“АХБОРОТ СОАТЛАРИ” № 14-2016

Ҳафтанинг муҳим ижтимоий-сиёсий воқеалари (28 ноябрь-4 декабрь кунлари)

МИРЗО УЛУҒБЕК НОМИДАГИ ЎЗБЕКИСТОН МИЛЛИЙ УНИВЕРСИТЕТИ

“АХБОРОТ СОАТЛАРИ” № 14-2016

Ҳафтанинг муҳим ижтимоий-сиёсий воқеалари (28 ноябрь-4 декабрь кунлари)

ТОШКЕНТ

ЎзМУ – 2016

 

Факультет деканининг Маънавият ва маърифат ишлари бўйича ўринбосарлари ва мураббийлар диққатига! Талабаларга “Ахборот соатлари” материаллари билан www.nuuz.uz ва www.uchildiz.uz веб-сайтлари орқали ҳам танишиш тавсия этилиши мақсадга мувофиқдир.

 

I. ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИДАГИ ИҚТИСОДИЙ, ИЖТИМОИЙ-СИЁСИЙ ВОҚЕАЛАРГА ДОИР МАЪЛУМОТЛАР

 МАРКАЗИЙ САЙЛОВ КОМИССИЯСИ ПРЕЗИДЕНТ САЙЛОВИНИНГ ЖОРИЙ ЯКУНЛАРИНИ ЭЪЛОН ҚИЛДИ

Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси 2016 йил 4 декабрь куни бўлиб ўтган Президент сайловида овоз беришнинг жорий якунларини эълон қилди.

4 декабрь куни Тошкент вақти билан соат 20 да Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи сайлов участкаларида овоз бериш якунланди. Ўзбекистон Республикасининг Миср, Европа давлатлари ва Америка Қўшма Штатларидаги ваколатхоналари ҳузурида ташкил этилган сайлов участкаларида овоз бериш жараёни давом этмоқда.

Дастлабки маълумотларга кўра, сайловда 17 миллион 941 мингдан зиёд сайловчи иштирок этди. Бу жами сайловчиларнинг 87,83 фоиздан ортиғини ташкил этади.

Марказий сайлов комиссияси раиси М.Абдусаломов Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ёритиш бўйича Республика матбуот марказида халқаро кузатувчилар, мамлакатимиз ва хорижий оммавий ахборот воситалари вакиллари учун ўтказилган брифингда шу ҳақда маълум қилди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, “Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида”, “Фуқаролар сайлов ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги қонунларда мустаҳкамланган халқаро демократик меъёр ҳамда тамойилларга риоя этилган ҳолда очиқ ва ошкора ўтгани таъкидланди.

Мамлакатимиз фуқаролари сайловда юксак сиёсий ва фуқаролик фаоллигини намойиш этди. Соат 11 га қадар сайловчиларнинг 33 фоизидан ортиғи овоз беришда иштирок этгани бунинг яққол тасдиғидир.

Айни пайтда сайлов участкаларида ҳар бир номзод учун берилган овозлар санаб чиқилмоқда. Сайлов участкаларида овозларни санаб чиқишда сиёсий партиялардан 37 мингдан зиёд кузатувчи, халқаро кузатувчилар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этмоқда.

Сайлов давомида жойлардан сайлов қонунчилиги бузилиши ҳақида хабар келиб тушмади.

5 декабрь куни бўлиб ўтадиган брифингда Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловининг дастлабки натижалари эълон қилинади. Шу куни халқаро кузатувчилар миссиялари ҳам матбуот анжуманлари ўтказади.

 

ОЛИЙ МАЖЛИС ҚОНУНЧИЛИК ПАЛАТАСИДА УЧРАШУВ

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш жараёнини кузатиш учун мамлакатимизга ташриф буюрган Кувайт Ахборот вазирлиги давлат котибининг юридик масалалар бўйича ёрдамчиси Хейла Хамад ал-Мекеими билан учрашув бўлиб ўтди. Суҳбат давомида мамлакатимизнинг икки палатали парламенти фаолияти тўғрисида маълумот берилди. Парламентимиз қуйи палатасининг қонун ижодкорлиги ва назорат-таҳлил фаолияти, шунингдек, халқаро алоқаларни мустаҳкамлашга қаратилган парламентлараро ҳамкорлик ривожи ҳақида тўхталиб ўтилди. Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ва сайлов қонунчилигига сайлов жараёнини янада демократлаштириш ва эркинлаштириш бўйича ўзгартиш ва қўшимчалар киритилгани, парламент ва сиёсий партиялар ўрнининг қонуний жиҳатдан мустаҳкамлангани алоҳида таъкидланди. Шу билан бирга, Ўзбекистонда оммавий ахборот воситаларининг жадал ривожланаётгани, фуқароларнинг ахборот ва сўз эркинлигига оид конституциявий ҳуқуқлари тўлиқ рўёбга чиқарилаётгани ҳақида атрофлича фикр алмашилди. ОАВ фаолиятининг мустаҳкам ҳуқуқий асоси яратилгани унинг тараққиётида муҳим омил бўлаётгани ҳам қайд этилди.

Мулоқот давомида меҳмон мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларни қўллаб-қувватлашини, икки томонлама муносабатлар янада мустаҳкамланишидан манфаатдор эканини билдирди.

 

ТАШҚИ ИШЛАР ВАЗИРЛИГИДА РОССИЯ ПАРЛАМЕНТИ ЮҚОРИ ПАЛАТАСИ ДЕЛЕГАЦИЯСИ БИЛАН УЧРАШУВ БЎЛИБ ЎТДИ

2016 йилнинг 2 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов Россия Федерацияси парламенти Федерация Кенгаши Раиси ўринбосари Иляс Умаханов бошчилигидаги делегацияни қабул қилди. Ўзбекистон Марказий сайлов комиссиясининг таклифига биноан мамлакатимизга ташриф буюрган делегация таркибида сенаторлар Владимир Жабаров, Михаил Козлов, Сергей Лисовский ва Дмитрий Мезенсев бор.

Россия делегация аъзолари Ўзбекистон Президентининг навбатдан ташқари сайловида халқаро кузатувчи сифатида ҳудудларга ташриф буюриш тўғрисидаги режаларини ўртоқлашдилар. Мулоқот давомида долзарб Ўзбекистон-Россия кун тартиби нуқтаиназаридан парламентлараро алоқаларни янада мустаҳкамлаш масалалари ҳам муҳокама қилинди.

Учрашувда Россия Элчиси Владимир Тюрденев иштирок этди.

 

ЎЗБЕКИСТОН ТИВДА АҚШ ВА КАНАДАНИНГ БУХОРО ЯҲУДИЙЛАРИ КОНГРЕССИ ПРЕЗИДЕНТИ БИЛАН УЧРАШУВ БЎЛИБ ЎТДИ

2016 йил 2 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов АҚШ ва Канаданинг Бухоро яҳудийлари конгресси президенти Борис Кандовни қабул қилди. У 4 декабрь куни бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Президентининг навбатдан ташқари сайловида халқаро кузатувчи сифатида иштирок этиш учун мамлакатимизга ташриф буюрган.

Суҳбат чоғида Ўзбекистон-АҚШ муносабатлари доирасида Ўзбекистон ҳамда АҚШ ва Канаданинг Бухоро яҳудийлари конгресси ўртасида маданий-гуманитар соҳадаги ҳамкорлик юзасидан фикр алмашилди.

 

ФАРОВОН ҲАЁТИМИЗ КАФОЛАТИ

Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳузуридаги “Маънавият ва маърифат” марказида ўтказилган давра суҳбати шундай номланди. “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати ҳамда “Ёшлик” талабалар шаҳарчаси ҳокимлиги ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда ҳуқуқшунос олимлар, профессор-ўқитувчилар, талаба-ёшлар иштирок этди. Мамлакатимизда ёшларни мустақил фикрли, баркамол шахс этиб вояга етказиш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлашга қаратилаётган эътибор юксак самаралар бераётгани таъкидланди. Бу борада қабул қилинган ҳуқуқий-меъёрий ҳужжатлар навқирон авлоднинг таълим-тарбия олиши, жамиятда муносиб ўрнини топишида муҳим омил бўлмоқда. Тадбирда мутахассислар ёшларга Конституциямизда белгиланган ҳуқуқ ва мажбуриятлар, сайловга оид моддалар ҳақида батафсил маълумот берди. Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида фаол иштирок этиб, муносиб номзодга овоз бериш ҳар бир фуқаронинг конституциявий ҳуқуқи ва бурчи эканлиги алоҳида таъкидланди.

– Мамлакатимизда ҳар бир шахс ўзи хоҳлаган касбни танлаши, ўзи истаган таълим даргоҳида таълим олиши мумкинлиги Асосий қонунимизда кафолатланган,– дейди Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети талабаси, Зулфия номидаги Давлат мукофоти соҳибаси Нафосат Жўрабекова.– Конституциямизда Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари давлат ҳокимияти вакиллик органларига сайлаш ва сайланиш ҳуқуқига эга эканлиги қайд этилган. Биз, ёшлар сайлаш ҳуқуқимиздан фойдаланиб, сайловда иштирок этаётганимиздан фахрланамиз.

Давра суҳбатида ёшларни қизиқтирган саволларга мутахассислар жавоб қайтарди.

 

II. ЖАҲОН МИҚЁСИДАГИ ИҚТИСОДИЙ, ИЖТИМОИЙ-СИЁСИЙ ВОҚЕАЛАРГА ДОИР МАЪЛУМОТЛАР

 

ТУРИЗМ СОҲАСИДА ЎЗАРО МАНФААТЛИ ҲАМКОРЛИК

«Ўзбектуризм» миллий компанияси делегацияси шу йил 21 ноябрь – 2 декабрь кунлари Корея Республикасида бўлди. Сафар давомида Жанубий Корея сайёҳлик ташкилотлари вакиллари билан учрашувлар ташкил этилди, ушбу мамлакатнинг қатор ҳудудлари, маданий мерос объектлари, қўриқланадиган табиий ҳудудлари фаолияти билан танишилди. «Ўзбектуризм» миллий компанияси вакиллари мамлакатимизнинг туризм соҳасидаги салоҳияти тақдимотини ўтказди. Тақдимот иштирокчиларига Ўзбекистоннинг бой тарихий-маданий мероси, Қорақалпоғистон, Самарқанд, Бухоро, Хоразм, Қашқадарё ва бошқа ҳудудларидаги диққатга сазовор жойлар ҳақидаги бой маълумотлар тақдим этилди. Мамлакатимизда туризм инфратузилмасини ривожлантириш ва сайёҳлик хизматлари экспортини янада ошириш, соҳа учун юқори малакали кадрлар тайёрлаш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳақида ахборот берилди. Корея Республикаси Маданият, спорт ва туризм вазирлиги томонидан «Жанубий Корея сайёҳлик тажрибасини ўрганиш» тренинги доирасида туризм соҳасида икки томонлама ҳамкорликни янада ривожлантиришга бағишланган қатор тадбирлар ўтказилди. Жанубий кореялик экспертлар билан биргаликда туризм соҳасидаги ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва уни ривожлантириш истиқболлари муҳокама этилиб, Ўзбекистон ҳамда Жанубий Кореяда экотуризмни ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш масаласи бўйича тажриба ва фикр алмашилди.

Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов раҳнамолигида соҳада амалга оширилган ислоҳотлар самарасида замонавий туризм инфратузилмаси изчил ривожлантирилиб, сайёҳларнинг мазмунли ҳордиқ чиқариши учун шароитлар яратилди. Сўнгги йилларда мамлакатимизда янги сайёҳлик турлари, жумладан, экологик туризм йўналишлари жорий этилмоқда. Ўзбекистонда қўриқхоналар, миллий боғлар, қўриқланадиган табиий ҳудудлар, ёдгорликлар ва биосфера резерватининг мавжудлиги мамлакатимизда экотуризмни истиқболли йўналишга айлантириш имконини бермоқда.

Бугунги кунда туризм жаҳон иқтисодиётининг етакчи тармоқларидан биридир. Шу боис Ўзбекистонда ҳам туризм саноатини модернизация қилиш, соҳани барқарор ривожлантириш учун меъёрий-ҳуқуқий база яратиш ва уни такомиллаштириш, чет эллик меҳмонларга халқаро стандартларга мувофиқ хизмат кўрсатишни йўлга қўйишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Мустақиллик йилларида мамлакатимизда халқимизнинг тарихий-маданий меросини асраб-авайлаш ва янада бойитиш, миллий анъана ва урф-одатларимизни қайта тиклаш, диққатга сазовор жойларни ободонлаштириш борасида жиддий ўзгаришлар амалга оширилди. Бунинг самарасида юртимизга келаётган сайёҳлар тобора кўпайиб бормоқда. Масалан, ҳар йили Ўзбекистонга дунёнинг турли минтақаларидан 2 миллиондан ортиқ сайёҳ келмоқда. Уларнинг аксарияти Германия, Франция, Италия, Корея Республикаси, Япония, Хитой, Малайзия, Россия, Ҳиндистон фуқароларидир.

– Ўзбекистон халқаро сайёҳлик бозорида катта нуфузга эга,– деди Кёнхи университети профессори Ким Чоль Вон.– Ўзбекистоннинг қадимги архитектура ёдгорликлари, халқингизнинг ўзига хос анъаналарини ўзида мужассам этган бой маданий мероси жаҳон ҳамжамияти ва сайёҳлар эътиборини тортмоқда. Жанубий Кореяда юртингизни кўриш истагида бўлганлар кўп. Мамлакатингизда хорижий меҳмонлар учун қулай шароитлар яратилмоқда. Ўзбекистоннинг сайёҳлик компания ва фирмалари билан ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада ривожлантириш ниятидамиз. Ўзбекистон туризм саноати вакилларининг сафари қизиқарли тақдимот маросимлари, ўзаро манфаатли музокараларга бой бўлди. Мамлакатимизда туризмни ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, соҳа кадрларини тайёрлаш тизими, экотуризмни оммаллаштириш дастурлари ҳақида маълумот берилди. Иштирокчиларнинг фикрича, тренинг давомида ташкил этилган сайёр тадбирлар натижасида Ўзбекистон вакиллари Жанубий Корея туризм соҳаси экспертлари билан алоқаларни мустаҳкамлади, бенчмаркингни ривожлантириш бўйича фикр ва тажриба алмашди.

Ташриф чоғида ўтказилган учрашув ва тадбирлар Жанубий Корея сайёҳлик бозорининг сўнгги тенденциялари билан танишиш, ушбу соҳада ҳамкорликни кенгайтириш ва мамлакатимизнинг мазкур йўналишдаги салоҳиятини намойиш этиш имконини берди.

 

ОПЕК КЕЛИШУВИ АЙРИМ МАМЛАКАТЛАР САБАБЛИ БЕКОР БЎЛИШИ МУМКИН

Нефть экспорт қилувчи мамлакатлар ташкилоти ОПЕКнинг нефть қазиб олиш ҳажмини қисқартириш бўйича келишуви кўплаб мамлакатлар иқтисодиётини қутқариши мумкин. Бироқ, унинг муваффақияти, Саудия Арабистони собиқ нефть вазири Али ал Наимийнинг фикрича, ишлаб чиқариш ҳажмини пасайтириш бўйича масъулиятни зиммасига олган томонларнинг ростгўйлигига боғлиқ.

«Уларнинг ихтиёридаги ягона таъсир кўрсата оладиган нарса, — бу қазиб олишни чеклашдир. Афсуски, кўпчилик бу шартларни сидқидилдан бажаришни хоҳламайди», — деган ал Наимий.

20 ноябрь куни ОПЕК аъзолари кунлик нефть қазиб олиш миқдорини 1,2 млн баррелгача қисқартириб, 32, 5 млн баррель қора олтинни жаҳон бозорига чиқаришга келишиб олишди. Бунга ташкилотга аъзо бўлмаган давлатлар, хусусан Россия ҳам қўшилди. Аммо, ал Наимий барча мамлакатлар ушбу келишувга бирдек риоя қилишларини шубҳа остига қўймоқда. У шунингдек, Россиянинг кунлик нефть қазиб олишни 300 минг баррелга қисқартириши ҳақидаги хабарларга ҳам салбий ёндашган. «Россия қазиб олишни 300 минг баррелга камайтириши мумкинми? Билмадим. Лекин, улар ўтган сафар ваъдасида турмаган».

 

ДАНИЯ ИШИДГА ҚАРШИ ОПЕРАЦИЯДА ИШТИРОК ЭТАЁТГАН САМОЛЁТЛАРИНИ ОРТГА ЧАҚИРТИРИБ ОЛМОҚДА

Дания ҳукумати аввал қабул қилинган қарорларга кўра, декабрь ўрталарида халқаро коалициянинг ИШИДга қарши курашида иштирок этаётган ўз қирувчи ва транспорт самолётларини ортга чақиртириб олади ва шу билан бирга Ироққа муҳандислик ва қурувчилик ишларида маслаҳат бериш билан ёрдамини кенгайтиради. Аввалроқ ОАВ Дания ҳукумати 17 сентябрда суриялик ҳарбийларга берилган авиазарбадан кейин ИШИДга қарши операцияда иштирок этаётган 7 та F-16 самолётини чақиртириб олишни режалаштираётганини маълум қилганди.

«Дания коалицияга янги кўмак таклиф қилмоқда, шу тариқа маслаҳат ёрдамини 150 га яқин мутахассис амалга оширади. 2017 йилда ҳукумат коалицияга кўрсатаётган ёрдамини сақлаб қолади, бироқ режалаштирилгандек, авиацияни ортга чақиртириб олади», деб айтди Дания ташқи ишлар вазири Андерс Самуэльсен. Дания парламенти Ироқ ва Сурияга 7 та қирувчи ва битта транспорт самолётини юбориш ҳақидаги қарорни 2016 йил апрелда бу миссия камида 6 ой ичида тугашини ҳисобга олган ҳолда қабул қилганди. Бундан ташқари, Дания Ироқнинг жангарилардан озод қилинган ва Суриядаги мухолифат кучлари назоратида бўлган ҳудудларга фуқаролик кўмагини амалга оширади.

 

БАРАК ОБАМА ПРЕЗИДЕНТЛИКДАН КЕЙИН ЖУРНАЛИСТ БЎЛИШИ МУМКИН

АҚШ президенти Барак Обама рақамли ОАВда фаолият олиб бориш ҳамда ҳокимиятни топширганидан кейин ўз медиакомпаниясини ташкил этиш борасида бош қотирмоқда. Маълумотларга кўра, Оқ уйнинг коммуникациялар бўйича директори Жен Псаки расман бу хабарни рад этган. У нашрга юборган баёнотида, Барак Обаманинг ўз лавозимини тарк этгач, медиабизнес билан шуғулланиш нияти йўқлигини таъкидлаган. Аммо, нашрнинг уқдиришича, Обаманинг келгуси фаолияти, гарчи у ўз медиакомпаниясига асос солиш ниятидан бироз совуган бўлса-да, ОАВга қаратилган бўлади. Нашр суҳбатдошларидан бирининг сўзларига кўра, яқинда Перуда бўлиб ўтган ОТИҲ саммитида қатнашган Обама Facebook асосчиси Марк Цукерберг билан махфий равишда учрашган.

Mic сайти ўз фикрини исботи сифатида Барак Обаманинг сўнгги пайтларда ОАВ ҳақида билдираётган сўзларини келтиради. У «ОАВнинг хавфли ҳолати хусусида кўп фикр юритаётгани ҳамда бу жараённи тузатишда ўзи ҳам иштирок этишни хоҳлаётгани борасида» бир неча марта қарашларини билдирган эди.

 

АҚШ ХИТОЙГА САНКЦИЯЛАР БИЛАН ТАҲДИД ҚИЛДИ

АҚШ Давлат департаменти ва Оқ уй вакиллари Шимолий Корея билан ноқонуний бизнес олиб бораётган ва шу тариқа Пхеньянга қарши киритилган санкцияларни бузаётган Хитой компанияларига санкциялар киритишга ваъда берди. «Биз Хитой резолюцияни бажаришига умид қиламиз, бироқ Хитой компаниялари уни бузиб, Шимолий Кореяда бизнес юритсалар, чекловлар остига тушган тузилмаларга ёрдам берсалар, хитойликлар зарур чораларни кўради деб ишониб, уларга бу ҳақда хабар берамиз», деб айтди АҚШ давлат котиби Дэниел Рассел. Унинг қўшимча қилишича, агар хитойликлар кўмак кўрсатишдан бош тортсалар, унда АҚШ ҳукуматида санкциялар киритишдан бошқа чора қолмайди.

 

ТРАМП УЧТА ДАВЛАТ ЕТАКЧИСИ БИЛАН СУҲБАТЛАШДИ

АҚШ президенти этиб сайланган Дональд Трамп учта давлат: Афғонистон, Сингапур ва Тайвань етакчилари билан телефон орқали суҳбатлашди. Трамп Афғонистон президенти Ашраф Ғани билан суҳбатда икки давлат учраётган террорчилик таҳдидлари ҳамда бу таҳдидларни енгиб ўтишда янада яқиндан ҳамкорлик қилишни муҳокама қилди. Бундан ташқари, Трамп Сингапур бош вазири Ли Сянь Лун билан ҳам суҳбатлашди. Суҳбат давомида икки давлат ўртасидаги иқтисодий ва сиёсий муносабатлар муҳокама қилинган.

Трамп шунингдек Тайвань маъмурияти раҳбари Цай Инвэнь билан ҳам суҳбат олиб борди. Таъкидланишича, АҚШ ва Тайвань ўртасидаги дипломатик алоқалар 1979 йилда узилган. Трамп ва Инвэннинг бу суҳбати ўшандан бери икки давлат етакчиси ўртасида бўлиб ўтган биринчи суҳбат бўлди.

 

III. МИРЗО УЛУҒБЕК НОМИДАГИ ЎЗБЕКИСТОН МИЛЛИЙ УНИВЕРСИТЕТИДА

ЎЗМУ ТАЛАБАСИ “ЎЗБЕКИСТОН БЕЛГИСИ” КЎКРАК НИШОНИ БИЛАН ТАҚДИРЛАНДИ

Ўзбекистон “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати Марказий Кенгашининг “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 24 йиллиги муносабати билан турли соҳаларда фаолият юритаётган ёшлардан бир гуруҳини “Ўзбекистон белгиси” кўкрак нишони билан тақдирлаш тўғрисида”ги қарори эълон қилинди. Унда қайд этилишича, миллий маънавият, маданий мерос ва умуминсоний қадриятлар негизида юксак ватанпарварлик, халқпарварлик, фидойилик туйғусини ва меҳнатсеварлик фазилатларини ўзида мужассамлаштирган, Ватанимиз обрўси, шон-шуҳрати ва шарафини юксалтиришга ҳамда унинг халқаро нуфузини оширишга хизмат қилаётган, мамлакатнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётида фаол иштирок этиб, намуна кўрсатаётган бир гуруҳ ёшлар “Ўзбекистон белгиси” кўкрак нишони билан тақдирландилар.

Мукофотланганлар орасида Ўзбекистон Миллий университети талабаси Ибрагимов Шоҳруҳ Олимович ҳам бор.

ЎзМУ Математика факультети 3-курсида таҳсил олаётган иқтидорли талаба Ибрагимов Шоҳруҳ Олимовични муборакбод этамиз.

 

АҚШЛИК ЭКОЛОГ ОЛИМ ЎЗМУГА ТАШРИФ БУЮРДИ

Вашингтондаги Америка университети профессори Майкл Броди Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетига ташриф буюрди.

ЎзМУ проректори Давлатбой Жумабоев хорижлик меҳмонга Миллий университет тарихи, илмий мактаблари, ўқув жараёнларига илғор технологиялар жорий этилаётгани ҳақида атрофлича маълумот берди.

Ўз навбатида АҚШлик профессор ўзининг илмий фаолияти ҳақида сўз юритар экан, “Фулбрайт” дастури грантига ҳужжат топширгани, келгусида ЎзМУ Биология факультетида экология йўналиши бўйича дарс бериш истаги борлигини билдирди.

Суҳбат мобайнида хорижлик профессор ЎзМУнинг табиий фанларни ўрганувчи факультетлар фаолияти билан ҳам қизиқди.

ЎзМУ Биология факультети доценти Тўхтасин Абдураҳмонов АҚШлик олимга шу кунларда олиб борилаётган илмий ишлар ҳамда мазкур факультетнинг таълим жараёнлари ҳақида сўзлаб берди.

Майкл Броди, шунингдек, келгусида ЎзМУ Биология факультети талабаларига инглиз ва рус тилларида экологиянинг ҳозирги даврдаги долзарб муаммолари хусусида маърузалар ўқиш ва талабаларга бу соҳани мукаммал ўргатиш мақсади борлигини алоҳида таъкидлади.

 

“МЫСЛ” ЖУРНАЛИДА ЎЗМУ ФАОЛИЯТИ ҲАҚИДА ЁРИТИЛАДИ

Қозоғистон Республикасида чоп этиладиган “Мысл” ижтимоий-сиёсий журнали бош муҳаррири Сейдаҳмет Куттикадам Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетига ташриф буюрди.

ЎзМУ Маънавий-маърифий ишлар бўйича проректори Давлатбой Жумабоев иштирокида ўтказилган давра суҳбатида у қўшни мамлакат – Ўзбекистонга ҳамиша катта қизиқиш билан қараши, бу ерда олган таассуротлари ҳақида мақолалар ёзгани ва келгусида бундай меҳр ришталарига пайваста ижодини давом эттириши ҳақида сўзлаб берди.

Қозоғистонлик журналист ЎзМУ фаолиятига оид ўзини қизиқтирган саволларига атрофлича жавоблар олди.

 

МАЪРИФИЙ ҲАМКОРЛИК ЙЎЛИДА

Китоб – дунёга татийдиган мўъжиза.

Сермазмун асарларни (турли тилларда) иштиёқ билан ўқиганлар курраи заминнинг қай бурчида истиқомат қилишларидан қатъи назар ҳамфикр, маслакдош бўлиб қолаверадилар. Айтайлик, буюк шоирлар Алишер Навоий ё Пушкин, улуғ адиблар Абдулла Қодирий, Пиримқул Қодиров ё Дюма, Лев Толстой, Шолохов, Чехов, Жек Лондон, Чингиз Айтматовларнинг асарларини севиб мутолаа қилганлар улардан деярли бир хил маънавий озиқ оладилар.

Илм-фан тараққиётига хизмат қиладиган илмий-оммабоп асарлар ҳақида ҳам шундай фикрлар айтиш мумкин.

Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетига бугун Латвия университети кутубхонаси директори Вента Коцере ташриф буюрди. ЎзМУ Ўқув ишлар бўйича биринчи проректори Илёс Раҳматуллаев хорижлик меҳмонни университет тарихи музейи билан таништирар экан, бу ерда сақланаётган асори-атиқалар, буюк аждодларимиздан қолган ноёб мерослар ҳақида маълумот берди.

Ахборот-ресурс марказини кўздан кечирган меҳмон Латвияда буюк ўзбек алломаси Абу Али ибн Синонинг бой меросига катта қизиқиш билан қарашларини алоҳида таъкидлади.

Самимий мулоқот чоғида келгусида ЎзМУ ва Латвия университети ўртасида маърифий алоқаларни ривожлантириш истиқболлари ҳақида келишиб олинди.

 

ТАЛАБАЛАР ТАРБИЯСИ УЧУН МУРАББИЙЛАР ҲАМИША МАСЪУЛ

Тарбия – ҳаёт-мамот масаласи эканлиги бежиз айтилмаган.

Жамиятимиз турфа ахборотларга тўлиб-тошган бугунги замонда ёшлар тарбияси ҳар қачонгидан кўпроқ масъулият талаб қилаётганини ортиқча изоҳлаб ўтиришга ҳожат бўлмаса керак. Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетида гуруҳ мураббийлари учун уч кун давом этган “Юксак маънавиятли ёшлар – келажак пойдевори” мавзуига бағишланган ўқув семинар-тренингида ЎзМУ Маънавий-маърифий ишлар бўйича проректори Давлатбой Жумабоев атрофлича сўз юритди.

– Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати — Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Шавкат Мирзиёевнинг 24 ноябрь куни Тошкент шаҳри сайловчилари билан учрашувида Миллий университетимиздан иштирок этишган бир гуруҳ профессор-ўқитувчилар қалбида бир ажойиб ғоя муҳрланиб қолди,– дейди Мураббийлар кенгаши раиси Аброр Хидиров.– Яъни, ёшларни юксак маънавиятли қилиб тарбиялаш – давр талабидир. Бунинг учун аввало ёшларда китобга меҳр ва қизиқиш уйғотиш, уларнинг руҳий оламини янада бойитадиган китобларни кўпайтириш, янги китоб дўконлари ва кутубхоналар бунёд этиш масаласида қатор таклифлар ҳамда бу борадаги режалар баён этилди. Бундай улуғвор саъй-ҳаракатларга жавобан биз ҳам талабаларда китоб ўқиш маданиятини оширишимиз, бадиий ҳамда илмий-оммабоп китобларга қизиқтиришимиз зарур. Келгусида ҳар бир гуруҳда “Энг яхши китобхон” кўрик-танловларини ўтказиш мақсадга мувофиқдир.

ЎзМУ Ахборот хизмати раҳбари Тўлқин Эшбек “Ахборот соатлари” машғулотларини ўқитишда илғор коммуникация воситаларидан самарали фойдаланиш усуллари, тақдим этилаётган ахборотларнинг мазмун-моҳиятини талабаларга теран тушунтиришда мураббий маҳорати ҳақида сўз юритди.

Мураббийлар бу борада қизиқтирган саволларига мухтасар жавоблар олиш билан бир қаторда ўз фикр-мулоҳазаларини ҳам ўртоқлашдилар.

Тадбирда гуруҳ мураббийлари фаолиятлари танқидий ҳамда таҳлилий баҳоланиб, бу борадаги ишларини янада такомиллаштириш юзасидан тавсиялар тақдим этилди.

 

САЙЛОВОЛДИ ДАСТУРИ КАТТА ҚИЗИҚИШ БИЛАН ЎРГАНИЛМОҚДА

Сайловларнинг қай даражада ўтиши сайловчиларнинг билим ва савияси, номзодларнинг сайловолди дастурлари билан қанчалик яқиндан танишганлиги билан боғлиқ эканини изоҳлашга ҳожат йўқ.

Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетида Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати — Ўзбекистон Либерал-демократик партияси фаоллари билан ҳамкорликда мазкур партиядан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Шавкат Мирзиёевнинг дастури юзасидан давра суҳбати ўтказилди.

Унда Миллий университет профессор-ўқитувчилари, илмий ходимлар ва бошқалар иштирок этдилар.

Тадбир аввалида намойиш этилган Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Шавкат Мирзиёев фаолиятига бағишланган ҳужжатли фильм барчада катта қизиқиш уйғотди.

Давра суҳбатида ЎзМУ ректори Авазжон Мараҳимов, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Дилором Файзиева, халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши депутати Абдувоҳид Тошпўлатов, ЎзМУ хотин-қизлар қўмитаси раиси Лаълихон Муҳаммаджонова, Мураббийлар Кенгаши раиси Аброр Хидиров ва бошқалар Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати — Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Шавкат Мирзиёевнинг дастури юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини баён этдилар.

Айтиш жоизки, Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Шавкат Мирзиёевнинг 24 ноябрь куни Тошкент шаҳри сайловчилари билан учрашувида ЎзМУ профессор-ўқитувчилари, талабаларидан ҳам бир гуруҳи иштирок этган эдилар.

Учрашувда баён этилган кўплаб ғоялар ва дастурдан ўрин олган режалар барчада катта қизиқиш ҳамда умид уйғотди. Дарҳақиқат, Тошкент шаҳри замонавий қиёфаси, йирик саноат корхоналари, муҳташам иншоотлари, илм-фан марказлари, сўлим боғ ва хиёбонлари билан дунёга машҳур. Тошкент мамлакатимизнинг асосий интеллектуал маркази, халқимизнинг фахри ҳисобланади. Пойтахтимизда 39 олий ўқув юрти, 47 илмий-тадқиқот муассаса ҳамда марказлари фаолият кўрсатмоқда. 11 театр, концерт заллари, Ўзбекистон давлат консерваторияси, Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси ишлаб турибди. “Ўзбекистон” халқаро анжуманлар саройи, Маърифат маркази ва бошқа кўплаб иншоотлар шаҳар кўркига кўрк қўшиб турибди.

Номзоднинг дастурида мамлакатимизда барча соҳада олиб борилаётган кенг кўламли иқтисодий ҳамда ижтимоий-сиёсий ислоҳотларни янги босқичга кўтаришнинг устувор йўналишлари белгилаб берилган. Саноатни диверсификация ва модернизация қилиш ҳисобидан иқтисодиётнинг рақобатдошлигини ошириш, давлат ҳамда жамият бошқаруви тизимини такомиллаштириш, мамлакатимиз иқтисодий қудратини мустаҳкамлаш, жаҳон бозоридаги рақобатдошлигини ошириш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликка янада кенг эркинлик бериш, маҳаллий бюджетлар даромадини кўпайтириш каби масалаларга алоҳида эътибор қаратилган. Аҳоли бандлигини таъминлаш, биринчи навбатда, касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини ишга жойлаштириш, ижтимоий соҳани ривожлантириш, суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ этиш, хорижий давлатлар билан ўзаро манфаатли ҳамкорликни мустаҳкамлаш каби муҳим масалалар қамраб олинган.

Учрашувда иқтисодиётнинг барча тармоғида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар пойтахтимиз салоҳиятини юксалтириш, аҳоли ҳаёт фаровонлигини муттасил оширишда асосий омил бўлаётгани таъкидланди. Пойтахтимизда тиббий ва коммунал, транспорт хизматлари кўрсатиш тизимини такомиллаштириш, аҳолининг маданий дам олиши учун кенг шароитлар яратиш, аҳолини шинам ҳамда арзон уй-жойлар билан таъминлашга алоҳида эътибор қаратилаётгани қайд этилди. Бу ҳақда маърузачилар атрофлича сўз юритдилар.

Давра суҳбати тингловчилар бу мавзуда ўзларини қизиқтирган саволларига мухтасар жавоблар олдилар.

 

ПРЕЗИДЕНТ САЙЛОВИ КЎТАРИНКИ РУҲДА БОШЛАНДИ

2016 йил 4 декабрь эрта тонгда ҳамюртларимиз ўзгача кайфиятда уйғонгани ҳақида шоирона лутф қилишга ҳожат йўқ.

Соат 06:00 да Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети Бош биносида жойлашган 243-сайлов участкасида Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказишга масъул ходимлар ўз фаолиятларини мамлакатимиз мадҳияси билан бошладилар.

– Ўзбекистон Республикаси Президентлигига сайлов янги ижтимоий-сиёсий шароитда ўтказилмоқда,– дейди участка сайлов комиссияси раиси Давлатбой Жумабоев.– 243-сайлов участкасида Олмазор туманидаги Мирзо Ғолиб, Форобий кўчалари, “Ёшлик” Талабалар шаҳарчаси ҳудудида истиқомат қилувчи сайловчилар ушбу сайлов участкасида ўз конституциявий ҳуқуқ ва бурчидан эмин-эркин фойдаланадилар. Бу ерда сайловчилар учун барча шарт-шароитлар етарли даражада муҳайё этилаётган.

 

ВАТАНИМИЗ ИСТИҚБОЛИ, ҲАЁТИМИЗ ФАРОВОНЛИГИ УЧУН ОВОЗ БЕРДИК!

Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети Бош биносида жойлашган 243-сайлов участкасида овоз бериш жараёни эрта тонгдан бошланди. Бу муҳим сиёсий жараён – Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида барча фуқаролар кўтаринки руҳда иштирок этмоқдалар.

– Давлатимизнинг кексаларга кўрсатаётган доимий эътибори ва ғамхўрлигига жавобан биз ҳам таълим соҳасида баркамол авлодни тарбиялашга ўзимизнинг муносиб ҳиссамизни қўшмоқдамиз,– дейди ЎзМУ профессори Шавкат Отажонов.– Бугун биз оиламиз билан Ватанимиз истиқболи, ҳаётимиз фаровонлиги учун овоз бердик!

 

САЙЛОВ УЧАСТКАСИДАГИ “ОНАЛАР ВА БОЛАЛАР ХОНАСИДА”ДАН РЕПОРТАЖ

Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети Бош биносида жойлашган 243-сайлов участкасига Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида иштирок этиш учун ташриф буюраётган оналар бу ерда яратилган шарт-шароитлардан мамнунлигини изҳор этдилар.

– Сайловда фуқаролик бурчимни адо этиш билан бир қаторда маданий ҳордиқ ҳам чиқариб кетяпмиз, десам асло муболаға бўлмайди– дейди фарзанди Шоҳжаҳон билан келган Наргиза Норхўжаева.– Мен овоз бериб келгунга қадар қайнонам ва ўғилчам бу ерда ташкил этилган “Оналар ва болалар хонасида” маданий ҳордиқ чиқардилар.

 

243-САЙЛОВ УЧАСТКАСИГА ХАЛҚАРО КУЗАТУВЧИЛАР ТАШРИФ БУЮРДИЛАР

Соат 10:30. Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети Бош биносида жойлашган 243-сайлов участкасига халқаро кузатувчилар ташриф буюрдилар. Улар мазкур сайлов участкасида яратилган шароитлар, сайловчиларнинг овоз бериш жараёнлари билан яқиндан танишдилар.

– Биз Ўзбекистон Республикаси Президентлигига сайлов жараёни ҳақиқатан ҳам очиқ, шаффоф, холис ва ошкоралик руҳида ўтаётганига гувоҳ бўлдик,– деди Япониядаги Хигашикава шаҳри мэри Ичиро Мацуока.– Сайловчиларнинг очиқ чеҳраларидан уларнинг қанчалик кўтаринки руҳда келаётганини ҳис этдик.

 

ХАЛҚАРО КУЗАТУВЧИЛАР 243-САЙЛОВ УЧАСТКАСИДА БЎЛДИЛАР

Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети Бош биносида жойлашган 243-сайлов участкасига МДҲ ва Шарқий Европа мамлакатларида сайлов тизимини ўрганиш маркази президенти Александр Цинкер ташриф буюрди.

– Ўзбекистон Республикаси Президентлигига сайлов жараёни мазкур сайлов участкасида ҳам талаб даражасида ташкил этилгани ва энг муҳими, сайловчилар унда фаол иштирок этаётганлари кўриниб турибди,– деди халқаро кузатувчи.– Бу сайлов фуқароларнинг сиёсий ва ҳуқуқий онги янада юксалиб бораётганини кўрсатмоқда.

 

КУЗАТУВЧИЛАР МАСЪУЛИЯТИ

Сайловларда турли сиёсий партиялардан кузатувчиларнинг вазифалари нақадар масъулиятлидир.

Мамлакатимизда фаолият кўрсатаётган сиёсий партияларнинг кузатувчилари Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети Бош биносида жойлашган 243-сайлов участкасида ўз вазифаларини сидқидилдан адо этдилар.

Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партиясидан Баҳром Эгамбердиев, Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан Қувончбек Ашуров, Ўзбекистон Республикаси Халқ демократик партиясидан Дилмурод Жўраев, Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясидан Муаззам Зокировалар кузатувчи сифатида фаолият юритар эканлар мазкур сайлов участкасида барчага тенг шароитлар яратилганини ва сайловчилар учун барча қулайликлар муҳайё этилганини эътироф этдилар.

 

САЙЛОВДА ХОЛИСЛИК МЕЗОНИ

Сайлов жараёнида иштирок этишаётган халқаро кузатувчилар холис бўлади, деган ишонч бор. Буни Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети Бош биносида жойлашган 243-сайлов участкасига ташриф буюрган “ИнфоШОС” портали бош муҳаррири Татьяна Георгьевна Синицина (Москва)нинг “Фахрий меҳмонлар” китобига ёзиб қолдирган ушбу битиклари мисолида ҳам кўриш мумкин:

– Ўзбекистон Республикаси Президентлигига сайлов жараёни жуда адолатли, шаффоф ва холис ташкил этилган. Халқ ўз хоҳиш-иродасини эмин-эркин ифода этиш учун барча шароитлар мавжуд. Ўзбек халқини Президент сайлови ўтказишдек муҳим тарихий кун билан муборакбод этаман. Ўйлашимча, халқ ўз йўлини тўғри танлаб олади.

Ҳурмат билан, Татьяна Георгьевна.

Шунингдек, мартабали меҳмон қуйидаги дил сўзларини ҳам илова қилган:

“Ҳаёт йўлимни тўғри кўрсатишга ёрдам берган илмлар маскани – Ўзбекистон Миллий университетида таҳсил олганимдан ва шу даргоҳнинг битирувчиси эканлигимдан фахрланаман”.

 

ХАЛҚАРО КУЗАТУВЧИНИНГ ЭЪТИРОФИ

Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети Бош биносида жойлашган 243-сайлов участкасига ташриф буюрган халқаро кузатувчи Нитипум Наваратна (Тайланд) аввало сайловчилар учун яратилган шарт-шароитлар билан атрофлича танишди. У оналар ва болалар учун ташкил қилинган хонада жажжи кичкинтойлар билан дилдан суҳбатлашди. Болакайлардан бири инглиз тилида ўнгача санаб берганини эшитиб, беихтиёр чапак чалиб юборди.

– Ўзбекистонда “Соғлом она ва бола йили” ўзига хос равишда ўтаётганини мана шу ердаги манзаралардан ҳам кузатса бўлади,– деди у самимий оҳангда.– Бугун бу сайлов участкасида сиёсий партияларнинг кузатувчилари ўз вазифаларини сидқидилдан бажараётганларига гувоҳ бўлдик.

 

 Материаллар ЎзМУ Ахборот хизмати томонидан тайёрланди.

Унда республика ОАВ хабарларидан фойдаланилди.

Факультет деканининг Маънавият ва маърифат ишлари бўйича ўринбосари диққатига!

“Ахборот соатлари” маълумотлари юзасидан савол пайдо бўлса ЎзМУ Ахборот хизмати раҳбари Тўлқин Эшбековга мурожаат қилишингиз мумкин.

Телефон: 2271542; +99890 9120963.

Электрон почта: tueshbek@mail.ru

You may also like...

4 Responses

  1. «Жамиятимиз турфа ахборотларга тўлиб-тошган бугунги замонда ёшлар тарбияси ҳар қачонгидан кўпроқ масъулият талаб қилаётганини ортиқча изоҳлаб ўтиришга ҳожат бўлмаса керак» Albatta, ushbu jumlalarda butun bir millat kelajagi, xavfsizligi, tinchligi va farovonligi yashringan. Kunimizni axborotsiz tasavvur etaolmaydigan zamonda yashamoqdamiz. Bugun turli xil ommaviy qirg’in qurol yoki yadroviy bombalardan himoyalanishdan kôra, «axborot xurujlari»dan himoyalanish butun jahon uchun eng dolzarb muammoga aylandi. Bu narsa axborotga bulgan munosabatlarda inqilobini yuzaga keltirdi.
    Bugungi kunda tarqalayotgan axborotlarning haqiyqiyligi, xolisligi, jamiyat uchun foydali yoki zararliligini anglash muhimdir.
    Axborot xurujlariga qarshi kurashish natijasini, yurtimizdagi tinchlik-osoyishtalik, faravon va tôkin, kelajakka ishonch bilan dadil qadam tashlanayotganligi misolida kôrishimiz mumkin.
    Bundan Xll asr muqaddam yashab ijod qilgan buyuk hadisshunos olim Imom-Al Buxoriy xazratlari 600 mingdan ziyod hadislarni ôrganib Sahih (ishonchli) va Nosahih (ishonchsiz)larga ajratib «Al-Jome’ as-sahih» asarini yaratganlar. Bu bilan Islom dinimizni qoralovchi, uni buzib talqin etuvchi kuchlarga qarshi kurashganlar. Bularni, bugungi kundagi axborot xurujlariga qiyoslashimiz mumkin.
    «Axborot xurujlari»ga qarshi kurashishni Al-Buxoriydan ôrgansak hech qanday tashqi kuchlar bizni yenga olmaydi. Buning uchun Al-Buxoriy va izdoshlarining hayoti va ijodi, asarlari bilan mukammal tanishib chiqshimiz kerak deb ôylayman!

  2. Jumamurodova Muyassar:

    Kech bo’lsa ham o’zim uchun kerakli ma’lumotlarga ega bo’ldim.

  3. Сайлов тизимимизга дуне хам лол колди!

  4. Hozirgi kunda qilinayotgan barcha ishlar albatta xalqimiz uchun vatanimizni gullab yashnashi uchundir.
    Vatanimiz bayrog’ini yuksak cho’qqilarga ko’tarib nimalarga qodir ekanligimizni ko’rsatib qo’yish fursati yetdi.

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Можно использовать следующие HTML-теги и атрибуты: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <strike> <strong>