АХБОРОТ-ПСИХОЛОГИК ХАВФСИЗЛИК (7)

7-мавзу. Очиқ оммавий ахборот тизимлар шароитида шахснинг психологик ўзини ўзи ҳимоялаши

я5

Инсон руҳий кечинмалари ҳаётдаги мавжуд ижтимоий борлиқ билан чамбарчас боғлиқ эканлиги илмий жиҳатдан асосланган. Шахс онгида ғоя ва фикрнинг пайдо бўлиши ва қай даражада шаклланиши жамиятдаги муҳитга, жумладан, ўзаро мулоқотлар, урф-одатлар, байрам ва маросимлар, анъаналар ва турфа ахборотларга боғлиқ. Албатта, ёш авлод онги ва дунёқарашининг шаклланиши биринчи галда оила, боғча ҳамда мактабдаги тарбияга жуда боғлиқ эканлигини изоҳлашга ҳожат йўқ. Яхши гап ҳам, ёмон гап ҳам бир оғиздан чиқади, деган нақл бежиз айтилмаган. Очиғи, ҳамма оила, боғча ва мактабда ҳам тарбия, муомала маданияти бир хилда деб бўлмайди. Ёш ўғил-қизлар яхши гаплар билан бир қаторда баъзи хунук гап-сўзларни ҳам ана шу муҳитнинг ўзида эшитадилар. Яхши гапдан қалби маънан бойиса, ўша хунук гаплардан руҳан (психологик) ҳимояланишга хизмат қилувчи “иммунитет” пайдо бўла бошлайди. Бир ёмонликнинг бир яхшилиги, деганларидек, бу ҳол инсоннинг умри бўйи ташқи муҳитда учрайдиган турли салбий ҳодисаларга, жумладан, бугунги ахборот маконида одамлар, айниқса ёшлар онгини заҳарлашга қаратилган “ахборот хуружлари”га нисбатан ҳам “иммунитет” пайдо бўлиб бораверади. Бузғунчи ғояларга асосланган салбий ахборотларга нисбатан “иммунитет” пайдо бўлдими, энди уни муттасил ривожлантириб бориш ҳам ахборот асрининг талабларидан бирига айланаётганини изоҳлашга ҳожат йўқ.

Хориж радиоэшиттиришлари, интернет ва бошқа очиқ ахборот тизимлари орқали юртимизга кириб келаётган вайронкор ғоялар ёшлар онгини заҳарлай бошладими, демак, бу хатарга бепарво қараш мумкин эмас. “Агарки биз бундай хатарларга қарши ўз вақтида қатъият ва изчиллик билан кураш олиб бормасак, турли зарарли оқимлар бизнинг юртимизга ҳам шиддат билан ёпирилиб кириши, ёшларимизни ўз гирдобига тортиб кетишини, оқибатда уларнинг ота-она, оила, эл-юрт олдидаги бурчи ва масъулиятини ўйламайдиган, фақат бир кунлик ҳаёт билан яшайдиган худписанд кимсаларга айланиб қолиши мумкинлигини тасаввур қилиш қийин эмас,– деб таъкидлади давлатимиз раҳбари.– Такрор айтишга тўғри келади – ота-оналар, устоз-мураббийлар бу масалада ҳушёрликни йўқотмаслигимиз, ёшлар тарбиясида асло бепарво бўлмаслигимиз зарур”1.

Дунё ягона ахборот маконига айланган бугунги кунда бирор ахборотнинг йўлига сунъий тўсиқ қўйиб бўлмайди. Истиқлол шарофати билан дунёга юз очган, ёшлари дунё тилларини бемалол эгаллаб, “интернетомания” касалига чалиниш арафасида турган юртмизга ҳам яхши, ҳам ёмон таъсирлар, турли хуружлар мавжудлиги шароитида шахснинг ўзини-ўзи психологик жиҳатдан салбий таъсирлардан ҳимоя қила олиш имкониятларини кенгайтириш энг долзарб муаммолардан биридир2. Юртимиз мустақилликка эришганидан буён халқаро маданий алоқалар кенгайиб бораётгани ижобий ҳодиса. Умумбашарий, жаҳон маданиятини ҳар томонлама ўрганиш халқлар дўстлигини янада мустаҳкамлашга, дунё билан бўйлашишга хизмат қилади. Ўз навбатида ўзбек маданияти ва санъати ҳам дунёда янада кенгроқ ўрнига эга бўлаётгани эътиборга моликдир. Ёш тадқиқотчи Барно Мелиқулова ёзганидек, маданият – умуминсоний ҳодиса, фақат бир халқнинг ўзигина яратган соф маданият бўлмайди ва бўлиши ҳам мумкин эмас. Ҳар бир миллий маданиятнинг асосий қисмини шу миллат ўзи яратган бўлса-да, унда жаҳон халқлари яратган умуминсоний маданиятнинг улуши ва таъсири бўлади3. Муҳими, ҳали онги тўла шаклланиб улгурмаган айрим ёшларнинг ана шундай муҳитда миллий ўзлигимизга салбий таъсир қиладиган “оммавий маданият” ниқоби остидаги ёт ғоялардан ўзини ўзи психологик ҳимоя қила олишида. “Агарки биз Ўзбекистоннинг ўзимиз орзу қилган эртанги ёруғ кунини, буюк келажагини барпо этмоқчи бўлсак, бир ҳақиқат барчамизга равшан бўлиши керак: бу вазифа, авваламбор, бошлаган эзгу ишларимизнинг давомчиси бўлган, ўз олдимизга қўйган юксак марраларга эришиш йўлида ҳақиқатан ҳам ҳал қилувчи кучга айланиб бораётган, таянчимиз-суянчимиз бўлмиш болаларимизни бундай ёвуз таъсирлардан ҳимоя қилиш билан бевосита узвий боғлиқдир,– деб ёзганди давлатимиз раҳбари.– Бошқача айтганда, ёш авлодимизнинг қалби ва онгини асраш, уларни миллий ва умумбашарий қадриятлар руҳида тарбиялаш, фарзандларимизнинг дунёда рўй бераётган сиёсий жараёнларнинг маъно-мазмуни ва асл сабабларини чуқур англаши, ўз атрофида содир бўлаётган воқеалар ҳақида ҳаққоний маълумотларга, энг муҳими, ўз мустақил фикрига эга, содда қилиб айтганда, оқни қорадан ажратишга қодир бўлишига эришиш таълим-тарбия ва маънавий-маърифий ишларимизнинг асосий шарти ва мезони бўлиши даркор”4. Шуни ёдда тутиш жоизки, сўнгги йилларда ҳали шаклланиб улгурмаган ёшлар онгини заҳарлаш, уларни ўз таъсирларига тушириш учун атайлаб қилинаётган “маданий тажовуз”лар ҳам йўқ эмас. Бу тажовузларни чиппакка чиқаришнинг йўлларидан бири – ўсиб-униб келаётган ёш авлод онги ва қалбида мафкуравий иммунитетни кучайтириб боришдан иборатдир. Зеро, етарли даражада мафкуравий иммунитетга эга бўлган шахслар ҳар қандай ахборот хуружларидан ўзини ўзи психологик ҳимоя қилиш хусусиятига эга бўлади. Очиқ ахборот тизимлари шароитида фуқароларнинг турли мафкуравий таҳдидлардан ўзини ўзи ҳимоя қилишлари илмий жиҳатдан ўрганилган. Мутахассислар фикрича, психологияда эгоцентризмнинг бир қанча турлари – билишга оид, ахлоқий ва коммуникатив эгоцентризмлар фарқланади. Охиргиси – бошқаларга бирор хил маълумот бериш жараёнида уларнинг фикри билан ҳисоблашмаслик, уларни менсимасликда намоён бўлади5. Аён бўлишича, бугунги кунда ахборот хуружлари уюштираётганлар айнан шундай эгоцентризм қобиғида ҳаракат қилишмоқда. Улар ўз манфаатларини кўзлаб иш тутадилар. Мақсадлари эса ёш авлод онгини қамраб олишга қаратилган. Демак, улар учун психологик ҳимоя зарур. Ўзини ўзи психологик ҳимоя қилишга эришиш учун ҳар бир шахсда мустақил фикр бўлиши, воқеликларга фаол фуқаролик позицияси нуқтаи назаридан ёндашиши зарур. Жамиятга ахборий ҳужумларнинг турлари жуда кўп. Ёшларни ана шу ҳужумлардан ўзини ўзи психологик ҳимоя этишга ўргатиш учун аввало ўша воқелик ё ахборотнинг моҳиятини тўғри тушунтириш зарур. Яъни, ахборот хуружларига қарши мақолалар, бадиий асарлар, кино ва видеофильмлар яратиш орқали ҳам кенг жамоатчиликда “иммунитет” уйғотиш мумкин. Айрим хориж телекўрсатувлари ва радиоэшиттиришлари, интернет хабарларига алоҳида қизиқиш билан қарайдиган юртдошларимиз ҳам кам эмас. Уларга қайси ахборот тўғри ва холис ёритилгану қай бири нотўғри эканлигини битталаб тушунтириб боришнинг имкони йўқ. Яхшиси, одамлар тўғри ё ғаразли мақсадда ёритилган ахборотнинг фарқлай оладиган даражада бўлишига эришиш ҳар бир шахснинг ўзини ўзи психологик ҳимоя қилишига ёрдам беради. “Дунёнинг демократик қадриятларидан баҳраманд бўлишда аҳолининг билимдонлиги муҳим аҳамият касб этмоқда,– деб ёзади давлатимиз раҳбари.– Фақат билимли, маърифатли жамиятгина демократик тараққиётнинг барча афзалликларини қадрлай олишини ва, аксинча, билими кам, оми одамлар авторитаризмни ва тоталитар тузумни маъқул кўришини ҳаётнинг ўзи ишонарли тарзда исботламоқда”6. Буни бугунги маърифатли жамиятимизда айниқса зиёлилар ҳаётида яққол кузатиш мумкин. Маънавий олами юксак инсон онгини ҳеч ким бузғунчи ғоялар билан чалғита олмайди. Таассуфки, беш қўл баробар эмас, деганларидек, маънавий қашшоқ ва дунёқараши ҳаминқадар кимсалар йўқ эмас. Ҳали онги ва дунёқараши тўла шаклланиб улгурмаган айрим ёшлар эса турли зарарли таъсирларга ҳам тез берилувчан бўлади. Уларда зарарли таъсирлардан ўзини ўзи психологик ҳимоя қилиш тушунчаси ҳам бўлмайди ҳисоби. Айтайлик, бетгачопарлик, андишасизлик каби Ғарбда ривожланган ахлоқсизликни бизнинг ёшлар онгига сингдиришга уринаётганлари тагида жуда катта фалокат бор. Бу демократия эмас, балки демократия ниқоби остида миллий қиёфани бузиш, миллий ифтихор ва ўзликни англашдан маҳрум этиш эканлигини изоҳлашга ҳожат йўқ. “Оммавий маданият” ниқоби остида кириб келаётган ана шундай зарарли таъсирлардан жамиятни тўлақонли ҳимоя этишнинг энг самарали йўли – ҳар бир шахснинг ўзини ўзи психологик ҳимоя қила олишига эришишдир. Мутахассислар фикрича, психологик ҳимоя – шахсни турли салбий таъсирлардан асрашга, психологик таъсирни бартараф этишга хизмат қилади. Шундай холатларда одам одатда шахслараро муносабатларда ўзини бошқачароқ тутадиган бўлиб қолади. Бунда қатор ҳимоя механизмларига риоя этиш мақсадга мувофиқдир. Яъни, очиқ ҳис-кечинмаларни босиш, рад этиш, яъни номаъқул маълумотни очиқ рад этиш, унга қўшилмаслик йўлларидан фойдаланиш мақсадга мувофиқдир. Юқорида таъкидлаганимиздек, мустақил фикрга эга бўлган инсон ўзига нисбатан қаратилган яхши ёки ёмон маълумотнинг моҳиятига етиши мумкин ва унга нисбатан ўзида муайян тасаввур ҳосил қилади.

 

Назорат учун саволлар:

  1. Инсон руҳий кечинмалари деганда нимани тушунасиз?
  2. Шахс онгида ғоя ва фикрнинг пайдо бўлиши ва шаклланиши қандай омилларга боғлиқ?
  3. Инсонда “мафкуравий иммунитет” қай тарзда пайдо бўлади?
  4. Шахснинг ўзини ўзи психологик ҳимоя қилиши деганда нимани тушунасиз?
  5. Эгоцентризм нима?
  6. Буюк давлатчилик шовинизми ва миллатчилик таҳдиди деганда нимани тушунасиз?
  7. Жамиятга ахборий ҳужумларнинг кўринишларини айтинг.

 

Асосий тушунчалар

Идентификация – ўзини ахборот эгасига ўхшатиш, унинг ўрнига ўзини қўйиш орқали қадриятларни рад этиш ёки танқидсиз ўзлаштириш;

Проекция – ўзидаги ҳиссий кечинмаларни ташқи объектларга кўчириш орқали пайдо бўлган ҳолатнинг сабабларини ташқаридан қидиришга мойиллик;

Регрессия – илгари ҳаётида, масалан, ёшлигида бўлиб ўтган қайсидир воқеларга қайтиш, уларнинг яхши ва маъқулларини яна хотирада тиклаш ва хулқда қайтариш орқали ўзида психологик ҳимоя ёки оқловни ташкил этиш;

Эгоцентризм – лотинча “ego” – мен ва “centrum” – доира маркази сўзларидан олинган бўлиб, ўз фикр-ўйлари, манфаатлари доирасида қотиб қолган инсоннинг атроф-муҳит ва одамларга оид ўз билимлари ва ўзгаларга муносабатини ўзгартира олмаслигини билдиради.

__________________________________________________

 

1 Каримов И.А. Юксак маънавият – енгилмас куч. –Т.: Маънавият, 2008. – 15 б.

2 Қаранг: Каримова В. Очиқ оммавий ахборот тизими шароитида шахснинг психологик ўзини-ўзи ҳимоялаши. /Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат ва жамият қурилиши академияси жорий архиви, 2006.

3 Қаранг: Мелиқулова Б. Маданиятлар тўқнашуви. –Т.: Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси нашриёти, 2009. – 8 б.

4 Каримов И.А. Энг асосий мезон – ҳаёт ҳақиқатини акс эттириш. –Т.: Ўзбекистон, 2009. – 8-9 б.

5 Қаранг: Каримова В. Очиқ оммавий ахборот тизими шароитида шахснинг психологик ўзини-ўзи ҳимоялаши. /Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат ва жамият қурилиши академияси жорий архиви, 2006.

6 Каримов И.А. Ўзбекистон XXI аср бўсағасида: хавфсизликка таҳдид, барқарорлик шартлари ва тараққиёт кафолатлари. /Ўзбекистон буюк келажак сари. –Т.: Ўзбекистон, 1999. – 534-535 б.

You may also like...

37 Responses

  1. Maruzada so’ngida har bir kishida shaxsiy fikrning mavjud bo’lishi haqida to’xtab o’tilgan. Unda shaxsiy fikr egasi. o’ziga qaratilgan yaxshi yoki yomon axborotning mohiyatiga tushunib yetishi aytilgan. Yana bir manbada shu fikrning mantiqiy davomi bo’gan mana bu jumlani o’qigandim : Halol va mukammal fikr egalari dunyodagi eng baxtli insondirlar.

  2. Darhaqiqat,yurtimizning ertangi kelajagi,bu o’sib-ulg’ayib kelayotgan yoshlar qo’lida. Shunday ekan ularni vatanparvarlik ruhida tarbiyalash birgina ustozlarning vazifasi emas,balki butun jamiyatning burchi deb o’ylayman.Chetdan qilinayotgan ,,Ommaviy madaniyat» niqobi ostidagi tahdidlarnng ham ko’pchilligi yoshlarning ongini zaharlashga qaratilmoqda.Lekin bizning yoshlarimiz o’zlarining tog’ri,mardonavor yo’lini tanlashlariga ishonaman.

  3. Darhaqiqat, o’z fikriga ega bo’lgan inson har qanday ma’lumotning mohiyatiga yetadi hamda unga o’z munosabatini bildira oladi. Buning uchun, avvalo, mafkuraviy immunitetni hosil qilish lozim.

  4. Assalomu alaykum!
    Ma’ruza o’qib buyuk bobomiz Alisher Navoiyning quyidagi so’zlari yodimga tushdi:
    «Oldiga qo’yganni yemak hayvonning ishi,
    Og’ziga kelganni demak nodonning ishi».
    Darhaqiqat, har bir inson yot g’oya va axborot ta’sirlariga tushmasligi uchun, unda o’z -o’zini psixologik himoya qilish ko’nikmalari va immunitet shakllangan bo’lishi kerak. Bunga esa ilm orqali erishiladi. Ilm olishdan va izlashdan charchamaylik.

  5. Har doim «axborot xuruji» haqida so’z borganida quyidagi jumlani takrorlaymiz :Insoniyatda yomon illatlarga nisbatan moyillik kuchli , negadir uni tez qabul qiladi». Hozirgi vaqtda bunday yot g’oyalarga moslashib, ularni qabul qilish yanada kuchayib ketmoqda. Agar shaxsning o’zida unga nisbatan qarshilik ko’rsatish xususiyati bo’lmasa, ularning asiriga aylanadi. Maruzada aytilganidek, hozirgi vaqtda xunuk so’zlarni bemalol ko’cha-ko’yda ishlataverishadi. Bu ular uchun oddiy holat . Bundaylarni o’zbek deb bo’lmaydi, sababiki sof ona tilimizni bulg’ayotgan , unga hurmatsizlik qilayotgan madaniyatsizlar qanday qilib bag’rikeng, samimiy o’zbek millatiga mansub bo’la oladi. Albatta, bu borada atrof-muhitning roli katta. Yomonlikka boshlasada, to’g’ri yo’lni ko’rsatsa-da. Afsuski , ayni vaqtda faqat ota-onamni va tug’ishganlarimni haqiqiy do’st deb bilaman va ishonamanki hammaga ham oilasi do’st. To’g’ri, bu bilan dunyodagi haqiqiy do’stlarni yo’qqa chiqarmoqchi ham emasman.
    Biz hammani asraylik, barchaning shani, obro’-e’tibori , eng avvalo insoniyligi uchun kurashaylik. Axir hammamizning nomimiz bir , bu —-inson , haqiqiy qalbi pok inson.

  6. Egosentrik usuldagi axborot xurujidan ayniqsa ehtiyot bo’laylik! Hammamizga ma’lumki, kemadek chayqalib turgan dunyoda faqat ma’naviyatli insongina xavfsiz sanaladi. Axborot manbalaridan ehtiyotkorona foydalanish, ularni xolis va noxolisga ajratish muhim sanaladi.

  7. Дунё ягона ахборот маконига айланган бугунги кунда бирор ахборотнинг йўлига сунъий тўсиқ қўйиб бўлмайди.
    Bundan kelib chiqadiki, psixologik himoyalanish har bir shaxsning o’ziga yuklatilgan vazifadir.

  8. Жамиятга ахборий ҳужумларнинг турлари жуда кўп. Ёшларни ана шу ҳужумлардан ўзини ўзи психологик ҳимоя этишга ўргатиш учун аввало ўша воқелик ё ахборотнинг моҳиятини тўғри тушунтириш зарур. Яъни, ахборот хуружларига қарши мақолалар, бадиий асарлар, кино ва видеофильмлар яратиш орқали ҳам кенг жамоатчиликда “иммунитет” уйғотиш мумкин.
    Yuqoridagi mazkur fikrga to’laqonli qo’shilaman.Negaki shahsga axboriy hujumlarni ma;nosini chuqurroq tushuntirish,unga qarshi imunitetni shakllantirishda keng qamrovda ish olib borish,ogohlantirish,to’g’ri yo’l korsatish maqsadga muvofiqdir.

  9. O’z dunyoqarashi VA o’z fikriga ega bo’lgan shaxs axborotni yaxshi yoki yomonligini ajrata oladi. Buning uchun har bir insonni yuksak ma’naviyatli shaxs sifatida kamol topishi muhimdir.

  10. Axboriy hujumlardan o’z-o’zini himoya qilishda insondan mafkuraviy immunitet talab etiladi. Uni hosil qilishda oilalarda tarbiya mustahkam bo’lishi, har bir o’quv muassasida ma’naviyat targ’ibotiga bag’ishlangan tadbirlar muntazam o’tkazilib borilishi kerak. Shu bilan birga, yovuz kuchlarning maqsadini ochib berishga, bolalarni bunday hujumlar ta’siridan ogoh qilishga qaratilgan badiiy va hujjatl filmlarni ko’paytirish lozim.

  11. Har bir inson atrofida bo’layotgan voqea hodisalarga ongli ravishda “reflex “ qila bilishi lozim. Shaxsga qilinadigan axborot xurujlari qanday bo’lishi mumkin? Chaqimchilik,gap tashish, g’iybat qilish, yolg’on gapirish va hokozolar. Bular ichida meni fikrimcha eng yomonlaridan biri gap tashishdir. Gap tashidiganlarni bozori har doim chaqqon bo’lgan. Oldidan birinchi chiqgan odam ularni xaridori hisoblanadi.(Agar ustoz rozi bo’lsalar gap tashish haqida alohida bir maqola tayyorlayman.Faqat saytga joylashtirishga ruxsat bo’lsa)
    Yana bir shaxsga qilinadigan axborot xurujlaridan biri bu yolg’on gapirishdir. Quroni Karimda shunday deyiladi:
    Alloh taolo aytadi:
    «Shak-shubha yo‘qki, Alloh yolg‘onchi va kofir kimsalarni hidoyat qilmas» (Zumar surasi, 3).
    Ya’ni, Alloh yolg‘onchi va kofir kimsani hidoyatiga muvaffaq qilmaydi, haq dinga yo‘llab qo‘ymaydi.
    «Yolg‘on so‘zlarni ham faqat Allohning oyatlariga iymon keltirmaydigan kimsalargina to‘qirlar. Ana o‘shalar yolg‘onchidirlar» (Nahl surasi, 105).
    Ya’ni, Allohga va oyatlariga iymon keltirmagan kimsagina U zot sha’niga yolg‘on to‘qiydi. Chunki u azobga duchor bo‘lishidan qo‘rqmaydi. U haqiqiy yolg‘onchidir. Yolg‘on gapirish ulkan jinoyat bo‘lgani bois, mo‘min unga yaqinlashmaydi.
    Abu Muso roziyallohu anhu rivoyat qiladilar: «Yo Rasululloh, qaysi musulmon afzal?» deb so‘ragan edim, «Qo‘li va tilidan musulmonlar salomat bo‘lgan kishi», deya javob berdilar» (Buxoriy, Muslim va boshqalar rivoyati).
    Yuqoridagilarda nima nazarda tutilayapti? Albatta, yolg’on gapirmaslik. Mening fikrimcha axborot xurujining zamirida ham yolg’on yotibdi.
    Bir kishidan: «Odam bolasining qancha aybi bor ekan?» deb so‘rashgan edi, u: «Sanab sanog‘iga yetib bo‘lmaydi. Men o‘zim sanaganman, sakkiz mingta ayb bo‘ldi. Biroq bir xislat borki, u barcha ayblarni berkitib turadi. U — tilni tiyish», deya javob berdi. Hamma qafasdagi sherni tashqariga chiqarmasa jamiyatimiz bundanda rivojlanadi,ravnaq topadi,hayotimiz gullab,yashnaydi.

  12. Mohinur Turg'unova:

    Hammani o’z fikri, dunyoqarashi bo’lishi kerak! Kimningdir fikri yoki dunyoqarashi bilan ish qilgan insonning o’z «MEN» i shakllanmagan bo’ladi! Undaylar hali dunyoni bilish, uni anglashni o’rganmagan va tushunib yetmagan… Shunday inson bo’lib qolishdan saqlaning!

    • Мана сизга ибратли жавоб: Қоғозда қолиб кетадиган баҳо эмас, ҳаёт, вақт бизга берадиган баҳо муҳим. Асосийси, «қаерда ўқигансиз?» деган саволга билимимиз, кўринишимиз, салоҳиятимиз ва масъулиятимизнинг ўзи «МИЛЛИЙДАНМАН» деган жавобни бериб турсин! Shahnoza Abdukarimova

  13. Assalomu alaykum. Bugun hech kimga sir emaski,axborot hujumi dunyoga tahdid dolmoqda. Bu balodan qutulishi unga qadshi turish un va munosib kurashmog’imiz uchun birinchi navbatda biz kimmiz hayotda yashashdan maqsadimiz nima va biz kimlarni avlodimiz ertangi kun qanday bo’ladi degan savollarni qo’yishimiz va bu narsalarni chuqur o’ylab mulohaza yuritimiz kerak. Buning uchun esa ko’p bilim olishimiz o’z menimizni yaratishimiz dunyoda bo’layotgan voqealarga yanada sergakroq bo’lishimz lozim. Manaviy qalqon eng mustahkam qalqondir. Hayotda har bir insonning o’z pozitsiyasi ya’ni o’z qarashlari bo’lishi muhim. Qachon bilim haqiqiy ma’naviy imunitetga aylanadi? U fikrlash orqali orttirilsagina u mustahkam bo’ladi. Buning uchun esa inson doim fikrlashdan to’xtamasligi muhim. Talabalarni fikrlashga undaydigan muhim imkoniyatlardan biri bu ustozning ushbu saytdir,chunki bu saytda dunyodagi va yurtimizdagi dolzarb masalar muntazam yoritib boriladi. Tengdoshlarimiz fikri bilan ham yaqindan tanushib boramiz biz ham o’z fikr va mulohazalarimizni bildira olamiz.

  14. Meni ruhlantirib yuborgan narsa muhtaram Prezidentimiz I.A.Karimovning yurtni boshqarish hamda fuqarolarga o’rnak bo’layotgani bo’ldi. Masalan birgina misol 9-may-Xotira va qadrlash kuni munosabati bilan «G’alabaning 70 yilligi» yubileyi munosabati bilan Moskvada o’tkazilgan paradda ishtirok etmasdan bu kunni vatandoshlarimiz bilan o’z yurtimda nishonlayman deb tezda yurtimizga qaytib kelganligi va o’z ma’ruzalari so’zlagan gaplari odamni nihoyatda to’lqinlantirib yubordi. Mafkuraviy imunitet qayerdan boshlanadi deganda shunday fikrlarni aytib o’tish joizki rahbar, ota, karvonboshi,yurt taqdiri uchun qayg’uradigan chinakam jonkuyar insonning aytgan «oltin»ga teng so’zlari ni qulog’iga qo’rg’oshindek quyib bu so’zlarga amal qilib, kundan kunga bilimini oshirib dunyoqarashini kengaytirishdan boshlanadi. Yurt taqdiri uchun qayg’urishimiz va bu yo’lda o’z qarashlarimizga ega bo’lmog’imiz lozim.

  15. Yusupova Maftuna, fikringizda asos bor. Yana shuni aytmoqchi edimki,mafkuraviy immunitetni, avvalo, oilada, bog’chada, maktabda shakllantirish lozim.

  16. Axborot xurujini tashkil etuvchi va tarqatuvchi asosiy maydon-bu internet tarmog’i ekanligi bugun hech kimga sir emas.Tabiiyki yoshlar katta avlodga nisbatan internet tarmog’ining eng ko’p foydalanuvchi qatlamidir.Zamonaviy jamiyatda esa asosiy tarmoq hisoblangan ushbu vositadan vos kechish yoki uni umuman inkor etish mumkin emas.Har bir inson o’z hayotini o’zi yaratadi.Buni tushunish uchun hayotingizga tanqidiy ko’z bilan qarang..Oldinga qadam tashlashdan avval fikrlarni yangilash zarur.

  17. Bugungi kunda «axborot xuruji»va «ommaviy madaniyat»kabi iboralar tez -tez quloqqa chalinayapdi.Xo’sh, ular nima? Qayerdan paydo bo’layapdi? Ularni tarqatuvchisi va targ’ib qiluvchisi kimlar? Ma’lumki, har qanday mahsulotning o’ziga yoki yorlig’iga ishlab chiqarilgan sanasi, korxona manzili, ba’zan telefon raqmlari ham qayd qilib qo’yiladi.Bu esa o’z novbatida iste’molchiga ana shu mahsulotga bo’lgan ishonchni mustahkamlaydi.Inernetda mavjud axborotlar, saytlar ham bir mahsulot, faqat ular boshqa mahsulotlarga nisbatan yaratuvchisining nomalumligi va ong orqali istemol etilishi, ya’ni qabul qilinishi bilan farqlidir.

  18. Biz avvalo ota-bobolarimizning qilgan jasoratlariyu erishgan yutuqlarini bilib ularningkim bo’lganligini anglagan holda o’zimizni ularga hos avlod bo’lyapmizmi degan savol bilan yashasak men o’ylaymanki bizni hech qanday g’ov bizni o’z domiga tortolmaydi. Buning uchun esa kinolar teatr ijodkorlaridan yoshlar ongiga ularni ota bobolarimizdan qolgan madaniy yodgorliklarni yosh avlodga yetkazishda ko’pgina hizmatlar kutilmoqda zero yoshlar shu filmlar orqali o’zida axborot xurujlariga qarshi immunitet hosl qila bilsinlar

  19. «Axborot xuruji» va «axborot hujumi» tushunchalari hammamizga ma’lum. Fsaqat shu mavzu atrofida fikrlashmay AXBOROT HIMOYASI kitobini yarataylik. Shu haqda fikrlarimiz bir kitob bo’ladi. Biz ta’lim olayotgan fan bizni ongimizni mustahkam qildi biz har qanday «Axborot xuruji» va «axborot hujumi»lariga qarshi tayyormiz. Ammo buni bilmaydigan insonlar qancha. Biz yoshlar haqiqatda kuchli bo’sak, jurnalistika fakultetida o’qisak xalqimizni va bu bilimga ega bo’lmagan yoshlarni bu ilmdan xabardor etaylik, ular ham o’z fikr-mulohazalarini bildirsinlar. Mana shu qo’limizdan kelmaydimi. Uchrashuvlar o’tkazaylik Respublikamizning har bir oliy va o’rta maxsus ta’lim muassasalaridan talabalarni taklif qilaylik. Ular bu mavzuda qanday munosabatda. Ustozning mavzularini yanada kengaytirsak savobli ish qilgan bo’lardik! FIKRLAR YAXSHI, YAXSHI FIKRLAR YANADA YAXSHI!!!

  20. Har bir odamda shaxsiy fikr ,shaxsiy g’oya bo’lishi lozim . chunki,inson hayoti davomida o’z «men»ini shakllantirib boradi. Va shu orqali atrof muhitdagi vayronkor g’oyalarga ham qarshi kurashib boradi. Bu kurash davomida insonda vatan,oila deb atalmish muqaddas go’shalarga hurmatini shakllantiradi. Doimo biz turli xil g’oyaviy kurashlarga tayyor turishimiz lozim.

  21. Men o’ylaymanki har bir shaxsda mustaqil fikr bor ammo u fikr qanchalik haqiqatga yaqinligi bilan o’lchansa kerak. Mustaqil fikr ham ma’naviyatga o’xshaydi. Chunki hammada ma’naviyat bor biroq darajalari turlicha xolos. Biz biror bir shaxsni shaxsiy fikrga ega emas deb aytolmaymiz. Axborot xurujiga uchragan insonlar ham o’zlarining mustaqil fikrlari bilan ya’ni o’sha narsalarni haqiqat deb bilganlari uchun aldanib qolishadi. Menimcha har bir shaxsda imminutet ya’ni yuksak ma’naviyat kuchli bo’lsa shuni o’zi yetarli. Faqat yuksak ma’naviyatli shaxsnigina tog’ri yo’ldan ozdirib bo’lmaydi. Bu meni fikrim kimnidir fikrini o’zgartirish niyatim yoq. Chunki hammada shaxsiy fikr bor.

  22. Prezidentimiz aytganidek. Qayerdaki beparvolik va loqaydlik hukm sursa, eng dolzarb masalalar o’zibo’larchilikka tashlab qo’yilsa, o’sha yerda ma’naviyat eng ojiz va zaif nuqtaga aylanadi.Va aksincha -qayerda hushyorlik va jonkuyarlik yuksak aql -idrok va tafakkur hukmron bo’lsa, o’sha yerda ma’naviyat qudratli kuchga aylanadi

  23. Vatanni himoya qilish har birimizning sharafli burchimiz hisoblanadi.Ammo o’zini o’zi himoya qila olmaydigan inson qanday qilib vatanini himoya qila oladi?Men axborot xurujlaridan ko’ra yoshlarimizning ko’r ko’rona taqlidlarga qarshi immunitet hosil qilishini,o’zini himoya qilishni istardim.Internet qullariga aylangan ba’zi yoshlarimiz g’arbcha kiyinish,soch turmagi va stillarni afzal ko’rishmoqda.Vaholangki bularning barchasi mintalitetimizga yoddir.Eng achinarlisi xalq qurshovida bo’lgan ba’zi «zamonaviy»qo’shiqchilarimiz olayotgan kliplar yoki kiyinish usullari ba’zan nafratimni qo’ziydi.O’zini o’zi o’sha «ommaviy madaniyat»belgilaridan himoya qila olmagan,unga qarshi o’zida immunitet hosil qila olmagan insonni san’atkor deyish mumkinmikin?Inson qachon o’zini boshqara olsa muvaffaqiyatga erishadi.O’zini o’zi axboriy psixologik himoya qilish uchun immunitet hosil qilishi,ma’naviy tafakkurga ega bo’lishi ayni paytda atrofida sodir bo’layotgan har bir voqealarga mustaqil fikrga ega bo’lishi lozim.

  24. Shaxsning ozini ozi axborot xurujlaridan himoya qila olishi bugungi kunning dolzarb masalasi hisoblanadi va har birimiz keng dunyoqarashga, mafkuraviy imunitetga ega bo`lib o`zimizni o`zimiz himoya qilishimiz lozim.

  25. Shaxs agar o’zini o’zi tashqi ta’sirlardan himoya qila olmasa, bu uning tanazzulga yuz tutishidir. Chunki har birimiz o’zimiz uchun javobgarmiz va erkinmiz. Hech kim uni qilma, buni qil, deb aytganini qildira olmaydi. Bunday vaziyatda bizga qon- qonimizga singdirilgan yuksak ma’naviyat yordam bera oladi.

  26. Inson o’zini -o’zi axborot-psixologik xavfsizligini ta’minlashi avvalo oiladan boshlanadi,chunki ota-ona farzandiga har-xil g’iybat,oldi-qochdi gaplarni eshitavermaslikka o’rgatib boradi.Ana shunday muhitda tarbiya topgan inson ,albatta,kelgusida ham o’zini axborot xavfidan ximoya qila oladi

  27. Jumamurodova Muyassar:

    Bugungi kunda mafkuraviy poligin yadro poligonlaridan kuchlidir. Mafkuraviy immunitet hosil qilishda ma’naviyatning o’rni beqiyos. Insonning, avvalo, irodasi, salohiyati, ma’naviyati kuchli bo’lishi kerak. Agarda ma’naviyati sust bo’lsa, nafaqat inson, balki jamiyat tanazzulga tomon siljiy boshlaydi.

  28. Har bir shaxs o’ziga kelayotgan axborotlarni filtrlay olishi lozim. Hozirda biz axborot asrida yashamoqdamiz, bunda esa albatta turli xildagi informatsiyalar oqimi mavjud, bu qayerda bo’shliq bo’lsa o’sha joyni to’ldirib ketadi, bu informatsiyalarni filtrlash esa o’zimizga bog’liq.

  29. Har bir ongli shaxs o’ziga bo’ladigan»axborot hujumi»ga qarahi tayyor turishi lozim. Chunki yaxshi gap ham,yomon gap ham bir og’izdan chiqadi. Bir og’iz yolg’on soxta ma’lumotning yoki xabarning oqibati nimalarga olib kelishini hammamiz yaxshi bilamiz.

  30. Avvalo har bir shaxs bunday sharoitda o’zini — o’zi ximoyalashi zarur, buning uchun ma’naviyatini shakllatnirishi zarur, ma’naviy ozuqa olishi va eng muhimi o’zining tarixin bilmoq zarur.

  31. Bugun barchamiz internet tizimi orqali qilinayotgan axborot hurujlari haqida bilamiz u haqida gaplashamiz fikr almashamiz. Bu esa o’z navbatida biz yoshlarni ogohlikka chorlaydi. Yuqorida aytilgan fikrlar o’z-o’zidan yoshlarni hozirgi shiddatli zamonda ta’qib qilib kelayotgan axborot xurujlariga qarshi immunitetga ega ekanligini isbotidir.

  32. Bugungi kunda axborot xavfsizligidan to`la himoyalangan davlatning o`zi dunyoda yo`q. Ayniqsa, boy, rivojlangan davlatlarga ko`p axborot hujumi uyushtiriladi. Maqsad: ularni taraqqiyotini to`xtatish, rivojlanishini susaytirishdir. Shunday ekan bunaqa sharoitda har bir shaxs o`z-o`zini axborot hujumlaridan saqlay olishi kerak. Buning uchun esa inson atrofda, olamda bo`layotgan voqea-hodisalarga nisbatan e`tiborli bo`lishi, ulardan xulosa chiqara olishi, kim do`st-u kim dushmanligini aniqlay olishi kerak. Bu esa insondan zukkolik, keng dunyoqarashga egalikni talab qiladi.

  33. O'tkir Jalolxonov:

    Мутахассислар фикрича, психологик ҳимоя – шахсни турли салбий таъсирлардан асрашга, психологик таъсирни бартараф этишга хизмат қилади. Шундай холатларда одам одатда шахслараро муносабатларда ўзини бошқачароқ тутадиган бўлиб қолади. ha… odam ehtiyotkor bo’lib qoladi

  34. Очиқ оммавий ахборот тизимлар шароитида шахснинг психологик ўзини ўзи ҳимоялаши ya’ni очиқ ҳис-кечинмаларни босиш, рад этиш, яъни номаъқул маълумотни очиқ рад этиш, унга қўшилмаслик йўлларидан фойдаланиш bu himoyalanishdir.

  35. O’zini kasallikdan himoya qila olgan odam har tomonlama aqlli ekanligini isbotlagan bo’ladi. Chunki aqlli, ma’naviyati yuksak insongina kelayotgan xavfni oldindan biladi, undan himoyalanadi. Ayni biz talabalarga taqdim etilayotgan bu mavzular ma’naviyatimizni oshirishga o’z hissasini qo’shmoqda. Ustoz, To’lqin Eshbek sizning bu yo’ldagi faoliyatingizga rivoj tilaymiz!

  36. Malika Daniyeva:

    jurnalist bu ergashtiruvchi shaxs hisoblanadi shuning uchun avvalo uning o’zi ma’naviyatli shaxs sifatida shakllangan bo’lishi kerak menimcha. ana shundagina u nafaqat o’z fikrini balki xalq manfaatini ham himoya qila oladiga mutahassis bo’lib yetishadi.

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Можно использовать следующие HTML-теги и атрибуты: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <strike> <strong>