“АХБОРОТ СОАТЛАРИ” № 34-16

Ҳафтанинг муҳим ижтимоий-сиёсий воқеалари (25-30 апрель кунлари)

МИРЗО УЛУҒБЕК НОМИДАГИ ЎЗБЕКИСТОН МИЛЛИЙ УНИВЕРСИТЕТИ

“АХБОРОТ СОАТЛАРИ” № 34-16

Ҳафтанинг муҳим ижтимоий-сиёсий воқеалари (25-30 апрель кунлари)

ТОШКЕНТ

ЎзМУ – 2016

 

Факультет деканининг Маънавият ва маърифат ишлари бўйича ўринбосарлари ва мураббийлар диққатига! Талабаларга “Ахборот соатлари” материаллари билан nuuz.uz ва uchildiz.uz веб-сайтлари орқали ҳам танишиш тавсия этилиши мақсадга мувофиқдир.

 

I. ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИДАГИ ИҚТИСОДИЙ, ИЖТИМОИЙ-СИЁСИЙ ВОҚЕАЛАРГА ДОИР МАЪЛУМОТЛАР

 

ЎЗБЕКИСТОН – РОССИЯ: СТРАТЕГИК ШЕРИКЛИКНИНГ ЯНГИ БОСҚИЧИ

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов Россия Федерацияси Президенти Владимир Путиннинг таклифига биноан 25-26 апрель кунлари расмий ташриф билан ушбу мамлакатда бўлди.

25 апрель куни Ислом Каримов ва Владимир Путиннинг норасмий учрашуви бўлиб ўтди. Президентларнинг самимий ва сермазмун суҳбати узоқ давом этди. Томонлар Ўзбекистон – Россия муносабатлари, жаҳоннинг турли минтақаларида содир бўлаётган воқеалар хусусида атрофлича фикр алмашдилар.

Ташрифнинг асосий тадбирлари 26 апрель куни Кремлда бўлиб ўтди. Ислом Каримов ва Владимир Путиннинг учрашувида сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий, ҳарбий-техникавий, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги ҳамкорликни ривожлантириш масалалари муҳокама этилди.

Ислом Каримов ушбу ташриф ўзаро алоқалар ривожига янги суръат бағишлашини, минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик долзарб масалалар юзасидан ҳар томонлама фикр алмашиш учун қулай имконият эканини алоҳида таъкидлади.

Владимир Путин Ўзбекистон Россиянинг стратегик ҳамкори ва ишончли иттифоқчиси эканини, бу муносабатлар янада мустаҳкамланиб бораётганини алоҳида қайд этди.

Ўзбекистон билан Россия ўртасидаги ҳамкорлик мустаҳкам шартномавий-ҳуқуқий асосга эга. Мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатлар 2004 йил 16 июнда имзоланган Стратегик шериклик тўғрисидаги шартнома, 2005 йил 14 ноябрда имзоланган Иттифоқчилик муносабатлари тўғрисидаги шартнома доирасида изчил ривожланиб бормоқда. Ҳукуматлараро ва идоралараро алоқалар саъй-ҳаракатларни мувофиқлаштириш, олий даражадаги учрашувларда эришилган келишувларни амалга оширишда муҳим омил бўлмоқда. Мамлакатларимиз БМТ, ШҲТ, МДҲ каби халқаро тузилмалар доирасида ҳам самарали ҳамкорлик қилиб келмоқда.

Президентлар минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик долзарб масалалар, жумладан, Афғонистон муаммоси, терроризм, экстремизм, наркотрафик, уюшган жиноятчиликка қарши курашиш масалалари юзасидан фикр алмашдилар.

Учрашувда Ўзбекистоннинг ШҲТга раислиги доирасида амалга оширилаётган ишларга алоҳида эътибор қаратилди. Мамлакатимизнинг ташкилот ишини янада фаоллаштириш, минтақавий ҳамкорликни ривожлантириш, тинчлик ва хавфсизликни мустаҳкамлашга йўналтирилган саъй-ҳаракатлари муҳим аҳамиятга эга экани таъкидланди. Владимир Путин Ўзбекистон томонидан ШҲТнинг июнь ойида Тошкентда бўладиган саммити муҳокамасига киритилиши мўлжалланаётган ташаббусларни Россия томони қўллаб-қувватлашини қайд этди. Ўзбекистон – Россия муносабатларида савдо-иқтисодий ҳамкорлик асосий ўрин тутади. 2013-2017 йилларга мўлжалланган иқтисодий ҳамкорлик дастури, 2015-2019 йилларда иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш ва чуқурлаштиришнинг асосий йўналишларига оид ҳукуматлараро битимга мувофиқ бу соҳадаги алоқалар изчил тараққий этмоқда. Россия Ўзбекистоннинг ташқи савдо шериклари орасида иккинчи ўринда туради. Ўзбекистон Россияга транспорт воситалари, пахта толаси, трикотаж, мева-сабзавотлар, қора ва рангли металлар, турли хизматлар экспорт қилади. Россия мамлакатимизга транспорт воситалари, кимё ва қоғоз саноати товарлари, озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб беради. Ўзбекистонда россиялик ишбилармонлар билан ҳамкорликда тузилган 900 дан ортиқ қўшма корхона фаолият юритмоқда. Мамлакатимизда Россиянинг 85 фирма ва компанияси ваколатхонаси очилган. Ўзаро товар айирбошлаш ҳажми изчил ўсиб бормоқда. Жорий йилнинг биринчи чорагида бу борадаги кўрсаткич 7,9 фоиз ошган. Инвестициявий ҳамкорлик ҳам фаол ривожланмоқда. Кейинги йилларда Россиянинг мамлакатимиз иқтисодиётига киритган сармояси 6 миллиард доллардан ошган. Ўтган йили бу кўрсаткич 2014 йилга нисбатан 40 фоиз ўсган. Ўзбекистон ҳам, Россия ҳам ёқилғи-энергетика соҳасида улкан салоҳиятга эга. Бу мазкур йўналишдаги ҳамкорлик ривожида муҳим ўрин тутмоқда. Россиянинг «Лукойл» ва «Газпром» нефть-газ компаниялари мамлакатимиздаги углеводород конларини қидириш ва ўзлаштиришда фаол иштирок этмоқда. Шу йил 19 апрель куни Бухоро вилоятида «Ўзбекнефтгаз» миллий холдинг компанияси билан «Лукойл» компанияси ҳамкорлигида Қандим газни қайта ишлаш мажмуаси қурилиши бошланди. Ўзбекистон автомобиллари Россияда доим харидоргир. “Матиз”, “Нексия” каби машиналаримиз бу ерда бир неча бор йилнинг энг яхши автомобили деб топилган. Жорий йилнинг биринчи чорагида ушбу мамлакатда янги бренд остидаги “Ravon Gentra” савдоси 7 фоиз ўсган. Россияда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига талаб юқори. Ўзбекистон бу соҳада улкан салоҳиятга эга. Давлатимиз раҳбарининг шу йил 12 апрелдаги “Мева-сабзавот, картошка ва полиз маҳсулотларини харид қилиш ва улардан фойдаланиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бу борада янада кенг имкониятлар яратди. Музокарада мамлакатимизда етиштирилган мева ва қайта ишланган мева-сабзавот маҳсулотларини экспорт қилиш ҳажмини кўпайтириш ва турини кенгайтиришга келишиб олинди. Товар айирбошлаш ҳажмини ошириш, сармоявий ҳамкорликни ривожлантириш, транспорт ва транзит соҳасидаги алоқаларни кенгайтиришга доир масалалар муҳокама қилинди. Мамлакатларимизда ўзаро ҳамкорликни янада ривожлантириш учун ҳали тўла фойдаланилмаётган имкониятлар кўплиги, уларни ишга солиш икки томон учун ҳам манфаат келтириши таъкидланди. Томонлар маданият, илм-фан, таълим, спорт ва туризм соҳалари бўйича ўзаро алоқаларни кенгайтириш масалалари юзасидан фикр алмашдилар. Музокаралар якуни бўйича Ўзбекистон Республикаси билан Россия Федерацияси ўртасида маданий-гуманитар, ташқи сиёсат, олий таълим, жисмоний тарбия ва спорт каби қатор соҳаларда ҳамкорликка оид ҳужжатлар имзоланди. Ислом Каримов ва Владимир Путин оммавий ахборот воситалари вакиллари билан учрашувда музокаралар очиқ ва ўзаро ишонч руҳида ўтганини, минтақавий хавфсизликни мустаҳкамлаш ва ҳамкорликни янада ривожлантиришнинг долзарб масалалари юзасидан атрофлича фикр алмашилганини таъкидладилар. Бу ўзаро муносабатларнинг бугунги ҳолатини баҳолаш, кўп қиррали ҳамкорликни янада ривожлантиришнинг устувор йўналишларини белгилаш имконини берди. Кўриб чиқилган масалалар юзасидан томонларнинг позицияси бир хиллиги ёки яқинлиги қайд этилди. Шу билан Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг Россияга расмий ташрифи якунига етди. Олий даражадаги мулоқотларнинг узвий давоми бўлган ушбу музокараларда мамлакатларимиз ўртасидаги стратегик шерикликни ривожлантиришнинг муҳим йўналишлари ва истиқболлари белгилаб олинди. Бу Ўзбекистон ва Россия халқлари манфаатларига хизмат қилади.

 

ТОШКЕНТДА МЕДИА КУНЛАРИ

25 апрелдан 11 майгача пойтахтимизда Жаҳон матбуот эркинлиги кунига бағишланган медиа кунлар бўлиб ўтмоқда. Тадбир Ўзбекистон Электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси, Олий Мажлис ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди маблағларини бошқариш бўйича Парламент комиссияси, Мустақил босма оммавий ахборот воситалари ва ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди, Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти, ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари координатори, К.Аденауэр номидаги жамғарманинг Марказий Осиё бўйича минтақавий ваколатхонаси ва ЮНЕСКОнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси билан ҳамкорликда ташкил этилди. Ҳар йили 3 майда дунёнинг юздан ортиқ давлатида БМТ Бош ассамблеяси томонидан 1993 йилда эълон қилинган Жаҳон матбуот эркинлиги куни нишонланади. Тадбир доирасида Президентимиз Ислом Каримов томонидан илгари сурилган Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясида белгилаб берилган вазифаларни амалга оширишнинг амалий жиҳатлари муҳокама этилиб, бу борадаги тажриба ўрганилади. Бундан ташқари, Соғлом она ва бола йилига бағишланган семинарлар, ижтимоий лойиҳалар тақдимотлари, халқаро ва миллий экспертлар, нодавлат теле ва радиокомпаниялар ходимлари иштирокида давра суҳбатлари, маҳорат сабоқлари, турли фестиваль ҳамда танловлар ўтказилади.

“ОАВ ижтимоий мулоқот, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлигини таъминлашнинг муҳим воситаси сифатида” мавзуида ўтказиладиган халқаро конференция муҳим тадбирлардан биридир. Конференциянинг шўъба йиғилишларида фуқароларнинг ахборот олиш бўйича конституциявий ҳуқуқини таъминлаш, ҳокимият ва бошқарув органларининг қабул қилинадиган қарорлар учун масъулиятини ошириш, давлат органлари фаолиятининг очиқ ва ошкоралигини таъминлашга қаратилган ижтимоий медиа-контентни шакллантиришда ОАВни рағбатлантириш ва бошқа масалалар кўриб чиқилади. Шўъбалар иши якунида Ўзбекистон Республикасининг «Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида»ги қонунини амалга оширишда оммавий ахборот воситаларининг роли ва аҳамиятини кучайтиришга доир таклифлар ишлаб чиқилади. Электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси нодавлат телерадиостанцияларнинг рақамли кўрсатув ва эшиттиришларга ўтиши бўйича лойиҳани тақдим этади. Шунингдек, «Журналистлар баҳори» фестивали ҳам бўлиб ўтади.

 

ТАШҚИ ИШЛАР ВАЗИРЛИГИДА ҚАБУЛ

2016 йилнинг 29 апрель куни Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Европа Иттифоқининг Марказий Осиё бўйича Махсус вакили Питер Бурианни қабул қилди. Суҳбат давомида Ўзбекистон ва ЕИ ўртасидаги ҳамкорликнинг долзарб масалалари ҳамда халқаро ва минтақага оид мавзулар муҳокама қилинди. Мулоқот чоғида икки томонлама шаклдаги ва Европа Иттифоқининг Марказий Осиё бўйича янги ҳамкорлик Стратегияси доирасидаги қўшма лойиҳаларни амалга ошириш жараёни юзасидан фикр алмашилди. Учрашувда бўлажак қўшма тадбирлар, жумладан Тошкент шаҳрида бўлиб ўтадиган “Ўзбекистон нефт ва гази – OGU-2016” халқаро конференсиясида Европа Иттифоқининг юқори даражадаги делегацияси иштирокининг амалий жиҳатлари ҳамда парламентлараро ва бошқа учрашувлар, Ўзбекистон ва ЕИ томонидан ташкил этилган ҳамкорлик институтлари мажлислари жадвали ҳам кўриб чиқилди. Музокараларда ЕИнинг Ўзбекистондаги Делегацияси раҳбари, Элчи Юрий Штерк иштирок этди.

 

ЎЗБЕКИСТОН-ҲИНДИСТОН СИЁСИЙ МАСЛАҲАТЛАШУВЛАРИ

Ҳиндистон Республикаси ташқи ишлар вазири ўринбосари Сужата Меҳта бошчилигидаги делегация Ўзбекистонга келди. Делегация 26 апрель куни Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигида бўлиб ўтган Ўзбекистон-Ҳиндистон сиёсий маслаҳатлашувларининг 12-раундида иштирок этди. Мулоқот давомида икки томонлама ҳамкорликнинг ҳозирги ҳолати ва истиқболлари муҳокама қилинди ҳамда баъзи халқаро ва минтақавий масалалар юзасидан фикр алмашилди.

Суҳбат чоғида Ўзбекистон-Ҳиндистон мулоқотидаги ижобий ўзгаришлар қайд этилди, хусусан Ҳиндистон бош вазири Нарендра Модининг 2015 йил июлидаги Ўзбекистонга ташрифи ва олий даражадаги музокараларнинг самарали якунлари алоқаларни янги босқичга олиб чиққани таъкидланди.

Учрашувда Ҳиндистон элчиси Винод Кумар иштирок этди.

 

ЖАҲОН БАНКИ ОЛИЙ ТАЪЛИМ СОҲАСИНИ ЯХШИЛАШГА КЎМАКЛАШАДИ

2016 йил 27 апрель куни Жаҳон банки ижрочи директорлари кенгаши «Ўзбекистонда олий таълим тизимини модернизация қилиш» лойиҳасини амалга ошириш учун 42,2 млн. доллар миқдорида кредит ажратиш тўғрисида қарор қабул қилди. Ушбу кредит Халқаро Тараққиёт Ассоциацияси (ХТА) ҳисобидан молиялаштирилади. Лойиҳа 2016-2023 йилларда ҳаётга татбиқ этилади. Унинг ижросини Ўзбекистон Олий ва ўрта-махсус таълим вазирлиги назорат қилади.

Мазкур лойиҳа олий таълим тизимида бошқарув салоҳиятини кучайтириб, меҳнат бозори талабларидан келиб чиқиб, баъзи олий таълим муассасаларида таълим бериш муҳитини мукаммаллаштиришга ёрдам беради. «Лойиҳа Жаҳон банкининг икки асосий мақсади: ўта қашшоқликка барҳам бериш ва барчанинг баробар ривожланишини таъминлашга ёрдам беради», – деган Жаҳон банкининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси директори Жунгхун Чо. Лойиҳа доирасида Олий ва ўрта-махсус таълим вазирлиги қошида Академик инновацияларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси ташкил этилади. У, олий таълим соҳасида инновацион лойиҳаларни молиявий томондан қўллаб-қувватлайди.

 

ИНТЕРНЕТ ЖУРНАЛИСТИКАСИ РИВОЖЛАНМОҚДА

Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасида Ўзбекистонда интернет журналистикаси ривожининг долзарб масалаларига бағишланган талабаларнинг VII анъанавий медиа конференцияси бўлиб ўтди. Унда олий ўқув юртлари профессор-ўқитувчилари, талабалар, интернет тармоғида фаолият юритаётган мутахассислар, блогерлар иштирок этди. Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси директори А.Хўжаев, Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети проректори Давлатбой Жумабоев ва бошқалар Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида юксак маънавиятли авлодни тарбиялаш жараёнида ёшларнинг интернетдан фойдаланиш маданиятини оширишга алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлади. Тадбирда ахборот соҳасига доир миллий қонунчиликни такомиллаштириш, соҳага ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш, интернет журналистикаси учун кадрлар салоҳиятини ошириш, онлайн-журналистикани ривожлантириш масалаларига бағишланган маърузалар тингланди. Бугун интернет анъанавий ахборот воситалари – босма матбуот, радио ва телевидениенинг устувор жиҳатларини ўзида жамлаган янги ва улкан ахборот ресурсидир. Интернет-нашр воқеа тўғрисидаги ахборотни янгилаш борасида чекланмаган имкониятга, матн учун кенг майдонга эга. Шу билан бирга, овоз, графика ва видеомаълумотни ҳам бир зумда узата олади. Онлайн- журналистиканинг яна бир қулайлиги унда “икки томонлама алоқа” имконияти борлигидир. Ҳар бир фойдаланувчи интернетда чоп этилган материалга ўзининг муносабатини билдириши, фикрини қолдириши мумкин. Анжуманда ижтимоий медианинг янгича шакллари – краудсорсинг ва краудфандинг технологиялари ҳақида сўз борди.

Иштирокчилар “Энг яхши ғоя”, “Энг яхши спикер”, “Энг яхши тақдимот”, “Энг яхши модератор”, “Энг яхши савол”, “Энг яхши ҳамкор” каби кўплаб номинацияларда эсдалик совғалари ва сертификатлар билан тақдирланди.

Конференция талабаларнинг ахборот-коммуникация технологиялари соҳаси бўйича тажрибали мутахассислар билан ўзаро фикр алмашиши, замонавий журналистика ва медиа тизимининг муаммолари юзасидан ўз нуқтаи назарини билдириши учун қулай имконият яратди.

 

ОЛИМПИАДАГА ЙЎЛЛАНМА ОЛГАН СПОРТЧИЛАР

Бразилиянинг Рио-де-Жанейро шаҳрида бадиий гимнастика бўйича ўтказилган лицензион мусобақада ўзбекистонлик спортчи-қизлар жамоавий баҳсларда ҳам XXXI ёзги Олимпия ўйинларига йўлланмани қўлга киритди. Бадиий гимнастика бўйича жамоавий баҳсларда қатнашган Самира Амирова, Валерия Давидова, Луиза Ғаниева, Зарина Қурбонова ва Марта Растобуровадан иборат Ўзбекистон жамоаси ҳам Олимпиадада қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритди.

 

ТОШКЕНТДА ДОИМИЙ ПРОПИСКА МАСАЛАЛАРИ

“Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий прописка қилиниши лозим бўлган шахслар — Ўзбекистон Республикаси фуқаролари тоифаларининг рўйхати тўғрисида”ги қонунга ўзгартириш киритилди. Унга кўра, Тошкент шаҳрида ёки вилоятида пропискадан ўтганининг биринчи йили давомида ажрашиш қайд этилса, эр ёки хотин доимий пропискадан маҳрум бўлади. Ўзгартириш 25 апрель куни Ўзбекистон президенти томонидан имзоланган ва 26 апрель куни кучга кирган қонунда кўзда тутилган. Маълумот учун, пойтахт ҳудудида пропискадан ўтиш тўғрисидаги қонун 2011 йилда қабул қилинган эди. Унда Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятига прописка қўйилиши мумкин бўлган фуқароларнинг 12 тоифаси келтириб ўтилган, шу тоифалардан бири Тошкент шаҳрида пропискага эга шахс билан никоҳдан ўтганлар ҳисобланади.

 

ИНТЕРНЕТ-ЭКТРЕМИСТЛАРГА 5 ЙИЛДАН 8 ЙИЛГАЧА ҚАМОҚ ЖАЗОСИ

Ўзбекистон президенти Ислом Каримов Ўзбекистон республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги қонуни имзолади. Бу қонун Қонунчилик палатаси томонидан 2016 йил 30 мартда қабул қилинган, Сенат томонидан 2016 йил 31 мартда маъқулланган. Унга кўра, Ўзбекистон республикасининг Жиноят Кодексининг Олтинчи бўлим (Жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига қарши жиноятлар), 17-боб (Жамоат хавфсизлигига қарши жиноятлар), 244-1-моддасига (Жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид соладиган материаллар тайёрлаш ёки тарқатиш) ўзгартиришлар киритилган. Модда номидаги «тайёрлаш ёки тарқатиш» деган сўзлар «тайёрлаш, сақлаш, тарқатиш ёки намойиш этиш» деган сўзлар билан алмаштирилган. Биринчи қисмнинг диспозициясидаги «шундай ҳаракатлар учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса» деган сўзлар «шунингдек диний-экстремистик, террорчилик ташкилотларининг атрибутларини ёки рамзий белгиларини тарқатиш ёхуд намойиш этиш мақсадида тайёрлаш, сақлаш» деган сўзлар билан алмаштирилган. Иккинчи қисмнинг диспозицияси «шунингдек диний-экстремистик, террорчилик ташкилотларининг атрибутларини ёки рамзий белгиларини тарқатиш ёхуд намойиш этиш» деган сўзлар билан тўлдирилган. Учинчи қисми диспозициясининг «в» банди қуйидаги мазмундаги «в» ва «г» бандлар билан алмаштирилган: «в) диний ташкилотлардан, шунингдек чет эл давлатлари, ташкилотлари ва фуқароларидан олинган молиявий ёки бошқа моддий ёрдамдан фойдаланиб; г) оммавий ахборот воситаларидан ёхуд телекоммуникация тармоқларидан, шунингдек Интернет жаҳон ­ахборот тармоғидан фойдаланиб содир этилган бўлса»; Жиноят Кодексида бундай жиноятлар учун беш йилдан саккиз йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси қўлланади.

Модда қисмларининг ўзгартиришларгача кўриниши:

244-1-модда: Диний экстремизм, сепаратизм ва ақидапарастлик ғоялари билан йўғрилган, қирғин солишга ёки фуқароларни зўрлик билан кўчириб юборишга даъват этадиган ёхуд аҳоли орасида ваҳима чиқаришга қаратилган маълумотлар ва материалларни ҳар қандай шаклда тарқатиш, худди, шунингдек, фуқаролар тотувлигини бузиш, туҳматона, вазиятни беқарорлаштирувчи уйдирмалар тарқатиш ҳамда жамиятда қарор топган хулқ-атвор қоидаларига ва жамоат хавфсизлигига қарши қаратилган бошқа қилмишларни содир этиш мақсадида диндан фойдаланиш;

244-2-модда: Диний экстремистик, сепаратистик, фундаменталистик ёки бошқа тақиқланган ташкилотлар тузиш, уларга раҳбарлик қилиш, уларда иштирок этиш;

244-3-модда: Диний мазмундаги материалларни тар­қатиш мақсадида қонунга хилоф равишда тайёрлаш, сақлаш, Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириш ёки тарқатишда айбдор бўлган шахслар юқорида таъкидланганидек Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига асосан жавобгарликка тортиладилар.

 

II. ЖАҲОН МИҚЁСИДАГИ ИҚТИСОДИЙ, ИЖТИМОИЙ-СИЁСИЙ ВОҚЕАЛАРГА ДОИР МАЪЛУМОТЛАР

 

ТОЖИКИСТОНДА ФАМИЛИЯ ВА ОТАЛИК ИСМИ

Тожикистон Республикасида фуқароларнинг фамилияси ва отасининг исми русча тугашига расман чек қўйилди. Маълумотларга кўра ушбу қарор Тожикистон Адлия Вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган бўлиб, фуқаролик ҳолатини рўйҳатга олиш бошқармаси томонидан амалга оширилмоқда. Фуқаролик ҳолатини рўйхатга олиш бошқармаси раҳбари Жалолиддин Раҳимовнинг айтишига қараганда, энди фамилияларнинг охири тожикча, ёрдамчи «зод», «зода», «ӣ», «иён», «фар» шакллар билан тугайди. Тожикистон Республикасида истиқомат қилаётган айрим маҳаллий аҳоли вакиллари фарзандларининг фамилияси охиридаги «ов», «ова»,«ович», «овна», қўшимчалар сақланиб қолишини исташмоқда. 2007 йилда ўз таваллуд айёмини нишонлаган Тожикистон Республикаси президенти Эмомали Шарифович Раҳмонов ўз исмини халққа ибрат сифатида Эмомали Раҳмон тарзида ўзгартирган эди.

 

ПУТИН ЖУРНАЛИСТЛАР КАСБИ БОРАСИДА ҲАЗИЛ ҚИЛДИ

Россия президенти Владимир Путин Йошкар-Оладаги Умумроссия халқ фронти форумида журналистлар касби борасида ҳазил қилди. Форум иштирокчиларидан бири Путинга ишини ўзгартиргани, яъни ўқитувчилик касбини ташлаб, ОАВда ишлашни бошлаганини айтган. Путин бундай касб ўзгартиришни «пастлаш» деб атади, бироқ бу сўзлари кетидан тезлик билан бу ҳазил эканлигини қўшимча қилди. «Сиз ўқитувчи бўлганмисиз? Кейин журналистми? Қандай пастлаш! Ҳазиллашдим», деб киноя билан гапирди Путин. Учта инқилоб шаҳри деб номланадиган Санкт-Петербургдаги аввалги форумда ҳам Путин журналистлар ҳақида киноя билан гапириб, журналистларнинг иши натижаси 4-инқилобга олиб келмаслигига умид қилишини айтганди. Путин ўша форумда, шунингдек, ҳукумат эркин матбуот душмани ҳисобланмаслигини айтганди. «Эркин матбуот фақатгина қаллоблар, давлат бойлигини таловчилар ва жиноятчилар учун душман бўлиши мумкин, халқ учун хизмат қиладиган ҳукумат учун эса бундай вазият бўлиши мумкин эмас», деб таъкидлаб ўтганди Путин. Умумроссия халқ фронти ҳудудлараро форуми 24 апрелда бошланди. Тадбирда 20 мингга яқин фаоллар қатнашган сўровномалар натижаси ҳамда президентнинг буйруқ ва топшириқлари бажарилиши муҳокама қилинмоқда.

 

ТЎРТТА ДАВЛАТ ИШИДГА ҚАРШИ КУРАШНИ ДАВОМ ЭТТИРАДИ

АҚШ, Буюк Британия, Германия, Франция ва Италия етакчилари Ганновердаги учрашувда ИШИДга қарши Сурия ва Ироқда биргаликдаги курашни давом эттиришга келишиб олдилар. Томонлар ИШИДга қарши жумладан «интернетда аксилтеррорчилик фаолияти ёрдамида» кураш суръатларини камайтирмаслик зарурлигига рози бўлдилар.

 

ОБАМА РОССИЯГА «ҲАҚИҚИЙ УЛУҒВОРЛИК»НИ ТАКЛИФ ЭТДИ

АҚШ президенти Барак Обама Ҳанноверда Германия, Буюк Британия, Франция ва Италия етакчилари билан учрашувидан аввал, Россияга нисбатан санкциялар Минск келишувлари ижро этилгунга қадар амалда бўлиши, расмий Москва эса жаҳон ҳамжамияти билан ҳамкорлик қилиши зарур, деган фикрларни билдириб ўтди. «Россия ҳақиқий буюклик қўшниларни қўрқитишда эмас, балки дунё давлатлари билан ҳамкорлик қилишда эканини англаб етишига ишонаман», — деб АҚШ раҳбари сўзларидан иқтибос келтиради Euronews телеканали.

Россия билан яхши алоқаларни олиб боришга интилаётганини қайд этган Обама, Минск келишувларидаги бандлар бажарилмагунча Россияга нисбатан жазо чоралари ўз кучида қолиши кераклигини таъкидлаган.

Обаманинг сўзларига кўра, Украинадаги «рус агрессияси» НАТОнинг шарқий Европадаги иттифоқчилари асабига тегмоқда ва «совуқ уруш давридан кейин эришилган тараққиёт»ни хавф остига қўймоқда. Обаманинг таъкидлашича, ҳарбий альянс бундан кейин ҳам Болтиқбўйи давлатлари, Польша ва Руминияни қўллаб-қувватлайди. Ўтган ҳафтада Кремль маъмурияти «НАТО билан ўзаро ишончсизлик ҳукм сураётгани» ҳақида баёнот бериб, расмий Москва альянснинг нодўстона ҳатти-ҳаракатларини, хусусан Россия чегаралари яқинида ҳарбий салоҳиятини тобора кучайтираётганини қайд этган эди. Ҳанноверда чиқиш қилган АҚШ президенти Европа хавфсизлигига ҳам тўхталиб, баъзан «Европа ўз хавфсизлиги борасида етарли даражада қайғурмаслигини» иддао этди. Унинг сўзларига кўра, НАТОнинг барча мамлакатлари мудофаа соҳасига ЯИМнинг 2фоизини сарф этишга ҳаракат қилишлари керак. Америка етакчисининг айтишича, ЕИ глобал коллектив хавфсизликни таъминлаш мажбуриятининг бир улушини зиммасига олиши лозим. Обама, шунга биноан НАТОнинг июль ойида бўлажак саммитида, хавфсизлик бўйича мажбуриятни алъянснинг барча аъзолари тенг бажариши шарт, деган таклифни илгари суришини билдирди.

 

III. МИРЗО УЛУҒБЕК НОМИДАГИ ЎЗБЕКИСТОН МИЛЛИЙ УНИВЕРСИТЕТИДА

 

ОНА ВА БОЛА – ЖАМИЯТ ГУЛТОЖИ

Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетида “Соғлом она ва бола йили”га бағишланган илмий анжуманлар, маънавий-маърифий тадбирлар ўтказилмоқда.

Навбатдаги анжуман “Ўзбекистон жамиятини модернизациялаш шароитида оналик ва болаликни ижтимоий муҳофаза қилиш” мавзуидаги республика илмий-амалий конференцияси бўлди.

Унда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, Халқ таълими вазирлиги, республика болалар ижтимоий мослашув Маркази, Ўзбекистон SOS Болалар шаҳарчаси Ассоциацияси, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат Бошқарув Академияси вакиллари, ЎзМУ Ижтимоий фанлар факультети профессор-ўқитувчилари, ёш тадқиққотчилар ва талабалар иштирок этдилар.

– Президентимиз Ислом Каримов таклифи билан 2016 йил мамлакатимизда – “Соғлом она ва бола йили” деб эълон қилинди,– деди анжуманин кириш сўзи билан очган ЎзМУ биринчи проректори Файзулла Агзамов– Ўтган йиллар давомида миллат генофондини яхшилаш, оилада тиббий маданиятни юксалтириш, аҳолининг турмуш фаровонлигини ва узоқ умр кўриш даражасини ошириш мақсадида соғлом авлод туғилиши ва унинг тарбияси учун қулай шарт-шароитлар яратишга доир чора-тадбирлар ишлаб чиқилиб, изчил ишлар амалга оширилмоқда. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан мамлакатимизда 1998 йил Оила йили, 2000 йил Соғлом авлод йили, 2001 йил Она ва бола йили, 2008 йил Ёшлар йили, 2012 йил Мустаҳкам оила йили, 2014 йил Соғлом бола йили, деб эълон қилингани ҳамда шу муносабат билан тегишли давлат дастурларининг бажарилгани бу борадаги эзгу ишларга мустаҳкам асос бўлиб хизмат қилмоқда. “Соғлом она – соғлом бола” концепцияси халқаро миқёсда ҳам кенг эътироф этилмоқда. Ушбу концепциянинг изчил амалга оширилаётгани туфайли Ўзбекистон Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Мингйиллик ривожланиш мақсадларига тўлиқ эришди. “Соғлом она ва бола йили” Давлат дастурида алоҳида қайд этилганидек: «Она ва бола соғлом бўлса, оила бахтли, оила бахтли бўлса, жамият мустаҳкам бўлади». Бу ҳаётбахш ғоя илмий жамоатчилигимиз учун сермазмун мавзуга айланган. Бугунги “Ўзбекистон жамиятини модернизациялаш шароитида оналар ва болаларни ижтимоий ҳимоялаш” мавзусидаги республика илмий-амалий конференциясида мана шу ғояга асосланган маърузалар, таклифлар, фикрлар асосида тегишли хулосалар чиқарилади. Бу борадаги ишлар ва янги ташаббусларни амалга оширишни изчил давом эттириш, шубҳасиз, мамлакатимизда шаклланган оналик ва болаликни муҳофаза қилиш тизимини янада мустаҳкамлаш, баркамол авлодни тарбиялашга хизмат қилади, деган умиддамиз.

ЎзМУ Ижтимоий фанлар факультети декани Алишер Мўминов, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Алия Юнусова, республика болалар ижтимоий мослашув Маркази директории Васила Алимова ва бошқалар давлатимиз раҳбари Ислом Каримов раҳнамолигида мамлакатимизда мустақиллик йилларида оналик ва болаликни муҳофаза қилиш масаласи давлат ижтимоий сиёсатининг стратегик йўналишларидан бири этиб белгиланганини ва бу борада амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар самарасини алоҳида таъкидладилар.

Айтиш жоизки, 2016 йил 9 февралда Президентимиз Ислом Каримов томонидан тасдиқланган “Соғлом она ва бола йили” Давлат дастурида оила, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, хотин-қизлар манфаатларини таъминлаш, кучли, барқарор ва фаровон давлат негизи сифатида оила институтини мустаҳкамлашга йўналтирилган қонунчилик ва меъёрий-ҳуқуқий базани янада такомиллаштиришга алоҳида эътибор қаратилган.

Ўзбекистондаги кенг кўламли демократик ислоҳотлар жараёнида аёллар ҳуқуқи ва манфаатларини таъминлаш, оналик ва болаликни тиббий-ижтимоий муҳофазаси масалаларига доимий равишда эътибор қаратиб келинмоқда. Шу тариқа аёллар соғлигини муҳофаза қилиш чоралари, тиббий хизмат қамровини кенгайтириш, оилада соғлом фарзандни дунёга келтириш ва тарбиялашни таъминлаш бўйича тизимли равишда қадама-қадам чоралар амалга оширилмоқда. Ушбу соҳада белгиланган дастурларнинг ўз вақтида амалга оширилиши туфайли оналар ҳамда болаларнинг ўлими ва касалланиши сони сезиларли даражада камайди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Мурувват уйлари, бошқа давлат ва нодавлат таълим муассасаларида тарбияланаётган ногирон болаларга кундузи қараш марказлари (гуруҳлари)ни ташкил этиш кўзда тутилган қарорини қабул қилиш режалаштирилмоқда.

Маърузаларда қайд этилганидек, Ўзбекистонда оналик ва болаликни ижтимоий ҳимоя қилишни самарали таъминлашга қаратилган эътиборни яққол намойиш этади. Бир вақтни ўзида мамлакатнинг чуқур ижтимоий-иқтисодий трансформация доирасида оналик ва болалик ижтимоий институтларини ислоҳоти соҳасидаги амалга оширилаётган ўзгаришларининг муҳим йўналишини назарий англаш заруратини келтириб чиқаради, соҳанинг амалдаги давлат сиёсати механизмларини илмий жиҳатдан кўриб чиқиш ва шу асосда унинг кейинги ривожланиш концепцияси бўйича ўз таклифларини киритиш керак.

Бу борада Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети Ижтимоий фанлар факультетининг “Социология ва ижтимоий иш” кафедраси профессор-ўқитувчилари томонидан олиб борилаётган илмий тадқиқотлар муҳим аҳамият касб этади. Чунончи, “Ўзбекистон жамиятини модернизациялаш шароитида оила ва болаларни муҳофаза қилиш тизимидаги ижтимоий ҳамкорлик» лойиҳаси доирасида оила, оналик ва болаликни ижтимоий ҳимоя қилиш соҳасида ижтимоий ҳамкорликнинг асосий жиҳатлари ўрганилмоқда. Мазкур лойиҳа доирасида амалга оширилаётган ишлар ўз самарасини кўрсатмоқда.

Анжуман иштирокчилари “Оналик ва болаликни ижтимоий муҳофаза қилиш тизимидаги ижтимоий ҳамкорликнинг долзарб масалалари”, “Ота-оналар қаромиғисиз қолган болалар ҳақида институтционал ғамхўрлик тизимини модернизациялашда ижтимоий ҳамкорлик”, “Алоҳида эҳтиёжманд болаларни ижтимоий ҳимоя қилиш ва жамиятга интеграциялаш”, “Оналик ва болаликни ижтимоий ҳимоя қилиш – ижтимоий иш йўналиши сифатида” деб номланган шўъбаларда “Она ва болаларни ижтимоий химоялаш борасида қонун ижодкорлиги”, “Республика болалар ижтимоий мослашув маркази – мажмуавий амалий кўрсатиш маскани”, “Бола ҳуқуқларини таъминлашда давлат ташкилотлари ва нодавлат нотижорат ташкилотлари ижтимоий шерикликнинг ўрни”, “Детские Деревни Узбекистана в обеспечении альтернативной семейной опеке детям, оставшимся без попечения родителей и профилактике социального сиротства”, “Качество подготовки по социальной работе как фактор профессионализации”, “Ижтимоий хизмат тушунчасининг илмий талқини ва таснифи” мавзуидаги маърузаларни катта қизиқиш билан тингладилар.

Конференция ишида бу борада тегишли тавсиялар ишлаб чиқилди.

 

ЎЗМУ ТАЛАБАСИНИНГ MЕДАЛЛАРИ СОНИ 50 ТАГА ЕТДИ

Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетининг эпчил, чаққон спортчи талабалари қатор халқаро мусобақаларда ғолиблик шоҳсупаларидан муносиб ўрин эгалламоқдалар. Иқтисодиёт факультети талабаси Дониёрбек Абдуллаев 2013 йилда Италияда ўтказилган жаҳон чемпионатида олтин медални қўлга киритиб, жаҳон чемпиони деган юксак номга сазовор бўлган! У ўтган йили ноябрь ойида пойтахтимиз Тошкентда каратэ бўйича ўтказилган Марказий Осиё чемпионатида навбатдаги олтин медаль соҳибига айланди. Шу йил февраль ойида Малайзиянинг Куала-лумпур шаҳрида 18-35 ёшгача бўлган эркак спортчилар ўртасида каратэ бўйича ўтказилган Осиё чемпионатида кумуш медални қўлга киритди. Айни пайтда бу спортчимиз 29-30 апрель кунлари Қозоғистон Республикасининг Олмаота шаҳрида бўлиб ўтадиган Марказий Осиё чемпионатида иштирок этиш учун астойдил ҳозирлик кўрмоқда.

– Мазкур мусобақада Ўзбекистон шарафини 35 нафар спортчилар ҳимоя қиламиз,– дейди қора белбоғ соҳиби Дониёрбек Абдуллаев.– Ҳар бир спортчи майдонга ғалаба учун тушади, албатта. Бу гал қўлга киритадиган ютуқларимиз жонажон юртимиз мустақиллигининг 25 йиллик байрамига муносиб туҳфамиз бўлади, деган умиддамиз.

Маълумот ўрнида айтиш жоизки, Фарғона вилояти Қўқон шаҳрида таваллуд топиб, болалигидан каратэ билан шуғуллана бошлаган Дониёрбек Абдуллаевнинг шу кунгача турли мусобақаларда қўлга киритган олтин, кумуш, бронза медаллари сони 50 тага етган. У Жанубий Корея, Италия, Франция, Малайзия, Украина, Тожикистон, Қозоғистон каби давлатларда Ўзбекистон байроғини юксакларга кўтарган ҳақиқий ўзбек ўғлонларидан биридир.

 

АҚШЛИК ПРОФЕССОРЛАРНИНГ МАЪРУЗАЛАРИ ТИНГЛАНМОҚДА

Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетида дунёдаги энг ривожланган мамлакатлар олий таълим муассасалари билан илмий ҳамкорликлар тобора ривожланиб бормоқда. Шу йил 25-27 апрель кунлари Механика-математика факультети “Эҳтимоллар назарияси ва математик статистика” кафедраси ўқув режаси доирасида Америка Қўшма Штатларининг Флорида университети “Биостатистика” кафедраси профессорлари Сомнат ДАТТА (Somnath Datta) ва Сусмита ДАТТА (Susmita Datta)лар ўз илмий маърузаларини ўқишлари режалаштирилган эди. “Эҳтимоллар назарияси ва математик статистика” кафедрасида АҚШлик олимлар билан ўзаро давра суҳбати барчада катта қизиқиш уйғотди.

Меҳмонлар Ўзбекистонга ташрифидан нақадар мамнун эканликларини, Самарқанд ва Бухорога саёҳат қилганлари, бу тарихий шаҳарлар катта таассурот қолдирганини эҳтиром ила сўзлаб бердилар.

– Биз мўъжизакор Ўзбекистон диёри, бу заминда яшаб ўтган Амир Темур, Мирзо Улуғбек, Бобур каби сиймолар ҳақида ўқиган эдик,– дейди Сусмита ДАТТА хоним.– Минг эшитгандан бир бора кўрган афзал, деганларидек, бу зотлар яшаган шаҳарни, унинг сержило обидаларини томоша қилишнинг гашти ўзгача экан. Айниқса, дунёга донг таратган Улуғбек обсерваторияси ва музейининг мафтуни бўлиб қолдик.

Бугун АҚШлик олимлар Миллий университетнинг кенг ва шинам аудиториясида дастлабки маърузаларини бошладилар. Унда факультет талабалари, ёш тадқиқотчилари ҳамда педагог-ходимлари иштирок этмоқдалар.

Профессор Сомнат ДАТТАнинг биостатистика назариясига оид “A nonparametric analysis of waiting times from a multistate model using a novel linear hazards model approach” мавзуидаги маърузаси тингловчиларда катта қизиқиш уйғотди.

Машғулотлар 27 апрель куни давом эттирилади.

Унда профессор  Сусмита ДАТТА “Improved protein inference from tandem mass spectrometry data” мавзуида маъруза қилиши кутилмоқда.

Мазкур дастур доирасида Флорида университетининг “Биостатистика” билан ЎзМУ “Эҳтимоллар назарияси ва математик статистика” кафедралари ўртасида доимий ҳамкорлик алоқалари ўрнатилиши ҳақида келишиб олинади.

 

Материаллар ЎзМУ Ахборот хизмати томонидан тайёрланди.

Унда республика ОАВ хабарларидан фойдаланилди.

 

Факультет деканининг Маънавият ва маърифат ишлари бўйича ўринбосари диққатига!

 

“Ахборот соатлари” маълумотлари юзасидан савол пайдо бўлса ЎзМУ Ахборот хизмати раҳбари Тўлқин Эшбековга мурожаат қилишингиз мумкин.

Телефон: +99890 9120963.

Электрон почта: tueshbek@mail.ru

Манба: nuuz.uz

You may also like...

7 Responses

  1. Jumamurodova Muyassar:

    Eng so’nggi yangiliklar uchildiz.uz saytida.

  2. Yurtboshimiz tomonidan 2016 yilga “Sog‘lom ona va bola yili” deb nom berilishi barcha qatori shahar tibbiyot birlashmasi va birlashma tizimidagi muassasalar xodimlari zimmasiga ham ulkan mas`uliyat yuklaydi. Binobarin, onalik va bolalikni muhofaza qilish borasidagi ishlar ko‘lamini yanada kengaytirish, ona va bola salomatligini ta`minlash kabi masalalar, avvalo, biz – tibbiyot xodimlarining asosiy vazifamizdir. Ma’lumki 2016-yil «Sog’lom ona, sog’lom bola»yili shu munosabati bilan barcha shart- sharoitlar yaratilgan.

  3. Internet jurnalistika bugungi kunda eng yosh sohalardan biridir. Bu soha rivojlansa,albatta internet jurnalistika o’ziningi eng yuqori nuqtasiga yetadi. Shuningdek,O’ZMU talabalarining yutuwlari bu har bir shu yerda ishlayotgan o’qituvchilarimizning yutug’idir.Bunday yutuqlar orqasida mashaqqatli mehnat yotibdi. Bu mehnat munosib taqdirlanganidan xursandmiz. Har bir yangilik bizni yanada o’z ustimizda ko’proq ishlashizga undaydi.

  4. Agar dunyo davlatlari birlashib harakat qilsa ISHID ga qarshi tura olish mumkin

  5. Иқтисодиёт факультети талабаси Дониёрбек Абдуллаев 2013 йилда Италияда ўтказилган жаҳон чемпионатида олтин медални қўлга киритиб, жаҳон чемпиони деган юксак номга сазовор бўлган! Ushbu sportchimiz endi bu nomni munosib ximoya qilishiga tilakdoshmiz.

  6. Dunyoda bo’layotgan bunday siyosiy o’zgarishlardan xabardor bo’lib turish har bir jurnalistning burchidir. Bizga buning uchun uchildiz sayti yaqindan yordam bermoqda, rahmat.

  7. O’zekiston asrlar davomida ko’p davlatlar bilan do’stlik aloqalarini uzmay kelmoqda. jumladan: Rossiya mamlakati bilan.

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Можно использовать следующие HTML-теги и атрибуты: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <strike> <strong>