнинг файзли ўтишида қаламкаш ижодкорлар ҳам ўз сўзи билан қатнашиб, юртдошларимизга меҳр, қадр, фахр ва ғурур туйғуларини улашмоқдалар.

Улуғ мутафаккир аждодларимиз қолдирган улкан маънавий мерос нафақат биз, балки бутун дунё аҳли учун ҳам қадрлидир. Шу йил 12 февраль куни Германиянинг Берлин шаҳрида Алишер Навоий таваллудининг 575 йиллигига бағишланган халқаро илмий конференцияда атоқли адибимиз Муҳаммад Али иштирок этиб, Берлин давлат кутубхонасига Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг совғаси сифатида Алишер Навоийнинг 10 жилдлик “Асарлар” мажмуасини туҳфа қилди.

Жорий йилда Навоий асарларини жаҳоннинг ўн тўртта тилига таржима қилишга киришилди. Бугунга қадар улуғ шоирнинг ўзбек тилида “Хазойин-ул маоний”, рус тилида “Сокровишица мыслей” номли асарлари нашр этилди. Айни пайтда бу асарнинг немис тилидаги нашри устида иш олиб борилмоқда. Ўзбек шоирларининг улуғ алломага бағишланган асарларидан иборат “Ҳазрат Навоийга эҳтиром” китоби, Ойбекнинг “Навоий” романининг инглиз тилига таржимаси, яна бир улуғ адибимиз Абдулла Қодирийнинг “Ўтган кунлар” романи тожик тилида босмадан чиқди.

Умуман олганда, жорий йилнинг ўтган тўққиз ойи мобайнида Ёзувчилар уюшмаси ва “Ижод” жамоат фонди томонидан 19 номдаги адабий-бадиий китоблар чоп этилди, 9 та китоб эса нашрдан чиқиш арафасида.

Жорий йилда 10 нафар истеъдодли ижодкорлар Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзолигига қабул қилинди.

66 нафар иқтидорли ёш шоирларнинг асарлари жамланган “Биз — истиқлол фарзандларимиз” номли ёшлар баёзи, “Баҳор булбулларининг чаҳ-чаҳи” ёш таржимонлар баёзи, шунингдек, “Биринчи китобим” лойиҳасида 11 нафар истеъдодли ёш ижодкорларнинг илк китоблари 20 минг нусхадан, жами 220 минг нусхада чоп этилди. Бу китоблар мамлакатимиздаги таълим муассасаларига, бир қатор ташкилотларга беғараз совға сифатида етказиб берилди. Яқинда “Биринчи китобим” лойиҳасида чоп этилган китобларнинг тақдимотини ўтказдик. Қувнарлиси, ўша куни илк китоблар муаллифларига энг кам иш ҳақининг 20 баравари миқдорида қалам ҳақи ҳамда 220 донадан муаллифлик китоблари топширилди.

Маълумки, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ёшлар билан ишлаш бўлими қошида “Ёшлик” ижодкор ёшлар клуби фаолият юритмоқда. Зулфия номидаги давлат мукофоти совриндорлари ва “Биринчи китобим” лойиҳасида китоблари чоп этилган 30 нафар ёш ижодкорлар ҳамда “Онажоним шеърият” тўгараги иштирокчилари мазкур клубга жалб этилган. Клуб аъзоларининг 15 нафари Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм, Навоий, Самарқанд, Андижон, Наманган, Фарғона вилоятларида ижодий сафарларда бўлиб, ҳудудларда амалга оширилаётган улуғвор бунёдкорлик ишлари, юртдошларимизнинг бугунги ўйлари, фаровонлик ва яратувчанлик йўлида олиб бораётган фаолияти билан яқиндан танишдилар ва ижодий учрашувлар ўтказишди. Ана шу ижодий сафарлар таассуротлари натижасида “Сени яхши кўрамиз, Ўзбекистон!” бадиий-публицистик мақолалар тўплами нашрга тайёрланди.

Ёзувчилар уюшмаси томонидан ижод аҳлини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, рағбатлантириш, ёш ижодкорларни кашф қилиш ва улар учун қулай шарт-шароитлар яратиш борасида қилинган хайрли ишларни узоқ санаш мумкин. Буларнинг бариси юртимизда амалга оширилган маънавий ислоҳотларнинг ширин меваларидир. Уларни бугун ҳар бир ижодкор ўз фаолиятида ҳис қиляпти.

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганига 24 йиллиги муносабати билан, Халқ таълими вазирлиги билан ҳамкорликда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва пойтахтимиз бўйлаб “Китоб акцияси” ўтказиш режалаштирилмоқда. Бунда ҳар бир ҳудудга камида минг донадан китоблар ажратилиб, энг намунали икки таълим муассасаси кутубхонасига 500 донадан китоблар етказиб бериш кўзда тутилган. Шунингдек, мазкур акция доирасида Ёзувчилар уюшмасида “Янги аср” нашриёти томонидан чоп этилган “Камолот кутубхонаси” лойиҳасидаги 100 номдаги китоблар тақдимотини ўтказиш ҳам белгиланган.

Йиғилишда шунингдек, Ёзувчилар уюшмаси қошидаги ижодий кенгашлар фаолиятини янада жонлантириш тўғрисида таклиф ва фикр-мулоҳазалар тингланди. Хусусан, сўнгги пайтда эстрада қўшиқчилигидаги салбий ҳолатлар жамоатчиликнинг кўплаб эътирозларига сабаб бўлмоқда. “Ўзи шеър ёзиб, ўзи куй басталовчи, ўзи саҳналаштириб, ижро этувчи” дея таъриф берилаётган ҳаваскорлар бўлгани, уларнинг бадиий саёз “ижод намуналари” телеканалларда намойиш қилинаётгани сир эмас. Бу соҳада Ёзувчилар уюшмасининг бадиий жиҳатдан назоратини таъминлаш мақсадида, таниқли шоирлардан иборат жамоатчилик асосида Қўшиқнавислик кенгаши тузилди.

Адабиётшунос олим Шуҳрат Ризаев, таниқли шоир Мирпўлат Мирзо, ёзувчи Нодир Норматов, шоира Шарифа Салимоваларнинг Ёзувчилар уюшмаси фаолияти, ижодкорлар олдидаги долзарб вазифалар хусусидаги фикр-мулоҳазалари тингланди.

Бахтиёр Ҳайдаров,

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Ахборот хизмати раҳбари

You may also like...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Можно использовать следующие HTML-теги и атрибуты: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <strike> <strong>